islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Имом мотуридий ақлни нақлдан устун қўганми?

Cавол: Имом Мотуридий ақида илмида ақлни нақлдан яъни оят ва ҳадислардан устун қўйганми? Бу ҳақдаги гап-сўзлар қанчалик тўғри?

💬 Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Йўқ, бу гап Имом Мотуридий каби аҳли суннанинг буюк имомига нисбатан катта туҳматдир. Ҳозирда Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг илмий қарашларини нотўғри тушунган баъзи жоҳил кишилар бу буюк имомга нисбатан турли хил бўҳтонларни тўқишмоқда. Мана шу бўҳтонлардан бири – бу уларнинг “Мотуридий ақлни нақл (оят ёки ҳадисда келган нарса)дан устун қўйган”, деган гапларидир.
Аслида Имом Мотуридийга кўра ақл нақлдан устун туриши тугул, ақл билан ҳеч қандай ҳукм собит бўлмаслиги маълум ва машҳурдир. Ақлни нақлдан устун қўйиш, Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ умрлари бўйи қарши курашган, илмий раддиялар ёзган тоифа – мўътазила фирқасига хос амалдир. Шунинг учун уларда қанчадан-қанча нақлий далиллар ақлга тўғри келмагани учун таъвил қилинади ёки қабул қилинмайди. Жумладан, мўтазилалар айни вақтда жаннат ва дўзах яратилмаган, деб биладилар. Аллоҳ таолони дунёда ҳам, охиратда ҳам кўриш ақлан мумкин эмас, дейдилар. Осий киши иқобланиши, итоаткор киши савоб олиши шарт, деб ўйлайдилар ва ҳоказо. Аммо мотуридийлар эса нақл орқали собит бўлган қанчадан-қанча эътиқодий ёхуд фиқҳий ҳукмларни, гарчи ақл англай олмаса-да, айнан нақлга суянганлари сабабли бош устига қабул қилганлар.
Имом Мотуридий “Аллоҳ таолони таниш ақл билан вожиб бўлади” дейдилар. Яъни, фаразан Аллоҳ таоло пайғамбарлар юбормаса, шариат аҳкомларини тушурмаса ҳам одамлар ўз ақллари билан Аллоҳ таолони танишлари вожиб бўлаверади. Лекин Аллоҳ таоло Ўз фазли билан инсонларга пайғамбарлар юбориб, ҳақ йўлни таниш йўлини уларга осон қилди.
Бу борада Имом Мотуридийнинг далиллари шуки, Қуръони каримда осмонлару ерда, қуёш, ой, юлдузлар, тоғу тошлар, дарахтлар ва булардан бошқа қанчадан-қанча буюк Яратувчига ва қудратининг чексизлигига далолат қиладиган аломатлар борлиги баён қилинган. Жумладан:
وَكَأَيِّنْ مِنْ آَيَةٍ فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ يَمُرُّونَ عَلَيْهَا وَهُمْ عَنْهَا مُعْرِضُونَ
яъни: “Осмонлар ва Ерда қанчадан-қанча (Аллоҳ ва унинг сифатларига далолат қилувчи) аломатлар бор. (Лекин) улар ёнидан юз ўгирган ҳолларида (бепарво) ўтиб кетадилар” (Юсуф сураси, 105-оят).
Яъни, улар Аллоҳ таолонинг борлигига далолат қиладиган шунча белги-аломатлар ҳақида тафаккур қилиб имон келтирмайдилар. Агар аломатлардан юз ўгирмасдан уларни тафаккур қилиб кўрганларида, ақл юритиб эътибор берганларида, албатта, имон келтирган бўлардилар. Бу эса инсонда ақл борлигининг ўзи Аллоҳ таолони танишга сабаб эканига далолат қилади.
Аллоҳ таолонинг яратувчилигини, ўта илмли зот эканини мушриклар ҳам эътироф этганлар:
وَلَئِنْ سَأَلْتَهُمْ مَنْ خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ لَيَقُولُنَّ خَلَقَهُنَّ الْعَزِيزُ الْعَلِيمُ
яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Қасамки, агар улардан: «Осмонлар ва Ерни ким яратган?», – деб сўрасангиз, албатта: «Уларни Қудратли ва Билимли (Аллоҳ) яратган», – дерлар” (Зухруф сураси, 9-оят).
Яъни, мушриклар ҳам осмонлару ерни азиз ва ўта илмли зот, Аллоҳ таоло яратганини билганлар. Сўнгра жоҳиллик билан Унга бошқани қўшиб ибодат қилганлар. Бу эса Аллоҳ таолони таниш инсон фитратида борлигини, бу фитратни Аллоҳ таоло инсонга қўшиб яратганини, шунга кўра ҳар бир ақл-ҳушли одам Аллоҳ таолони таниши лозимлигини, танимаслиги узр бўлмаслигини билдиради. Бу каби оят ва ҳадисларни кўплаб келтириш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, мотуридий уламоларимизга кўра ақл-ҳушли инсонга еру осмонларнинг Яратувчиси, Аллоҳ таолони танимаслиги узр ҳисобланмайди. Чунки ҳар бир нарса хусусида ақл юритиб қаралса, Аллоҳ таолонинг биру борлигига далолат қилувчи белгилар мавжуд. Бу билан Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ ақлни нақлдан устун қўйган бўлмайдилар. Балки айнан нақл орқали Аллоҳни танишда ақлнинг ўрнини кўрсатиб берганлар. Тавфиқ Аллоҳдан.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати

176380cookie-checkИмом мотуридий ақлни нақлдан устун қўганми?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: