islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Аксилтеррор стратегия мақсади Тошкентда халқаро ва минтақавий ташкилотларни жамлади

Тошкентда Марказий Осиё давлатларининг БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси доирасидаги минтақавий ҳамкорлик мавзусида юқори даражадаги халқаро конференция бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ташқи ишлар вазирлиги томонидан БМТ терроризмга қарши кураш бошқармаси, Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманнинг тантанали очилиш маросимида дастлаб давлатимиз раҳбарининг конференция иштирокчиларига мурожаатини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ўқиб эшиттирди.

Шундан сўнг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш халқаро анжуман қатнашчиларига видеомурожаат йўллади.

Айни пайтда БМТ Бош котиби ўринбосари – Контртеррор бошқармаси раҳбари Владимир Воронков маъруза қиляпти.

***

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш халқаро анжуман иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида бугунги конференция терроризмга қарши курашда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлигини ҳамда тинчлик, инсон ҳуқуқлари ва умумбашарий тараққиёт каби қадриятларнинг аҳамиятини эслатишини таъкидлади.

– Одамлар бу қадриятларни кундалик ҳаётида кўрмаса, тарқоқлик ва экстремизм кучаяди, – деди Бош котиб.

Эслатиб ўтамиз, халқаро конференция Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган ташаббуси доирасида ташкил этилди.

Анжуманда Европа Иттифоқи, Марказий ва Жанубий Осиёнинг миллий ва хорижий таҳлил марказлари масъул ходимлари ва етакчи экспертлари, донор давлатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этмоқда.

Антониу Гутерриш ўн йил аввал Марказий Осиёда Глобал стратегияни амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режасини қабул қилган ва уни БМТ билан яқин ҳамкорликда босқичма-босқич амалга ошириб келаётган Марказий Осиё давлатларининг саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайди.

***

Пойтахтимиздаги “Тashkent City” Халқаро ишбилармонлар маркази Конгресс-холлида бўлиб ўтаётган БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги минтақавий ҳамкорлик бўйича юқори даражадаги халқаро конференциянинг очилиш маросимида бир қатор нуфузли халқаро тузилмалар раҳбарлари, мутасаддилари ўз чиқишлари билан иштирок этмоқда.

Тадбирда, жумладан, ЕХҲТнинг Трансмиллий хатарларга қарши кураш бўйича фаолияти мувофиқлаштирувчиси Елена Купчина, БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили ва Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ раҳбари Наталья Герман сўзга чиқиб, мазкур халқаро конференция бугунги таҳликали, глобал сиёсий, иқтисодий ва бошқа хавф-хатар, таҳдидлар авж олаётган бир даврда долзарб аҳамият касб этишини таъкидладилар.

Шундан кейин иштирокчилар Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти бош котиби Чжан Мин ҳамда БМТ Хавфсизлик кенаши Контртеррор қўмитаси раиси Элчи Тирумуртининг маърузасини тингладилар.

***

ШҲТ Бош котиби: “Марказий Осиё давлатлари БМТнинг глобал аксилтеррор стратегиясини амалга оширишга катта ҳисса қўшмоқда”.

Бу фикрни Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Бош котиби Чжан Минг “Марказий Осиё давлатларининг БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси доирасидаги минтақавий ҳамкорлиги” мавзусида олий даражадаги халқаро конференцияда айтиб ўтди.

Дипломат ўз видеомурожаатида ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида Марказий Осиё минтақавий муҳим муаммоларни, хусусан, терроризм ва экстремизмни конструктив ҳал этишда сезиларли ютуқларга эришганини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, юқори даражадаги тадбир Марказий Осиё бўйича қўшма ҳаракатлар режасини амалга оширилишининг ўн йиллигига якун ясайди.

Мазкур форум ушбу минтақада БМТ ГАТСни амалга оширишнинг ноёб тажрибаси билан танишиш, шунингдек, ўн йиллик ҳисобот, манфаатдор томонлар ўртасидаги маслаҳатлашувлар ва консенсус асосида тайёрланган ҚҲР янги таҳририни тасдиқлаш имконини беради.

Чжан Минг таъкидлаганидек, ШҲТ ҳам ўз фаолияти давомида аъзо давлатлар ўртасида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва ташкилотнинг терроризмга қарши салоҳиятини ошириш бўйича қатор таъсирчан чора-тадбирларни амалга оширди.

284850cookie-checkАксилтеррор стратегия мақсади Тошкентда халқаро ва минтақавий ташкилотларни жамлади

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: