Илм инсон ҳаётининг ҳар бир жабҳаси билан чамбарчас боғлиқ. Аллоҳ таоло Одам атони яратгандан сўнг унга берган илк неъмати илм бўлганлиги ҳам шунинг исботидир. Инсон яшар экан ҳаёти давомида Аллоҳ таолони таниб, У буюрган вазифаларга сўзсиз итоат этиб, тақиқлаганларидан ўзини тўсиб боради. Инсон ҳидоят йўлида бўлар экан, Аллоҳ таоло унга ҳам моддий ҳам маънавий кенгчиликлар беради ҳамда илмга бўлган муҳаббатини зиёда қилиб, уни эгаллаш йўлларини осон қилиб қўяди. Шу жумладан, инсон илмни эгаллагани сари Аллоҳ таолонинг борлиги ва қудратига қайта ва қайта амин бўлиб, иймони мустаҳкамланиб бораверади. Шундан Аллоҳни таний олиш, иймон, дин ва илм чамбарчас боғлиқлигини англашимиз мумкин.
Инсон зоти борки, туғилган ониданоқ таълим олишни бошлайди. Онанинг гўдагига кўрсатадиган ҳар қандай кўринишдаги парвариши ҳам таълимдир. Гўдак кун ўтган сари дунё ҳаётига мослашиб боради. Бу даврда унинг бош устози она бўлиб, соатма-соат, ўз вақтида, узлуксиз, бир сония оромсиз уни таомлантириши, озодаликни назоратда сақлаши ҳамда бошқа турли кўринишда берадиган меҳри болага таълим бериб боради, яъни болада дунёни онгли қабул қилиш ҳали шаклланган бўлмаса-да, унда онанинг ҳар бир эътиборига кўникиш уйғониб боради. Она фарзанди йўргакда эканлигидан ҳаётининг ҳар бир сониясида у билан бирга яшаб бориши муҳимдир, бу таълим-тарбия учун катта ўрин тутади. Фарзанд эса ҳаётидаги илк устози – онанинг ўрнини тўлиқ ҳис қилиб боради.
Гўдакни туғилган давридан йўргакка ўраш ҳам авваламбор суякларнинг тўғри ўсишини ва оромли уйқуни таъминласа, бошқа томондан гўдакнинг ҳаётидаги тартиб ва интизомий тарбиянинг дебочаси ҳисобланади, десак муболаға бўлмайди. Кун эмас, балки соат сайин гўдакда турли кўникмалар шаклланиб боради, атрофидаги инсонларни таниш, ёруғликка эътибор қилиш, буюмларга қўлини чўзиш ва ҳоказо. Моторика – тана аъзоларининг ҳаракат фаоллиги ҳисобланади. Гўдакда ҳам тана фаоллигини ўз вақтида шакллантириб бориш ўта муҳимдир, чунки гўдаклик фақат таомланиш ва ухлашдан иборат дегани эмас. Она гўдагида ётган жойида тўнтарилиш, эмаклаш, ўйинчоқларига қўлчаларини чўзиш, уларни маҳкам ушлаб олиш каби кўникмаларни шакллантириб бориши керак. Ана шу даврнинг ўзидаёқ она учун гўдакда мустақил таълимдаги уқувини ўстириш масъулияти бошланади, яъни ўйинчоққа гўдакнинг ўзи қўл чўзиши, тўнтарилиш ва эмаклашга ўзи ҳаракат қилиб эришиши каби. Чунки, таълим олиш услуб ва кўникмаларини боланинг табиатида шу даврдан шакллантириб борилмаса, улғайгандан сўнг бу кўникмани сингдириш анча мушкул бўлади.
Она меҳрининг чек-чегараси йўқдир, шу сабабдан она ўз меҳрини тўғри ва онгли равишда бера олиши керакки, гўдак берилаётган меҳр ва эътиборга жуда тез кўникади. Кўрсатилаётган эътибор баъзи ўринларда меъёридан ошиб кетса, бу гўдакда, аксинча салбий ўрин қолдириши мумкин. Гўдак ташқи дунёни ҳали англай олмайди, ҳар бир иш унинг учун бажариб борилаверса, у шунга кўникади ва унинг ўзидан ҳаракат бўлмайди, кимдир унинг учун уринишини кутади. Бола ўз мақсадига ёшига хос бўлган услублар, яъни хархаша қилиш ва йиғлаш орқали эришишга ўрганади. Гўдакда ҳали тафаккур қилиш шаклланмаганлиги сабабли, у атрофидагиларнинг хатти-ҳаракати ва таълимига шубҳасиз бўйсунади, нимани ўргатса шуни олади.
Гўдакни бир парча лойга, ота-онани кулолга қиёслайдиган бўлсак, кулол лойни қанчалик пишитиб, ундан қандай маҳорат билан кўза ясаса, у шундай ҳолида қотади. Ҳосил бўладиган кўзанинг ташқи томонидан тортиб, мустаҳкамлиги ва гўзаллиги кулолга боғлиқдир. Бирор камчиликка йўл қўйилса, кеч бўлади, тузатишнинг деярли иложи бўлмайди, уни фақат синдириб қайта ямаш қолади, лекин, афсуски, кўза энди аслидек бўлмайди ҳамда ямалган жойларининг ўрни қолиб кетади.
Инсон ҳаётини зинапоя десак, ундан кўтарилаётганда бирданига унинг юқори зинапояларига сакрамасдан аста-секин пастдан юқорига чиқиб борган маъқул ҳамда унинг пастки қисми, яъни пойдевори қанчалик мустаҳкам қурилса, у юқори қисмлари учун таянч бўлишини унутмаслик керак. Таълим-тарбияда ҳам тартиб, кетма-кетлик ва узвийлик бўлиши катта аҳамиятга эга.
С.Валиева
ТИИ, “Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси