Тинчлик – бу инсониятга Аллоҳ таоло томонидан берилган энг олий неъмат ҳисобланади. Тинчликнинг қадрига етиш, уни асраб авайлаш бизнинг зиммамиздаги бурчимиздир.
Аллоҳ таоло айтади:
وَلَوْ أَنَّ أَهْلَ الْقُرَىٰ آمَنُوا وَاتَّقَوْا لَفَتَحْنَا عَلَيْهِمْ بَرَكَاتٍ مِنَ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ وَلَٰكِنْ كَذَّبُوا فَأَخَذْنَاهُمْ بِمَا كَانُوا يَكْسِبُونَ
96. Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни қилган касблари туфайли тутдик. (Ушбу ояти каримада баён қилинаётган оддий ва содда ҳақиқатни инсоният тушуна олмаётгани ғоятда ажабланарли ҳол. Инсон учун осмон ва заминдан баракот эшиклари очилиши учун биргина шарт кифоя, яъни, у иймонли ва тақволи бўлиши лозим экан. Ана ўшанда инсонга осмону заминдан баракотлар эшиги ланг очиб қўйилади. Чунки иймон инсонни баракотли ҳаёт йўлига бошлайди. Чунки тақво инсонни фаровон ҳаёт йўлига солади. Иймон билан тақво бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлганидек, баракот ҳам уларга боғлиқдир. Бу ҳақиқатга каттаю кичик ҳар бир соҳада гувоҳ бўлиши мумкин.).(Аъроф сураси 96-оят.)
Тинчлик ва осойишталик барқарор юртда барака бўлади. Барака бўлиши учун биз иймон ва тақвода бўлсак, жонажон ватанимиз тинч ва осуда бўлишига ҳисса қўшган бўламиз.
Бу барча пайғамбарларнинг суннати ҳамдир. Зеро, Ҳадиси шарифда:“Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”, дейилган.
Тинчлигини йўқотган юрт худди юлдузини йўқотган осмон каби бўлади. Юлдузи йўқ осмон эса зимистондир. Қолаверса, у юртнинг қанчалар унумдор ерлари, гўзал манзарали гўшаларию анҳорлари бўлмасин, у худди бировга манфаати тегмайдиган ва фойда ололмайдиган саҳрога ўхшаб қолади. Бундай юртда на роҳат ва на хотиржамлик бўлади.
Аксинча тинчлиги бор юрт эса агарда у саҳро бўлиб, ундан гиёҳ униб чиқиши қийин бўлса ҳам, у ернинг аҳолисига ўзининг ана шу тинч ватани хотиржам ҳаёт кечириши учун энг қулай маскан ҳисобланади. Демак, ҳар бир жон, у ким бўлишидан қатъий назар, қандай касб, қандай мартаба, қанча обрўга эга бўлмасин, тинчликда ҳаёт кечиришга муҳтож ҳисобланади. Аллоҳга беадад ҳамду саноларимиз бўлсинки, бугун бу мустақил юртимиз тинч, фаровон, осмони мусаффо. Шундай экан, инсонлар нафақат бу тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этишлари лозим.
Унинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасидаги бур ҳисобланади. Бу шукрона эса ёши улуғ отахон ва онахонларимизнинг хайрли дуолари, ёшларимизнинг ҳалол меҳнатлари ва фидокорликлари билан амалга ошади. Бу мустақил юртимизда ҳукм сураётган осуда ҳаётни асраш, унинг барқарорлигига муносиб ҳисса қўшиш – шу азиз Ватанда яшаётган барчанинг, у қайси миллат ва динга мансублигидан, қандай касб билан шуғулланишидан қатъи назар, барчанинг энг асосий вазифасидир.
Аллоҳ таоло юртимизнинг тинчлиги ва хотиржамлигини бардавом қилсин. Барчамизни шу тинч ва осуда юртнинг ривожи учун ўз ҳиссасини қўшадиган инсонлардан қилсин.
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Тўрақўрғон туман
“Исҳоқхон тўра” жоме масжиди
имом-хатиби Суфиев Жаъфархон