islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Бировни куфрда айбламанг

«Гуноҳи кабиралар мўмин бандани иймондан ҳам чиқармайди, куфрга ҳам киргизмайди» (Саъдуддин Тафтазоний, «Шарҳул ақоидин Насафия»). Ояти карима ва ҳадиси шарифлардан биламизки, қотиллик, ўғирлик, сеҳргарлик, зино, ароқ ичиш, бўҳтон қилиш, ота-онага оқ бўлиш, рибо ейиш шариати исломияда қаттиқ қораланган гуноҳи кабиралар сирасига киради. Қатор ақийда китобларида куфрдан бошқа ҳар қандай гуноҳ мўмин бандани иймондан чиқармаслиги айтиб ўтилган. Ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол санаган, фарзни инкор этган, куфр сўзларни гапирган, махлуққа сажда қилган, Қуръоннинг илоҳий каломлигига шак келтирганлар кофир саналади. Шундай экан, ҳар қандай мўминни куфрда айблаш асло мумкин эмас. Бу айрим «такфирчи»ларнинг ишидир. Бизнинг ақийдамизга кўра, иймон шартларини инкор этмаганлар иймонини ҳаргиз йўқотмайди.

Мўътазилийлар наздида амаллар иймоннинг бир қисми саналиб, уларнинг фикрича, гуноҳи кабира қилган банда мўмин ҳам, кофир ҳам бўлмайди, балки шу икки манзил ўртасида аросатда қолади.

Исломда илк ихтилоф қўзғаб, аҳли сунна вал жамоадан ажралиб чиққан тоифа – хаворижлар «Гуноҳи кабира қилган кофир бўлади», деб эътиқод қилишган. Бугунги кунда шу каби ғояларни илгари сураётганлар мазкур тоифалардан қай бирининг услубини тутган экан-а?

Биз – аҳли сунна вал жамоа мазҳабидагилар «Иймон – тил билан иқрор бўлиш ва қалб билан тасдиқлашдан иборат, амаллар эса иймоннинг шартига кирмайди», деб эътиқод қиламиз. Буни машҳур мутакаллим Нуриддин Собуний (ваф.580/1184 й.) ҳам айтиб ўтганлар.

Гуноҳи кабира қилган одам фосиқ бўлади. Фосиқлик тавба билан ювилади. Бу тавбадан сўнг қайта иймон келтириш шарт эмас. Тавбадан сўнг иймон калимасини айтиш эса муртадларга шарт, холос. Оят ва ҳадисларда гуноҳ қилган кишиларга «кофир», «мушрик», «муртад», «иймонсиз» деб мурожаат этилмагани фикримизнинг яққол исботидир. Уларнинг мўминлигига эса қуйидаги ҳадис далил бўлади:

Набий алайҳиссалом: «Бирор банда Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигини айтса, сўнг мана шу эътиқодида вафот этса, албатта жаннатга киради», – деганлар. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу: «Зино ва ўғирлик қилса ҳамми?» – деб сўраганларида, у зот: «Ҳа», – деб жавоб берганлар.

Ушбу ҳадисни тан олмаган ёки аксинча инкор этганлар, шубҳасиз, аҳли сунна вал жамоадан ажраган ва адашганлардир.

Эркин ҚУДРАТОВ,

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси,

Махсус  сиртқи бўлим 1-курс талабаси

26920cookie-checkБировни куфрда айбламанг

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: