islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳанафий мазҳабида закот бериш ва олишга доир фиқҳий ҳукмлар

«Закот» сўзи луғатда бир неча маънони ифода қилади. Булардан энг муҳимлари: покланиш, ортиш, ривожланиш. Истилоҳда эса, белгиланган микдордаги молни маълум шартларга биноан, уни олишга ҳақдор бўлган кишига беришдир.

Бандага закотида бажариши лозим бўлган қуйидаги вазифалар бор:

1. Закотдан мурод нималигини фаҳмлаши керак. У уч нарсадан иборат:

– Аллоҳ таолонинг муҳаббатини даъво қилувчини ўзи муҳаббат қўйган нарсасини чиқариши билан синаш;

– Ҳалокатга олиб борувчи бахиллик сифатидан покланиш;

– Мол неъматига шукр қилиш.

2. Риёкорликдан холий бўлиш учун закотни сир тутиш.

Уни изҳор қилишда фақийрни хорлаш бор. Агар закотни бермади, деган туҳматдан қўрқса, бефарқ фақийрларга жамоат ичида очиқ беради. бошқаларга сир равишда беради.

3. Закотини миннат ва озор бериш ила бузмайди.

Чунки инсон ўзини фақирга эҳсон қилган ҳолда кўрса, унда мазкур нарса ҳосил бўлиши мумкин. Аслида эса, у ишга ҳақийқат назари ила қараса, фақийр ундан Аллоҳ таолонинг унга буюрган ҳаққини қабул қилиш ила унга яхшилик қилган бўлади. бу иш уни поклайди. Закот берувчи яхшироқ ўйлаб кўрса, унинг закот чиқариши мол неъматига шукрдир. У билан фақийр ўртасидаги муомала эмас. Шунинг учун, фақийр фақийрлиги учун ҳақоратланмаслиги керак. Чунки, фазл молда ёки молнинг йўқлигида эмас.

4. Бераётган нарсасини кичик санаши лозим.

Чунки, ишни катта санаган одам у билан фахрланади. Айтилишича, яхши иш уч нарса билан: уни кичик санаш, тезлатиш ва сир тутиш ила тугал бўлади.

5. Закот берувчи молидан энг ҳалолини, энг яхшисини ва ўзига энг маҳбубини чиқарсин.

Ҳалолига келсак, Аллоҳ таоло покдир, покдан бошқани қабул қилмас.

Яхшисига келсак, Аллоҳ таоло: «Ёмонини қасд қилиб, ундан инфоқ, қилманг», деган.

Бу маънода икки нарсани мулоҳаза қилиш керак:

Биринчиси: Аллоҳ таолонинг ҳаққини. Бу, У зотни улуғлаш ила бўлади. У зот улуғлашга энг ҳаққли Зотдир. Ахир инсон ўз меҳмонига ёмон таом қўйса, ўзининг ҳам кўнгли тўлмайди-ку! Қандай қилиб ёмон молини закотга – Аллоҳга беради?

Иккинчиси: Ўзининг ҳаққини мулоҳаза қилсин. чунки берган закоти қиёмат куни ўзига учрайди. шунинг учун, ўзига энг яхши молни танлаб олиши керак.

Аммо, ўзи учун энг маҳбуб молни закотга чиқаришига келсак, Аллоҳ таоло:

«Муҳаббат қилган нарсаларингиздан инфоқ қилмагуниншизча яхшиликка ҳеч ноил бўла олмайсиз», деган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу қачон молидан бирор нарсага муҳаббати кучайса, ўшани Аллоҳ таоло учун қурбон қилар эди.

Ривоят қилинишича, у киши бир куни балиқ егиси келаётганини айтибди. Излаб-излаб биттагина балиқ топиб келишибди. Хотини уни пишириб, тақдим қилибди. шу пайт бир мискин келиб қолибди. Ибн Умар розияллоҳу анҳу унга балиқни тутиб: «Ол», дебди. Шунда унинг аҳли:

«Субҳаналлоҳ! Бизни қийнаб келтирган нарсани берасизми, бошқа нарса ҳам бор-ку!», дейишибди.

«Абдуллоҳнинг муҳаббати шунга тушган эди», деган экан.

Ривоят қилинишича, Робийъ ибн Ҳайсам раҳматуллоҳи алайҳининг эшигини бир тиланчи қоқибди.

«Унга қанд беринглар!», дебди хонадон эгаси.

«Унга нон берсак, фойдалироқ бўлармиди?» дебдилар.

«Шўри қуриганлар! Унга қанд беринглар! Робийъ қандни яхши кўради», деган экан Робийъ ибн Ҳайсам раҳматуллоҳи алайҳи.

6. Садақани беришга лойиқ одам топиш.

Уларнинг қуйидаги сифатлари бўлиши керак:

Биринчи сифати: тақво. Садақасини энг аввало тақводорларга берган афзал. Закот берувчи бу билан уларнинг Аллоҳ таолога бўлган ҳимматларини орттиради.

Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр обидларнинг сажда қилиб турган пайтларини танлар эди. Халтага солинган динор ва дирҳамларни олиб келиб, ўзини билдирмасдан, уларнинг кавушлари олдига ҳамёнини қўйганини сездирар эди холос. Унга: «Уларга садақани шундоқ юбораверишингга нима монеълик қилади», дейилганда: «Улар мени ёки вакилимни кўрганда юзлари бужмайишини хоҳламайман», деган экан.

Иккинчи сифат: илм, Чунки, олимга мол беришда илм ва дийнни тарқатишга ёрдам бор. бу эса, шариатни қувватли қилишдир.

Учинчи сифати: «неъмат бериш ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзидан бўлади», деб эътиқод қиладиган одам бўлиши керак. Ризққа сабаб бўлган нарсаларга илтифот қилмайдиган бўлиши лозим. Чунки, бир нарсани олганда мадҳ қилишга одатланган шахс ололмай қолганда ёмонлаши турган гап.

Тўртинчи сифати: фақийрлигини яширадиган, ҳожатини беркитадиган ва шикоятини очиб ташламайдиган бўлиш.

Аллоҳ таоло: «Билмаган уларни иффатидан бойлар, деб ҳисоблайдилар» деганига ўхшаш бўлсинлар.

Бешинчи сифати: Оилали ва қарз ёки беморликка мубтало кишилар бўлсин.

Олтинчи сифати: Қариндош-уруғлардан бўлси. Чунки, уларга қилинган садақа – ҳам садақа, ҳам силаи раҳмдир. Ким ушбу сифатлардан иккитасини ёки кўпроғини ўзида жамласа, унга бериш афзалдир.

Закотни олувчи Қуръони Каримда зикр қилинган саккиз синфдан бири бўлиши лозим. Унинг зиммасида бир неча вазифа бор:

1. Аллоҳ таоло уни ғамга солган нарсани йўқ филиш учун закотни унга беришга амр қилганини фаҳмласин ва барча ғамини йиғиб, битта ғамга – Аллоҳ таолонинг розилигини топишга айлантирсин.

2. Берувчига ташаккур айтиб, унинг ҳаққига дуо қилсин. Лекин бу дуоси сабабнинг шукри миқдорида бўлсин. Чунки, ҳадисда келганидек:

Абу Саъийддан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларга ташаккур қилмаган кимса Аллоҳга шукр қилмас», дедилар». Аҳмад ва Термизий ривоят қилишган.

Берилган нарса оз бўлса, уни оз санамаслик шукрнинг тугал бўлишидандир. Берилган нарсани ёмонламаслик, айбини беркитиш керак. Буларнинг ҳаммаси неъматни Аллоҳ таолодан кўришга зид келмайди. Воситани восита, деб билмаслик жоҳилликдир. Воситани асл, деб билишлик эса мцункирликдир.

3. Ўзига берилган нарсага назар солсин. Ҳалолмас нарса бўлса, мутлақо олмасин. Чунки, бировнинг молидан бошқа биров тарафидан чиқарилган Закот – Закот эмас. Агар шубҳали нарса бўлса, ўзини олиб қочсин. Иложисиз қолганда, ҳожатига ярашагина олсин.

4. Ўзига мубоҳ бўлган миқдорда олсин. Ҳожатидан кўпни олмасин. Агар қарздор бўлса, қарзидан ортиғини олмасин.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, закот нафақат закот берувчининг шахсини, балки унинг мол-мулкини ҳам поклайди ва унинг зиёда бўлишига сабаб бўлади.

“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси  Жўраев Музаффар

106190cookie-checkҲанафий мазҳабида закот бериш ва олишга доир фиқҳий ҳукмлар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: