islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал қабри: вафотидан 1200 йил ўтиб Бағдодда хароба аҳволда

Ироқ пойтахти Бағдоднинг эски маҳаллаларидан бирида, қинғир-қийшиқ йўл четидаги уйлари вайронага айланган эски хиёбонда Ҳанбалий мазҳаби асосчиси Имом Аҳмад ибн Ҳанбал мақбараси жойлашган.

Буюк имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳнинг вафот этганига қарийб 1200 йилдан кўпроқ вақт ўтди. Ҳозирда У зотнинг Бағдоддаги мақбараси кўримсиз ва хароба аҳволда.
Ал-Мидан майдони ва Ал-Рашид қадимий кўчасига кираверишда, майдони 300 квадрат метрдан ошмайдиган Имом Аҳмад ибн Ҳанбал зиёратгоҳи, аҳолиси ўта қашшоқликда яшайдиган эски, хароба бино ва уйлар билан ўралган Бағдоднинг қаровсиз туманларидан бири бўлган Ҳайдархона ҳудудида жойлашган.

 

Зиёратгоҳ кичик эшик, битта гумбаз, вайронага айланган девор, торгина ҳовли ва зиёратчилар учун камдан-кам ҳолларда очиладиган мақбарадан иборат.

Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал Ал-Шайбоний ал-Заҳилий (ҳижрий 164-241/милодий 780-855 йилларда яшаган), фақиҳ, мужаддид, сунний 4 мазҳабнинг имомларидан бири, Ҳанбалий мазҳаби асосчисидир.

У зот ўзининг мўл-кўл илми, кучли хотираси билан, шу билан бирга сабри, тақвоси, камтарлиги каби гўзал ахлоқи билан ҳам машҳур.

Мамлакатдаги вақф фондлари томонидан зиёратгоҳга хизмат кўрсатиш учун тайинланган ходим Муҳаммад Ҳасан Шайхлийнинг айтишича, зиёратгоҳнинг майдони тахминан 300 квадрат метрни ташкил этади. Бу Бағдоддаги оддий уйнинг майдонига тенг.

“Биз зиёратгоҳни кенгайтиришга ҳаракат қилмоқдамиз. Бу ерда сўнгги таъмирлаш 2010 йилда бўлиб ўтди ва кейинги кичик таъмирлаш ишлари етарли даражада бўлмади. Бундан ташқари, келажакда бу ерга ташриф буюрувчиларнинг сони ошишини ҳисобга олсак, зиёратгоҳ ҳовлисини кенгайтиришга эҳтиёж бор”, дейди Ҳасан Шайхлий.

Сўнгги йиллардаги коронавирус пандемиясидан кейин мақбарага зиёратчиларнинг келиши деярли тўхтаган. Ундан олдин эса, Форс кўрфази, араб давлатлари, Ҳиндистон, Покистон, Хитой, Туркия ва баъзи Африка давлатларидан юзлаб зиёратчилар келиб турган. Мақбара Усмонийлар даврида қурилган Ориф Оға масжиди ичида жойлашган.

Шайхлийнинг таъкидлашича, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳоки ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида ҳозирги Қозимия шаҳри яқинидаги “Боби Ҳарб” қабристонидан Ҳайдархона ҳудудидаги ҳозирги манзилига кўчирилган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, қабрнинг кўчирилишига Бағдодда 1937 йилда Дажла дарёсининг тошқини сабаб бўлган.

Шундан кейин эса, бу зиёратгоҳ йиллар давомида эътибордан четда қолиб, вайрона ҳолга келди.
Суннийлар Вақф идорасининг Қадамжолар ва диний зиёратгоҳлар департаменти директори доктор Форис Обайдийнинг айтишича, Вақф идораси Ироқдаги кўплаб имомларнинг мақбараларини таъмирлаш ва қайта тиклаш учун маблағ ажратган, шу жумладан Имом Аҳмад зиёратгоҳига ҳам.

Мақбара хонақоси кичиклиги сабабли ичкарига 30дан ортиқ зиёратчини сиғдира олмайди. Девори алебастр бўлган қабр Покистон ва Хитой мусулмонлари томонидан ҳадя қилинган кўрпа-тўшаклар билан ёпиб қўйилган. Қабрга имомнинг исми ўйиб ёзилган бўлиб, исм атрофини айлантириб У зотнинг насл-насаби ва фазилатлари ёзиб чиқилган.

Зиёратгоҳнинг жойлашуви ҳақидаги баҳслар

Тадқиқотчи ва қомусий доктор Али Нашмийнинг таъкидлашича, имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг қабри ҳозирги ўринда (Ҳайдархона туманида) бўлганлигини тасдиқловчи тарихий манбалар йўқ, чунки қабр юзлаб йиллар олдин тошқин сабабали ювилиб кетган. Бағдодда содир бўлган сув тошқинидан сўнг қабр қолдиқлари Ҳайдархонадаги масжидга кўчирилгани айтилади. Ироқнинг “Дорул Ифто” фатво ҳайъати расмий вакили ва Ироқ Ислом бирлиги фиқҳий кенгаши Бош котибияти аъзоси Шайх Амир Баётий “Имом Аҳмаднинг ҳозирги қабри 2010 йилга келибгина жамоатчиликка эълон қилинганини тасдиқлайди. Қабр Қозимиядаги “Боби Ҳарб” қабристонидан ҳозирги жойига, бу жой Ҳанбалий тумани деб ҳам аталади, 1937 йилда бир гуруҳ Бағдод уламолари ва ўша пайтдаги Вақфлар ва Дин ишлари вазирлиги назорати остида кўчирилган.

Ўз навбатида, ислом илмлари бўйича тадқиқотчи Муҳаммад Бухорийнинг таъкидлашича, Ҳанбалий мазҳабига кўра қабрлар устига мақбара қуриш бидъат ҳисоблаган, шунинг учун одамлар бир муддат қабрни тиклашга эътибор бермаганлар. Зиёратгоҳнинг биринчи реконструкцияси 1998 йилда амалга оширилган ва шундан буён айтарли таъмирланмади. Қабрнинг таъмирланишига кўпроқ Ироқдаги Аҳли Байт ҳисобланган ва Ҳанафий мазҳабидаги жамоатчилик қизиқиш билдиради.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 241 йилда рабиул аввал ойининг 12 жума куни чошгоҳ пайтида 77 ёшида вафот этди ва “Боби Ҳарб” қабристонига дафн қилинди ва буни кўплаб тарихчилар, жумладан, Хатиб Бағдодий “Тарихи Бағдод”да, Ёқут Ҳамавий ва Ибн Жавзий “Ал-Мунтазим”да ёзиб қолдирганлар.

“Боби Ҳарб” қабристони ҳозирги Қозимиянинг шимоли-ғарбидаги ҳудуд. 1937 йилда Дажла дарёси тошқини пайтида Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳнинг қабрига зиён етади ва Бағдоднинг Ҳайдархона ҳудудидаги Ориф Оға масжидига, бугунги ўрнига кўчирилади.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

294630cookie-checkИмом Аҳмад ибн Ҳанбал қабри: вафотидан 1200 йил ўтиб Бағдодда хароба аҳволда

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: