Тошкент ислом институти Модуль таълим тизими талабалари ўқитувчи ва талабалар ўқиб фойдаланиши учун “Саҳиҳул Бухорий”, “Фатҳул борий бишарҳи Саҳиҳил Бухорий”, “Ал-Ҳидая – Шарҳул бидаятил мубтади” ва “Ал-Иная – Шарҳул Ҳидая” китоб тўпламларини ҳадя қилдилар.
“Саҳиҳул Бухорий” асл номи “Ал-Жомиъус саҳиҳ” — “Ишончли тўплам” Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг 4 жилддан иборат тўпламида иймон-эътиқод, илм-маърифат, оила, никоҳ, мерос, ахлоқ-одоб, таълим-тарбия ва бошқа масалаларга оид ҳадислар жамланган. Имом Бухорий 600 мингга яқин ҳадис тўплаб, улардан такрорланадиганлари билан 7275 тасини ишончли деб ҳисоблаб китобига киритган. Тўпламда такрорланмайдиган ҳадислар сони 4000 тадан иборат.
“Фатҳул борий бишарҳи Саҳиҳил Бухорий”нинг муаллифи қозилар қозиси, ҳофизларнинг сўнггиси Абу Фазл Шиҳобуддин Аҳмад ибн Али ибн Муҳаммад ибн Али ибн Аҳмад ибн Ҳажар ал-Киноний ал-Асқалоний ал-Мисрий аш-Шофеъийдир.
773 ҳижрий йил 12 шаъбон ойида Мисрда туғилганлар. Илм талабида Искандария, Шом, Ҳалаб, Ҳижоз ва Яманга борганлар. Араб тилида шеър битиш ва ёзувчиликда юксак даражага етганлар.
852 ҳижрий сананинг 18 зулҳижжа ойида, шанба куни кечқурун Қоҳирада вафот этдилар. Қарофадаги Имом Дайламийнинг қабрлари рўпарасига дафн қилиндилар.
Ибн Ҳажар “Фатҳул борий бишарҳи Саҳиҳил Бухорий” китобни ёзиб тугатганларидан кейин 500 динорга зиёфат қилиб берганлар.
“Ал-Ҳидая – Шарҳул бидаятил мубтади” деб номлаб Имом Марғиноний (“Бошловчилар учун қўлланма”) асар ёзиб, унда “Мухтасар ул-Қудурий” ва Имом Муҳаммад Шайбонийнинг “ал-Жомиъус сағир” асарларини жамлаб, зарурат сезганда ўзи ҳам баъзи масалаларни киритади. Сўнг мазкур асарга саксон жилдли шарҳ тасниф этиб, уни “Кифоят ул-мунтаҳий” (“Якунловчилар учун тугал таълимот”) деб ном беради. Кейинчалик “Китоб ал-Ҳидоя” номи остида мазкур шарҳга мухтасар ёзади.
Мусанниф “Ҳидоя” асарини 573 ҳижрий Зулқаъда ойи (милодий 1178 йил апрель-май)нинг чоршанба куни пешин вақтида ёзишни бошлаган ва ўн уч йил давомида ёзиб тугатган. “Ҳидоя” асари ўзининг қисқа лафзлари ва теран маънолари ҳамда ибораларининг гўзал услубда тузилганлиги билан бошқа фиқҳий асарлардан ажралиб туради.
Таниқли олим Абдулҳаким Шаръий Жузжонийнинг таъкидлашича, Афғонистон ва Ҳинд ярим оролида “Канз уд-дақоиқ” ва “Мухтасар ул-Қудурий” китобларидан кейин, “Ҳидоя” асарини етук устоздан ўқиб тамомламаган толиб ҳақиқий фиқҳ олими ҳисобланмаган.
“Ҳидоя” тўрт жуздан иборат бўлиб, у алоҳида боб ва бўлимларга бўлинган 57 та китобни ўз ичига мужассам этади. Хар бир китоб ислом ҳуқуқининг муайян қисмига бағишланган.
“Ал-Иная – Шарҳул Ҳидая”нинг муаллифи Акмалиддин Муҳаммад ибн Маҳмуд Бабуртийдир. У зот 786-ҳижрий 1384-милодий санада вафот этган. “Ҳидоя”нинг шарҳ ва таълиқлар олтмиштадан ортиқ.
ТИИ Матбуот хизмати