Мансур Мотуридий аҳли сунна вал жамоанинг улуғ уламоларидан, аҳли сунна вал жамо ақийдасини нақл ва ақл билан соф ҳолатда баён қилиб берган буюк бир шахсийятдир. У зот Ҳанафий мазҳабига мансуб бўлганларнинг аксари ақийдада унга эргашадиган «Мотуридийя» мадрасасининг асосчиси, Ўз замонасининг мужаддидларининг бири, Калом илмида Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг фикрларидан истифода олган, лекин ўзининг манҳажига эга бўлган буюк бир олимдир. Аҳли сунна вал жамоа ақийдасини жонлантиришда ва бидъат ва залолат аҳлининг фосид ақидаларига раддия беришда бу буюк имомнинг ўрни беқиёсдир.
Шунингдек кўпгина уламолар ақийда борасида Имом Мотуридийни Имом Ашъарийдан устун деб таъкидлаганлар.
Бу зотнинг насаби Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадан Мадинага ҳижрат қилганларида унинг ҳовлисига қўнган, Расулуллоҳнинг мезбони, буюк саҳобий Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳуга бориб тақалади. Шунинг учун Камолиддин Байзовий имом Мотуридийни зикр қилиб, у кишига «Ансорий» нисбатини беради.
Биз Имом Мотуридийни эслаганимизда, асосан калом илми асосчиси деб ёдга оламиз. Лекин имомнинг тафсир илмида тутган ўрни, ёзган асарлари ҳам беқиёсдир.
Маълумки Имом Абу Мансур Мотуридий Самарқанднинг Мотурид номли қишлоғида туғилган. У кишининг ҳаётини ўрганган тарихчилар туғилган йилини аниқлашга имкон топмаганлар. 235 ҳижрий санада туғилганлар деган ўта заиф тахминлар мавжуд холос.
Имом Абу Мансур Мотуридий Ислом оламида турли ўзгаришлар авж олиб турган, хусусан, ҳар хил ақидавий фирқалар, тоифалар кўпайиб, бир-бирлари билан тортишиб юрган бир замонда яшаб ижод қилди. Аллоҳ таолонинг инояти ила у киши замонасининг забардаст аҳли сунна вал жамоа уламоларидан илм олди.
Аксар тарихчилар у кишининг 333 ҳижрий санада вафот этганларига иттифоқ қилишган.
Имомнинг тафсир илмида тутган ўрни қанчалик муҳим эканлигини у кишининг «Таъвилату аҳлис-сунна» номли китоблари кўрсатиб беради.
Мазкур китоб тафсир илмида ёзилган бўлсада, ақийда масалалари ҳақидадир. Яъни Қуръон оятларидан қандай ақийдалар келиб чиқади? Биз Қуръон оятларидаги ақийда оятларини қандай тушунишимиз керак? Қуръон ва суннатда мужассам бўлган соф ақийда қандай бўлиши керак? Каби саволларга бу китобда жавоб топамиз.
Шунингдек, Имом Мотуридий ҳазратлари яна «Ат-тафсийрул кабир» номли алоҳида тафсир борасида асар таълиф этган. Лекин афсуски Имомнинг бу китоблари бизгача етиб келмаган.
Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ залолат аҳлига тоғдек сабот билан туриб берганлар. Айниқса ўша даврда жуда кўплаб мусулмонларни тўғри йўлдан адаштирган «Мўътазила» фирқаси билан қуйидаги масалаларда баҳс юритганлар: Аллоҳнинг сифатларини борми? Мўътазила фирқасига мансуб бўлганлар Аллоҳнинг барча сифатларини инкор қиладилар. Мотуридийлар эса, Аллоҳнинг сифатларини исбот қиладилар,
Қуърон махлуқми? Мўътазилалар Қуръон махлуқ дейдилар. Мотуридийлар Махлуқ эмас, Аллоҳнинг каломидир дейдилар.
Бандаларнинг феллари яъни, қилаётган ишларини ўзлари яратадиларми ёки Аллоҳ яратадими? Мўътазилалар Бандалар ўзлари яратадилар дейдилар. Мотуридийлар Аллоҳ яратади, бандалар касб қиладилар дейдилар.
Жаннатийлар Аллоҳни кўзлари билан кўрадиларни. Мўътазилалар буни инкор қиладилар. Мотуридийлар буни исбот қиладилар.
Жаннат ва дўзах ҳозирда мавжудми? Мўътазилалар мавжуд эмас деган эътиқодни илгари сурадилар. Мотуридийлар ҳозирда мавжуд дейдилар.
Қабрда азоб ёки роҳат борми? Мўътазилалар қабр азоби ва роҳатини инкор қиладилар. Мотуридийлар исбот қиладилар.
Қиёмат кунида қўйиладиган мезон-тарози борми? Мўътазилалар мезонни инкор қиладилар. Мотуридийлар исбот қиладилар.
Сирот кўприги ҳақми? Мўътазила фирқаси сирот кўпригини инкор қиладилар. Мотуридийлар сирот кўприги ҳақдир дейдилар.
Авлиёларнинг кароматлари ҳақми? Мўзатазилалар буни инкор қиладилар. Мотуридийлар «Авлиёларнинг кароматлари ҳақ» дейиш аҳли суннанинг белгисидир дейдилар.
Кабира гуноҳни содир этганлар иймондан чиқадиларми? Мўътазилалар иймондан чиқиб, иймон билан куфрнинг ўртасидаги манзилда бўлади дейдилар. Мотуридийлар эса, гуноҳи кабирани содир этган мусулмон, бу сабабли иймондан чиқмайди дейдилар.
Икки таълимот ўртасидаги энг катта ихтилофларни баён қилдик. Икки томоннинг ҳам ўз далиллари бор, лекин, уларни чўзилиб кетмасин учун баён қилмадик. Бундан бошқа ики томон ўртасида яна ихтилофли масалалар бор, Лекин биз юқорида келтирилган масалалар етарли деб ўйлаймиз.
Маълумки ҳозирда мўътазила фирқасига ўзини нисбат берадиганлар деярли йўқ. Аммо, уларнинг тушучасига эргашаётган кишилар мавжуд. Ҳозирда мўътазила фирқасининг ўрнига янги «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ақидаларига эргашамизми? Ёки Мотуридийгами?» каби илмоқли саволлар билан Ислом умматини ўзи билган ва билмаган ҳолда тафриқага солаётган гуруҳлар бор. Англаган бўлсангиз, бундай даволар аксар ҳолларда ўзларини «Биз салафларга эргашамиз» каби гаплар билан алдаб юрган «Сохта салафийлар» Бемазҳаблардан чиқади.
Юқорида мўътазила фирқаси билан Мотуридийлар орасидаги ихтилофли масалаларни баён қилган эдик. Энди Бемазҳаблар билан Мотуридийлар орасида қандай ихтилофли масалалар мавж ураётганига бир назар соламиз!
Аллоҳ қаерда? Бу масала салафлардан кейинги даврда ихтилофли масалага айланган ва ҳозирда мусулмонлар орасида энг кўп муҳокама қилинадиган масалалардан биридир. Бемазҳаблар «Осмондаги Зотдан омонда бўлдингизми» (Мулк сураси 16-оят) оятининг зоҳирига қараб «Аллоҳ таоло осмонда» дейдилар. Мотуридийлар эса, «Аллоҳ таоло осмонлар ва ерни яратувчисидир. Макон ва замоннинг яратувчисидир. Қандай қилиб У Зот таоло ўзи яратган махлуқнинг ичида бўлиши мумкин?! Аллоҳ замон ва макондан покдир» дейдилар. Бир неча оятлар билан уларга раддиялар берадилар. (Тўлиқ маълумот олиш учун Иқболжон Қамбаровнинг «Аллоҳни осмонда десак нима бўлади?» мавзудаги мақоласига мурожаат қилишингиз мумкин.)
Васила қилиш жоизми? Васила қилиш масаласи ҳам уламолар орасида ихтилофли масалалардан биридир. Чунки васила қилишнинг турлари кўп. Аллоҳнинг исми сифатларини васила қилиш, («Аллоҳнинг гўзал исмлари бор. Бас улар ила У Зотга дуо қилинг» Аъроф сураси 180-оят) солиҳ амалларни васила қилиш, (Бану Исроилдан бўлган, ғорда қамалиб қолган 3-кишини амалларини васила қилиш қиссаси, саҳиҳ ҳадис) тирик бўлган, Аллоҳга яқин уламолар ва солиҳ зотларни васила қилиш, улардан дуо олиш, василанинг бу турлари жоизлигида ҳеч ким ихтилоф қилмаган.
Вафот топган пайғамбарлар, авлиёлар ва солиҳ зотларни васила қилиш масаласида ихтилоф бор. Сохта салафийлар василанинг бу турини ширк дейдилар. Улар бир нечта далиллар келтиришади. Масалан «Сенгагина ибодат қиламиз ва сендангина ёрдам сўраймиз» (Фотиҳа сураси 4-оят). «Агар ёрдан сўрасанг Аллоҳдан сўра» (Байҳақий ривоят қилган ҳадис). Мотуридийлар ҳам ўз навбатида далилларини баён қиладилар. Масалан «Ёки тақводор зотларни фисқу фужур қилиб юрган кимсалар каби қилар эканмизми?!» (Сод сураси 28-оят). «Ҳамма учун қилган амаллари сабабли даражалар бордир» (Аҳқоҳ сураси 19-оят). Мотуридийлар бу масала ширк масаласи эмаслигини алоҳида таъкидлайдилар ва “Аллоҳга гуноҳ қилган, солиҳ амалларда бардавом бўла олмаётган мусулмон, «Улуғ авлиёларни ҳурмати гуноҳларимни кечир» дея дуо қилиши нима учун ширк бўлиши керак?! Қабрга ибодат қилиш билан, ўша қабр соҳиби бўлган солиҳ зотларни ҳурматидан дуо қилишни орасида катта фарқ бор” дейдилар. (Тўлиқ маълумот олиш учун Устоз Абдул Қодир Абдурраҳим домланинг «Дуода авлиёларни васила қилиш мумкин эмасми?» мавзудаги мақоласига мурожаат қилинг.)
Такфир масаласи. Бу масалада Бемазҳаблар бир тарафдан Мўътазила фирқасидагиларга ўхшаб кетади. Чунки Мўътазила фирқасидагилар гуноҳи кабира қилган мусулмон иймондан чиқади дейдилар. Бемазҳаблар эса, ўзларининг ақийдасига эргашмаганларни аксар ҳолатда куфрга нисбат берадилар. Аҳли Сунна вал жамоа йўлидагилар, яъни Мотуридийлар «Мусулмон киши очиқ куфр амални қилмагунича, уни куфрга чиқариш йўқ» дейдилар. Мотуридий уламолар «Бир инсоннинг 99 та куфр эҳтимоллиги бор сифатлари бўлса, ва 1 та мусулмонликка далолат қиладиган аломати бўлса, уни мусулмон деймиз» деган фикрни илгари сурадилар.
Бемазҳаблар яна бир нечта масалаларда ихтилофлар қилишади. Уларни яна кўпгина сифатлари, аломатлари бор. Биз эса шу ерда сўзимизни ниҳоялаймиз.
Аллоҳ аҳли сунна вал жамоа йўлидан адаштирмасин!
Аҳадхон Ҳамидхонов 4-курс талабаси