islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳаж ва унинг маърифати

Каъбатуллоҳ зиёрати – ҳар бир мусулмоннинг орзуси. Таассуфлар бўлсинки, миллатимизнинг не-не фозил фарзандлари учун бу орзу армонга айланган замонлар ҳам бўлди. Яратганнинг буюк инъоми – мустақиллик йилларида ушбу ибодат учун ҳам муайян шароитлар яратила бошланди. Кейинги икки йилда эса бошқа барча соҳаларда бўлгани сингари ҳаж ибодати учун мамлакатимизда ҳар қачонгидан ҳам кенг имкониятлар яратилди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг алоҳида эътибори туфайли юртдошларимизга ҳаж сафари мобайнида кўрсатиладиган хизматлар сифати янада оширилди, сарф-харажатлар арзонлаштирилди. 2016 йилда 5200 нафар ватандошимиз ҳаж амалларини адо этиб келган бўлса, 2017 йилдан бундай шарафга эришганлар сони яна икки минг кишига кўпайиб, 7200 нафарга етди. Бу неъмат учун ҳар қанча шукрлар айтилса оз.

Тан олиш керак, оддий одам билан мутафаккир ижодкорнинг ҳаж ибодати бир-биридан кескин фарқ қилади. Ижодкор бошқалардан фарқли ўлароқ бажараётган амалларининг моҳиятини чуқур англайди, ҳаж маърифатини теран ҳис этади. Бу билан ҳам чекланмай, туйғуларини гўзал бадиий шаклда қоғозга муҳрлайди. ЗокиржонХолмуҳаммад ўғли Фурқатнинг “Ҳажнома” асари бунинг ёрқин исботидир. 1891 йил сентябрь ойининг охирида Истанбулга борган Фурқат мазкур шаҳардаги “Миллат боғи”да сабога хитобан ёзилган машҳур шеърий мактубида ўзининг бундан кейинги саёҳат режаси, хусусан, ҳажга бориш нияти ҳақида ҳам маълум қилган эди. Жумладан, тошкентлик дўс­ти Авлиёхўжага салом йўллар экан, шоир мана бундай ёзган:

Қулоғиға дегил оҳиста онинг:

“Ўшал Фурқат деган аҳбоби жонинг.

Дилида бор экан бир муддаоси,

Муяссар ўлғай ўлса Ҳақ ризоси.

Яқин фурсатда мақсудиға етгай,

Насиб ўлса, Мадина сори кетгай”.

Фурқатшуносликка оид шўролар даврида яратилган тадқиқотларда шоирнинг Араб мамлакатларига боргани қайд этилган бўлса-да, унинг ҳаж арконларини адо этгани, диний-маърифий мавзуда кўплаб асарлар ёзгани, ҳаж таассуротлари акс этган “Ҳажнома”си хусусида мулоҳаза юритилган эмас.

Алишер Навоий номидаги давлат Адабиёт музейи Фурқат фондида 5 ашёвий рақами билан сақланаётган ҳужжатда шоирнинг ҳаж арконларини адо этганига доир қуйидаги маълумот берилган: “Қўқонлик машҳур шоирларимиздан Фурқат, исмлари Зокиржонҳожим, бирмунча вақт Хўқандда туруб, шеърлар айтиб, охири Маккаи аъзамға бориб, дастлаб боби ислом дарвозаларидин қараб, Байтуллоҳни ўз кўзи билан кўруб туруб… айтган шеърларидур. Байтуллоҳга қараб айтқонлар…”.

Муаллифи номаълум ушбу ҳужжатда шундан кейин шоирнинг “Қаройғон дилга бергилнури покингдин зиё, ё Раб” мисраси билан бошланувчи ғазали берилган.

Фурқат ҳаёти ва ижоди бўйича олиб борилган изланишлар шоирнинг шах­сий муҳрида ҳам ҳожи унвони акс этганига оид далилларни аниқлаш имконини берди. Жумладан, шоирнинг Ўзбекистон Марказий Давлат архивида сақланаётган Ёркентдан 1896 йил август ойида ва сана қўймасдан йўллаган дастхат мактубларида “Зокиржон ҳожи” унвони билан, шунингдек, 1905 йил 10 июлда юборган мактубида “Ҳаким Зокиржонҳожи” деган битик билан муҳр босилгани ушбу фикрни тасдиқлайди.

Фурқатнинг Жидда-Макка йўлидан ёзган дастхат мактубидаги “…йигирма бешинчи моҳи ражабда Жиддаи муборакка дохил бўлуб, уч-тўрт кун туруб, Маккаи мукаррамага чиқиб кетдим” деган сўзларига қараганда, шоир 1892 йил 24 февралида Жиддага борган ва февралнинг охирида Маккаи мукаррамага жўнаган.

Шоир мактубда бундан кейинги режалари ҳақида ҳам маълумот беради: “Эмди хоҳлайманки, ҳаж қилғондин кейин Бўмбайға ўтуб, Калкуттағача боруб ва ғайри Ҳиндустон мамлакатларини саёҳат қилиб, андин сўнгра Тошканд­ға борсам деб”.

Бўмбайдан йўллаган мактубидаги: “муҳаррам ойида Жиддадин ҳаракат айлаб, бандаримаъмураи Бўмбайға келгани”га доир хабари шоирнинг Араб мамлакатларида қанча муддат бўлганини аниқлаш имконини беради. Агар Фурқатнинг 1892 йил февраль ойининг охирида Маккаи мукаррамага боргани, шоир Бўмбайга келган муҳаррам ойи 1892 йил августига тўғри келиши ҳисобга олинса, у Араб мамлакатларида олти ойдан кўпроқ бўлган, деб ҳисоблаш мумкин.

Бу муддат давомида Фурқат қизғин ижодий фаолият билан шуғулланди. 216 мисрадан иборат “Ҳажнома”си, мусаббаъ жанридаги фалсафий шеъри, диний-маърифий мавзудаги ғазаллари шоирнинг Араб мамлакатларидаги ижод­и самарали бўлганини кўрсатади.

Шоир “Ҳажнома”си – адабиётимиз тарихида ушбу мавзуда ёзилган асарларнинг энг мукаммал намунаси. Асар ҳажм жиҳатидан салмоқли, моҳиятан теран, бадиият нуқтаи назаридан юксак экани билан алоҳида ажралиб туради. Ўша даврда тузилган кўплаб қўлёзма ва тошбосма манбаларда учраши ҳам бу асарнинг халқ кўнглидан чуқур жой олгани, эл орасида машҳур бўлгани далилидир.

Шоир “Ҳажнома”си таржиъбанд жанрининг бетакрор намунасидир. Асар 12 таржиъдантаркиб топган бўлиб, ҳар бир банди 18 мисрадан жами 216 сатрни ўз ичига олади. Биринчи таржиъда пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак равзаларини зиёрат этиш шарафига ноил этгани учун Яратганга ҳамд, набийлар сарварига салавоту дуруд руҳи ифодаланган. Иккинчи ва учинчи таржиъ Мадинаи мунавварадаги Ҳарами шариф – Масжид ан-набавий васфига бағишланган.Тўртинчи таржиъда меърож воқеаси тасвирланган. Бешинчи таржиъда “Одам фарзандларининг афзали, олам яралишининг, бани Одам мукаррамлигининг боиси” Муҳаммад алайҳиссалом васф этилади. Олтинчи таржиъ равзаи муборак тавсифига бағишланган. Еттинчи таржиъда Уҳуд тоғи, саккизинчисида Масжид ул-Қубо зиёрати таассуротлари берилган. Тўққизинчи таржиъда Қиблатайн масжиди тарихи гўзал бадиий лавҳаларда акс этган. Ўнинчи таржиъда шоирнинг инсон ва унинг моҳияти, ибодатнинг одамзод ҳаётидаги ўрнига доир фалсафий хулосалари ифодаланган. Ўн биринчи таржиъ Мадинаи мунавваратаърифига бағишланган. Ўн иккинчи таржиъда бу муборак шаҳар зиёрати боис шоир қалбида кечган авлодларга ибрат бўларли фикрлар бадиий талқин этилган.

“Ҳажнома” арузнинг ҳазажи мусаддаси маҳзуф (мафоийлун-мафоийлун-фаулун) вазнида ёзилган. Фурқатнинг аксарият асарлари каби ушбу таржиъбандда ҳам инсон ва унинг моҳияти билан боғлиқ фалсафий фикрлар бетакрор бадиият билан ифода этилган.

Туркий адабиёт назариётчиси Шайх Аҳмад ибн Худойдод Тарозийнинг фик­рича: “…мажмуи шуаро истилоҳинда шеърнинг ақсоми, улким мўътабардур, ўн навъ келибтур: қасида, ғазал, қитъа, рубоий, маснавий, таржиъ, мусаммат, мустазод, мутаввал, фард” (Шайх Аҳмад ибн Худойдод Тарозий. Фунуну-л-балоға. Т.: Хазина, 1996, 32-бет). “Шеър ақсомининг ушбу мўътабар ўн навъи”нинг деярли барчасида қалам теб­ратган Фурқат “Ҳажнома”ни шулардан олтинчиси бўлган таржиъда ёзган.

“Бу ўн навъ шеърким, зикр қилдуқ, — деб ёзади Шайх Аҳмад Тарозий, — ҳар қойсидаагар Тенгри азза ва жаллаға ҳамд айтсалар, они тавҳид дерлар. Ва агар Муҳаммад Мустафо алайҳиссалоту вас-саломни васф қилсалар, наът дерлар. Агар Тенгри ҳазратинда тазарруъ қилсалар, муножот ўқурлар. Ва хулафои рошидинни таъриф қилсалар, маноқиб ва манқабат ва тамаддуҳ ўқурлар” (Ўша манба, айни саҳифа).

“Ҳажнома”нинг яна бир эътиборга лойиқ жиҳати, унда олим таъкидлаган мазкур тўрт йўналиш – тавҳид, наът, муножот ва маноқиб мужассам бўлганидир. Бу фикрлар Фурқат “Ҳажнома”сининг пухта назарий асосга ҳамда юксак маърифий аҳамиятга эга экани далилидир.

Тошкент ислом институти Тиллар кафедраси профессори
Нурбой Жабборов

97520cookie-checkҲаж ва унинг маърифати

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: