islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тафсир илми келиб чиқиш тарихи

Маълумки, Қуръон оятлари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга 23 йил мобайнида бўлак-бўлак ҳолда нозил қилинган. Ва бу оятларнинг ўқилишини ва маъноларини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга тушунтириб берар эдилар, шунинг билан бирга улар бу оятларни ўз ҳаётларига тадбиқ қилар эдилар. Дарҳақиқат, мусулмонлар бу улуғ каломни чуқур ўрганишлари билан унга таважжуҳ қилишдан ўзга улуғлик ва ундаги яхшиликлардан ўзга инсонга фойдали бўлган хайрият йуқлигини тушуниб етган эдилар.

Тафсир илми Пайғамбаримиз(с.а.в.)нинг даврларида юзага келган. У зот одамларга Қуръони каримнинг маъноларини баён қилар, саҳобаларнинг Қуръони карим оятлари маъноси тўғрисидаги саволларига жавоб берар эдилар. Саҳобаларга тафсир илми Пайғамбаримиз(с.а.в.)дан мерос қолди. Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб,Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳум) ва бошқалар тафсир илмида машҳур бўлганлар. Тобеъийнлар эса,тафсирни саҳобалардан ўргандилар. Ва улардан кўплари бу илмда шуҳрат қозондилар. Масалан: Мужоҳид ибн Жабр Маккий, Икрима, Саид ибн Жубайр, Ато ибн Абу рабоҳ (розияллоҳу анҳум) ва бошқалар. Саҳобалар ва тобеъийнлар асрида тафсир оғзаки ривоят ва нақл шаклида бўлиб,таълиф қилиб ёзилмаган эди. Тафсирдан биринчи китоб ёзган шахс Абдулмалик ибн Журайждир (8-а.). кейинчалик Муҳаммад ибн Жарир Табарий, Яҳё ибн Салом, Абу Бакр Нисобурий ва бошқа муфассирлар шуҳрат топдилар.

Қуръон араб тилида нозил бўлганлиги учун унинг оятларининг маъноларини тушунар эдилар. Шунинг билан бир қаторда асл мақсади нозик бўлган Қуръон оятлари бор эдики, уларни тушунишда саҳобалар ҳам тўсиқларга дуч келар эдилар. Аммо бу узоққа чўзилмас эди. Улар бундай ҳолларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилар эдилар ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларга бу оятларнинг асл моҳиятини баён қилиб берар эдилар. Расулуллоҳ  саллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръон оятларини етказиш вожиб бўлганидек, унинг маъноларини баён килиб, шарҳлаб беришликлари ҳам вожиб эди. Аллоҳ таоло шундай мараҳамат қилади:

«Сизга одамларга нозил қилинган (аҳкомлар)ни баён қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик».[1]

Шу тариқа саҳобалар разияллоҳу анҳум оятларнинг асл мақсадларини фаҳму-идрок қилишда бардавом бўлдилар ва ҳидоятга бошловчи бу очиқ-равшан далилларга  амал қилдилар. Шунинг учун ҳам улар хорлик кўрмаган азиз инсонлар ва заифликни билмаган кучли-қувватли инсонлар бўлдилар. Шу сабабдан улар адолатсизлик ва таҳқирликларга рози бўлмаган ҳурматли инсонларга айландилар. Натижада уларнинг теварагига халқлар ва элатлар бир оиладек жам бўлдилар.

Сўнгра улардан кейин дину-диёнатда фирқаларга бўлинган оқимлар юзага келдилар ва улар динда кўпдан-кўп бидъатларни пайдо қилдилар. Улар зулматли кечада йулини йуқотган кишидек фитналандилар. Бу фитналардан фақатгина Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига қайтишлик, унга мурожаат қилишлик билангина нажот бор эди. Ва бу Каломнинг бир тарафи Аллоҳнинг ҳузурида, бир тарафи эса инсонларнинг қўлларидадир.

Мусулмонлар орасида Қуръон ҳидоятидан бепарво кишилар ҳам бўлдилар.

 Улар бидъат ва адашишликнинг бошига миниб олган эдилар. Улар салафи солиҳларнинг Қуръон оятларини фаҳмлаш ва идрок этишларидаги очиқ-равшан йўлларини ўзларига йўл қилиб олмадилар ва   Қуръонни   ўз   таъвилидан бошқа усуллар билан таъвил қила бошладилар, зоҳирий ўзбошимчаликларга ва жуда катта хатоликларга йул қўйдилар. Улар Қуръондан ўз бидъатларининг тўғрилигига тасдиқлар келтиришга ҳаракат қилдилар ва ўз ақидаларига таянч бўлиши учун Қуръоннинг очиқ-равшан жумлаларига фирибгарлик қилдилар. Натижада Қуръонни ўз ўрнидан ўзгартиришга ва унинг лафзларини нотўғри, ноўрин тафсир қилишга киришдилар. Бу фирқалардан бошқа олимлар етишиб чиқишдики, улар янги қоида ва назариёт илмларини чуқур ўргандилар ва Қуръон оятлари ва ўзлари эга бўлган илмлар ўртасини боғлашга ҳаракат қилдилар. Улардан бу илмларга хизмат қилишни мақсад қилганлар ва қуръоний таълимотларга таяниб уни ривожлантирадиган олимлар етишиб чиқди. Ниҳоят бу илм соҳиблари жуда кўп тафсир китоблари билан машҳур бўлиб, тафсир фанида илк қадамларни қўя бошладилар.

Қуръон илмлари Қуръон маъноларини тушуниш ва талқин этиш учун босқичма-босқич тараққий этган. Қуръон араб тилида нозил бўлгани учун уни саҳобийлар умумий мазмунда тушунганлар, тушунишда қийинчилик сезган ўринлари ҳам бўлган. Саҳобийлар Қуръонни жамлаш ишини бошлаганларида “Расмул мусҳаф” илми юзага келган. Ушбу илм араб ёзуви, нуқта ва ҳаракатлар қўйилиши, қоидалар тараққиёти билан ҳамоҳанг тарзда ривожланди. Шу билан бирга илгаридан мавжуд бўлган сабабун‑нузул, маккий ва маданий, носих ва мансух, ғарибул‑Қуръон илмлари ҳамда тафсирга эътибор кучайиб, улар илм сифатида бир‑биридан ажрала бошлади. Ушбу илмлар ҳадислар таркибида алоҳида бўлимлар сифатида қайд этиб борилган. Бу араблардан бошқа халқларнинг исломга киришлари ва исломга оид билимларни эгаллашлари асносида шаклланган.

Зеро, Қуръон илмлари Ислом дини илмлари орасида энг аҳамиятлилари эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Дарҳақиқат, биз ўрганадиган ақоид, фиқҳ илмлари ҳам айнан Қуръони карим асосида вужудга келган.

Бу илмлар орасида бевосита Қуръоннинг ўзига сўзма-сўз боғлиқ бўлган тафсир илми энг шарафли илмлар қаторида зикр қилинади. Бу илм Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллмнинг ўзларидан мерос бўлган илм. Зер Аллоҳ таоло Қуръонннинг баъзи мушкул ўринларида Қуръоннинг бошқа бир жойида тафсир қилиб, шарҳлаб оятлар нозил қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи мужмал жойларни ўзлари шарҳлаб саҳобийларга тушунтириб берганлар. Шу тарифа тафсир илми вужудга келган. Аввлги даврда тафсир илми алоҳида илм сифатида ривожланмаган лекин кейинчалик бу илм билан алоҳида машғул бўладиган шахслар вужудга келди. Шу тариқа бу алоҳида фан сифатида ажралиб чиқди. Ва бу борада китоблар ёзила бошланди.

Тафсир илми келиб чиқиши ва ривожланиши жараёнида бир неча қисмларга бўлинган.

Биринчи қисм – “Тафсир бил маъсур”. Бу қисмдаги тафсирда муфассир Қуръони карим оятларини ривоят қилган саҳиҳ ҳадислар ва саҳобаларнинг қавллари билан тафсир қилади. Бу услубда ёзилган тафсирларнинг машҳурлари қуйидагилардир; Муҳаммад ибн Жарир Табарийнинг “Жомиъул баён фи тафсирил Қуръон”, Абу Муҳаммад Ҳусайн ибн Масъуд ибн Муҳаммад Бағавийнинг “Маъолимут танзил”, Имодуддин Исмоил ибн Касирнинг “Тафсирул Қуръонил азим”, Жололиддин Суютийнинг “ад-Дуррул мансур  фит-тафсири бил маъсур” китоблари.

Иккинчи қисм – “Тафсир бир-рай”. Бу қисмда муфассир ўз фикри ва ижтиҳоди ила тафсир қилади ва у иккига: жоиз ва ғойри жоизга бўлинади. Жоиз бўлган рай билан тафсир қилишда муфассир ишончли масдсрларга суянган ҳолда жаҳолат ва залолатдан узоқда бўлиб тафсир қилади. Жоиз бўлмаган қисмда эса, муфассир жаҳолат, бидъат ва залолат билан тафсир қилади, шунинг учун ҳам алломалар бу навдаги тафсирни ман қилганлар. Жоиз бўлган рай билан қилинган тафсирлардан; Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайн Фахридди Розийнинг “Мафотиҳул ғайб”, Насриддин Абдуллоҳ ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Али Байзовийнинг “Анворут-танзил ва асрорут-таъвил”, Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафийнинг “Мадорикут-танзил ва ҳақоиқут таъвил” китоблари.

Учинчи қисм – “Тафсири ишорий”. Бу қисмда муфассир оятнинг зоҳирий маъносига қарамай, унинг махфий ишоралари тақозаси билан тафсир қилади. Бу фақат сулук ва тасаввуф арбобларининг услубидир. Бу қисмга доир тафсирлар; Низомиддин Ҳасан ибн Муҳаммад Ҳусайн Хуросоний Найсобурийнинг “Ғароибул Қуръон ва рағоибул Фурқон”, Шерозийнинг “Ароисул баён фи ҳақоиқил Қуръон” китоблари. Кейинчалик тафсирнинг йўналишлари кўпайиб кетди.

ТИИ Модуль таълим шакли

талабаси Нўъмонжон Ҳомидов

[1] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири..Тошкент. Ислом Университети. 2014й.  “Наҳл” 44-оят.

308010cookie-checkТафсир илми келиб чиқиш тарихи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: