islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

21-ОКТЯБР – ЎЗБEК ТИЛИГА ДАВЛАТ ТИЛИ МАҚОМИ БEРИЛГАН КУН

Aвалло ,она тили…

Тилшунос олимлар инсон ҳаёти учун сув ва ҳаво қанчалик зарур бўлса, сўз ҳам шундай улуғ мақомга эгалигини доимо эътироф этади. Сўз тирик жон янглиғ илоҳий неъмат, унга ёлғон, сохталик аралашса, таъсир кучи ва жозибасини йўқотади. Равон нутқ – ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайдиган маънавий бойлик. Ўз она тилида, шу билан бирга, бошқа тилларда ҳам фикрини тиниқ ифода этишга қодир кишилар фазилат, ақл­-идрок бобида комилликка яқин турадилар. Улуғ аждодларимиз бир эмас, бир неча тилни ўрганиб, шу тилларда ҳам баракали ижод қилган. Маъмун академиясида, олис Андалусияда жам бўлган олимлар эришган ютуқлар жаҳон илм­-фанини янги босқичга кўтарган. Андалусия мусулмонларининг илмий тафаккури шу даражага етганки, уларга “Европа муаллимлари” мақоми берилган.

Исмоилбек Гаспиринскийнинг “Дорур-­роҳат мусулмонлари” асарида қуйидаги маълумотлар келтирилади: “Абу Жаъфар Юнон ҳукмдори билан иноқ бўлиб, Афинадан беадоқ китоблар олдиради. Маъмун даврида Яҳё ибн Холид Бармакий Птоломейнинг “Мажистий” асарини таржима қилади. Санад бин Али ва Холид бин Абдумалик Марварудий астрономия бўйича янги маълумотларни қўлга киритадилар. Ер шарининг узунлик ва кенглик даражалари ўлчаб чиқилади. Аббос бин Саййид Жўшарий каби машҳур олимлар юнонларнинг астрономияга оид асарларидаги кўплаб хатоликларни аниқлайдилар, қуёш доғлари, ой-­кун тутилиши, думли юлдузлар борасида бир қанча кашфиётлар қиладилар. Европа ҳандаса (геометрия) илмини хуросонлик Абулвафонинг ҳижрий бешинчи аср бошида тузган “Аз­зижи Шомил” ва “Мажистий”сидан ўрганди…”.

Афсуски, XI асрдан бошлаб замон нотинчликлари кучайиб борди. Бир томондан, ғазнавий ва салжуқийларнинг мулк дағдағаси, иккинчи томондан, Чингиз истилоси, учинчи томондан, Қуддуси шариф учун бошланиб кетган салб юришлари ислом оламини ларзага солди ва илм-у ҳунар йўлларини бузиб юборди. Лекин илм­-маориф нури сўнмади, аксинча, душманларга ҳам зиё бериб, мунаввар қилди. Мўғулларнинг катта қисми ислом маданиятини қабул этдилар, овруполиклар эса юз йиллик салб юришлари давомида қанчадан­-қанча санъат ва ҳунарларни ўрганиб қайтдилар. Ислом маданияти ўчоқлари Бағдод, Шероз, Нишопур, Самарқанддан ташқари, Африка ва Испанияда, яъни ислом оламининг деярли барча нуқталарида мавжуд бўлиб, бу ерларда илм­-фан бениҳоя ривож топди.

Бундай улуғ ютуқларга эришган аждодларимиз, биринчи навбатда, ўз она тилларини, мамлакат тарихи, урф-­одат ва боболардан қолган мерос анъаналарни мукаммал даражада билган, равон нутқ, воизлик маҳорати, ишонтириш санъати, намунали хулқ­-одоб, камтар-­камсуқумлик билан кўпларни илм оламига даъват қилган. Айни шу фазилатлари боис, то ҳануз буюк донишманд мақомида турадилар, илмий, маънавий меросларидан дунё тафаккур олами баҳраманд бўлади.

Не бахтки, бундай инсонлар ўтмишдагина эмас, бугун ҳам бор, гарчи улар ўзларини донишманд ҳисобламасалар­да, илмий ва маънавий оламлари, зукко тарбиячи мақомига кўтарилганлари, ҳар қандай ҳолатда ҳам ёқимли талаффуз, вазмин мулоҳаза, ақл-­заковат билан иш тутиб, суҳбатдошларини эътибор билан тинглай олиши шундай дейишга ва бугунги авлод вакилларига бундай табаррук ватандошлар билан ҳақли равишда фахрланишга изн беради.

Инсон бу ёруғ оламда умргузаронлик қилар экан, ҳаёти давомида кутилмаган ҳолатларга дуч келиши, муаммолар гирдобига тушиши, тўғри йўлдан, холисликдан чалғиши мумкин. Бундай пайтда ўз тили, ўзлиги, тўғрисўз ва ҳақгўйлиги нажоткор кучга айланади.

“Ўйнаб сўзласанг ҳам, ўйлаб сўзла”, деган нақл бор. Ўйламай айтилган биргина сўз, беҳаё бир ибора оилани барбод қилиши, ота­бола, ака-­ука, опа­-сингил, қариндош­уруғни бир­-бирига тескари қилиши мумкин. Бунга мисоллар кўп. Миллат шаънига ботадиган, ғурурига тегадиган асоссиз айблов ёки таҳқир боис, халқлар, мамлакатлар ўртасига раҳна солингани, жанг-у жадалларга сабабчи бўлгани ҳам сир эмас. Ҳаётда гоҳо бир-­бирини мутлақо танимаган, ўзаро мулоқотда бўлмаган икки киши гўзал бир лутф, самимий табассум, ширин муомала билан қадрдон бўлиб кетишади. Сўзнинг қудрати, тилнинг жозибаси боис, шундай бўлади. Халқ эртакларида тасвирланган очкўз девларнинг “Ассалом-у алайкум, девбува” қабилидаги ёқимли лутф, яхши муомала сабаб ёмон ниятидан қайтиши (“Саломинг бўлмаганида икки ямлаб бир ютардим”, дейиши) ҳам сўзнинг қудратини кўрсатади. Социолог олимлар миллий­-маънавий илдизлар заифлашган, маънавий қадриятларга риоя қилиш сустлашган, она тилининг қўлланилиши камайган ҳудудларда жиноий хатти-­ҳаракатлар нисбатан кўпроқ содир бўлишини аллақачон исботлаб берган.

Сўзлаш одоби, нутқ равонлиги оиладан, мактабдан, маҳалладан бошланади. Инсон нечоғлиқ узоқ умр кўрмасин, бу одобга ўрганишнинг адоғига ета олмайди. Кичиклик чоғидан тўғри талаффузга, сўз ва ибораларни, исмлар, жойлар, турфа хил номларни тўғри ифода қилишга ўргатилган, китоб билан дўст тутинган, халқ эртакларини кўп ва хўб ўқиган, саргузашт достонларни мириқиб тинглаган болаларнинг нутқи бошқа тенгдошларига нисбатан ширали бўлади. Бу фарқни наинки нутқда, боланинг шаклланаётган нозик характерида, тенгдошлари билан муомаласида, атрофида кечаётган воқеа-­ҳодисаларга муносабатида ва ҳатто орзу­-хаёлларида ҳам кўриш мумкин.

Ёшлигида кўп эртак тинглаган, катталар овоз чиқариб китоб ўқиганида диққат билан эшитган болалар вояга етгач, фақат ўзининг эмас, бошқаларнинг ҳам фикрини эътиборга оладиган, ҳеч бўлмаса, эшитадиган, ақл-­идрок билан иш тутадиган, ота­-онасидан, катта ёшлилардан маслаҳат сўрайдиган бўлади.

Болалар тарбияси билан шуғулланувчи мураббийларнинг кузатувича, бола нутқи ва ёзуви қандай бўлиши кўп жиҳатдан оила аъзоларига, хусусан, ота­-онага, боғча ва мактаб муаллимларига боғлиқ. Яна бир ҳолат – биз кўпинча фарзандларимиз анча улғайиб, яхши-­ёмон, рост-­ёлғоннинг фарқига бориб қолганини сезмай қоламиз ёки сезсак­да, эътибор бермаймиз. Бола бўлгандан кейин катталарнинг олдида жим туриши, нима дейилса, хўб дейиши, бетгачопарлик қилмаслиги лозим, деймиз. Улуғ аждодларимиз ҳам “Ақлли, фаҳм-­фаросатли кишилар, айниқса, ёшлар билимдонликларини ҳуда-­беҳудага пеш қилмайдилар, бошқаларни кўпроқ эшитадилар, биров бир нимани сўрамагунча одоб билан сукут сақлайдилар”, деб таълим беришган. “Сукут каломдан улуғ” деган ҳикмат ҳам бор. Бир қарашда, бу насиҳатлар шарқона одобга жуда мос, эътироз билдириш қийин. Аммо ҳамма нарсада бўлганидек, сукутда ҳам меъёр бўлиши зарур. Ортиқчаси ортиқча. Чунончи, болага ҳам гапириш, суҳбатга қўшилиш, фикрини билдириш, ниманидир исботлаш имконини бериш керак.

Бола нотўғри тарбия таъсирида оғзини очмай, фақат бошқаларни тинглаб, ким нима деса, хўб дейишдан бошқага ўтмай улғайса, кейинчалик ҳаётда ўзини шахс сифатида намоён этолмайди, фикрини аниқ ифодалашга қийналади, бу ҳам майли – бефарқ ва лаббайчи бўлиб қолади. Болани фикрлашга, мустақил мулоҳаза юритишга, икки ёки уч тушунчани ўзаро қиёслашга ўргатиш уни тинглашдан, гап-­сўзларига, хатти-­ҳаракатларига эътибор беришдан бошланади. Шундай қилинса, фарзанд бундай муносабатни мукофотдай қабул қилади, катталар таъбири билан айтганда, кўнглида ўзига нисбатан дастлабки ишонч куртаклари пайдо бўлади. Ҳар бир рағбат, ҳар бир эътибор бу ишончни мустаҳкамлайди. Аксинча, болани бўлар­-бўлмасга жеркийвериш, “гапга аралашма”, “оғзингни юм”, “нари тур”, “қачон одам бўласан ўзи”, “ҳе фалончи”, дея тенгдошлари олдида изза қилиш мурғак қалбини тузалмас даражада жароҳатлайди.

Нутқ ўз-­ўзидан равон, оҳангдор бўлиб қолмайди. Чолғучи бирор куйни ўрганмоқчи бўлса, уни юз бор, минг бор ижро қилибгина муддаосига эришади. Мусаввир бир асар яратгунча қанча заҳмат чекади. Ҳеч ким бирданига Суқрот ёки Алибек Рустамов, Азизхон Қаюмов, Суйима Ғаниева, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов даражасига кўтарилмайди. Нутқ маҳоратини эгаллаш учун йиллар давомида тинимсиз машқ қилиш керак. Қадимги юнон нотиғи Демосфен ўзининг паст, ҳазин овозини яхшилашга жазм қилиб, ертўлага тушар экан­да, шифтга ўткир тиғли ханжарни осиб қўйиб, (бошини димоғдорона баланд кўтармаслик учун) узлуксиз машқ қилар экан.

Нутқ маҳорати тўғрисида бундай мулоҳаза юритаётганимизнинг боиси бор, албатта. Бугун ҳаётимизни телекўрсатувлар, радиоэшиттиришлар, турли йиғинлар, ўринли-­ўринсиз баҳс­-мунозараларсиз тасаввур қилиш қийин. Ҳар куни турфа даражадаги нотиқлар суҳбатларини тинглашга тўғри келади. Таассуфки, уларнинг ҳаммасида ҳам нутқ маҳорати, талаффуз қоидаларига риоя қилинмайди.

Она тилимизга хос нозик, бетакрор иборалар, халқ донишмандлиги ифодаси бўлмиш мақол ва маталлар, таъсирчан ташбеҳлар ўринсиз ёки мутлақо хато ишлатилганида асабингиз бузилади. Бунга қўшимча, айрим нотиқлар маърузаларига ўзига хос “алоҳидалик” бахш этиш учун бир неча тилларни бир­-бирига қориштириб гапиришни, ўзидан бошқа киши тушунмайдиган хорижий иборалардан керагидан ортиқ фойдаланишни одат тусига айлантирмоқдалар. Бундай чучмалликни телеэкранда, турли йиғинлар минбари, давра суҳбатларида, ҳатто маданият ва маърифат мавзусидаги маърузаларда ҳам кўриш мумкин.

Деворлари нам тортиб, нурай бошлаган уйни пойдевори мустаҳкам бўлса, тузатса бўлади. Аммо бузилган, қоришиқ аҳволга келган тилни ўнглашнинг иложи йўқ. Абу Наср Форобий фикрича, юксак ахлоқли кишининг нутқи равон, талаффузи содда ва тушунарли бўлиши, айтмоқчи бўлган фикрини тушуниш бошқалар учун қийин бўлмаслиги керак. Хон Феруз мақом куйларини бузиб ижро этган машшоқларни жазолаган. Пётр I замонида нутқи норасо кишиларга ўқитувчилик қилишга рухсат берилмаган. Чунки ўқитувчи нутқидаги нуқсон у тарбиялаётган болаларга ҳам ўтади. Демак, нутқимиздаги норасолик эртага фарзандларимизга кўчишини билиб туриб, бу муаммога бефарқ бўлсак, ўнглаб бўлмас хатога йўл қўйган бўламиз.

Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Тил офатлари” китобида бундай жумла бор: “Инсонга энг итоатсиз аъзо – тил. Чунки бу суяксиз аъзонинг осонгина ҳаракатга келиши ва ҳеч бир машаққатсиз югуриклиги кутилмаган оқибатларга сабаб бўлади”.

“Қобуснома”нинг еттинчи бобида ўқиймиз: “Эй фарзанд, токи қила олсанг (яъни қўлингдан келса), сўз эшитмакдин қочмағилким, киши сўз эшитмак била сухангўйлик ҳосил қилур… Ёлғон ва беҳуда сўз айтмак девоналикнинг бир қисмидур. Ҳар кишига сўз айтар бўлсанг, қарағил, у сенинг сўзингга харидорму ёки харидор эмасму? Агарда уни сўзингга харидор топсанг, унга сўзингни сотғил. Йўқ эрса, ул сўзни қўйиб, шундоқ сўз дегилким, унга хуш келсин ва сенинг сўзингга харидор бўлсин”.

Кайковус одамларни тўрт тоифага бўлади: “Бири улким, билур ва билғонин ҳам билур. Ул олимдур, унга тобе бўлмоқ керакдур. Бири улдурким, билмас ва билмағонин билур, ул қобилдур, унга ўргатмак керак. Бири улдурким, билур ва билғонин билмас, ул уйқудадур, уни бедор қилмоқ керакдур. Бири улдурким, билмас ва билмағонин ҳам билмас, у жоҳилдур, ундан қочмоқ керакдур”.

Юсуф Хос Ҳожиб дейдики, “Тил ва ақл билимнинг таржимонидир. Билки, кишини нуроний қилувчи восита унинг очиқ ва мазмундор тилидир… Тил кишини иззатли қилади, киши тили билан бахтли бўлади. Тил арслондир, қара, у сени эшикда пойлаб ётибди. Эй мағрур уй хўжаси, ҳушёр бўлки, агар тилингга ортиқча эркинлик берсанг, ўйламасдан сўзласанг, у бир кунмас бир кун бошингни ейди…”.

Ҳассос шоира Турсуной Содиқованинг ҳар сўзидан олов, оҳангидан муҳаббат чақнарди. Ижодий учрашувларда сўзнинг ўзини ҳам сўзлата оларди, булбулдай сайратарди. Нотиқлик маҳорати, ишонтириш санъати, таъсир этиш, ром қилиш салоҳияти баланд эди. Овозида бошқа нотиқларда кам учрайдиган ноёб сеҳр бор эди. Шоира, ўзи ёзганидай: “Сўз излаш, сўз ўйлаш, сўзга ранг­тус бериш, уни чиройли ижрода тақдим этишга уриниш, кўзларни, қулоқларни ўзига мафтун қилиш учун турли аудиториялар, давраларда жон терига тушиб жанг қилар, баҳслашар, “сўзда ўлиб, сўзда тирилар эди”.

Шоира ўзига ярашиқли, бўй-­бастига, ҳаё латофатига мос турмуш тарзини танлаб, “анжанча” яшаб ўтди, сўз қуролини занглатмади, беадоқ саволларга жавоб қайтаришдан, умидсизлик жарига қулаганларга, зулмат қўйнига ғарқ бўлаётганларга самимий қўл чўзишдан, нажот йўлларини кўрсатишдан чарчамади. Қанчадан-­қанча ҳаётий муаммоларни нотиқлик маҳорати, сўз сеҳри, кўнгил малҳами билан текислаб ташлади. Аллоҳ берган воизлик инъомини исроф қилмади.

Ўрни келганда яна бир муаммога тўхталиб ўтмоқ лозим. Бугун жуда кўп ёшлар дунёнинг нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олмоқдалар. Илм излаб жаҳонга чиқаётган янги авлод вакиллари сафи йилдан-­йилга кенгайиб, эришаётган ютуқлари салмоғи ошиб бораётир. Улар бир эмас, бир неча хорижий тилни билиши, эркин фикрлай олишлари билан тенгдошларидан ажралиб туради. Аммо… инглиз, француз ёки корейс тилини пухта ўрганган янги авлод вакили ўз она тилида сўзламаса, ўзбекча шеър ёдламаган бўлса, қўшиқ куйлашни билмаса, рақс туша олмаса, миллат тарихига қизиқмаган бўлса, буни қандай баҳолаш мумкин? Хорижликлар сизнинг она тилингиздаги нутқингиз, ёқимли хиргойингиз, миллат маданияти ва тарихи, урф­-одатларидан нечоғлиқ хабардорлигингизга кўпроқ қизиқади ва буни алоҳида қадрлайди.

Бу қусурни тез англаб етмаслик вақти келиб “ўз ерин қўюб, ҳинд сори юзланган” Мирзо Бобурнинг армонини эслатиши мумкин.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Аҳмаджон МEЛИБОЕВ

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022-йил 14-октябрь, 211-сон

332210cookie-check21-ОКТЯБР – ЎЗБEК ТИЛИГА ДАВЛАТ ТИЛИ МАҚОМИ БEРИЛГАН КУН

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: