Дарахтлар ҳар хил бўлади. Соя берадиган дарахтнинг соясидан, мевали дарахтнинг мевасидан истеъфода этамиз. Умуман айтганда, дарахтлар Аллоҳ таолонинг бизга берган неъматларидандир.
Бу дунёда инсон сахийлик дарахтининг шохидан ушласа, у шох уни жаннатга йўллайди. Аммо инсон бахиллик дарахтининг шохини ушласа, у шох уни дўзахга элтади. Бу ҳақда жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Сахийлик жаннатдаги бир дарахтдир, унинг шохлари дунёга тушиб туради. Ким унинг бирорта шохини тутса, у шох уни жаннатга йўллайди. Бахиллик ҳам дўзахдаги бир дарахтдир. Унинг шохлари дунёга тушиб туради. Кимки унинг шохидан тутса, у шох уни дўзахга элтади” – Имом Бухорий ривояти.
Шу сабабли бу дунёда инсоннинг қисмати унинг қайси дарахтнинг шохини ушлашига боғлиқ. Агар инсон ҳаётлик даврида сахий дарахтининг шохларидан ушласа, у икки дунё яхшилигини ушлаган бўлади. Аллоҳнинг розилигида сахий киши чин кўнгилдан яримта хурмони бўлса ҳам муҳтожларга берса, унинг бу ҳиммати катта ажру-савобларга сабаб бўлади. Бу ҳақда шоир шундай ёзади:
Оч қолган гўдакка саховатли зот,
Яримта хурмони дилдан илинди,
Билгилки, бу ҳиммат шу зум, шу заҳот,
Бус-бутун савоб деб қабул қилинди.
Мабодо инсон бахиллик дарахтининг шохларидан ушласа, у дунё ва охират яхшилигидан бебаҳра қолади. Шунинг учун ҳам халқимиз бекорга “Бахилнинг боғи кўкармас” деб бекорга айтмайди.
Аллоҳ таоло барчамизни бахиллик дарахт шохларидан ушлашдан асраб, сахийлик дарахтининг шохларидан ушлашни насиб этсин!
Аллоҳ таоло барчамизни икки дунё саодатига еткарсин!
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
ЎМИнинг Қашқадарё вилояти
вакиллиги ходими Руҳиддин Акбаров