islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ўлим ҳақида ва унга тайёргарлик

Ўлимнинг луғатда икки хил маъноси бор:

  1. Ҳаётнинг зидди қилиб яратилган вужудий сифат.
  2. Йўқлик[1].

Ўлим икки ҳаёт – бу дунё ҳаёти ва охират абадий ҳаёти ўртасидаги кўприкдир. Дунё – охират экинзори. Демак, оқил кишининг иши охиратда ҳисоб-китоби осон бўлиб, Аллоҳнинг ризолигини топиш ва абадий жаннатга сазовор бўлиш учун бу дунёда эзгу амалларни ғанимат билишдир.

Вафот этиш – тўла маънода йўқ бўлиш дегани эмас, балки у руҳ билан тана мулоқотининг узилиши ҳамда уларнинг бир-биридан узоқда ва холи бўлиши, ҳолатнинг ўзгариши, шунингдек, бир диёрдан бошқа бир диёрга кўчишдир. Ўлим руҳнинг бадандан ажралишидир[2].

Ўлим қалбда ўчмас из қолдиради. Уни эсга олиш кўнгилни юмшатади ва Аллоҳ таолога тавба билан юзланишга чорлайди. Шу боисдан Қуръони каримда ўлим қайта-қайта зикр этилган. Ундаги оятлар кофир ва осийларни ўлим рўбарў келгандаги азоб билан қўрқитса, ўлимга ҳозирлик кўриб, амалларини у келадиган кунга тахт қилиб қўйган мўмин кишиларга қувончли хушхабар беради. Ўлимни эслатувчи оятлар Қуръони каримда жуда кўп зикр қилинган. Аллоҳ таоло айтади:

 «Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир» (Оли Имрон сураси, 185-оят).

 «(Эй, Муҳаммад!) Айтинг: «Агар сизлар ўлишдан ё ўлдирилишдан қочсаниз, бу қочиш сизларга сира фойда бермас» (Аҳзоб сураси, 16-оят)[3].

Инсон ўлимдан омон қолмайди. Қайси жой, қайси вақт бўлмасин, ўлим уни излаб топади. Шуларни баён қилиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундай дейди:

 «Қаерда бўлсангиз, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам, ўлим сизларни топиб олур» (Нисо сураси, 78-оят).

«Аллоҳ жонларни ўлган вақтида, ўлмаганларни эса ухлаётган пайтларида олур. Бас, Ўзи ўлимга ҳукм қилган жонларни (қайтармасдан) ушлаб қолур, бошқаларини эса белгиланган бир муддатгача (ажаллари етгунча) қўйиб юборур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун аломатлар бордир» (Зумар сураси, 42-оят).

Тафсирларда ёзилишига кўра, инсонда “катта ўлим» ва “кичик ўлим” бўлади. Каттаси – ажал етганда руҳнинг танадан чиқиб кетиши. Кичик ўлим – бу, уйқу. Ухлаган одам ўликка ўхшатилади. Чунки ўлик каби у ҳам бешта сезги аъзоси ва ақлдан вақтинча бўлса ҳам холи ҳисоб­ланади. Қуръони каримда “вафот” сўзининг ўзагидан олинган ва “уйқу” маъносини ифода этадиган иборалар келган.[4]

Ўлим киши бошига уйғоқлигида ҳам, уйқусида ҳам келиб қолиши мумкин. Демак, уйқу инсондан ўлимни даф қила олмайди. Умуман олганда, бирор ҳолат, вақт ва ё бирор жой, нарса йўқки, инсонни ўлимдан сақлаб, асраб қололса. Шуларни ўйлаган оқил одам ўлим ҳар лаҳ­зада келиб қолишидан ҳушёр бўлиши, эзгу амалларни бажариши, савол-жавоб қилинадиган кун келмасидан аввал ўзини ҳисоб-китобга тутиши, тарози унинг фойдаси ё зарарига тортилмасдан бурун амалларини ўлчаб кўриши лозим.

Аллоҳ таоло инсонни огоҳлантирар экан, унга бу дунё охиратдан воз кечишига арзимаслигини, чунки унинг ноз-неъматлари оз, вақти қисқа, охират эса, дои­мий қароргоҳ ва ҳақиқий маскан эканини таъкидлайди:

 «Уларга айтинг: «Дунё матоси озгинадир» (Нисо сураси, 77-оят).

«Охират диёригина (ҳақиқий) ҳаёт (жойи)дир» (Анкабут сураси, 64-оят)[5].

Дунёга муккасидан кетган, унинг алдовларига ишониб, шаҳватлар оғушида қолган кишининг қалби, шуб­ҳасиз, ўлимни эслаш амалидан ғофил, бу неъматдан бебаҳрадир. Бундай одам ўлимни эсга олишни ёқтир­майди, бундан қочади. Аллоҳ таоло дейди:

«Айтинг: «Сизлар қочаётган ўлим, албатта, сизларга йўлиққувчидир! Сўнгра сизлар яширин ва ошкора нарсаларни билувчи Зотга (Аллоҳга) қай­тари­лурсиз. Бас, (У) Зот сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур!» (Жумъа сураси, 8-оят)[6].

Демак, одамлар уч хил бўлади:

– дунёга муккасидан кетганлар;

– тавба йўлига кирганлар;

– камолга етган орифлар.

Дунёга муккасидан кетган киши ўлимни эсламайди. Эслаган тақдирда ҳам дунёси қолиб кетаётганига афсус қилиб, бунга ўлим сабабчи бўляпти, деган бемаъни хаёлга боради. Ўлимни бу тарзда эслаш Аллоҳга яқинлик вужудга келишига эмас, балки Аллоҳдан узоқлашишга сабаб бўлади.

Тавба йўлига кирган киши ўлимни кўп эслайди. Эслагани сайин қалби қўрқинчу истиғфорга, вужуди хушуъ ва хузуъга лиммо-лим тўлиб боради. Тўғри, у баъзан ўлим қўққис келиб, тавба тамомига етмай, охират озиғи ғамланмай қолишидан чўчиб, ўлимни хоҳламайди. Лекин унинг бу ҳолати узрли. Шунинг учун ҳам у Пайғам­ба­римиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисида айтилган кишилар жумласига кирмайди. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

«…Ким Аллоҳ билан учрашишни хоҳламасаАллоҳ ҳам у билан учрашишни хоҳламайди» (Мут­тафақун алайҳ). Чунки тавба йўлига кирган одам Аллоҳ­нинг дийдори ва ўлимдан қочмайди. Балки ўзининг қусур ва нуқсонлари сабаб Аллоҳ дийдорига етиш каби буюк неъматни бой бериб қўйишдан хавфсирайди. Гўё у суюклисини хушнуд этадиган учрашувга тайёрланиш билан машғул бўлиб, висолга кечикишдан чўчиётган кишига ўхшайди. Висолга кечикишдан чўчиш эса ви­солни хоҳламаслик эмас.

Хуллас, тавба йўлига кирган кишининг аломати шуки, у ҳамиша ўзини ўлимга ҳозирлайди, бу унинг доимий машғулотига айланади. Кимки шундай эмас экан, демак, у дунёга муккасидан кетганлар жумласидандир.

Ориф киши ўлимни узлуксиз эслайди. Негаки, у яхши билади: ўлим суюкли Зот ҳузурига илк қадам, дийдорлашув, ваъдалашилган манзил. Ҳабиб маҳбуби­нинг висол ваъдасини асло унутмайди. Кўпинча, ориф зот осийлар уйи бўлмиш ушбу исёнли дунёдан батамом қутулиб, бутун оламлар Парвардигорига яқин бўлиш учун ўлимнинг келишини интизорлик билан кутади.

Аллоҳ рози бўлсин, Ҳузайфадан ривоят қилинади, ўлим онлари яқинлашгач, у киши бундай деди:

«…Ё Аллоҳ! Агар мен учун қашшоқлик бойликдан, хас­талик соғликдан, ўлим ҳаётдан афзал бўлса, ўлимни менга осон қил, ҳузурингга тезроқ етай». Демак, тавба йўлига кирган кишининг ўлимни хоҳламаслиги узрли бўлганидек, орифларнинг ўлимни соғиниши ҳам узрли саналади. Лекин энг аълоси – ишни буткул Аллоҳ таолога ҳавола этишдир. Бу ҳолатга кирган кишида на ўлим ва на ҳаётни танлаш ихтиёри бор. Балки Мавлосига нима суюклироқ бўлса, ўша нарса унинг учун авлодир. Бу ҳол тараққийси чуқур муҳаббат ва яқинлик билан энг сўнгги чегара – таслим ва ризо мақомига етади. Ҳар қандай ҳолатда ўлимни эслаш савоб ва фазлга дахлдор. Ҳатто дунёга муккасидан кетган киши ҳам ўлимни эслаганида дунёдан тийилади. Бора-бора дунё неъматлари унинг меъдасига уради, унинг учун дунё лаззатларида тот қолмайди. Демак, инсон қалбини дунё лаззатлари ва шаҳватдан халос этувчи ҳар қандай нарса охират саодатига сабаб бўлади[7].

Ўлимни эслаш, унга тайёргарлик кўриш ҳар бир кишига мустаҳабдир. Зеро, Ибн Умар розияллоҳу анҳумо­дан ривоят қилинган ҳадисда:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

 «Лаззат (роҳат)ларни кесувчи (ўлим)ни эслашни кўпайтиринглар» (Имом Термизий ривояти).

Ўлимга тайёргарлик кўриш гуноҳлардан тийилиш, тоат-ибодатга киришиш билан бўлади[8]. Аллоҳ таоло бундай деган:

«Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!» (Каҳф сураси, 110-оят).

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабр ковлаётган кишиларни кўриб,  йиғлаб юбордилар.  Ҳатто соқоллари ҳўл бўлди.  Кейин бундай дедилар: “Эй биродарларим,  мана шу учун тайёргарлик кўринглар яъни,  ўлимга ҳозирлик кўринглар) Имом Ибн Можа ривояти исноди ҳасан)[9].

[1] Муҳаммад ибн Али Ҳаскафий. «Дуррул-мухтор». Байрут: “Дорул-кутубил-илмия”. 2002, 116-бет.

[2] Ваҳба Зуҳайлий. «Ал-Фиқҳул-исламий ва адиллатуҳу». Дамашқ: «Дорул-фикр». 1980. 2-жуз, 445-бет.

[3] Шайх Абдулазиз Мансур. “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”. Тошкент: «Тошкент ислом университети» нашриёт– матбаа бирлашмаси. 2004, 420-бет.

[4] Ўша манба, 463-бет.

[5] Шайх Абдулазиз Мансур. “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”. Тошкент: «Тошкент ислом университети» нашриёт– матбаа бирлашмаси. 2004, 404-бет.

[6] Ўша манба, 553-бет.

[7] Абу Ҳомид Ғаззолий. «Иҳёу улумиддин». Байрут: “Дорул-маърифат”, 4-жуз.

[8] Ваҳба Зуҳайлий. «Ал-Фиқҳул-исламий ва адиллатуҳу». Дамашқ: «Дорул-фикр». 1980, 2-жуз. 446-бет.

[9] Ваҳба Зуҳайлий. Ўша манба, 446-бет..

ТИИ “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси

Пўлатхон КАТТАЕВнинг

“Исломда жаноза” китобидан олинди

202050cookie-checkЎлим ҳақида ва унга тайёргарлик

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: