islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Очиқ аёлларни кийинишга ундаган биринчи сайёҳ “блогер” Ибн Баттута

Нью-Йорк Таймс ҳар йили битта журналистини 52 мамлакатга сафарга юборади. Журналист ҳар бир мамлакатда бир ҳафта бўлади ва 52 давлатда кўрган-кечирган ўз таассуротларини ёзма ва видео шаклда одамларга хабар сифатида тарқатади.

Лекин, бу каби катта ҳажмли саёҳатларни Нью-Йорк Таймсдан 6-7 аср олдин биринчи бўлиб Ибн Баттута амалга оширган эди.

Саёҳат ҳар доим инсоният ҳаётининг муҳим қисми бўлиб келган. Бу кашф қилиш ва ўрганиш, янги нарсаларни кузатиш, танишиш ва илҳом олиш имконини беради. Ҳеч ким сафардан кейин аввалгидек бўлмайди, чунки таасуротлар уни ўзгартиради.

Барча замонларнинг энг буюк саёҳатчиси

Саёҳат ҳақида гапирганда, бизнинг хаёлимизга барча замонларнинг энг буюк саёҳатчиларидан бири Ибн Баттута келади. Хабарингиз бор, Ибн Баттутанинг “Саёҳатнома” асари ўзбек тилига ҳам таржима қилинган.

Ибн Баттута 1304 йил Марокашда туғилган. 22 ёшида уйидан чиқиб, ҳаж қилиш учун Макка шаҳрига борди. Шу ёшида у Қуръон ҳофизи ва шариат қонунларининг мутахассиси эди. Айнана мана шу даврдан бошлаб, унинг шаҳарма-шаҳар “тентираб” юришга бўлган иштиёқи пайдо бўлди.

Дунёнинг машҳур ислом олимларидан илм ўрганиш истаги билан бирга, дунёнинг турли жойлари: Қрим ярим оролига, Хитойга, Свахили қирғоғига, Иберия ярим оролига саёҳат қила бошлади.

Ибн Баттута 64 йиллик умрининг 29 йилини саёҳатларда ўтказган. Сайёҳ 40 та мамлакатга сафар қилиб, 120 701 км масофани босиб ўтди. Бу Ердан Ойгача бўлган масофанинг учдан бир қисмига тенг.

Марокашга қайтгач, Ибн Жузай исмли олимга Ибн Баттутанинг саёҳатлари ҳақида асар ёзиш топширилади. Муаллиф Ибн Баттутанинг саёҳатларида юз берган қийинчиликлари ва ўша даврнинг замонавий саёҳатчилари дуч келадиган муаммолар: ёлғизлик, кутилмаган ҳолатлар, режалаштирилмаган ҳаражатлар, хавфлар ва маданиятлар тўқнашувини ёритди.

Ибн Батутта ким?

Аллоҳ таолонинг яратган замини ва одамлари билан танишиш, У зот айтганидек, дунёни айланиб, Холиқнинг оят-белгиларини кўриб тафаккур қилиш ҳамда дунё тарихи ва маданиятига улкан таъсир ўтказган тарихий жойларни зиёрат қилиш мақсадида сафар қилиш – бу шариъатда мақталган иш.

Ибн Баттута Маккага қилган сафарида, унинг карвони Тунисда тўхтаганида, у шундай ёзган эди: “Шаҳар аҳолиси бизнинг гуруҳ аъзоларини кутиб олиш учун келишди, улар ўзаро саломлашдилар.  Карвондан ўзларига зарур нималарнидир сўради, лекин мени ҳеч ким кутиб олмади, чунки мен у ерда ҳеч кимни танимасдим. Мен ўзимни шунчалик ёлғиз ҳис қилдимки, йиғлаб юборай дедим”.

Маълумки, тажрибали саёҳатчилар ҳам бошқа мамлакатларнинг ўзига хос хусусияти – маданияти ва иқлимидан ўзини йўқотиб қўйиши мумкин.

Буни ибн Баттута мисолида, унинг саёҳатида кучли ҳис-ҳаяжонга солган, ҳайратлантирган икки давлатни таъкидлаш мумкин: Хитой ва Малдив ороллари.

Иккала давлатда ҳам, уни ҳайратга соладиган турли урф-одатларга дуч келди.

Хитой ерлари мени ўзига жалб қилмади. Унда бутпараст урф-одатлар қанчалик кучли эканлигига ҳайрон бўлдим. Уйдан чиқиб, мени хафа қиладиган нарсаларни кўрардим, шунинг учун фақат керак бўлгандагина уйдан чиқдим”, – деб ёзади Ибн Баттута.

Малдив оролларида Баттута “кўпчилик аёллар тананинг бир қисмини белидан оёғигача ёпиб қўядиган, тананинг қолган қисмини очиқ қолдирадиган кийим киярдилар”, деб ёзади. Сайёҳ уларнинг бу одатини тўхтатишга уринди ва аёлларни кийим кийишга ундади. У аёлларни очиқ кийимда ҳузурига киришга рухсат бермади, лекин шу билан бирга қанча уринмасин уларни бундан қайтара олмади, аёллар ўз билганича кийинавердилар.

Бугунги кунда эса, кўплаб давлатларга саёҳат қилиш, одамлар билан таншиш, уларнинг маданияти ва тарихини ўрганиш жуда ҳам осон. Шу билан бирга сайёҳлик қилиб блог юритадиган жаҳонгашта инсонлар ҳам кўп. Ибн Баттутани эса, биринчи “сайёҳ блогер” десак муболаға бўлмайди.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

247350cookie-checkОчиқ аёлларни кийинишга ундаган биринчи сайёҳ “блогер” Ибн Баттута

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: