Аллоҳ таоло инсон зотини бошқа мавжудотлардан айрим сифат ва белгилар сабабли фарқли ва устун қилди. Ана шундай хусусиятларнинг энг асосийси бу нутқ қилиш, фикрини тил орқали ифода қила олиш қобилиятидир. Ақлий илмларнинг боши ҳисобланган мантиқ фанида ҳам инсонни таърифланганда доимо уни “нутқ қилувчи жонзот”, деб таърифланади ва инсонийликни билдирадиган асосий унсури сифатида талаффузга урғу берилади. Адабиёт, одоб-ахлоқ ва тасаввуфга оид асарларда эса тилни воқеа, ҳодиса ва турли ҳолатлардан келиб чиқиб, мажозан кўп нарсаларга таққослайдилар. Гоҳида қиличдан ҳам ўткир, асалдан ширин, заҳардан аччиқ, бойни камбағал қиладиган, камбағални эса бир лаҳзада бой қиладиган ва шулар каби турли образлари билан гавдалантирадилар, мақсад бир, у ҳам бўлса тилга, сўз айтишга эътиборни кучайтириш, олдин ўйлаб, кейин сўйлашдир.
Дунёвий ишларда ҳам, диний масалаларда ҳам инсонни онги-шуъурини билдирадиган тили ва оғзидан чиқадиган сўзига қараб баҳо берилади ва ҳукм чиқарилади. Хусусан диний ишларда сўзни ўрни жуда юқори ҳисобланиб, биринчи навбатда мусулмон бўлиш тил билан айтиладиган калима орқали амалга ошиши, акси ҳам унинг зиддини гапириш билан бўлиши, оила қуриш, унинг бузилиши, қасам ичиш ва унинг жорий бўлиши, қул озод этиш (қулдорлик даврларда) ва шу каби кўп ишлар фақат оғиздан чиқадиган сўз ва у билдираиган маъноларга боғланади.
Қуръони каримда тил борасида бир қанча оятлар келган бўлиб, шундай ояти карима мазмунларидан бирида: “Ва Унинг оят-белгиларидан осмонлару ернинг яратилиши ва тилларингиз ва рангларингизнинг турлича бўлишидир. Албатта, бунда олимлар учун оят-белгилар бордир”, дейилган. Тафсир китобларида инсон насли бир бўлишига қарамай турли-туман тилларда гаплашиши Аллоҳнинг борлиги, бирлиги, қудратининг чексизлиги ва қайта тирилиш ҳақлигини билдирадиган белгилардан бири сифатида кўрсатилган. Айрим тафсирларга кўра, “тилларингизни турлича бўлиши”дан товушлар ирода қилинган, яъни инсон зоти бир бўлишига қарамай, товуши ҳар-хил, уни кўрмай туриб ҳам товушидан ажрата оласиз. Икки тафсир бўйича ҳам оят юқоридаги далолатни бераверади.
Таквин китоби (Таврот)да одамларнинг тилларни турлича бўлиши тўфондан кейин Бобил ерларида бирданига ўзгариб қолган ва натижада ана шундан кейин инсонлар ер юзига тарқалиб кетганлар, деган маълумот келади. Мантиқан қараганда эса, олдин инсонлар тарқалишган ва натижада тиллари турлича бўлган.
Замонлар ўтиши ва миллатнинг ривожига қараб тиллар қамрови ҳам кенгайиб, ёки уни таназули ва бошқа омиллар сабабли йўқолиб борадиган белгига айланди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, тил биринчи навбатда инсонни тафаккури ва қалбининг таржимонидир. Қолаверса у бир миллат ва қавмнинг ўзига хос манзили, урф-одатлари, хусусиятлари, тарихи ва ўзлигини билдирадиган асосий бойлигидир.
Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчи-стажёри, ЎзХИА Қуръоншунослик йўналиши 2-босқич магистранти С.Қурбанов