islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Савол: Жаннатга кириш тақдирда ёзилганми?

Аллоҳ таоло жаннатга хоҳлаган бандасисини киритишини баён этган, жаннатга кириш ҳам тақдири азалда ёзилганми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Албатта ҳар бир иш тақдирда битилгандир.

Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда пайғамбаримиз алайҳиссалом:

كُلُّ شَيْءٍ بِقَدَرٍ حَتَّى الْعَجْزُ وَالْكَيْسُ

( رواه الامام مسلم عن عبد الله بن عمرو رضي الله عنهما)

Яъни: “Ҳар бир нарса қадар биландир. Ҳатто ожизлик ва уддабуронлик ҳам”, – деганлар. (Имом Муслим ривоятлари)

Шу жумладан жаннатга тушадиганлар ва дўзахга тушадиганлар ҳам Аллоҳ таолонинг тақдирида маълумдир.

Бу ўринда энг асосий нарса тақдир тушунчасини тўғри англашдир. Шунда бизга мавҳум ёки муаммоли бўлиб қолган барча нарсалар ўз ечимини топади. Кўпчилик инсонлар “Тақдир” сўзининг маъносини янглиш тушинадилар.

Хаттобий роҳимаҳуллоҳ айтади: Кўпчилик инсонлар қазо ва қадарнинг маъносини Аллоҳ таоло бандаларини ўзи олдиндан тақдир қилиб битган ва ҳукм қилган нарсага мувофиқ яшашга мажбурлашидир деб тушинадилар. Лекин қазо ва қадарнинг маъноси улар ўйлагандек эмас. Балки тақдир дегани Аллоҳ таолонинг бандалар эндиликда қиладиган касбларини олдиндан билиши ва ана шу касблар Аллоҳ таолонинг ўлчови остида амалга ошмоқлигидир. (Хаттобийнинг сўзи тугади.)

و يقول ابن حجر الهيثمي:” و القضاء علم الله أولاً بالأشياء على ما هي عليه ، و القدر إيجاده إياه على ما يطابق العلم”.

Ибн Ҳажар ал-Ҳайсамий қазо ва қадарга қуйидагича таъриф берган: “Қазо бу Аллоҳнинг барча нарсаларни эндиликда қандай бўлишини аввалдан билмоқлигидир. Қадар эса ана шу билган нарсаларини мазкур илмига мувофиқ пайдо қилишидир.”

Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий ўзларининг “Куброл яқинийат ал-кавния” китобларида: “Қазо бу Аллоҳ таолонинг барча нарсаларни келажакда қандай бўлишини билишидир. Қадар эса – Аллоҳ таоло мазкур нарсаларни амалда (воқеъда) ўзининг азалий илмига мувофиқ пайдо қилишидир”, – деб таърифлаган.

Мазкур таърифлардан хулоса қилиш мумкинки, Аллоҳ таоло тақдир орқали ҳеч бир инсонга босим, мажбурият юкламайди. Шунинг учун банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан умид қилиб, азобидан қўрқиб, динимизда буюрилган солиҳ амалларни қилиши, қайтарилган ишлардан буткул четланиши зарур. Тақдир бу Аллоҳ таолонинг азалий илмидан иборат нарсадир. Яни бандаларнинг нима қилишларини Аллоҳ таоло олдиндан билади ва шу сабабли улардан қайсилари жаннатга лойиқ ва қайсилари дўзахга лойиқ эканини ҳам билади. Аллоҳнинг илмида кимлар жаннатий ва кимлар дўзахий экани маълум. Тавфиқ Аллоҳдандир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво ҳайъати

170260cookie-checkСавол: Жаннатга кириш тақдирда ёзилганми?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: