islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ақоид илмининг вужудга келиши

Уломолар томонидан ақоид илмига жуда кўплаб, бир-бирига ўхшаш тарифлар берилган бўлиб қуйида улардан баъзи бирларини келтириб ўтамиз.

«Фалсафатут тавҳид ав ашрафул мақосид» номли китобнинг соҳиблари Аҳмад Ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Валалий ал-Микносий: «У яқийний – ўта ишончли далиллардан диний ақийдаларни касб қиладиган илмдир», дейди.

«Мавоқиф» китобининг соҳиби Абдурроҳман Аҳмад Абдулғаффор ал-Ийжий: «У ҳужжатлар келтириш, шубҳаларни рад этиш йўли билан диний ақийдаларни исбот қилишга қодир бўладиган илмдир», дейди.

Имом Ғаззолий ўзларининг машҳур «Иҳёу Улумид дин» номли китобларида: «Ақоид тавҳид идрок этиладиган, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зоти ва сифатлари билинадиган илмдир», деганлар.

Аш-Шариф ал-Журжоний ўзининг «Ал-Мавоқиф»га қилинган шарҳида: «Калом бир илмдирки, унда Ислом қонуни асосида Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари ҳақида ҳамда бошланиш ва қайтарилиш каби мумкинотлар аҳволи ҳақида баҳс қилинади», деган.

Муҳаммад Абдуҳ ўзининг «Рисолатут Тавҳид» китобида: «Ақоид бир илмки, унда Аллоҳнинг мавжудлиги, Унга қандай сифатларни собит қилиш вожиблиги, нима билан васф қилиниши жоиз эканлиги, У Зотдан нимани нафий қилиш вожиблиги, пайғамбарлар ҳақида, уларнинг қандай бўлишлари вожиблиги, уларга қандай нисбат бериш жоизлиги, уларга нималарни нисбат бериш ман қилингани ҳақида баҳс юритилади», дейди.                                Таърифларнинг энг жамловчиси, энг осони, энг шомили ва энг қисқаси аллома Али Қорининг «Ал-Фиқҳул Акбар»га қилинган шарҳининг такмиласида, 146-саҳифада зикр қилинган таърифидир:

«У бир илмки, унда эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ҳақида баҳс қилинади».

Биз эса ушбу таърифлар бир-бирини тўлдириб келади ва яна баъзи камчиликлар қолади, деймиз.[1]

Шунингдек, бу илм пайдо бўлганидан буён турли номлар билан ҳам номланган. Улардан биринчиси «Ал-Фиқҳул Акбар»дир. Ушбу номни мазхаббошимиз Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидир берганлар, У киши ақоид бўйича бир китоб имло қилиб, уни «Ал-Фиқҳул Акбар» (Катта фиқх) деб номлаганлар. Бу илмнинг мазкур ном билан аталишига сабаб шуки, ақоид фиқҳ ва унинг турларининг асосидир. Шунингдек бу илм Илм калом ҳам деб номланган   “Илму калом”  ҳам  “Фиқҳул  акбар”  номи  билан  бир  асрда  вужудга  келган.  “Шарҳу ақоид” китобини тадқиқ қилган Тоҳа Абдур Рауф Саъд унинг  муқаддимасида қуйидагиларни  келтиради:  “Таҳонавий  “Кашшофу  истилаҳатил  фунун” китобида ақоид илмининг илму калом деб номланишига қуйидаги сабабларни кўрсатган:

а)  Ақоид  илмининг  бобларига  аввалда  “Каламу  фи  каза”  (фалон  нарса ҳақидаги  гап)  деб  сарлавҳа  қўйилган.  Шу  сабабли  бу  илмга  илму  калом  ном бўлиб қолган.

б) Аллоҳ таолонинг каломи ҳақидаги масала ўша вақтларда ақоид илмнинг энг  машҳур  баҳсларидан  бўлгани    сабабли  бу  илмга  калом  илми  деб  ном қўйилган”[2] .

Яна бир машҳур номлардан бири Илми Усулид-дин бўлиб, дин илмларининг асоси бўлгани бўлгани учун шундай ном берилган. Бу ижрий иккинчи асрда пайдо бўлган бўлиб. Ушбу  номни  биринчи  бўлиб  имом  Абулҳасан Ашъарий қўллаган. Бу зот ақоид илмига бағишлаб китоб ёзиб, уни “Ибана фи усулид-дияна” деб номлаган. Сўнгра Абдулқодир Бағдодий Ашъарий   “Усулуд-дин”  китобини  ёзган.  Кейинчалик  Мотуридия  мазҳабининг  машҳур уламоларидан бўлган Абул Юср Паздавий   ҳам “Усулуд-дин” китобини ёзган.

“Ақоид илми” номи кейинчалик хижрий 4 асрда пайдо бўлгна бўлиб, Ақоид фалсафа билан, нақлий ақийдалар ақлийлари билан аралашиб кетганидан кейин, салафи солиҳнинг холис ақийдасини кейингиларнинг фалсафа аралашган, ақлий таъвилларга қоришган ақийдасидан ажратиш учун ушбу номни ишлатишга ҳожат тушган. Шунинг учун ҳам Таҳовий  раҳматуллоҳи  алайҳ  “Ақида”  асарини  шундай  бошлаган:    “Ушбулар миллатнинг  фақиҳлари  Абу  Ҳанифа  Нуъмон  ибн  Собит  Куфий,  Абу  Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим Ансорий  ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳларнинг мазҳабига кўра Аҳли сунна вал-жамоанинг ақидаси ва улар усули динда эътиқод қиладиган  ва оламларнинг Роббиси учун уни дин деб тутадиган нарсалар баёнидир”. Кейинги ном Тавҳид ва сифат илми Ушбу ном ҳижрий тўққизинчи ва ундан бир оз олдинги  даврларда  ёзилган  манбаларда  учрайди.  Аллома  Тафтазоний раҳматуллоҳи  алайҳ  “Ақоидун-Насафий”га  ёзган  шарҳининг  муқаддимасида қуйидагиларни ёзган: “Билингки, шариат ҳукмлари “фаръий амалий” ва “аслий эътиқодий”  бўлади.  Фаръий  амалийлари  амалларнинг  қандай  бажарилишига тааллуқлидир.  Аслий  эътиқодийлари  эса  эътиқодга  тааллуқли  бўлади. Амалларнинг  қандай  бажарилишига  тааллуқли  бўлган  ҳукмлар  фақатгина шариат  орқали  билингани  учун  “илмуш-шароиъ  вал-аҳкам”  (шариатлар  ваҳукмлар  илми)  деб  номланади.  Эътиқодга  тааллуқли  ҳукмлар  эса  “илмут-тавҳид  вас-сифат”  (Аллоҳ  таолони  ягона  деб  билиш  ва  унинг  сифатлари ҳақидаги илм) деб номланади. Чунки тавҳид ва сифатлар тўғрисидаги баҳслар эътиқод  илмининг  энг  машҳур  баҳсларидан  ва  энг  улуғ  мақсадларидан ҳисобланади” . «Илмут-Тавҳид» ақиқатан, тавҳид фақат илоҳий сифатлардан бири бўлибгина қолмай, балки барча сифатларни жамловчи Аллоҳ таолога лойиқ бўлган ва Аллоҳнинг зотида ундан ўзгага лойиқ бўлмаган ҳамма нарсаларни баён қилувчи нарсадир. У – Ислом миллатининг шиоридир. Ислом у билан танилгандир ва бошқа динлардан имтиёзли бўлгандир.

Зарурий ақийдаларнинг бу ном билан аталиши Аллоҳнинг ваҳдонияти унинг баҳсларининг унвони, энг машҳури ва энг шарафлиси бўлгани учундир.

Бу исм ҳижрий ўнинчи асрдан кейин кенг тарқалди. Мисол учун, шайх Муҳаммад Абдуҳ «Рисолатут-тавҳид»ни таълиф қилди. Машҳур тафсирчи Қосимий «Далоилут-тавҳид»ни ёзди.

«Илмун-назар вал-истидлол»- Буни Тафтазоний ўзининг «Ал-Ақоид ан-Насафия» китобига ёзган шарҳи муқаддимасида зикр қилган.

«Назар» – нарсалар ҳақида фикр қилишдир. Яъни зеҳндаги маълум ишларни талаб қилинган мажҳул нарсага етишиш учун тартибга солишдир.

«Истидлол» – бир нарсани исбот ёки йўқ қилиш учун далил излашдир. Мутааххирийн калом уламоларининг кўп баҳслари назарий, ақлий, жадалий ва қаноат ҳосил қилиш учун бўлиб, фақат назар ва истидлолдан кейингина идрок қилиш мумкин бўлгани сабабли бу илмни «Илмун-назар вал Истидлол» деб номлаганлар.[3]

Энди қисқача бу илмнинг вужудга келиши ҳақида баҳс юритсак.  «Илми калом» ақоид илмининг энг машҳур номидир. Бу ном, аввал ҳам айтилганидек, ҳижрий иккинчи асрда зоҳир бўлган. Зеро, у шу даврда илк бора имом Абу Ҳанифа, имом Молик, имом Шофеъий ва бошқалардан ривоят қилинган. Улар ўз ижтиҳодларида илми калом ва мутакаллимларга тегишли ҳукмлар ҳақида баҳс юритганлар. Бу номнинг ишлатилишига сабаб шуки, эътиқодий баҳсларнинг энг машҳури, баҳс қилувчилар ўртасида энг кўп низоларга сабаб бўлгани, ихтилофлар келтириб чиқаргани Аллоҳнинг «калом»и ҳақидаги масаладир. Қолаверса, бу илм соҳиблари ўз фаолиятлари давомида фақат каломни ишлатганлари учун ҳам у «калом» номини олган.

Мазкур илм билан шуғулланганлар ўз сўзларини «Калом шулки», деб бошлаганлари учун улар машғул бўлган илм «Илми калом» деб аталган, деган фикрлар ҳам бор.

ТИИ Модуль таълим шакли

талабаси Алихонов Расулжон

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Сунний ақийдалар- Тошкент: “Hilol-nashr”, 2018

[2] Саъдуддин Тафтазоний. Шарҳу ақоид. – Миср: “Мактабатул Азҳарий”, 2000. – Б. 8.

[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Сунний ақийдалар- Тошкент: “Hilol-nashr”, 2018

307990cookie-checkАқоид илмининг вужудга келиши

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: