– Дадаси, бу ҳафта ойнинг охири. Кейинги ойдан боролмасам керак…
– Нега, ахир?! Қуръон дарсларини неча ойлаб интиқ кутган эдингиз. Қолган дарслар-чи? Энди бир ой борган бўлсангиз…
– Шундайку-я, лекин… Раънонинг кўзи намланди. Нимадир демоқчи бўлдию, турмуш ўртоғига ўзининг тундлиги эрталабдан кўчмаслиги учун, индамай қўя қолди.
Фазлиддин нонуштани чала-ярим қилганча каллаи саҳар машинасини ўт олдирди. Ҳали сартарошхонада иш бошланишига 3-4 соат бор. Унгача кира қилиб, нон пули ишлаб олади. Маҳалла бекатнинг четроғига аста тўхтади. Хаёли эса тўхтай демасди: “Ҳа, Раънонинг бу фикрга келишига етишмовчилик сабаб. Ўқиш пули учун менга пул беринг деёлмади, шўрлик. Кейинги ойга эса тўлов қилиш керак. Бунинг устига рўзғор, учта боланинг харажатлари, коммунал тўловлар, ота-онага ёрдам, укасининг битмаётган ҳовлисига пул қўшиб юбориш, болаларининг ҳам қўшимча дарсларига тўлов қилиш – хуллас шу ойнинг ўзида анча харажатлар чиқиб турибди. У харажатларни мендан ҳам яхши билади. Ортиқча юк бўлишни истамаяпти, гарчи, дарслар жону дили бўлса ҳам. Эй, Раззоқ Роббим, сенгагина таваккул қилдим…”
Буёкда Раънонинг ҳам боши қотди. Нонуштадан кейин болаларни мактабга кузатгач, дарсига йўл олди.
Қуръон курси. Ҳафтасига уч кун дарс. Кун санаб кутади устозасининг дарсларини. Бўш қолди, дегунча қўлидан китоб, қулоғидан қулоқчин тушмайди. Дарс куни эрталаб шу қадар яхши кайфиятда, интиқликда уйғонади-ю, худди қанот чиқаргандек, метрода учиб кетади. Энди ҳарфларни тугатишганди. Келаси ойдан Мусҳафни ўқишлари керак. Шу ерга келганда тўлов қилолмай, дарсга келмаслигини ўйласа, ичи зириллаб кетарди. Мана, ҳозир ҳам дарсда-ю, охирги кунлари эканига сиқилиб ўтирибди. Шу пайт эшик “шарқ” этиб очилди. Муассаса рахбари қўлида бир қанча қоғозларни кўтарганча хонага кириб келди. Раъно қарагиси келмади. Ҳозир рахбар “Фалончи, фалончилар! Сизлар ҳали ҳам тўлов қилмабсизлар. Шуни тўлаб қўйинг!” – деса керак, деб баттар юраги сиқилди. Бошини қуйи солиб жим ўтираверди. Дарс ўртасида кириб келган рахбар муаллимадан рухсат сўраганча гап бошлади:
– Ҳурматли талабалар! Сизга яхши янгилигимиз бор. Рамазон ойи муносабати ила сизларга ушбу қоғозларни тақдим қиламиз. Бу – муборак ой учун эҳсон!
Ҳамма бирин-кетин ўзининг исм-фамилияси ёзилган қоғозларни қўлига олар экан, қолган икки ой учун тўлов олдиндан қилингани кўриб ҳайрон бўлиб қолди.
– Ҳайрон бўлиб қолдингиз, шундайми?! Бир мусулмон дўстимиз рамазон учун мана шу эҳсонни қилиб, барчангизга қолган ойнинг тўловларини тўлаб кетдилар.
Бир синф талабалар таажжуб ва севинчдан бирдан шовқин қила кетдилар ва эҳсон соҳибини сўрадилар. Муассаса рахбари:
– Аллоҳ учун ошкор қилмаслигимизни илтимос қилдилар. Фақат дуо қилсангиз, кифоя! – дея елка қисганча жилмайиб қўйди…
Аллоҳ билади, ҳаммадан кўп Раъно севиниб кетди ўзиям! Тили ҳамд ва шукрдан тўхтамади… Кўзида эса яна ёш. Бу ҳамду санога ювилган ёш эди…
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси
Н.Саидакбарова