“Одамларнинг қилмишлари туфайли қуруқлик ва денгизда бузғунчилик пайдо бўлди. Бунга сабаб, қилган баъзи (ёмон) ишлари (жазоси)ни уларга тоттириш учундир. Шоядки улар (қилмишларидан) қайтсалар (Рум сураси, 41-оят).
Аллоҳ таоло бу дунёда ўз бандаларини синаш мақсадида турли офатлар каби вабо ва касалликлар билан имтиҳондан ўтказади. Ўз навбатида банда сабабини қилган ҳолда фақатгина Ўзидангина мадад ва кўмак сўраши керак. Бугун дунё миқёсида кенг тарқалган ва ҳар йили кўплаб инсонларни ҳаётдан кўз юмушларига сабаб бўлаётган касаллик тарихи ҳақида мулоҳаза юритишни лозим топдик.
Инсонларни сил билан касалланиши қадим замонлардан бери маълум.Инсон умуртқа поғонасида сил касаллиги белгилари, бундан 5 минг йил олдин яшаб ўтган одамларда аниқланган. Худди шундай ўзгаришлар эрамиздан 2-3 минг йил аввал яшаб ўтган Миср фиръавнлари танасида ҳам аниқланган. Замонасининг етук олимлари Гиппократ, Гален, Абу Али Ибн Сино йўтал, балғам ажралиши, қон туфлаш, озиш каби силнинг асосий симптомлари кўрсатиб ўтилган.
Сил таёқчаси аниқланмасдан анча аввал, бу касалликнинг юқумли табиатга эга эканлиги маълум бўлган. Бундан минг йил аввал cил касаллиги юқумли эканлиги, у оғир шароитларда яшовчилар орасида кенг тарқалиши ҳақида дастлабки мукаммал маълумотларни буюк бобомиз Абу Али Ибн Сино ёритганлар. У зот минг йил бурун махсус асбоб ясаб, экссудатив плевритни пункция қилганлар ва суюқлик чиқариб олганлар. Шу касалликни сабабини сил деб кўрсатганлар. У кишининг «Тиб қонунлари» китоблари беш юз йилдан ортиқ Европалик олимлар учун беқиёс илм манбаи бўлиб келди.
Сил қўзғатувчиси. Сил қўзғатувчисини 1882 йилда немис бактериологи Р.Кох кашф этган. Ҳозирги вақтда сил қўзғатувчиси «сил микобактериялари» деб аталади.
БИЛАСИЗМИ?
ЖССТ тавсиясига биноан, 1982 йилдан бошлаб, 24 март-Халқаро силга қарши кураш куни деб эълон қилинган. Берлин шаҳрида Физиологлар жамиятида Р.Кох 1882 й. 24 март куни «Сил этиологияси» мавзусида маъруза қилди ва сил таёқчасини ҳаммага кўрсатди ва унга 1905 йилда Нобел мукофоти берилди.
Сил касаллиги қандай пайдо бўлган?
Р.Кох ижтимоий омилларга муҳим ўрин берган. «Сил касаллигига мойиллик, — деб ёзган эди Р.Кох — ёмон шароитда яшовчи, қувватсизланган танада юқори бўлади. Ер юзида қоронғи, зах, яшаш шароитлари ёмон, кулбасига қуёш нури тушмайдиган хонадонлар сақланиб қолса, сил касаллиги хеч қачон йўқолмайди».
Ўзбекистонда силга қарши ишларнинг ташкил этилиши. Ўзбекистонда физиатрия фан сифатида 1922 йилдан бошлаб, Ўрта Осиё давлат дорилфунунида тиббиёт куллиёти очилганидан сўнг ривожлана бошлади.
Сил касаллиги сурункали инфекцион касаллик бўлиб, гранулёматоз реакциянинг бошланиши ва организм турли системаларининг зарарланиши, турли-туман клиник аломатлари ва патологанатомик кўринишлар билан кечади. Сил ҳаммадан кўп тарқалган инфекцион касаллик. Бунга, бир томондан, касаллик кўзғатувчисининг ташқи муҳитда жуда кўп учраши сабаб бўлса, иккинчи томондан, одамда сил билан касалланишга анча мойиллик борлиги сабабдир.
Сил касаллигининг юқиш йўллари ва манбалари
Инфекциянинг асосий манбаи — 90-95 фоиз ҳолларда сил билан оғриган киши; қорамол эса — қўшимча манба саналади. Бемор хасталикнинг очиқ тури билан оғриганда, яъни сил микобактерияларини ажратганда, хавфли бўлиб қолади. Бунда соғлом кишининг СМБ ажратувчи билан узоқ вақт давомида мулоқотда бўлиши аҳамиятга эга. Бу ҳодиса, кўпинча оилада, хонадонда ёки микобактерияни ажратувчи бемор бўлган жамоада рўй бериши мумкин.
Сил, аксарият ҳаво-томчи йўли ва чанг орқали юқади, бунда микобактерия ўпкага нафас йўллари орқали (аэроген йўли 90-95 фоиз ҳолларда) тушади.
Маълумотларга кўра, сил бемор йўталганда ажраладиган 2 мингдан 5 мингтача томчи ҳавода осма ҳолатда бўлиши мумкин. Бу томчилар бемор аксирганда ва йўталганда 2 дан 9 метргача масофага тарқалиши мумкин. Емирилган ўпка силига чалинган бемор, балғами билан кунига 15-100 млн. сил микобактерияларини ажратиши мумкин. Сил касаллиги пайдо бўлиши учун 1 дан 10 тагача сил микобактерияси бўлиши кифоя. Бу томчилар соғлом кишининг нафас йўлларида, рўзғор анжомларида, ўйинчоқларда қолади. Баъзан СМБ соғлом одамга алиментар йўл, яъни озиқ-овқатдан ҳам ўтади.
Касаллик алиментар йўл билан юққанда сил микобактериялари меъда шираси таъсирига учрайди. Бактериялар тирик қолганда, ичакка тушиб, регионар лимфа тугунларига ўтади, кейин қон оқимига қўшилади. Ҳазм йўллари, оғиз бўшлиғи, йўғон ва ингичка ичак, сил таёқчасининг организмга тушиши учун кириш дарвозаси бўлиши мумкин.
Сил билан касалланган ҳайвонлар ҳам инфекция манбаи ҳисобланади. Шу сабабли сил қўзғатувчиси, пиширилмаган гўшт ва сут маҳсулотлари орқали одам организмига алиментар йўл билан тушиши мумкин.
Сил касаллигини даволаш ишларини ташкил этиш.
Сил беморларини даволаш силга қарши диспансер вазифаларининг асосидир. Фаол сил беморлар сил шифохоналарида даволанади. Шифохоналарда албатта рентгенологик, клиник, биоким-ёвий, бактериологик лабораториялар бўлиши лозим. Вилоят ва Республика тасарруфидаги шифохоналарда эса иммунологик, морфологик, радиологик текшириш бўлимлари ташкил этилади. Шифохоналарда сил беморларига берилаётган озиқ-овқатлар сифатига ва режасига катта эътибор берилади.
Республикамизда DОTS дастури тадбиқ қилиниши билан ҳамма шифохоналар силга қарши дорилар билан бекаму-кўст таъминланган.
Сил беморларини даволашнинг иккинчи босқичи, умумий даволаш тармоғида (поликлиника, ҚВП) силга қарши санаторийларда ўтказилади.
Ҳозирги кунда Республикамизнинг ҳамма вилоятларида 6 та катта ёшдагиларга, 20 та болаларга мўлжалланган силга қарши санаторийлар фаолият кўрсатмоқда. Ушбу масканларга беморларни танлаш қоидалари, кўрсатмалар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 591-буйруқнинг 4 иловаси асосида олиб борилади.
Манбалар асосида Тошкент ислом институтининг
ЁБИММ бўлим бошлиғи Д.Насиров тайёрлади.