islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Адолатнинг буюк намоёндаси Умар раҳматуллоҳи алайҳ

Ислом умматининг халифаси, қалби илоҳий илҳомга тўла имом Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг шундай дегани ривоят қилинади: “Менинг фарзандларим орасидан юзида ер юзини адолатга тўлдирадиган белгиси бор киши чиқади[1]”. Чунки Умар розияллоҳу анҳу шунга ишора қилувчи туш кўради ва бу тушни у кишидан бошқалар ҳам қайта-қайта кўрадилар, ҳатто, бу иш одамлар орасида машҳур бўлиб кетади. Кўп йил ўтмай бу туш рўёбга чиқди ва ерни адолатга, яхшиликка ва фазилатга тўлдирган бу мўжизавий киши дунёга келди.

Бу инсон ким эди? Албатта, бу киши дунё устунларидан ва исломнинг юзидаги гўзал холларидан бўлиб, тарихни хайратга солган, башариятни лол қолдирган, ислом ва мусулмонларнинг фахри, имом, ҳофиз, аллома, мужтаҳид, зоҳид, обид, хушбичим, пухта сиёсат эгаси, мўминларнинг ҳақиқий амири Абу Ҳафс Умар ибн Абдулазиз ибн Марвон ибн Ҳакам ибн Умайя ибн Абдуманоф Қурайший Умавийдир. У кишининг онаси Лайло бинту Осим ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумдир. Умар ибн Абдулазиз “Марвон ўғлонларининг энг шижоатлиси”, деган гап юрарди, чунки у киши кичиклик пайтида отларни томоша қилгани отасининг отхонасига киради, шу пайт бир от у кишининг юзига тепиб ёриб қўяди. Отаси юзидаги қонни артиб туриб: “Баний Умайянинг энг шижоатлиси бўлсанг, албатта, бахтли бўласан”, деган экан.

Умар ибн Абдулазиз 6 ҳижрий санада Мадинаи мунавварада туғилди, мулк ва халифалик хонадонида ўсиб улғайди[2]. Дарҳақиқат, отаси Абдулазиз ибн Марвон Мисрда йигирма йилдан кўпроқ амир бўлиб хизмат қилган, кўриниши чиройли, юзи нафис, ориқдан келган, кўркам соқолли киши бўлган. Умарнинг оталари вафот этгач мўминларнинг амири  бўлмиш амакилари Абдулмалик ибн Марвон у кишини фарзандларига қўшиб олади, ва ҳатто, айрим фарзандларидан ортиқ кўради ҳамда солиҳа, барча ишда зарбул масал бўлган қизи Фотимани никоҳлаб бериб, куёв қилиб олади. Фотима Умардан кўп таъсирланган ва Аллоҳнинг ҳузуридагиларни дунё матосидан устун қўйган аёл эди.

Умар ибн Абдулазиз Мадинада катта бўлди. Кўплаб саҳобалар, тобеъинлар ва уламолар қўлида таҳсил олди, уларнинг илмларидан чанқоғини қондирди, одоб-ахлоқлари билан хулқланди ва мажлисларини лозим тутди. Натижада бу тарбия у кишининг ахлоқида ва фармойишларида намоён бўлди. Шу ҳолатни доимий сақлаган Умар машҳур бўлиб кетди.

Дарҳақиқат, уламолар ва тарихчилар Умар ибн Абдулазиз мақтовини ва яхши амалларини бениҳоя кўп зикр қилганлар. Бас, ҳофиз Заҳабий у кишини шундай сифатлаган: “У ишончли ва омонатдор эди, унда фаҳм, илм ва тақво бўлиб, кўп ҳадисларни ривоят қилган. У одил подшоҳ эди, Аллоҳ раҳматига ўрасин ва ундан рози бўлсин!”. Уламолар унинг гаплари ва қилган ишларини ҳужжат сифатида қабул қилишган ва фиқҳий китобларида келтириб ўтишган. Уларнинг китоблари Умарнинг сўзлари билан лиммо-лим, мисол қилиб Ибни Қудоманинг “Ал-Муғний” китобини ва Ибни Мунзирнинг “Ал-Авсат” китобини ва бошқа китобларни келтириш мумкин.

У киши исломдаги энг биринчи мужаддид (ислом дини илмлари занжирини мустаҳкамловчи) олим бўлган, буни имом Зуҳрий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбаллар алоҳида ёзиб кетишган.

Жуфти ҳалоли Фотима бинту Абдулмалик айтади: “Аллоҳга қасамки, инсонларнинг бу даражада кўп намоз ўқийдигани ва кўп рўза тутадигани бўлмайди, лекин шунга қарамай, Умардан кўра Аллоҳдан кўпроқ қўрқадиган бирор кишини кўрмадим, дарҳақиқат, тунги тўшагида ҳам Аллоҳни зикр қиларди ва қўрқувнинг қаттиқлигидан чумчуқ қалтироғи каби титрарди ва ҳаттоки: “албатта, инсонлар халифасиз тонгни қаршилайдилар”, деб айтарди[3]”.

Умар дастлаб Мадинаи мунавварага волий (ҳоким) сўнгра бутун Ҳижозга волий бўлди. Халифалик (отадан ўғилга) Сулаймон ибн Абдулмалик қўлига ўтгач, Умарни вазир қилиб олди ва ундан доимий маслаҳат олиб, сафарда ҳам, шаҳарда ҳам у кишидан ажрамади. Фақиҳ Ражо ибн Ҳайванинг қилган иши қандай ҳам яхши?! У халифа Сулаймонга, у ўлим тўшагида ётган вақтида халифаликка Умар ибн Абдулазиз номзодини таклиф қилди.

Умар халифалик байъатини қабул қилгач, хутба қилиш учун биринчи бор минбарга чиқди ва масъулият оғирлиги ҳамда Аллоҳдан қўрқуви сабаб, тили тутилиб-тутилиб хутба қилди. Вақтики, янги мансаб тақдирлаш хутбаси тугагач худди олдинги халифаларда бўлгани каби халифа қасрига бориш учун тантанали безатилган отларга таклиф қилинди, Умар бу нарсалардан бош тортиб: “Мен мусулмонларнинг бириман, улар борганларидек бораман, қайтганларидек қайтаман”, деди ва ким камтарлик қилса Аллоҳ унинг даражасини кўтаришини эълон қилиб уйига қайтди. Бас, халифалик қасрини тарк этиб, ўзининг камтарона уйига келди ва масъулият босими остида хафа ҳолатда ўтирди.

Биринчи бўлиб ислоҳотларни мазлумларнинг ҳаққини қайтаришдан бошлади. Бу ислоҳотнинг боши ўзининг қўлидаги ер ва мол-мулклари бўлди, ўз қўл меҳнати аралашмаган барча мол-мулкини мусулмонлар ғазнасига қайтарди, бу ишда мустаҳкам бўлишда шу қадар ҳарис бўлдики, ҳатто қиличидаги кумушдан ишланган зийнатини олиб ташлаб, ўрнига оддий темирдан қўйдирди ҳамда аёлининг зийнатларини ҳам мусулмонлар ғазнасига топширди. Сўнг Умавий хонадонининг фарзандларига ва амирлар, вазирлар ва уларнинг атрофларидаги мулозимларига эътибор қаратди ва улардан ҳақли бўлмаган ҳолда қўлга киритган барча мол-мулк, бойлик ва ерларни қайтаришларини талаб қилди[4]. Улар оз фурсат ичида бойликларсиз ўзларининг соф шаръий ҳақлари билангина қолдилар.

Сўнг Умар уларга ғазнадан саҳродаги аъробий ва тоғдаги чўпон олаётган миқдордан ортиғини олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ эканлигини тушунтирди. Ибн Мусо айтади: Умар ибн Абдулазиз халифа бўлганидан то ўлгунича жабрланувчиларнинг ҳаққини қайтарди.

Умарнинг омманинг молини муҳофаза қилиш учун чиқараётган фармойишлари баъзи мусулмонлар ғазнаси ҳисобидан яшайдиган қариндошларининг норозиликларига сабаб бўлди, улар Умарга ғазаб билан норозилигини билдириш мақсадида элчи жўнатар эдилар, халифа элчиларга: “Уларга Умар: “Айтинг: «Албатта, мен Раббимга итоатсизлик қилишга улуғ Кун (қиёмат)нинг  азобидан қўрқаман»” деди, деб айт!”, деб қайтарарди. Ҳақиқат шуки, Умарнинг бундай норозилик босими остида бўлишига қарамай чиқараётган ҳал қилувчи қарорлари ва уларнинг татбиқи борасида кўрсатган матонати, ундаги шахсиятнинг кучлилигига далолат қилади.

Агар кишида Аллоҳдан хавф, дунё гўзаллигидан зуҳд, яхши ирода, пухта лойиҳа ва қарор чиқаришга куч қувват жамланса, уни татбиқ қилишда сабр мукаммал бўлади ва холис аёнларнинг ихтиёри ҳам мувофиқлашади. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг изни билан натижа лол қолдирадиган даражага етди.

Шубҳасиз, Умар ҳаётда зоҳидлик ва дунё матоларидан юз ўгириш борасида шу даражага етдики, подшоҳлару амирлар у ёқда турсин зоҳидлар ҳам у кишига етишдан ожиз эдилар. Баъзи вақтларда ювилган кўйлагини қуришини кутиб жума намозига кечикиб чиқарди. Албатта, тез ўтиб кетадиган ҳаёт қадрини яхши биларди, чунки бу боқий бўлган охират олдида ҳеч нарса эмасди. Унинг қалби дунё бошқарувидан холи эди ва шу шуурни доим қалбида сақларди. Айнан шу нарса ҳаёт инъомлари ва мубоҳ нарсалардан фойдаланишдан қаттиқ эҳтиёт бўлишига сабаб бўларди. Зеро, ҳеч ким Умар каби  дабдабага ва турли қулайликларга берилишдан ўзини тўхтата олмайди, ҳолбуки, у киши замонасининг энг катта подшоҳи бўлган, ўша вақтдаги маданийлашган ва оламнинг пойтахти бўлган Дамашқда яшаган[5] (бундай шароитда ким ўзини тия оларди?!).

Умар ибн Абдулазизнинг халифалиги бошқаларидан бир неча фарқлар билан ажралиб турарди, булардан адолат, тенглик, ҳақни эгаларига қайтариш, ҳамма адолатсиз ҳокимларни ишдан четлатиш ва уларни жазолаш, ишларни маслаҳат билан олиб бориш, олдинги ҳукумат белгилаган солиқларни бекор қилиш, инсонларга қуруқлик ва денгизда тижорат эркинлигини тақдим қилиш кабиларни эслаш мумкин. Умар бошқа дин вакилларига инсоф қилди, улардан зулмни олиб ташлади, диний эътиқодларига эркинлик берди, ибодатхоналарига тегмасликка буюрди.

Камбағаллар ҳожатини чиқариш, кирим ва бойликларни адолатли тақсимлаш борасида Умарнинг молиявий сиёсати жуда кучли бўлганидан одамлар орасида тенглик юзага чиқди, ҳатто, у ерда садақага муҳтож кимса қолмади. Имом Заҳабий Умар ибн Асиддан ривоят қилади. У шундай деди: “Аллоҳга қасамки, Умар тирик экан, бизни олдимизга бирор киши катта мол билан келиб: Бу молни хоҳлаган жойингизга ишлатинг! – деса, бергани одам тополмай ҳамма молини қайтариб олиб кетади. Дарҳақиқат, Умар инсонларни бой қилиб юборди[6]”.

Амирул мўмининнинг мактублари бутун мамлакат бўйлаб юборилар ва давлат пойтахтлари масжидларида ўқиб эълон қилинарди. Ўша вақтда ислом мамлакати ҳудуди ернинг тўртдан бирига тўғри келган. Мактубларда шундай сўзлар бўлган: “Кимнинг зиммасида омонат бўлиб, уни адо этолмаса мусулмонлар ғазнасидан тўласин! Кимнинг бўйнида қарзи бўлиб, тўлай олмаса, мусулмонлар ғазнасидан тўласин! Ёшлардан ким уйланишни ихтиёр қилса, лекин маҳр беришга ожизлик қилса, маҳрни мусулмонлар ғазнасидан тўласин! Мусулмонлардан ким ҳаж қилишни хоҳласа, лекин нафақага пули бўлмаса, нафақани мусулмонлар ғазнасидан тўласин!”[7]. Аллоҳга қасамки, биз бу тарихий ҳолат олдида саросимага тушишимиз мумкин, чунончи тарих айтади: Умар ибн Абдулазиз даврида фақирлик ва камбағаллар йўқолиб кетди, ҳа, йўқолиб кетди. Қизиқ, бунга қанча вақт кетди экан, ўн йилми ёки йигирма?! Йўқ, Аллоҳга қасамки, икки йил ҳам тўлмади. Албатта, бу мўжиза. Албатта, бу имомнинг буюк кароматидир. Дарҳақиқат, Умар ҳақ йўл, Аллоҳ азза ва жалланинг йўлини маҳкам тутди. Бас бу борада Аллоҳнинг мана бу сўзи тасдиғини топди: “Агарда (мазкур) юртларнинг аҳолиси имон келтирган ва тақво қилганларида эди, улар устига осмонлар ва Ердан баракотлар (эшиклари)ни очиб юборган бўлур эдик” (Аъроф 96).

 

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев 

[1] Имом Табарий. Тарихи русул вал мулук. – Қохира: Дорул маориф, 2012й. – Б.130.

[2] Имом Табарий. Тарихи русул вал мулук. – Қохира: Дорул маориф, 2012й. – Б.131.

[3] Муҳаммад Суҳайл Тоққуш. Тарихи давлатул Умавийя. – Байрут: Дорун нафоис, 2010й. – Б.173.

[4] Муҳаммад Суҳайл Тоққуш. Тарихи давлатул Умавийя. – Байрут: Дорун нафоис, 2010й. – Б.174.

[5] Муҳаммад Суҳайл Тоққуш. Тарихи давлатул Умавийя. – Байрут: Дорун нафоис, 2010й. – Б.176.

[6] Имом Табарий. Тарихи русул вал мулук. – Қохира: Дорул маориф, 2012й. – Б.136.

[7] Муҳаммад Суҳайл Тоққуш. Тарихи давлатул Умавийя. – Байрут: Дорун нафоис, 2010й. – Б.174.

300030cookie-checkАдолатнинг буюк намоёндаси Умар раҳматуллоҳи алайҳ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: