islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Расулим – муаллимим!”

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни” ҳамда Робиъул аввал ойи муносабати билан ўқитувчи ва талаба қизлар иштирокида “Расулим – муаллимим!” шиори остида тадбир бўлиб ўтди.

Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Таълим муассасаси ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов институтда фаолият юритаётган ўқитувчи ва мураббияларни қўшалоқ байрам билан мубаракбод этди.

Байрам муносабати билан Саодат Валиевага “Энг фидокор мураббия” сифатида мақтов ёрлиғи ва эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, ўқитувчилар, ходималар ва талаба қизлар ўртасида ўтказилган “Солати нория” саловатини айтиш мусобақаси ғолибалари ҳам мукофотландилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг педагогик услублари ҳақида тақдим қилинган илмий маълумотлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Сийратга бағишланган ребусли бошқотирмани ечишда талабалар фаол қатнашдилар ҳамда видео ролик орқали ўз табрикларни изҳор қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муаллимлар учун керакли бўладиган таълим услублари қуйидагилар: таълим олувчига савол бериш; саволни такроран сўраш ва сўровчини мақташ; янги маълумот етказишда таълим олувчини қизиқтириш; таълим олувчида таасурот қолдириш; маънони очиб беришда ишоралар қилиш.

“Солати нория”:

اللّٰهُمَّ صَلِّ صَلَاةً كَامِلَةً وَسَلِّمْ سَلَامًا تَامًّا عَلٰى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ الَّذِى تَنْحَلُّ بِهِ الْعُقَدُ، وَتَنْفَرِجُ بِهِ الْكُرَبُ، وَتُقْضٰى بِهِ الْحَوَآئِجُ، وَتُنَالُ بِهِ الرَّغَائِبُ، وَحُسْنُ الْخَوَاتِمِ، وَيُسْتَسْقَى الْغَمَامُ بِوَجْهِهِ الْكَرِيْمِ، وَعَلٰى اٰلِهِ وَصَحْبِهِ فِي كُلِّ لَمْحَةٍ وَنَفَسٍ بِعَدَدِ كُلِّ مَعْلُوْمٍ لَّكَ

Маъноси: “Аллоҳим! Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал, тўлиқ салавот ва саломлар бўлсин. Аллоҳнинг фазли ва марҳамати билан, ўша салавот сабабли жумбоқлар ечилур, машаққатлар барҳам топур, ҳожатлар бароридан келур, рағбат қилинган нарсалар қўлга киритилур, яхши хотимага эришилур ҳамда булутлардан ёмғир ёғур. У зотнинг оилаларига ва саҳобаларига ҳам салавоту саломлар бўлсин”.

Нория ёндирувчи олов деганидир. Уламоларнинг айтишича, салавотнинг бундай номланишига сабаб шуки, у ғам ва муаммоларни тезлик билан куйдириб ташлайди.

ТИИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси

доценти Нозима Ибрагимова 

 

433970cookie-check“Расулим – муаллимим!”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: