Бугун, 2 сентябрдан бошлаб Тошкент ислом институтида 2020-2021 ўқув йили бошланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида ўқув жараёнлари тасдиқланган ўқув режалари асосида масофавий шаклда онлайн тарзда йўлга қўйилди.
Бугун кундузги ва модуль таълим шакли бўйича 1-курслардан ташқари барча юқори курс талабалари масофавий дарс машғулотларини бошладилар. Махсус сиртқи бўлим 3-курс талабалари учун машғулотлар 7 сентябрь, душанба кунидан бошланади.
Шу йилнинг август ойида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида 2020-2021 ўқув йилига тайёргарлик кўриш тўғрисида”ги буйруғига кўра Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида масофавий машғулотларни онлайн шаклда олиб борадиган профессор-ўқитувчилар учун семинар-тренинглар ташкил этилди.
Семинар-тренингларда ўзлаштирган кўникмалари асосида профессор-ўқитувчилар ўз фанлари бўйича видео, маъруза матнлари, слайдлар тайёрладилар.
Профессор-ўқитувчиларни масофавий таълим асосида машғулотларни олиб боришлари учун махсус хона ажратилиб, зарур компьютер ва техник воситалари билан таъминланди.
Эслатиб ўтамиз, кундузги ва модуль таълим шакли 1-курс талабалари 7-8 сентябрь кунги кириш имтиҳонлари, яъни тест синовларидан кейин аниқланиб, Тошкент ислом институтида таҳсил олишни белгиланган санада бошлайдилар.
Тошкент ислом институти матбуот хизмати