islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Аббосийлар давридаги таниқли ҳанафий уламолар | 2-қисм

Ҳижрий II-III асрда Аббосийлар ҳукмронлиги даврида илм-фан ва маданият тараққий этди. Шулар қатори ҳанафий мазҳаби ҳам шаклланди ва ривожланди. Натижада ҳанафий мазҳабида бир қанча етук уламолар етишиб чиқди ва мазҳаб шаклланишида ўз ҳиссаларини қўшдилар.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Самоа. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Самоа ибн Убайдуллоҳ ибн Ҳилол Тамимий 130/748 йил Куфада туғилган. Аллома фиқҳ илмини имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад ибн Шайбонийдан олган ва мазкур икки имомдан “Ан-Наводир” ва “Ал-Амолий” асарларини ёзиб олади. Лайс ибн Саъд, Мусайяб ибн Шарик, Яъло ибн Холид Розийлардан ҳадис ривоят қилган. Ундан Муҳаммад ибн Имрон, Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Анбарлар ҳадис ривоят қилган. Халифа Маъмун вақтида Бағдод шаҳрига қози этиб тайинланган ва ушбу лавозимда Мўътасим халифа бўлгунга қадар ишлаган. Мўътасим даврида ёши кексайиб, кўзи ожизлашгани сабабли халифага узр айтади ва ўз вазифасини Исмоил ибн Ҳаммодга топширади. Муҳаммад ибн Самоа умрининг қолган қисмини мусулмонларга манфаатли китоблар ёзиш билан ўтказади. У “Адабул-қози”, “Ал-муҳазир ва ас-сижиллат”, “Ал-Иктисаб фир-ризқ ва ал-мустатоб” каби асарларни ёзиб қолдиради ва ҳижрий 233-йил Куфада бир юз уч ёшда вафот қилади. У шу ёшга етганда ҳам отга бирор кишининг ёрдамисиз ўзи минар ва бир кеча-кундузда икки юз ракат намоз ўқир эди.

Муҳаммад ибн Имрон: “Муҳаммад ибн Самоанинг “қирқ йил қозилик қилдим, бу муддат давомида намозни имом билан бирга жамоатда ўқидим, фақат онам вафот қилган куни жамоат намозига етолмадим. Шундан сўнг турдимда жамоат савобини топай деб йигирма беш ракат намоз ўқидим, кўзимга уйқу ғолиб келиб бироз ухлаб қолиб туш кўрибман, бир киши келиб “Эй Муҳаммад йигирма беш ракат намоз ўқидинг, фаришталар ҳозир бўлмади-ку?” деди” деганини ривоят қилган.

Ҳидоя китобининг муаллифи Бурҳонуддин Марғиноний Муҳаммад ибн Самоанинг Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Юусуф, Имом Муҳаммадлардан ривоят қилган бир қанча масалаларини ўз китобида келтирган. Жумладан, таҳорат, намоз, закот, рўза, савдо-сотиқ, қул озод қилиш, қасам, топиб олинган нарсалар ва қурбонлик каби бобларида унинг ривоятларини нақл қилган.

Муҳаммад ибн Самоанинг ҳанафий мазҳабининг ривожланишида тутган ўрни беқиёсдир. Буни англаш учун ҳанафий мазҳабида ёзилган китобларни ўрганшнинг ўзи кифоя. Олимнинг қилган ривоятлари ҳанафий мазҳабининг кўплаб мўътабар манбаларида нақл қилинган. Масалан: Абдуллоҳ ибн Маҳмуд Ҳанафий “Ал-ихтиёр ли таълил ал-мухтор” асарида, Ибн Нужайм “Ал-баҳр ар-Роиқ шарҳ канз ад-дақоиқ” асарида, Абу Бакр ибн Али ибн Муҳаммад Яманий “Ал-Жавоҳир ан-наййиро” асарида, Муҳаммад ибн Аҳмад Шамсул аимма Сарахсий “Ал-Мабсут” асарида, Маҳмуд ибн Аҳмад Нажжорий “Ал-Муҳит ал-бурҳоний” асарида, Абу Бакр Алауддин Касоний “Бадоиъ ас-саноиъ фий тартиб аш-шароиъ” асарида, Фахриддин Усмон Зайлаъий “Табйин ал-Ҳақоиқ шарҳу канз ад-дақоиқ” асарида, Алоуддин Самарқандий “Туҳфату ал-фуқаҳо” асарида, Ибн Ҳумом Камолиддин Муҳаммад “Фатҳу-л-қодир” асарида, Иброҳим Муҳаммад Ҳанафий “Лисон ал-ҳуккам фий маърифат ал-аҳкам” асарида, Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад Таҳовий “Мухтасар ихтилаф ал-улома” асарида алломанинг ўз устозларидан қилган ривоятларини келтирганлар.

Ҳишом ибн Убайдуллоҳ Розий. Ҳишом ибн Убайдуллоҳ Розий имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммадлардан таълим олади ҳамда ибн Абу Зуайб, Молик ибн Анас, Ҳаммод ибн Зайд ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган. Алломадан Бақия ибн Валид, Муҳаммад ибн саид Аттор, Ҳасан ибн Арафа, Абу Ҳотам Розий ва бошқалар ҳадис ривоят қилган. Ҳишом ибн Убайдуллоҳ 221/836 йил вафот қилган.

Ҳишом ибн Убайдуллоҳнинг имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммадлардан қилган ривоятлари ҳанафий мазҳабидаги мўътабар китобларда келтирилган. Жумладан, Шамсул аимма Сарахсийнинг (ваф.483/1090) “Ал- Мабсут” китобидаги “Таҳорат кайфияти боби”, “Туянинг закоти боби”, “Ердан олинадиган зироатлар ушри боби”, “Закот борасидаги нодир масалалар китоби”, “Рўза китоби”, “Маносик китоби”, “Нафақа боби”, “Талоқ боби”, “Мудаббар қул боби”, “Қасам каффорати сабабли таомлантириш боби”, “Йўл тўсиш боби”, “Йўқолган нарсалар боби”, “Муробаҳа боби”, “Шуфъа боби”, “Уловни ижарага олиш боби”, “Сулҳ китоби”, “Ичимликлар китоби”, “Ҳун ҳаққи тўлаш китоби”, “Шартлар китоби”, “Қасам китоби” ва бошқа жойларда келган. Алломанинг шайхларидан қилган ривоятларини Абу Бакр Алауддин Касоний (ваф.587/1191) ўзининг “Бадоиъ ас-саноиъ фий тартиб аш-шароиъ” асарида етмш иккита жойда зикр қилган.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси

катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

357880cookie-checkАббосийлар давридаги таниқли ҳанафий уламолар | 2-қисм

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: