islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тасаввуфни кимдан ўрганамиз?

Замони саодатда ва ундан кейинги дастлабки вақтларда ақоид, фиқҳ ва бошқа исломий илмлар қатори тасаввуф ҳам алоҳида ажраб чиққан эмасди. Ўша даврдаги мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларида барча нарсада у зотнинг ўзларига эргашар эдилар.

Кейинчалик эса саҳобалар ўзлари Қуръон ва суннатдан керакли ҳукм ва хулосаларни чиқариб олиб юрдилар. Ўша пайтда руҳий камолотга, зикр ва зоҳидликка мойил зотлар ўзлари учун керакли оят ва ҳадислардан далил топиб, мазкур ишларни ўз ҳаётларида татбиқ қилиб юрдилар.

Бу борада саҳобаи киромлар ичида тўрт рошид халифа, Абу Зарр ал-Ғифорий, Абдуллоҳ ибн Амр, Абу Дардо, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар, Салмон Форсий, асҳоби суффа розияллоҳу анҳумлар ва бошқалар кўзга кўринган эдилар.

Тобеъинлар авлоди эса бошқа барча илмлар қатори руҳий тарбия ва нафсни жиловлаш илмини ҳам саҳобалардан қабул қилиб олдилар.

Улар орасидан тасаввуф йўналишини белгилашда ва унинг илм сифатида шаклланишида катта ҳисса қўшган зотлар етишиб чиқди. Булардан Увайс ал-Қараний, Ҳасан ал-Басрий, Саъид ибн Мусайяб, Жаъфар Содиқ ва бошқаларни барча эътироф этиб, зикр қиладилар. Уларнинг тутган тасаввуфи энг тўғри тасаввуф эканига ҳеч ким хилоф қила олмаган.

Тасаввуф ва мутасаввифлар тарихини ўрганган олимлардан Абу Нуъайм ўзининг «Ҳулятул Авлиё» китобида тобеъинлардан тасаввуф ила машҳур бўлган икки юз кишининг таржимаи ҳолини келтирган.

Табаъа тобеъинлар авлодида Фузайл ибн Иёз ва Иброҳим ибн Адҳам бошлиқ кўплаб суфийлар етишиб чиқдилар.

Аста-секин руҳий тарбия устозлари ҳам етишиб чиқа бошлади. Уларнинг атрофларида шогирдлари ва ўз жамоалари ҳам пайдо бўла бошлади.

Бора-бора улар бошқалардан ажраб турадиган ўз белгиларига ҳам эга бўлдилар.

Кейинчалик бир устознинг руҳий тарбиясини олиб ўша тарбияни ҳаётига татбиқ қилиб юрган жамоа аъзоларининг тутган йўлини тариқат деб номлаш одат тусига кирди. Зотан тариқат арабча «торийқ» йўл сўзидан олинган бўлиб ҳам моддий, ҳам маънавий йўлни ифода этишга ишлатилади.

Ҳар бир тариқатнинг устози ўз шогирдлари томонидан шайх дея эътироф қилинди.

Ҳар бир шайх ўз тариқатининг Қуръон ва Суннатга мувофиқ эканини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан олинганини исботлаши керак эди. Шунинг учун ҳар бир шайх ўз устозини ва устозининг устозини рухсатларини исботлаб, силсилани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача етказар эди.

Бу маънода аҳли тасаввуфнинг силсиласи худди муҳаддисларнинг санадига ва фақиҳларнинг мазҳабига ўхшаб кетарди.

Агар тасаввуф тариқатлари тарихига назар соладиган бўлсак, улардан ҳозиргача машҳур бўлиб келаётганлари фиқҳий мазҳабларга ўхшаб иккинчи ҳижрий асрда эмас балки анча кейин шуҳрат топганларини кўрамиз.

Албатта, ҳар бир тариқатнинг асли Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб тақалади. Шу сабабли унинг томирлари узун ҳисобланади. Ким мана шу силсилага боғланса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга боғланган ҳисобланади. Аммо маълум шайх номи ила машҳур бўлган катта тариқатларнинг аксари бешинчи ва олтинчи ҳижрий асрларга тўғри келади.

Бундан айнан ўша асрларда тасаввуф ўз равнақи чўққисига чиққанини билиб олсак ҳам бўлади. Келинг, тасаввур ва маълумот учун баъзи машҳур тариқатларни қисқача зикр қилиб ўтайлик:

1. Рифоъия тариқати.

Бу тариқат ўз асосчиси Аҳмад ибн Али ибн Аҳмад ар-Рифоъий раҳматуллоҳи алайҳнинг номлари билан аталган. У киши Ироқнинг Басра билан Восит орасидаги Умму Убайда қишлоғида 512 ҳижрий санада таваллуд топганлар. Ёшликларида оталаридан ажраб етим қолганлар ва тоғаларининг тарбиясини олганлар. Аввал Шофеъий мазҳаби бўйича фиқҳни ўрганганлар. Кейин тоғаларидан тасаввуф бўйича таълим олганлар ва у кишининг ўрнига тариқат шайхи бўлганлар. Аҳмад ибн Али ибн Аҳмад ар-Рифоъий раҳматуллоҳи алайҳ 578 ҳижрий санада вафот топганлар.

2. Шозилия тариқати.

Бу тариқат Абул Ҳасан аш-Шозилий раҳматуллоҳи алайҳга нисбат берилгандир. У киши 593 ҳижрий санада туғилиб, 656 ҳижрий санада вафот топганлар. Абул Ҳасан аш-Шозилий раҳматуллоҳи алайҳ олим, обид, зоҳид ва машҳур суфийлардан бўлганлар. У киши Тунис, Миср, Ироқ ва Макка томонларга кўп маротаба сафарлар қилганлар. Қоҳиранинг Комилия мадрасасида қози Иёзнинг «Шифо» китобини, «Рисолаи Қушайрия»ни, «ал-Муҳҳарар ал Важийз»ни талабаларга ўқитганлар. У киши узлатни ва маҳрумлик ҳаётини ўзларига эп кўрмаганлар. Одамларга аралашиб, дунё неъматларидан баҳраманд бўлиб яшаганлар.

3. Қодирия тариқати.

Бу тариқат ўз муассиси Абу Муҳаммад Муҳийиддин Абдул Қодир ал-Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳнинг номлари билан аталган. Абдул Қодир ал-Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳ 470 ҳижрий санада Бағдодда таваллуд топганлар ва ўша ерда 562 ҳижрий санада вафот этганлар. У киши машҳур фақиҳ бўлиб ҳам шофеъий, ҳам ҳанбалий мазҳаби ила фатво берар эдилар.

4. Мавлавия тариқати.

Мавлоно Жалолиддин Румий раҳматуллоҳи алайҳга нисбат берилган бу тариқат Онадўлида кенг тарқалган эди. Мавлоно Жалолиддин Румий раҳматуллоҳи алайҳ 604 ҳижрий санада таваллуд топганлар. У кишининг насаблари ота тарафдан Абу Бакр Сиддиққа, она тарафдан Мовароуннаҳрда ҳукм сурган хоразмшоҳлар сулоласига бориб тақалади. У киши кўплаб сафарлардан кейин Султон Алоуддин Салжуқийнинг пойтахти Қўния шаҳрида узоқ вақт яшаб, ўша ерда вафот этиб, дафн қилинганлар. У киши шаръий илмларни кўзга кўринган ҳанафий фақиҳ бўлган ўз оталаридан олганлар. Мавлоно Жалолиддин Румий раҳматулжхқи алайҳ ўз умрларининг биринчи даврида мударрис, воиз ва фақиҳ бўлганлар. Кейин эса суфийлик, шоирлик ва ҳакимлик билан шуҳрат қозонганлар.

5. Яссавия тариқати.

Бу тариқат улуғ мутасаввиф Хожа Ахмад Яссавий раҳматуллоҳи алайҳнинг номлари билан аталгандир. У киши 562 ҳижрий санада вафот этганлар. Хожа Аҳмад Яссавий раҳматуллоҳи алайҳ шайх Юсуф Ҳамадонийнинг халифаларидан бўлганлар. У киши Бухорода таҳсили илм қилганлар. Яссавийлик тариқати силсила жиҳатидан нақшбандликка алоқадордир. Бу тариқатда зикр жахрий бўлади.

6. Нақшбандия тариқати.

Бу тариқат Шоҳ Нақшбанд исми билан машҳур бўлган Муҳаммад ибн Муҳаммад Баҳоуддин Бухорий раҳматуллоҳи алайҳга нисбат берилади. У киши 717 ҳижрий санада Бухоро яқинидаги Қасри Орифон қишлоғида дунёга келганлар. Ўн саккиз ёшларида уйланганлар. Шайх Самосий ва Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳмолардан руҳий тарбия олганлар. Шу билан бирга шариат уламолари ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бўйича олимлар суҳбатларида доимий равишда иштирок этар эдилар. У киши икки марта ҳаж қилганлар ва Форс ҳамда унинг атрофидаги кўплаб ислом юртларига сафарлар қилганлар. Шоҳ Нақшбанд раҳматуллоҳи алайҳ 791 ҳижрий сананинг Рабиъул Аввал ойининг учинчи куни душанбага ўтар кечаси вафот этдилар.

Ҳазрати Баҳоуддин раҳматуллоҳи алайҳ умрлари бўйи ўз муридларини суннати Муҳаммадия йўлида тарбиялаб ўтдилар. У кишининг қўлларида ўн минглаб муридлар камол топди. Шоҳ Нақшбанд раҳматуллоҳи алайҳнинг тариқатлари ҳозирги кунда ҳам дунёнинг кўплаб юртларида кенг тарқалгандир.

Шайх Абдуллоҳ Дехлавий нақшбандия тариқати ҳақида қуйидагиларни ёзади:

«Бу тариқат Ҳақ таолонинг ҳузурида доимий ҳозирликдир, Ислом ақийдасини, аҳли сунна ва жамоа ақийдасини мустаҳкамлашдир ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишдир».

Уламолар Муҳаммад Мурод Ўзбакийдан нақшбандия тариқати ҳақида айтган қуйидаги гапларини ривоят қиладилар:

«У саҳобаи киромларнинг асл ҳолича, зиёда ҳам, нуқсон ҳам бўлмай қолган тариқатидир. У ботинда ҳам, зоҳирда ҳам барча ҳаракот ва саканотларда суннатга ва азийматга комили илтизом қилган, бидъат ва рухсатдан батамом четда бўлган ҳолда ибодатда бардавом бўлишдан иборатдир».

Шайх Амин Алоуддин Нақшбандий ўзининг «Нақшбандия тариқати недир» номли китобида қуйидагиларни ёзади:

«Муҳаққиқ уламолар нақшбандия тариқати ҳақида қуйидагиларни таъкидлайдилар:

Нақшбандия тасаввуфи ўртача ва мўътадилдир. У сулукдаги мўътадиллик, шариатга эргашиш, тариқатнинг осонлиги билан ажралиб туради. У хусусан дин уламолари ичида кенг тарқалган. Нақшбандий суфийнинг қалби Аллоҳ билан, жисми банда билан.

Бу тариқатдаги назарни ўзига тортадиган энг муҳим нарса — сокинлик, риёдан холи бўлмайдиган бақириқ чақириқ, тараннум ва тинглашлардан узоқдалигидир.

 

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари 

кафедраси кабинет мудири Жўрабаев Икромжон

359590cookie-checkТасаввуфни кимдан ўрганамиз?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: