Имом Абу Юсуф дастлаб Ибн Абу Лайло номи билан машҳур бўлган Кўфалик Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Абу Лайло деган катта бир фақиҳ олимга шогирд эди. Ҳатто унда тўққиз йил давомида илм олди. Лекин, бир воқеа сабабли Абу Юсуф Ибн Абу Лайлонинг дарсини тарк этиб, Имом Абу Ҳанифа (р.ҳ)нинг мажлисига ўтиб кетди. Ваҳоланки, Ибн Абу Лайло ҳам ўз вақтининг энг буюк фақиҳларидан, алломларидан ва ҳатто ўз вақтида қозилар қозиси бўлган буюк шахслардан эди. Имом Сарахсий “ал-Мабсут”да ёзишича, бир куни Абу Юсуф ўз устози Ибн Абу Лайло билан бирга бир тўйга боради. У ерда ширинлик ва қандолатдан иборат сочқилар сочилади. Абу Юсуф улардан айримларини олади. Шунда устози унинг бу ишини кареҳ кўриб, қаттиқ койиб беради ва “бу нарсанинг ҳалолмаслигини билмайсанми ҳали?!”, деб маломат қилади. Абу Юсуф устозига қарши гапиролмаса-да унинг бу фикрини қабул қилолмайди ва Абу Ҳанифа (р.ҳ.) ҳузурига бориб мазкур воқеа хусусида унинг фикрини сўрайди. Абу Ҳанифа (р.ҳ) “бу ишнинг бирор ёмон жойи йўқ”, дея Абу Юсуф қилган иш макруҳ ҳам, ҳаром ҳам эмас, балки, ҳалол ва мубоҳ эканлигини айтади. Имом Абу Ҳанифа ўз сўзларига далил қилиб, ўзларига етиб келган бир хабарни келтирадилар. Унга кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ансорийлардан бир кишининг тўйида эканлар хурмо сочилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ердан хурмоларни терар эканлар, асҳобларини ҳам қизиқтириб: “қани, оволинглар!”, дейдилар. Яна Имомимиз видолашув ҳажида содир бўлган бошқа бир воқеани ҳам келтириб, айтадиларки, “Набий алайҳиссалом юзта туяни сўйгач, уларнинг ҳар биридан Ўзларига бир бўлакдан олинишини буюриб, қолганларидан ким хоҳласа ўзига (истаганча ) кесиб олсин, дейдилар” шунга биноан шу ва шунга ўхшаш (шахсан тамлик қилинмаган ҳолда умумий тарқатилувчи) туҳфалар шаръан мустаҳсан бўлган ишлардандир”, дейдилар. Абу Юсуф имом Абу Ҳанифанинг масалага бир томонлама эмас, кўп томонлама ёндашиши, чуқур фикрлаши ва зоҳир қиёсга хилоф бўлсада, ундан устунлиги ва тўғрилиги туфайли махфий қиёсни кўра билиши ва танлаши, истеҳсон қилиши ва ўз фикрига бошқаларнинг хаёлига келмаган далилларни келтиришини кўриб, Абу Ҳанифанинг фиқҳига қойил қолди ва ўз устози Ибн Абу Лайло билан Абу Ҳанифа ўртасидаги тафовут унга очиқ равшан бўлгач Ибн Абу Лайлонинг дарсини тарк этиб, Абу Ҳанифага шогирдликка ўтиб кетди. Абу Юсуфга Ибн Абу Лайлодан кўра Абу Ҳанифанинг фиқҳи теранроқ бўлиб кўринди. Шундан сўнг у ҳам Зуфар каби Абу Ҳанифага шогирд бўлди. Аммо, Абу Юсуф Ибн Абу Лайлонинг барча фикрларини тарк этмади балки, ҳар иккала имомнинг иттифоқ қилган ўринлари ва ихтилоф қилган ўринларини ўрганиб, уларни солиштириб, уларга ўз ижтиҳоди ва назаридан келиб чиқиб ёндашди. Қайсидир масалада Абу Ҳанифанинг фикрларига қўшилса, бошқасида Ибн Абу Лайлонинг фикрини маъқул кўрган ўринлари ҳам бўлди. Ва кейинчалик икки устози орасидаги фиқҳий ихтилофларга бағишлаб ўта қийматли бўлган “ихтилаафу абий ҳанийфата вабни абий лайла” (Абу Ҳанифа ва Ибн Абу Лайлонинг ихтилофи) деган асар ёзди. Айрим уламоларнинг фикрича, мазкур асардаги масалалар ҳанафий мазҳабида асос бўлган зоҳирру-р-ривоя китоблари орасидаги китобул-асл ичида ҳам берилган.
Алишер Султонхўжаев