islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Бугуннинг фатвоси!

Жадаллик билан ўзгариб бораётган замонда аниқки, воқеа ва ҳодисалар турлича. Ҳар бири ўзига хос ва мос ҳукмни талаб этади. Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинки, ўз кундалик ҳаётини шариат мезонида таҳлил қиладиганлари ортиб бормоқда. Бунинг бинобарида, шаръий мезонни ёритиб берадиган мутахассис олимлар, оммабоп қўлланмаларга катта эҳтиёж бор. Бу олимлар билан тезкор боғланиш ва Аллоҳнинг наздидаги ҳукмни ўрганиш айниқса муҳим аҳамият касб этади. Шу боис бугунки, фатво ҳайъати ёки ҳукм баён қиладиган шахсият қандай сифатларга эга бўлиши кераклиги ҳақида сўз юритамиз!

Бирор жараён ёки ҳодиса ҳукмига жавоб беришга киришган киши қуйидагилардан хабардор бўлиши шарт, аввало:

  1. Қуръони каримни ўрганиши;
  2. Ҳадислар билан танишиб чиққан бўлиши;
  3. Фиқҳий ҳукмлар борасида уламоларнинг ихтилофли ёки бир тўхтамга келган, яъни ижмo масалаларини билиши;
  4. Араб тили, ҳамда фатво меҳвари бўлмиш “Усулул фиқҳ” илми билан таниш бўлиши;
  5. Шунингдек ўткир заковат эгаси бўлиши;
  6. Катта-ю кичик гуноҳлардан ўзини четда тутиши;
  7. Шариатнинг ҳукм чиқаришда ҳимоя қиладиган мақсадларидан хабардор бўлиши;
  8. Ҳамда, мужтаҳид уламолар ёзиб қолдирган илмий меросни пухта ўзлаштирган бўлиши;
  9. Энг, асосийси бугунги ҳукми сўралаётган воқеликдан хабардор бўлиши муҳимдир.

Юқоридаги шартларни ўзида мужассам қилган олим сўралган воқеа-ҳодиса ҳукмига қуйидаги асосда фатво бериши тўғрилик гаровидир.

– Албатта, биринчи галда, Қуръони каримдан ахтариб кўради.

– Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мурожаат қилади.

– Саҳоба розияллоҳу анҳумлардан келган ривоят ва ижтиҳодларни кўриб чиқади.

– Кейинги ўринда, фиқҳий мазҳаб олимларининг ижтиҳод қилиб қолдирган илмий меросларидан қидиради.

– Сўнг, қадимги ва замонавий фатво тўпламларини кўздан кечиради. (Аслида ишни шу босқичдан бошлагани маъқул, чунки ўзидан олдин бирор олим изланиш қилиб ҳукмни ёритиб кетган бўлиши бош эҳтимолдир).

– Шунингдек, асримиз меваси ҳисобланмиш уламолар жамоаси тўплаган, шаръий масалалар борасидаги  кенгаш қарорлари билан танишади.

Агар юқоридаги манабалар дан очиқ ҳукмни топа олмаса, ўртага қўйилган мавзуни чуқур таҳлил қилиб, инсонларга келтирадиган фойда ва зарарларини ўрганиб чиқади. Ва қуйидаги қоидаларни назардан қoчирмаган ҳолда ҳукмни баён қилади:

– Фойда жалб қилишдан зарарни даф қилиш устун туради.

– Бир иш борасида икки зарар тўқнаш келиб қолса, зарарни хавфлироғи даф қилинади.

– Зарарни даф қилиш кетказилган зарар билан тенг кучдaги ёки ундан ҳам зарарли нарсани келтириб чиқармаслигини ҳисобга олади.

– Машаққат енгилликни талаб қилади.

– Зарур ҳожатлар мумкин бўлмаган ишларга изн беради.

– Зарурат эҳтиёж қадар белгиланади каби қоидаларни назардан четда қолдирмаслиги шартдир.

Агар изланувчи масала борасида бир тўхтамга келолмаса, фатво беришдан ўзини тутади. Шоядки, Аллоҳ бу борада ҳукмни баён қилиб берадиган бир олимни етказади.

Хулоса ўрнида: муқаддам ўтган уламолар ўзларини бирор масалада фатво беришдан ўзларини олиб қочар эдилар. Абдурраҳмон Ибн Абу Лайло айтадилар: “Мана шу масжидда, бир юз йигирмата саҳобийни кўрганман (Аллоҳ улардан рози бўлсин). Бирортаси ҳадис айтишга тўғи келиб қолса, ўзидан бошқаси айтишини маъқул кўрар эди. Бирор фатво ҳақида сўралсалар, бошқаси жавоб қилишини устун билар эдилар.

Аллоҳ таоло барчамизга ўзининг ҳузурида мақбул бўладиган ҳукмлардан баҳраманд қилсин!

Манбалар асосида ТИИ битирувчиси
Қурбонов Салоҳиддин тайёрлади.

99310cookie-checkБугуннинг фатвоси!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: