2020 йил 21 июль куни Имом Бухорий бу дуёнга келиб, бутун дунёга Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларини ўргатиб кетганига 1247 йил бўлди. Қуйида Бухорийнинг уч авлод бобоси, ота-онаси, акаси, устози, оиласи ҳамда фарзандлари ҳақида маълумот берилган. Баъзи манбаларда уни уйланмагани ва фарзандсиз ўтгани ҳақида ёзишган.
Имом Бухорийнинг исмлари, насаблари ва туғилишлари
Имом Бухорийнинг тўлиқ исми шарифи Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Муғира ибн Бардизбаҳ ал-Бухорий ал-Жаъфий бўлган.
Имом Бухорий ҳижрий 194 йилнинг шаввол ойидан ўн уч кун қолганда, жума намозидан кейин Бухоро шаҳрида дунёга келдилар.
Ибн Халликан ўзининг “Вафаётул аъён” китобида таъкидлашича, Имом Бухорий озғин, узун ҳам ва қисқа ҳам бўлмаганлар, яъни ўрта бўйли бўлганлар. Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ёшлик вақтларида кўзлари ожиз бўлиб қолади. Бир куни оналари тушларида Иброҳим алайҳиссаломни кўрадилар. Иброҳим алайҳиссалом оналарига: “Сенинг кўп дуо қилганинг ва йиғиларингдан кейин Аллоҳ таоло болангнинг кўзини қайтариб берди”, – дейдилар. Тонг отгандан кейин, қарасалар Аллоҳ болаларининг кўз нурини қайтариб берган экан.
Боболари
Учинчи бобоси – Бардизбаҳ. Бу Бухороча исм бўлиб, ўша даврларда қўлланган. Унинг маъноси “деҳқон”, яъни қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи дегани. Бардизбаҳнинг исмини баъзилар аслида Аҳнаф эканини қайд этишган. Аҳнаф деб одатда энг ақлли, доно кишиларга нисбат берилган.
Иккинчи бобоси – Муғийра. У ўша даврларда Бухоронинг ҳокими Ямон Жўъфийнинг қўлида ислом динини қабул қилиб мусулмон бўлган. Шу боис Муғийра ва унинг авлодларига “Жўъфий” нисбаси ҳам қўшиб айтилади.
Биринчи бобоси – Иброҳим. У киши ҳақида ёзма манбаларда жуда кам маълумотлар келган. Мавжуд маълумотларда ҳам отаси Муғийранинг номига қўшилиб Абу Иброҳим Муғийра ибн Бардизбаҳ деб ёки ўғли Исмоилникига қўшилиб Исмоил ибн Иброҳим деб зикр қилинган.
Отаси
Отаси – Исмоил. У Абул Ҳасан куняси билан ҳам аталган. Тақводор ва солиҳ инсон бўлган Исмоил ўз даврининг муҳаддисларидан эди. Илм талабида сафар қилган ва кўплаб уламолар билан ҳамсуҳбат бўлган. Ўз замонида кенг тарқалган ҳадис жомеъларини жамлашга, айниқса тарихга катта эътибор қаратган. Имом Заҳабий “Сияри аъламун нубала” асарида “Исмол ибн Иброҳим илм талабида бўлган”, деб ёзиши унинг замонасининг олимлари қаторида илм сафарларига чиққанини билдиради.
Бухорий “Тарихул кабир” китобида отаси ҳақида шундай ёзган: “Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра Жўъфий Абул Ҳасан Ҳаммод ибн Зайдни кўрган, ибн Муборакка яқин бўлган. Моликдан ҳадис тинглаган”.
Бу маълумотга таяниб, тадқиқотчилар томонидан Исмоилнинг Ҳижозга боргани айтилади. Ҳижоз – шимолдан жанубга қараб Табук, Мадина, Жидда, Макка ва Тоиф каби катта шаҳарлар жойлашган ҳудуд бўлган. Эҳтимол бу сафар ҳаж мақсадида бўлган бўлиши мумкин. Сафари давомида Мадина шаҳрига келиб, мазҳаббоши Имом Моликдан ҳадис эшитган. Манбаларда унинг Ироққа ҳам сафар қилгани айтилади. Бунга Ибн Ҳиббоннинг “Ундан ироқликлар ҳадис эшитган”, деган сўзи далолат қилади.
Исмоил ўз давридаги таниқли инсонлардан бири бўлган. Солиҳ ибн Муборак, Абу Муовиядан ҳадис ривоят қилган. Яҳё ибн Жаъфар Пойкандий, Аҳмад ибн Ҳафс ва Наср ибн Ҳусайн каби ироқлик бир қанча олимлар Исмоил ибн Иброҳимнинг шогирди ҳисобланади.
Имом Бухорий ўз ҳаётида кечган бир воқеани сўзлаб туриб шундай деган: “Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафсдан Суфённинг “Жомеъ” асарини тинглаётган эдим. Абу Ҳафс бир ҳарфда хато қилди. Мен билган ҳадис ундай эмас эди. Қайтарган эдим, яна шундай деди, иккинчи марта қайтарганимда, яна шундай хато қилди, учинчи марта қайтарганимда бир муддат сукут сақлаб турди, кейин “Ким бу?”, деб сўради. “Исмоил ибн Иброҳим ибн Бардизбаҳнинг ўғли”, дейишди”. Абу Ҳафс: “Бунинг айтгани тўғри экан. Эслаб қолинглар! Албатта, бу бир куни буюк олим бўлади”, деди”.
Бу ривоятдан Абу Ҳафс Кабир Бухорийдек катта олим Имом Бухорийнинг отасини танигани ва бошқалар ҳам уни яхши билганига далолат қилади.
Исмоил тарихга эътиборли бўлган ва тарихий воқеаларни қайд этиб борган. Буни тасдиқлаб Имом Бухорийнинг котиби Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ қуйидагича ёзади: “Абу Амр Мустанир ибн Атиқ менга шундай деган эди: “Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоилдан: “Қачон туғилгансиз?”, деб сўрадим. У отаси ёзиб қолдирган хатни чиқарди. Унда “Муҳаммад ибн Исмоил жума куни, жума намозидан кейин Шавволнинг ўн учинчи куни, 194 йилда туғилди”, деб ёзилган эди”.
Исмоил тақводор, парҳезкор инсон бўлган. Буни Аҳмад ибн Ҳафс шундай хотирлайди: “Абу Абдуллоҳнинг отаси Исмоил жон бераётганда олдига кирдим. У: “Молу давлатим ичига шубҳадан бирор дирҳам ёки динор аралашганини билмайман”, деди. Шунда ўзимни амалларим кўзимга жуда арзимас бўлиб кўриниб кетди”.
Онаси
Имом Бухорийнинг онаси ҳам тақводор, диёнатли ва кароматларга эга оқила аёл бўлган. У “дуоси мустажоб аёл” сифатида тарихда қолган. Фарзандларининг солиҳ, имон-эътиқодли бўлиб улғайишига катта эътибор қаратган.
Унинг дуоси ижобат бўлгани ҳақидаги қуйидаги машҳур ривоят мавжуд: “Имом Бухорийнинг кўзи ёшлигида ожиз бўлиб қолади. Дарднинг қаршисида ожиз қолган табиблар шифо йўлини тополмайдилар. Ноилож қолган она кунларини жойнамоз устида Аллоҳга ёлвориб ўтказа бошлайди. Кунларнинг бирида тушида Иброҳим алайҳиссаломни кўрганда у зоти шариф бу мушфиқа онага қараб: “Эй волида! Сенинг дуоларингнинг кўплигидан Аллоҳ таоло ўғлингга тўлиқ кўриш қобилиятини қайтарди”, деб хитоб қилади. Аёл уйғониб қараса ўғли Муҳаммаднинг кўз нури тўлиқ қайтиб, тузалиб кетганини кўради.
Бу мушфиқа она жигарбанди Муҳаммад учун жуда қайғурар, илм олишига шароит ҳозирлар, ҳамиша назорат қилар эди.
Бухорий ўспирин бўлиб, 16 ёшга етганда онаси ва акаси билан ҳаж қилишга отланади. Ҳаж амаллари тугагач, онаси ва акаси ортга қайтади. Имом Бухорий эса ҳадис талабида Маккада қолади.
Бу маълумотлар Бухорийнинг онаси ҳақида шундай хулосаларни беради. Бу аёл оқила, мўмина, солиҳа бўлган. Унинг учун энг буюк шараф Абу Абдуллоҳ Бухорийнинг онаси эканидир. Бухорийнинг шундай шараф ва катта илмга юзланишига онасининг буюк хизматлари бор. Мусулмонлар унинг ўғли меросидан минг йиллардан буён фойдалар экан, албатта, Имом Бухорийга етадиган савобдан муштипар онаси учун ҳам буюк улушлар етиб туриши шубҳасиз.
Акаси
Акаси – Аҳмад. Исмоилнинг яна бир Аҳмад исмли ўғли бўлган. Имом Бухорий илм талабидаги сафарида акаси ҳақида шундай маълумот беради: “Онам ва акам Аҳмад билан Маккага бордик. Ҳаж тугагач, акам онам билан бирга ортга қайтди. Мен ҳадис талабида у ерда қолдим”.
Манбаларда Аҳмаднинг ҳадис ўргангани, шу мақсадда сафар қилгани ҳақида маълумот учрамайди. Бироқ шуни унутмаслик керакки, Имом Бухорийнинг бу даражага етишида акасининг ҳам ҳиссаси катта. Чунки Бухорий илм талабида юртлар кезиб, бир неча ўн йил давомида мусофирликда юрган вақтда акаси Аҳмад онасининг хизматида бўлган. Натижада эса Бухорий онасидан кўнгли хотиржам бўлиб, шу қадар буюк меросни тўплашга эришган.
Шунинг билан бирга Муҳаммад билан битта оилада ўсган Аҳмадни илмдан бебаҳра бўлган дейиш ҳам нотўғри тушунчадир.
Оиласи ва фарзандлари
Тадқиқотчилар томонидан бугунга қадар Имом Бухорийнинг фарзанди бўлмагани ҳақида маълумот илгари суриб келинади. Бироқ айрим манбаларда бунинг тескариси айтилган. Жумладан, Имом Заҳабийнинг “Сияр аъламун нубала” асарида келтирилишича, Бухорийнинг котиби ва унга энг яқин инсон Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ ҳовли сотиб олганда, Бухорий пулни тўлашга ёрдам бермоқчи бўлади. Унга: “Менинг жорияларим ва хотиним бор, сен эса бўйдоқсан. Мол-давлатимиз ва бошқа нарсаларимиз баробар бўлиши учун молимни сен билан бўлишишим керак”, дейди. Бундан маълум бўлмоқдаки Имом Бухорий оилали инсон бўлган.
Шунингдек, манбаларда Бухорийнинг фарзандлари бўлгани ҳақида ҳам маълумотлар бор. Тожиддин Субукийнинг “Табақотус Субукий”, Имом Заҳабийнинг “Сияр аъламун нубало” ва Ибн Ҳажарнинг “Ҳадйус Сорий” асарларида Имом Бухорийнинг Аҳмад исмли ўғли бўлгани ва у Абу Ҳафс куняси билан чақирилгани қайд қилинган. Бу асарларда у отаси Имом Бухорийга юк жўнатгани қиссаси келтирилади.
Ужулий ўзининг “Изоатул бадрайн” асарида Имом Бухорийнинг уйланганлиги ва фарзандлари бўлгани, Имом Абу Абдуллоҳ Ҳокимнинг “Маърифату улумил ҳадис” асарида эса унинг қиз фарзанди борлиги таъкидланган.
Ушбу маълумотга таянадиган бўлсак, Бухорийнинг хотини, жорияси ва фарзандлари бўлган, деган хулосага келамиз.
Ҳадис илмига кириш
Хатиб ўз санади ила қилган ривоятда Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ қуйидагиларни айтади: “Мен Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийга: “Ҳадис талаб қилишни бошлашинг қандай бўлган?” дедим. “Бошланғич мактаб таълимдалигимдаёқ ҳадис ёдлаш менга илҳом қилинган”, деди. “Ўшанда ёшинг нечада эди?” дедим. У шундай деди: “Ўн ёш ёки ундан озроқ. Ўн ёшдан ўтганимдан кейин мактабдан чиқиб, Дохилий ва бошқалардан дарс олдим. Дохилий бир куни одамларга дарс бера туриб, “Суфён Абу Зубайрдан, у Иброҳимдан”, деди. Мен унга: “Эй Абу Фулон! Абу Зубайр Иброҳимдан қилмаган”, дедим. У мени жеркиб ташлади. Мен унга: “Агар ҳузурингда асл нусха бўлса, қара”, дедим. У ичкарига кириб қаради. Сўнгра қайтиб чиқиб, менга: “Ҳой бола! Қандай эди?!” деди. “Зубайр ибн Адий Иброҳимдан”, дедим. У мендан қаламни олиб, ёзганини тўғрилаб олди ва: “Рост айтасан!” деди. Бухорийдан баъзи асҳоблари: “Ўша Дохилийга эътироз билдирган пайтингда ёшинг нечада эди?” деб сўрашди.
Ҳошид ибн Исмоилдан: “Имом Бухорий ёшлик вақтларида бизлар билан устоздан дарс эшитишга борар эди. Бизлар дарсларни ёзиб олсак у ҳеч нарса ёзиб олмасди. Кунлар шу йўсинда ўтди. Биз унга: “Сен бизлар билан юрасан, лекин ҳеч нарса ёзиб олмайсан”, – дедик. Бухорий бизга 16 кундан кейин: “Сизлар менга кўп эътироз билдирдингиз. Ёзиб олганларингизни менга кўрсатинг”, – деди.
Биз ўзимиздаги ҳадисларни кўрсатган эдик, Бухорий унга 15000 ҳадис зиёда қилиб айтди. Бухорий уларни ҳаммасини ёддан айтди. У ёддан айтганидан биз ёзиб олганларимиздаги хатоларни ҳам тузатиб олдик.
Илм сафарлари
Имом Бухорий айтади: “Мен Сурия, Миср ва Арабистон ярим оролларини икки марта зиёрат қилдим, деб ёзадилар имом Бухорий. Бир неча марта Басрада бўлдим, олти йил Ҳижозда, яъни ҳозирги Саудия Арабистонида яшадим, Куфа ва Бағдод шаҳарларида неча марта бўлганимни эслай олмайман”.
Устозлари
У зот 1000 га яқин устоздан ҳадис эшитганлар. Улардан машҳурлари:
Муҳаммад ибн Саллом Пойкандий – 225 ҳижрий санада вафот этган.
Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Маснадий Жўфий – 239 ҳижрий санада вафот этган.
Тақволари
Имом Бухорий жуда тақводор, кам овқат тановул қиладиган инсон эдилар. Кечалари оз ухлардилар. Ҳатто бир кечада 18 маротабагача турар, ҳамда шамчироқни ёқиб зеҳнларидаги нарсаларни ёзиб қўярдилар. У зотни ҳадисдан бошқа нарса банд қилмас эди. Кечаю кундуз фақат ҳадис билан шуғулланар эдилар. У зотга раддия берувчи инсонлар билан жуда одобли тарзда гаплашар эдилар. Улардан ҳадис ривоят қилинмайдиган ровий ҳақида ҳаддан ошмасдан гапирар эдилар.
Манбалар: muslim.uz, bukhari.uz, azon.uz,