ЖССТ нинг маълумотга кўра, вакцина билан эмлаш орқали ҳар йили тахминан 2-3 млн ўлим ҳолати олди олинади. Шу билан бирга, катта иқтисодий йўқотишларни ҳам.
Вакцина – бирон антигенга (микробга) нисбатан орттирилган иммунитет пайдо қилувчи биологик дори. Вакцина одатда касаллик чакирувчи микроорганизмни эслатувчи агентдан иборат бўлади, ва у ёки ўлик, ёки кучсизлантирилган микроорганизм, ёки унинг токсини, ёки устки оқсил қобиғидан тайёрланади.
ЖССТ нинг маълумотга кўра, эмлаш орқали ҳар йили тахминан 2-3 млн ўлим ҳолати олди олинади. Шу билан бирга, катта иқтисодий йўқотишларни ҳам.
Вакцинани ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш босқичлари:
1. Биринчи босқичда қўзғатувчининг бошланғич лаборатор синовлари ўтказилади ва вакцинанинг дастлабки модели аниқлланади.
2. Иккинчи босқичда тадқиқот ҳужайра ичида (in vitro) ва ҳайвонларда ўтказилади (in vivo). Бунда:
* Препаратнинг хавфсизлиги ва самарадорлигини баҳоланади
* Жиддий ножўя таъсирлари аниқланади
* Қабул қилиш мумкин бўлган максимал доза аниқланади
3. Учинчи боскич – Клиник босқич, одамларда утказилади ва 3та клиник фазадан иборат булади:
1- Фазада саломатлиги яхши бўлган 100 га яқин одам қатнашади. Бу фазада асосий аниқланадиган нарса вакцинанинг жиддий ножўя таъсири. Ундан ташқари вакцинанинг эффективлиги ва иммун жавоб ҳосил қилиш шакли ўрганилади.
2- Фазада 100 тадан 1000 тагача одам қатнашади. Тадқиқот давомида препаратнинг реактогенлиги (қўшимча ножўя таъсирлари) текширилади, ва тўғри доза аниқланади.
3- Фазада ўн минглаб одамлар жалб қилади, у тадқиқотчилар инфекциянинг тарқалиш тезлигини ҳисобга олган ҳолда, вакцинанинг қанчалик самарали эканлигини аниқлайдилар. Эмланган кўнгиллиларнинг касаллик юктиришини кутадилар. Номзод-вакцинани плацебо-вакцина билан таққослайдилар. Бу фаза жуда кўп вақт, маблағ ва жиддий таҳлил талаб этади.
Баъзи ҳолларда синов вақтини қисқартириш учун бир неча синов фазалари бир фазага бирлаштирилади.
4- ва 5-босқичлар вакцинани сертификатлаш, регистрациядан ўтказиш, сифатини назорат қилиш ва кечки ножўя таъсирини аниқлаш каби маъмурий жараёнлардан иборат.
Вакцинанинг самарадорлиги юқорида айтилган бир қатор омилларга боғлиқ.
Вакциналарнинг таснифи:
– Вирусга қарши
– Бактерияга қарши
Антиген материалига кўра таснифи:
* микроблар ёки вирусларнинг заифлашган, аммо жонли штаммларини тутувчи вакциналар – аттеунирланган вакциналар
* микроблар ёки вирусларни ўлдирилган (инактивланган) шаклини тутувчи вакциналар
* микроорганизмларнинг анатоксинлари (заифлашган токсинлар)ни тутувчи вакциналар
* синтетик, шу жумладан, ген инженерияси йўли билан олинган ҳамда молекуляр вакциналар.
Поливалент ва комбинациялашган вакциналар ҳам мавжуд.
Ковид-19 га қарши вакциналар:
Айни пайтда дунёда вакцинани ривожлантириш билан юзлаб лабораториялар шуғулланмоқда. Улардан 140 таси преклиник босқичда ва 20 таси одамларда синашни бошлади ва саноқли қисми клиник босқичнинг 3 чи фазасига ўтганлиги хақида маълумот тарқатди.
1. Заифлашган, аммо тирик SARS-CoV-2 вирусига асосланган вакцина.
Бундай вакцина бн эмланган одам асл вирусни юқтирганда, унинг иммун тизими касаллик билан учрашишга ва курашишга тайёр бўлади. Бундай эмлашда иммунитет узоқ давом етади. КОВИД-19 ҳолатида бу жуда муҳим. Лекин бундай вакцина яқинда пайдо бўлмайди.
“Тирик” вакцинанинг камчилиги, вирус мутацияга учраб қайта жонланиши мумкин.
Заифлашган вирусга асосланган ваксинани ишлаб чиқишни Американинг Codagenix компанияси (Ҳиндистоннинг зардоблар институти билан ҳамкорликда) томонидан амалга оширилмоқда.
2. Инактивланган вакцина.
Инактивланган (ўлдирилган) вирусларни ўз ичига олган вакцина — яъни ҳужайраларни зарарлай олмайдиган вируслар. Бу эски усул. “Ўлик” вируслар ҳам иммун жавоб уйғотиши мумкин.
Бироқ, бундай вакциналар иккита камчиликка эга. Биринчидан, бундай вакциналар уйғотган иммун жавоб жуда заиф бўлади. Шу учун, қўшимча “иммун жавоб кучайтиргичлар” қўшиш керак бўлади.
Иккинчидан, олинган иммун жавоб барқарор бўмайди, такрорий эмлаш керак бўлади.
Инактивланган вакциналар “тирик” лардан кўра хавфсизроқ — чунки улар мутацияга учраб қайта тирилмайди.
ЖССТ маълумотларига кўра, икки хитойлик ишлаб чиқувчилар бу турдаги вакцинани яратишда олдинда кетяптилар.
Sinopharm бирданига иккита вакцина тайёрламоқда.
Бири, Wuhan биологик маҳсулотлар институти (Wuhan Institute of Biological Products) билан ҳамкорликда яратилаётган вакцина
иккинчиси, Pekin биологик маҳсулотлар институти (Beijing Institute of Biological Products) билан ҳамкорликда яратилаётган вакцина.
Sinovac компанияси ҳам Американинг Dynavax компанияси билан ҳамкорликда инактивланган вакцина яратяпди.
3. Векторли вакциналар
SARS-CoV-2 геномининг кичик бир бўлаги бутунлай бошқа вируслар (масалан, аденовируслар) га ўрнатилади. Бундай генетик ўзгартирилган вирусли вакцина SARS-CoV-2 нинг оқсилларига нисбатан тахминан “тирик” вирусли вакциналар каби иммун жавоб қўзғатади. Вектор вакциналарнинг афзаллиги шундаки, улар мутацияга учрамайди ва қайта жонланмайди.
ЖССТ маълумотларига кўра, иккита кучли компания вектор-вирусли вакциналар устида ишлаяпти.
Хитойнинг CanSino Bio компанияси Пекин биотехнологиялар институти билан биргаликда модификацияланган 5-тип аденовирусга асосланган Ad5-nCoV вакцинасини ишлаб чиқмоқда.
Иккинчиси, Англиянинг Оксфорд университети томонидан AstraZeneca бн хамкорликда модификацияланган шимпанзе аденовируси асосида ишланаётган ChAdOx1 вектор вакцинаси.
4. Нуклеин кислота (ДНК ва РНК) асосидаги вакциналар
– ДНК-вакцина вируснинг ДНК сидан тайёрланади.
Эмланиш натижасида вируснинг ДНК молекуласи одам ҳужайрасидаги геном таркибига киради. Натижада унга нисбатан иммун жавоб ҳосил бўлади.
Афзалликлари вектор-вакцина билан бир хил: нисбатан барқарор, лекин тўлақонли вирусдан иборат бўлмагани учун табиий камчиликлардан ҳоли.
ЖССТ маълумотларига кўра, Inovio Pharmaceuticals (Пенсилвания, Ақш) компанияси INO-4800 ДНК-вакцинаси устида ишлаяпти.
– РНК-вакцина вируснинг матрик-РНК (мРНК) сидан тайёрланади.
мРНК ва унинг липид заррачалари вирус билан жуда ухшашлиги туфайли тўғридан-тўғри иммун жавоб қўзғата олади. Шунинг учун, РНК-вакцина чақирган иммун жавоб тезроқ ва кучлироқ бўлиши эҳтимоли бор. Бундан ташқари, қисқа мРНК жуда оддий молекуладир, уни нисбатан тез ва арзон яратиш мумкин.
Бу мутлақо янги вакцина.
ЖССТ маълумотларига кўра, ҳозирда иккита компания РНК-вакцина яратишда олдинда кетяпти ва катта ютуқларга эришди:
Американинг BioNTech компанияси фармацевтика гиганти Pfizer билан шартнома имзолаган. Компаниянинг маълум қилишича, уларнинг мРНК-вакцинаси 2020 йилнинг кузига қадар тайёр бўлиши мумкин.
Американинг “Модерна” компанияси ҳам Вакциналар илмий-тадқиқот маркази (NIAID) билан ҳамкорликда мРНК-1273 деб аталувчи вакцина устида амалиётларни якунлаяпти. Вакцина икки хил дозада бўлиши айтилди, 50 ва 250 мкг, эҳтимол, шу дозаларда самара бўлган.
Бундан ташқари, Россия биотехнологиялар компанияси BIOCAD ҳам РНК-вакцинасини 3 хил дозада ишлаб чикараётганини маълум қилган.
5. Пептид вакциналар
Оқсилга асосланган вакциналар вируснинг оқсилли “бўлаклари”дан (антигенлардан) тайёрланади.
Бундай вакциналар хавфсизлиги билан фарқланади, шунинг учун, бундай вакциналарни тезда синовлардан ўтказиб эрта истеъмол учун қўйиш мумкин.
Камчилиги, вакцина учун етарли бўлган оқсилни олиш жуда қийин ва қимматга тушади. Бундан ташқари, барқарор иммунитет ҳосил қилмайди (инактивланган вакциналар каби).
ЖССТга кўра, Sanofi компанияси оқсилли вакцина устида ишлаяпти, лекин ҳали умид берувчи натижаларга эришмаган.
КОВИД-19 га қарши вакцина яратишда муваффақиятга эришаётган мамлакатлар:
БУЮК БРИТАНИЯ.
Юқорида ChAdOx1 nCoV-19 вектор-вакцинаси хақида айтиб ўтдим. Уни Вакциналар Тадқиқот Институт 3.5 ой ичида ишлаб чиқди.
Тадқиқотда 1100 га яқин киши иштирок этди. Якуний натижа олишга 2 ойдан 6 ойгача вақт кетади.
Олимлар бу вакцинанинг муваффақиятига шунчалик ишонишяптики, вакцинани оммавий ишлаб чиқаришга қўйиб юборишди. Сентябргача 2 млн доза ишлаб чиқаришни режа қилишяпти. Кейин эса яна тезлаштирилади. Хозирдан куп мамлакатлар билан шартномалар тузди.
ГЕРМАНИЯ.
Паул Эрлих Институтининг хабарига кура, BioNTech компанияси РНК-вакцинаси устида иш олиб боряпти. Бу вакцина 200 та соғлом, ундан кўпроқ вирус юқтириш эҳтимоли катта одамлар ва КОВИД-19 нинг огир турини бошидан кечираётганларда синовдан ўткизилган.
Лекин, вакцина 2020 йилнинг охиригача тайёр бўлмаслиги хақида огоҳлантирилди.
АҚШ
1. Сиетлдаги Kaiser Permanente Вашингтон соғлиқни сақлаш тадқиқот институтида бир қанча синовлар кетяпти.
2. Inovio Pharmaceuticals INO-4800 ваксинасининг икки хил дозаси устида ишлаяпти. Натижага эришиш учун камида 6 ой борлиги айтилди.
3. Американинг биофармацевтика компанияси Sorrento Therapeutics уч кун ичида коронавирусни бутунлай блоклаб, инсон танасидан чиқариб юбориши мумкин бўлган антитана топилганини эълон қилган эди. Компания вакилларининг айтишича, ҳозирча барча натижалар фақат лабораторияда олинган ва улар дори воситасини бозорга чиқариш вақтини айта олмайдилар. Дори жуда истиқболли бўлиши кутилмоқда.
4. Американинг Pfizer фармкомпанияси Германиянинг BioNTech компанияси билан бирга мРНК-вакциналари бўйича тадқиқотларни якунламоқда.
5. Хозир Moderna компанияси янги технология ососида ишлаб чикарган мРНК вакцинаси хақида кўп гапириляпти. Бу бутунлай янги усул, бунда вакцинанинг ўзи ҳужайраларга вирус оқсилларини ишлаб чиқариш бўйича кўрсатмалар беради, оқсилларни иммунитетга танитади ва иммун тизимига қандай жавоб қайтариш кераклигини ҳам ўргатади. Бу мутлақо ҳайратомуз технология.
Ҳозирда клиник синовларнинг учинчи босқичи якунланяпти. Бу ҳар доим кузатувлар ва таҳлиллар талаб этадиган энг узоқ босқичдир. Ҳозирда ушбу синовда 30 000 киши иштирок этяпти. Уларнинг ҳеч бўлмаса 150-160 нафари вирус юқтиргандагина вакцинанинг самарадорлиги хақида бир тўхтамга келиш мумкин.
Вакцина ишлаб чиқариш бўйича еттита “энг истиқболли ” лойиҳага ҳомийлик қилаётган миллиардер Билл Гейтс ҳам шошмасликни тавсия қилди. Унинг айтишича вакциналар сентябргача ишлаб чикарилмаслиги аниқ.
ХИТОЙ.
1. Хитойда аденовирусли вектор асосидаги вакцина устида изланиш биринчилардан бўлиб йўлга қўйилди. Синовлар шу йилнинг охиригача давом этиши кўзда тутилган.
2. Пекиннинг Sinovac Research & Development Co компанияси томонидан инактивланган вакцинани синаш жараёни ҳам тез суръатлар билан ривожланиб боряпти.
3. Sinopharm Хитой давлат фармацевтика корпорацияси ҳузуридаги Wuhan биологик маҳсулотлар институтида ишлаб чиқилаётган вакцина ҳам яхши хавфсизлигини кўрсатди. Аммо синовларни якунлаш ва вакцинанинг хавфсизлиги ва самарадорлиги ҳақида хулосага келиш учун ярим йил вақт кетиши мумкин.
Хитой ҳукумати вакциналардан бири сентябр ойида фавқулодда фойдаланишга (масалан, шифокорлар учун) тайёр бўлишини истисно қилмайди.
Аҳоли учун эса кейинги йилнинг бошига тайёр бўлиши мумкин.
ШВЕЙЦАРИЯ.
Берн университетининг Martin Bachmann иммунологик лабораторияси RBD-вакцинасини ишлаб чиқди. Бу вакцинада махсус рецептор боғловчи домен (РБД-оқсил) бор. Бу вакцинанинг яхширок ишлашига имкон беради.
Улар клиник синовларни октябргача ўтказишни, кейин эмлашни хавф гуруҳидаги аҳолидан бошлашни умид қиляптилар.
АВСТРАЛИЯ, НИДЕРЛАНДИЯ.
Австралия ва Нидерландияда БЦЖ ваксинасининг коронавирусга қарши синовлари билан боғлиқ тадқиқотлар олиб бориляпти. Дастлабки тадқиқотлар БЦЖ КОВИД-19 билан кураша олиши мумкинлигини кўрсатди. Синовлар учинчи оммавий босқичда: бир неча минг шифокор эмланди. Яна ярим йил давомида натижалар кузатиб борилади.
ЖССТ ҳозирча далиллар етарли бўлмагани учун бу вакцинани ҳисобга олмади.
РОССИЯ.
1. РФ ССВ Н.Ф. Гамалей номидаги эпидемиология ва Микробиология илмий-тадқиқот маркази (НИЦЕМ) олимлари икки хил: “Гам-КОВИД-Вак” ва “Гам-КОВИД-Вак Лио” вакциналари устида иш олиб боряпти. Бу вакциналар микробиолог Денис Логунов тарафидан анъанавий векторли технология, MERS ва Эболага қарши вакциналар асосида тайёрланган.
2. Россиянинг “Вектор” вакциналар базасида 6 хил технологик платформа асосида бошқа вакциналар ишлаб чикараётгани хақида ҳам маълум қилган эди. Улардан бири пептидли вакцина “ЭпиВакКорона” нинг устида изланишлар охирлаб колгани хақида маълумот берилди.
3. Россия “Биокад” фармкомпанияси ҳам Экспериментал Тиббиёт Институти билан биргаликда мРНК-вакцина устида ишлаяпти.
ЖССТ ҳали бу вакциналарни ҳеч қайсисини рўйхатга олмади ва Россияга вакцина яратишда шошма-шошарлик қилмасликни тавсия қилди.
ТУРКИЯ
1. Туркиядаги Ҳаджеттепе университети микроигнали лейкопластир кўринишидаги вакцина устида ишлаяпти.
2. Туркиянинг Эгей университети ДНК-вакцинаси муваффакиятга эришяпти.
Ва яна бошка бир қанча катта изланишлар кетяпти.
Энг олдинда юқорида айтилган Хитойнинг 3 та вакцинаси, АҚШнинг 2та вакцинаси, Англиянинг 1 та (AstraZeneca нинг векторли) вакцинаси кетяпти. Улар синовнинг учинчи босқичига ўтди. Уларнинг ҳаммаси ҳар хил.
Хозирча вакциналарнинг нархи 10-14$ бўлиши айтиляпти. Лекин нарх ўзгариши мумкин.
Давоми бор…
Шифокор Нодира Мусаева