islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Муътазилийлик таълимотининг усули хамс (беш асос)

Муътазилийлар ҳокимият масаласида халифа бўлиш лозимлигини уқтирардилар. Илк муътазилийлар халифа қурайшлик бўлиши шарт эмас, деб ҳисоблаганлар, аммо кейинги даврлардаги айрим муътазилийлар эса халифаликка қурайшликдан бошқа киши лойиқ эмас, деб уқтирганлар. Уларнинг фикрича, имом илоҳий кўрсатма бўйича ҳокимият тепасига келмайди, балки у ижтимоий, этник келиб чиқишидан катъий назар, мусулмон жамоасидан сайланиши лозим.

Улар ал-адлийун, ал-адлия, аҳл ал-адл, аҳл ал-адл ват-тавҳид каби номлар билан аталганлар. Уларнинг бундай номланишига беш асосий тамойилларининг дастлабки иккитаси сабаб бўлган. Муътазилиянинг катта имомларидан бўлган Абу Ҳузайл ал-Аллоф (227/841 ёки 235/849 йил вафот этган) “ал-Усул ал-хамса” (“Беш усул”) номли асар ёзиб муътазилия таълимотининг асосини бешта тамойилга бўлиб чиққан. Унинг ушбу асари муътазилийлар орасида шу қадар машҳур бўлганки, ҳатто улар бир-бирларининг қанчалик катта илмга эга эканликларини ушбу асарни қай жаражада билишлари орқали баҳолаганлар. Муътазилиянинг беш асосий тамойили қуйидагилардир:

  1. “ал-Адл” (Аллоҳнинг адолати) – илоҳий адолат инсоннинг ирода эркинлигини тақазо этади. Аллоҳ фақат яхшилик (ал-аслаҳ) ижодкори бўлиб, у умр давомида белгилаб қўйган нарсалар тартиби бузилишига йўл қўймайди, яъни Аллоҳ фақат яхши амалларни яратган.

Муътазилийлар илоҳий моҳиятлар билан бир хил ҳисобланадиган моҳиятлар сифатини (билим, ҳокимият, ҳаёт) фарқ қилар эдилар. Шунинг учун уларни чексиз ҳисоблаб, ҳаракатлар сифатини (ирода, эшитиш, нутқ) яратилган деб қараб, уларни замон билан бирга ўсиб борувчи ва ўзгарувчи ва шунинг учун ҳам илоҳий моҳиятдан фарқ қилувчи деб билар эдилар. Ана шу ердан антропоморфизмни рад этиш ва Қуръоннинг яратилганлигини тан олиш келиб чиқар эди.

Антропоморфизмни рад этиб, улар Худонинг сифатларини ҳам рад этдилар. Уни ягона, мавҳум, бўлинмас, аниқлаб бўлмайдиган ва билиб ҳам бўлмайдиган деб талқин қилдилар. Абадийлик фақат Худогагина хос бўлганлигидан, Қуръон абадий бўла олмайди, негаки, бу нарса икки томонлама мангуликка олиб келади. Демак, Қуръон Худо томонидан яратилган ва унинг томонидан ижод қилинган нарсалардан биридир.

  1. “Тавҳид” (Аллоҳнинг ягоналиги) – Аллоҳнинг ягоналигини эътироф этиш, кўпхудолик ва антропоморфизм, яъни Аллоҳни одам қиёфасида тасаввур қилишни инкор этиш. Бунда улар мужассама ва мушаббаҳаларга қарши турганлар.
  2. “Ал-Ваъд вал ваийд” (ваъда ва жазолаш) – муътазилийлар билан бирга хаворижлар эътироф этган бу қоидага кўра Аллоҳ мўъминларга жаннат, кофирларга дўзаҳ ваъда қилган бўлса, ўз ваъдасида туриши лозим, яъни Пайғамбарнинг шафоатлари-ю, Аллоҳнинг “Раҳмон”, ”Раҳим”лиги ҳам ёрдам бермаслиги керак. Чунки инсон ҳатти-ҳаракати учун тўлиқ жавоб бериши лозим. Бунда улар осий мусулмоннинг шафоъат билан жаннатга киришини инқор этадилар. Уларнинг фикрича агар осий мусулмон ҳам итоъаткор мусулмон ҳам бирга жаннатга кирса Аллоҳнинг адолатлиги бузилади.
  3. Ўрта ҳолат (ал-манзила байна-л-манзилатайн) – оғир гуноҳ қилган мусулмон, эътиқод қилувчилар сафидан чиқади (уни илгаригидек динга ишонувчи ҳисобловчи либерал муржийларга қарама-қарши), аммо динсиз бўлиб қолмайди (қатъиятли хаворижлар таълим бергандек) ва улар ўртасида ўртача ҳолатда қолади. Восил ибн Ато бундай мусулмонларни гуноҳкорлар (фосиқ) деб атади, Ҳасан ал-Басрий эса – икки юзламачилар (мунофиқ) деб ҳисоблади. Бу нарса улар ўртасидаги ихтилофга сабаб бўлди. Муътазилийлар фикрича, гуноҳкор одам мусулмон жамоаси аъзоси сифатида ўз ҳуқуқларини сақлар, аммо халифа ёки имом бўлиб сайлана олмас эди. Бу қоида юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, биринчи муътазилийларнинг Ҳасан ал-Басрий даврасидан ажралишига сабаб бўлган эди. Ҳасан ал-Басрийнинг фикрича ундай мусулмонлар мунофиқ ҳисобланган.
  4. “Ал-Амр бил маъруф ван наҳий анил мункар” (яхшиликка даъват ва ёмонликдан қайтариш) – ҳар қандай ҳолатда, ҳар қандай усулда, ҳатто қилич билан бўлса-да, бу ҳукмни бажариш ҳар бир муслим учун мажбуриятдир[1].

Халифа Мутаваккил ҳукмронлиги вақтида бошланган муътазилийларни таъкиб қилиш шароитида ва умуман, «калом»га ҳужум даврида муътазалий Ал-Жубоий (ваф. 916) нинг шогирди ва янги «калом» мактаби бўлган ашарийликнинг асосчиси Абул Ҳасан ал-Ашарий (874-933) уни анъанавий диний ақида билан, баъзида расмиятчилик учунгина бўлса ҳам, муросасозлик йўли билан сақлаб қолишга уринди.

Шунингдек, муътазилийлар Аллоҳнинг қазо ва қадарини инкор этиб: “Инсон ўз тақдирини ўзи яратади”, деганлари учун, улар «қадарийлар» деб ҳам номланган. Лекин уларнинг ўзлари буни инкор этганлар.

Аҳли сунна эътиқодига кўра хайр ва шаррнинг (яхшилик ва ёмонликнинг) холиқи аслида Аллоҳдир. Муътазилийлар фикрича, Аллоҳ шаррни (ёмонликни) тақдир килмаган ва у билан ҳукм ҳам этмаган. Агар ёмонлик билан ҳукм этса-ю, кейин азоб берса, Аллоҳ ўз бандасига зулм қилган бўлади деган ақидани ушлаганлар.

Муътазилийлар ашъария ва мотуридия каби ақлни нақлий далиллардан кейинга эмас, балки биринчи ўринга қўйганлар. Ақл ва фикрни асосий манба қилиб олиб, унга тўғри келмаса, ҳатто, оят ва ҳадисларни инобатга олмай, балки нусусни ақлга бўйсундирмоқчи бўлганлар. Шунинг учун ҳам салаф уламолари, аҳли ҳадис уламолари ва мотуридийа ва ашъарийа вакиллари муътазилия таълимотини танқид қилганлар ва баъзи ўринларда уларни ҳатто куфрда айблаганлар.

Муътазилия таълимотининг аҳли сунна вал жамоа эътиқодига зид бўлган асосий ақидавий қарашлари қуйидагилар бўлган:

-Аллоҳнинг исми ва сифатлари азалий эмас, улар ҳеч қандай маъно ва мазмунга эга эмас. Аллоҳнинг исми билан сифатлари бир нарса;

-Аллоҳни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам кўриш мумкин эмас;

-Қуръон махлуқдир. У азалий эмасдир;

-Банданинг фойдасини кўзлаб иш қилиш Аллоҳнинг зиммасига вожиб. Банданинг қудрати ва тоқати Аллоҳга боғлиқ эмас. Уларнинг фикрича, феълларни банданинг ўзи яратади;

-Қатл этилган банда ажалидан олдин ўлган ҳисобланади;

-Ҳалол луқма банданинг ўз ризқидир, лекин ҳаром луқма эса аслида банданинг ризқи эмас;

-Аллоҳнинг иродаси ҳодисдир, қадим эмас;

-Аллоҳ фақат яхшиликни ирода қилади, ёмонлик эса унинг иродасидан ташқаридадир;

-Амаллар имоннинг таркибига киради ва амаллар имоннинг асосий рукнидир;

-Банданинг имони унинг амалларига қараб камайиб ва кўпайиб туради;

-Гуноҳи кабира қилган мусулмон имон билан куфр ўртасида қолур;

-Гуноҳи кабира қилган мўъминлар дўзаҳда абадий коладилар;

-Шафоат фақат яхши одамларга нисбатан қилинур. Гуноҳларни ҳеч ким шафоат этмас;

-Жаннат билан дўзаҳ хали яратилмаган. Чунки Аллоҳ дўзаҳ аҳллари ва жаннат аҳллари сонини қиёматгача аниқ билмайди;

-Қабрдаги азоб ёки роҳат, қиёмат тарозуси, Пул сирот, Ҳавзи Кавсар кабиларнинг ҳаммаси аслида йўқ нарса;

-Авлиёларнинг каромати бўлмаган нарса. Чунки уларнинг каромати пайғамбарлар мўъжизалари билан бир нарса бўлиб қолади;

-Муқаллид (бошқаларга тақлидан мўъмин одам)нинг имони қабул қилинмайди (масалан, ота-онаси мўъмин бўлгани учун ўзини мўъмин ҳисоблаган)[2].

ТИИ Модуль таълим шакли

3-курс талабаси Турсунов Нодир

[1] Иргаш Даминов. “Калом таълимоти: Муътазилия”. –Тошкент: “Имом Бухорий халқаро маркази”, 2014. –Б 17.

[2] Иргаш Даминов. “Калом таълимоти: Муътазилия”. –Тошкент: “Имом Бухорий халқаро маркази”, 2014. –Б 20.

306590cookie-checkМуътазилийлик таълимотининг усули хамс (беш асос)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: