(1-мақола)
Рамазон – раҳмат ойи. Рамазон – мағфират ойи. Рамазон – дўзахдан озод бўлиш ойи. Рамазон – беҳисоб ажру мукофот ойи. Айниқса, ҳозирги синовли дамларда. Чунки, ажру мукофот берилган синов ва унга сабр қилиш билан янада зиёда бўлади, инша Аллоҳ!
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ой келганида саҳобаларга:
“أتاكم رمضان، شهر مبارك، فرض الله عز وجل عليكم صيامه، تفتح فيه أبواب السماء، وتغلق فيه أبواب الجحيم، وتغل فيه الشياطين، لله فيه ليلة خير من ألف شهر، من حرم خيرها فقد حرم”. رواه أحمد والنسائي
“Сизларга Рамазон кириб келди. Рамазон – муборак ой. Аллоҳ таоло сизларга ушбу ойда рўза тутишни фарз қилди. Бу ойда осмон эшиклари очилади. Бу ойда жаҳаннам эшиклари беркилади. Бу ойда шайтонлар кишанланади. Бу ойда шундай кеча борки, у кеча Аллоҳ наздида минг ойдан яхшидир. Кимда ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, дарҳақиқат барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди”, деб айтардилар. Имом Аҳмад ва Насоий ривояти.
Азиз биродарлар! Рамазон ойининг беҳисоб фазилатлари бўлиб, қуйида сиз азизларга энг муҳимларини зикр қиламан:
1. Рамазон ойи рўзаси ҳақидаги оят. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
(يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِن قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ ((183)
“Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақвадо бўлсангиз”(Бақара сураси, 183-оят)
Ушбу ояти карима очиқ ойдин айтиб турибдики, Рамазон рўзаси бандани тақвога етаклайди.
2. Рамазон рўзаси бандага нафсини жиловлашни, уни поклашни ҳамда уни шаҳватлардан тийишни ўргатади. Аллоҳ таоло нафс ҳақида шундай марҳамат қилади:
وَنَفْسٍ وَمَا سَوَّاهَا (7) فَأَلْهَمَهَا فُجُورَهَا وَتَقْوَاهَا (8) قَدْ أَفْلَحَ مَن زَكَّاهَا (9) وَقَدْ خَابَ مَن دَسَّاهَا (10
“Ва нафс билан ва унинг мукаммал қилиниши билан қасам. Бас, унга фужурини ва тақвосини билдирди. Батаҳқиқ, ким у(нафсни) покласа, ютуққа эришади. Ва батаҳқиқ, ким у(нафсни) кирласа, ноумид бўлади.”(Шамс, 7-10 оятлар)
Демак, ютуқ калити қўлимизда экан. Яъни, Рамазон рўзасини тутиш орқали нафсни поклаб, ютуққа эришар эканмиз. Бу Рамазоннинг фазилатларидан бири.
2. Рамазон рўзаси бандага сабрга одатланишни ўргатади. Рўзадор очлик ва ташналикни ҳис қилиб, унга сабр қилса, Аллоҳга итоат қилиш ва У зотга маъсият қилмаслик ҳамда Аллоҳнинг қазои қадарига рози бўлиш йўлида сабр қилишга ҳам одатланади. Зеро, Аллоҳ таоло сабр қилувчиларга беҳисоб ажр ваъда қилади:
إِنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُم بِغَيْرِ حِسَابٍ (10
“Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур” (Зумар, 10-оят)
Демак, Рамазон ойида сабр қилиб, беҳисоб ажр-мукофотга сазовор бўламиз.
3. Рамазон рўзаси шайтоннинг банданини васваса қилишини заифлаштиради.
4. Рамазон рўзаси сабаб, инсон атрофидаги мискин-бечора ҳолини ҳис қила бошлайди. Неъмат аҳли атрофидаги қўли калта биродарини аҳволини кўриб, қўнгли юмшайди; саҳоватлиги жўш уради; ўзининг бахиллигини енгади.
“Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундоқ кишилар, ҳа ўша кишилар ютувчидирлар” (Ҳашр, 9-оят).
Юқоридагилар Рамазон ойининг фазилатларидан бир парча эди. Аллоҳ таоло барчамизга ушбу ойни ғанимат билиб, натижада нафсини покловчи, бахиллигини енгувчи бандалар қаторида бўлишни насиб айласин. Амин!
Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси ўқитувчиси Халилуллоҳ Юсупов