islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Сомонийлар сулоласи ҳақида мухтасар

Юртимиз тарихида ажралмас саҳифа сифатида эътироф этиладиган Сомонийлар даври IХ-Х асрларни ўз ичига олади. IХ-асрнинг иккинчи ярмида Мовароуннаҳр ва Хуросонда сомонийлар сулоласи пайдо бўлган. Одатда сулолалар бирон-бир ўзларига мансуб йирик номоёнда фаолияти орқали машҳурликка эришадилар. Сомонийларда ҳам шундай бўлган. Сулолага асос солган Сомонхудот асли Сомон қишлоғи оқсоқоли ва унинг авлодларидир.
Бу масканнинг қаердалигини аниқ кўрсатиш қийин, чунки баъзи манбаларда Самарқанд атрофи кўрсатилса, баъзиларида эса Термиз ё Балх томонларга ишора берилади.
Сомонхудотнинг асл исми Арқуқ бўлиб, у сосонийлар давридаги машҳур саркарда Баҳром Чўбиннинг 4-ёки 5-авлодларидан бўлган.
Ўрта Осиёга араблар исломни ёйиш учун келганида, Сомонхудот айрим маълумотларга кўра Балх вилоятидан Марвга Хуросон амири Асад ибн Абдуллоҳ ал-Қушайрийнинг олдига келиб, ундан душманларига қарши қуролли ёрдам беришини сўрайди. Араблар ёрдамида душманларини енггач, Сомонхудот ислом динини қабул қилади ва шу орада ўғил кўриб, унинг исмини амирнинг шарафига Асад деб қўяди. Асаднинг Нуҳ, Аҳмад, Яҳё, ва Илёс исмли ўғиллари бўлган. Сомонхудот Маъмун Хуросон ноиблиги пайтида унга хизматга ўтган ва тез орада унинг эътиборини қозонган. Маъмун таъсири остида халқ зардўштийлик динидан воз кечиб, ислом динига кирган. Худди шу вақтда Сомонхудотнинг ўғли Асад ҳам халифа Маъмун эътиборига тушган. Сомонхудотнинг ўғиллари Маъмуннинг Марвдаги саройида хизматда бўлган ва Рофи ибн Лайс қўзғолонини бостиришда фаол қатнашган. Бунинг эвазига 820-йилда Маъмун уларни бир нечта вилоятларга амир этиб тайинлайди. Хусусан Нуҳ-Самарқанд амири, Аҳмад-Фарғона амири, Яҳё-Шош ва Уструшона амири, Илёс эса Ҳирот амири этиб тайинланади, лекин халифаликка қарамлик сақланиб қолганди. 874 йилдан бошлаб Бухорони, 892 йилдан бошлаб эса бутун Мовароуннаҳрни бошқара бошлаган Исмоил Сомоний даврига келибгина бу қарамликдан қутилиш имкони туғилди. Мовароуннаҳрга аввал Нуҳ, сўнгра Аҳмад бошчилик қилади. Исмоил ибн Аҳмад 849 йили Фарғонада туғилган Сомонхудотнинг Аҳмад ўғлидан бўлган набирасидир. 14 ёшида отаси Аҳмад вафот этиб, акаси Наср қўлида қолади. Наср ибн Аҳмад Самарқандни марказга айлантиради. Бухоро воҳаси, Нахшаб(Қашқадарё), Чағонруд(Сурхондарё) водийларидан ташқари Мовароуннаҳрнинг барча вилоятларини бирлаштириш ва уни Хуросондан ажратиб олиш чораларини кўради. Тоҳирийлар давлатининг барҳам топиши билан вазият тубдан ўзгариб, истиқлол учун қулай шароит пайдо бўлади. Чунки Саффорийлар Мовароуннаҳрга ҳукмронлик қилишни уддасидан чиқа олмагач, Бухоро аҳли ҳам уларнинг ҳукмронлиги остида яшашни ҳоҳламайди. Ўз ҳолига ташлаб қўйилган Бухоро аҳли сомонийларга мурожаат қилиб Самарқандга элчилар юборадилар. Ундан Бухорони ўз қўли остига олишни ва сомонийлар хонадонидан бир кишини Бухорога ҳоким қилиб юборишини сўрайдилар. Наср ибн Аҳмад бу таклифни мамнуният билан қабул қилиб, 874-йили укаси Исмоилни Бухорога ноиб қилиб юборади. Шундай қилиб IХ асрнинг охирги чорагида Мовароуннаҳрнинг деярли барча вилоятлари сомонийлар тасарруфига ўтиб, у ўз мустақиллигини тиклаб олади. Худди шу вақтдан бошлаб Наср ибн Аҳмад ўзини бутун Мовароуннаҳрнинг бошлиғИ деб ҳисоблай бошлайди. Бухоро ноиби Исмоил вақт ўтиб акаси Насрга итоат қилишни ҳоҳламайди. Ўзига берилган вилоятни мумкин қадар иқтисодий жиҳатдан мустақил идора қилишга интилади. Самарқандга Насрнинг хазинасига юбориладиган ҳар йилги солиқларни турли баҳоналар билан тўхтатиб қўяди. Бу ўз-ўзидан ака-ука орасида зиддият пайдо қилади ва алал охир адоватга олиб келади. 888- йилда ака-ука ўртасида жанг бўлиб ўтади. Жангда Наср қўшинлари тор-мор келтирилади. Исмоил Тароз шаҳрига ҳам юриш қилиб уни босиб олади ва натижада бой Шалжи кумуш конларига эгалик қилиб жуда катта бойликни қўлга киритади. Тароз шаҳридаги бутхона масжидга айлантирилади. 892-йилдан бошлаб Исмоил бутун Мовароуннаҳрни бирлаштириб, унинг ягона ҳукмдори бўлиб олади. Исмоил Сомонийнинг энг катта ҳарбий муваффақияти ,899-йилда Хуросонда Саффорийлар сулоласини ағдариб, Балх остонасида Амр ибн Лайс устидан қозонилган ғалабаси бўлди. Бу жангда Исмоил ибн Аҳмадни Хоразм, Фарғона, Бухоро яъни бутун Туркистондан ёрдамга келган катта ҳарбий куч қўллаб қувватлаган. Шу тариқа Исмоил ибн Аҳмад 900-йилдан Талас водийсию Хуросон ва Шимолий Эронгача бўлган ерларни ўз ҳокимияти остида бирлаштиради ва Араб ҳалифалигига барҳам беради. Бухоро шаҳри эса пойтахтга айлантирилади.
Исмоил Сомоний ўрта асрларнинг қобилиятли, серғайрат, ақлли, адолатли, фикр ва тадбирли кишиси бўлиб, ниҳоятда зукко давлат арбоби эди. У ҳақли равишда ҳақиқатан ҳам подшоҳликка лойиқ ва ҳақли эканини исботлайди. Исмоил ибн Аҳмад ўз даври учун илғор ҳисобланмиш бошқарув тизимини жорий этишга муваффақ бўлади. Бу тизим асосини ҳукмдор даргоҳи (саройи) ва девонлар (вазирликлар) мажмуи ташкил этган. Олий ҳукмдор Амир унвонига эга эди. Олий ҳукмдор ҳукмлари ижроси Ҳорис амирига юклатилган. Даргоҳ ҳамда бошқа қатор муҳим давлат идораларининг хавфсизлигини таъминлашда бош Ҳожиб ва унинг ходимлари амалга оширган. Даргоҳнинг хўжалик юмушлари фаолияти вакил томонидан бошқарилган. Бундан ташқари Даргоҳда дастур-хончи, эшикоғаси, шарбатдор каби хизматлар ҳам бўлган. Девонлар (вазирликлар) бошқаруви сони 10 та бўлиб ,ҳар бири учун алоҳида бинолар қуриб берилган.
1. Бош вазир девони
2. Молия ишлари девони
3. Давлат расмий ҳужжатларини ишлаб чиқиш девони
4. Соқчилар бошлиғи девони
5. Хат-хабарлар мутасаддиси девони
6. Сарой иш бошқарувчиси девони
7. Давлат мулклари девони
8. Мухтасиб девони
9. Вақфлар девони
10. Қозилик ишлари девони
Маҳкама хизматчилари ,араб, форс тилларини пухта биладиган, Қуръон ва шариатнинг асосий қоидаларини яхши ўзлаштирган, турли фанлардан хабардор бўлган саводли аслзодалардан, маҳаллий деҳқонлардан ва дин арбобларидан танлаб олинган. Сарой маъмурияти ичидаги амалдорларнинг бир қисмини форслар, қолган қисмини маҳаллий туркийлар ташкил этган. Ҳарбий ва мудофа ишлари тўла туркийларнинг қўлида бўлган.
Исмоил Сомоний мудофа ишлари учун саройнинг махсус , мунтазам сарбозларидан иборат яхши қуролланган ҳарбий қўшин тузган. Яхши ва узоқ хизмат қилган сарбозлар “Ҳожиб” лавозимига кўтарилган. Ҳожибларнинг бошлиғи “Ҳожибул Ҳужоб” ёки “Ҳожибул-бузрук”деб юритилар эди. Хуросон лашкарбошиси “Сипохсолор” деб номланган. Сомонийлар ҳукмронлиги даврида ер эгалигининг 5 тури мавжуд бўлган.
1. ”Мулки Султоний”
2. “Мулк ерлари”
3. “Вақф ерлари”
4. “Мулки Хос”
5. “Жамоа ерлари”
Давлат идоралари, каналлар, ер ости ариқларини (коризлар) қазиш, кўприклар қуриш, шаҳар, қишлоқлар ободончилиги, деҳқончилик борасида ғамхўрлик қилиш, карвон йўллари хавфсизлигини таъминлаш карвонсаройлар, бозорлар , турли мақсадлар учун мўлжалланган бинолар бунёд этиш каби серхаражат ,кўпчилик билан битадиган тадбирларга бош-қош бўлиб келган. Деҳқончилик, чорвачилик ва ҳунармандчиликнинг кўплаб соҳалари гуркираб ривожланиб, фаровонлик ҳукм сурган. Сомонийлар даврида кончиликка ҳам катта эътибор берилган. Олтин, кумуш, феруза, лаъл, мармар, олтингугурт, ёқут, маргимуш, агат, заҳармуҳра, темир, мис, қўрғошин, тошпахта (астбест), қатрон, тошкўмир турли ранглардаги талқ (слюда), симоб, новшадил, туз, нефт конлари ишлаб турган. Бундан ташқари водий тоғларида гилвата, оқ лой (каолин), аччиқтош, феруза, офит (серпантин), аметист каби қазилма бойликлари ҳам бўлган.
Сомонийлар даврида олтин тангалар, исмоилий, муҳаммадий, ғитрифий, мусайябий, хоразмий дирҳамлари бўлган. Мовароуннаҳрнинг (энг асосий) бозор жойларидан бу Самарқанд , Бухоро, Пойкент, Бинкат, Хўжанд, Термиз, Урганч, ва Кот бўлган.
IХ-Х асрларда Сомонийлар бошқарув тизимининг ташкил топиши сиёсий барқарорлик ва иқтисодий кўтарилиш, маданий ҳаётнинг равнақига имкон берди. Бухоро, Самарқанд,Урганч, Марв, Термиз, Ўзган ва Нишопур каби шаҳарлар илмий ва маданий марказ сифатида тараққий қила бошлади. Форсийдарийда назм, наср ва илмий асарлар ёзила бошланди. Бухоро шаҳри маданий жиҳатдан юксалди. Пойтахтда амир саройида турли соҳаларга оид қўлёзма китоблар сақланадиган катта кутубхона барпо этилди. Мамлакатимиз обрўсини Ер юзига ёйган олиму фузалолардан Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Форобий, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний ва уларнинг сони ўнлаб ҳатто юзлабдир. Бу зотларнинг фан ва маданият соҳаларида эришган ютуқларига бир назар солсак; фалсафа, мантиқ, математика, геометрия, астрономия, физика, оптика, кимё, тиббиёт, биология, мусиқа, тилшунослик, шеърият, нотиқлик санъати, ҳаттотлик, сиёсатшунослик, ҳуқуқшунослик, ва ахлоқ шулар жумласидандур.
Мовароуннаҳрнинг равнақида Ислом дини руҳонийларининг ҳиссаси катта бўлди. Шу боисдан уларнинг обрўйи ошиб,пойтахт Бухоро шарқда Ислом динининг энг нуфузли марказларидан бирига айланди. Сомонийлар кўплаб сарой, жоме масжидлар,мадрасалар, минора, хонақоҳлар, мақбара, тим ва намозгоҳлар бино қилдилар. Шу даврда Бухоро шаҳрида илк илмгоҳ -мадраса бунёд этилди. У “Фаржак мадрасаси” деб юритилган. Мамлакат маънавий ҳаётида “Устод” деб аталган дин ва илм пешволари кейинчалик “Шайхул – Ислом” номи билан янада улуғланди.
Исмоил ибн Аҳмад вафотидан кейин (907) ҳокимият унинг авлодлари қўлига ўтди: Аҳмад ибн Исмоил (907-914), Наср ибн Аҳмад (914-943) ,Нуҳ ибн Наср (943-954), Абдумалик ибн Нуҳ (954-961), Мансур ибн Абдумалик (961-976), Нуҳ ибн Мансур 2(976-997), Мансур ибн Нуҳ (997-999), Абдумалик ибн Мансур (999-1000).
Юртимизда Сомонийлар сулоласи ҳукмронлик қилган асрлар жўшқин, воқеаларга бой, намунали ва сабоқли даврдир. Энг муҳими бу даврда мамлакатимизнинг, халқимизнинг, тарихий-маданий тараққиётидаги анъана ва тажрибаларимизнинг нақадар мустаҳкам пойдеворга эга эканлиги намоён бўлди. Зеро қарамлик, тушкунлик даврини бошдан кечирган жамият яна юксакликка кўтарила олди.

4-курс талабаси Содиқов Умид

205011cookie-checkСомонийлар сулоласи ҳақида мухтасар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: