Бугун Қуролли кучларимизнинг ўтган 26 йиллик тарихига назар ташлайдиган бўлсак, миллий армиямизни тубдан ислоҳ қилиш натижасида Ватанни ҳимоя қилиш шарафли касбга айланганини кўришимиз мумкин. Ушбу давр ичида ҳарбий хизматнинг нуфузи бениҳоя ортди. Халқимиз кўча-кўйда ҳарбий либосдаги хизматчиларга янада ҳавас ва ҳурмат билан қарайдиган бўлди. Тақдирини юрт ҳимояси билан боғлаган асл ўғлонлар Ватан меҳрини, халқимизнинг уларга бўлган юксак эътибори, ҳукуматимизнинг ғамхўрлигини ҳамиша юракдан ҳис қилиб хизмат қилмоқдалар.
Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга доир ишлар самарадорлигини ошириш ва фаоллаштириш, бу борадаги таълим-тарбиявий ишларга мамлакатимиз фуқароларини, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларини ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини янада фаол жалб этиш ва ёшлар онгига ватанпарварлик, мардлик туйғуларини сингдириш мақсадида ҳамда 14 январь – “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан 15 январь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти 2-курс талабалари учун Тошкент шаҳар Олмазор туман Мудофа ишлари илари бўйича бўлим бошлиғи полковник Сайфиддинов Абдумалик Абдуқоххорович билан учрашув ташкил қилинди.
Полковник А.Сайфиддинов сўзга чиқиб бугун мустақил мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, жамиятимизнинг барча жабҳаларида муносиб ютуқлар қўлга киритилаётганлиги, хусусан, тиббиёт, таълим, спорт, иқтисодиёт каби ҳарбий соҳада ҳам улкан янгиланишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Шундай бир пайтда Ватан билан ғурурланиш, уни тинчлиги йўлида қайғуриш, уни муқаддас билиб, порлоқ келажаги учун хизмат қилиш эр кишининг юксак фазилат саналади деди – А.Сайфиддинов.
Ҳақиқатан, Ватан, миллат, дин тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир.
Бу борада динимиз таълимотида Ватанни севиш ибодат даражасига кўтарилган соф ва асл исломий қадриятдир. Бундай сифатга эга бўлиш кишининг асосий хусусиятларидан биридир. Дарҳақиқат, энг қадрли неъматлардан бири тинчлик ва хотиржамликдир. Мана шу осудаликни ҳеч иккиланмай бепоён ватанимиз сарҳадларини мардона қўриқлаб турган юрт посбонларининг хизматлари катта деб айта оламиз. Ватан ҳимояси учун ҳарбийлар сафида туриш ҳам динимизда улкан савобли амал саналади.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи вассалам ўз ҳадисларида марҳамат қилиб: “Бир кеча-кундуз “рибот” (яъни душман қаршисида туриб, чегарани ҳимоя қилиш) бир ой рўза (нафл) тутган ва бир ой кечалари туриб (нафл) ибодат қилгандан яхшироқдир” – деган эканлар (Имом Бухорий ривояти).
Ҳанафий мазҳабининг муҳаддис олими Бадриддин Айний “Умдатул қорий” асарида ушбу ҳадисни қуйидагича шарҳлайди. Ҳадиси шарифдаги “рибот” сўзининг маъноси бу душман тарафга қараб туриш, чегарани ҳимоя қилиш ва ёвларни юртига бостириб киришдан муҳофаза қилишдир.
Бундай маънодаги ҳадисларни кўплаб келтириш мумкин. Барча муҳаддислар “рибот” сўзини “чегарани ҳимоя қилиш” деб шарҳлайдилар. Бу юртимиз чегараларида хизмат қилаётган ҳар бир ватан ҳимоячисига тегишлидир.Яна бир саҳоба ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалам: “Лайлатул қадрдан ҳам афзал бир кеча борлигининг хабар берайинми?! У шундай бир кечаки хавф-хатарли ерда ўзининг аҳлини, ватанини ҳимоялаш учун қўриқлайдиган қўриқбоннинг кечаси” – деб марҳамат қилган.
Абу Атийя Холид ибн Маъдон ривоят қилади:Бир куни Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи вассаламга жаноза келтирилди. Бир пайт ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи вассалам қараб: “Ё Расулаллоҳ, унга намоз ўқиманг, чунки у фосиқ киши эди”, дедилар. Сўнгра Пайғамбаримиз одамларга юзланиб сўрадилар: “Сизлардан бирортангиз бу мусулмоннинг исломий хайрли ишини кўрганмисизлар?” Жамоат орасидан бир киши туриб деди: “Ҳа, Эй Расулуллоҳ, бир кеча чегарада у мен билан бирга Аллоҳ йўлида мусулмонларни душманлардан қўриқлаб чиққан эдик”. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом ўша одам билан бирга майитни қабрга қўйдилар. Уни атрофига муборак қўллари билан тупроқ сепиб майитга қараб дедилар: “Албатта сени ўртоқларинг сени дўзахий деб ўйлаяптилар, аммо мен гувоҳлик бераманки, сен албатта жаннатийсан”. Расулуллоҳ ўринларидан туриб: “Эй Умар, сен одамлар вафот этганидан кейин ҳеч хам уларнинг ёмон амалларини эслама, балки хайрли ишларини гапир” – дедилар.
Киндик қони тўкилган, ёшлиги кечган беғубор дамларни ўз ичига олган муқаддас Ватанни, шу мустақил юртнинг бир қарич тупроғини кўз қорачиғидай асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидоий бўлган киши юксак мақомга етиши, улкан ажрлар соҳиби бўлиши ҳақида кўплаб ҳадислар мавжуд. Қуйидаги бир ҳадис бунга далил бўла олади.
Пайғамбар алайҳиссалом “Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ таоло йўлида тунлари посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди”.
Бошқа бир ҳадисда: “Молини, жонини, динини ва аҳлу аёлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳидлик мақомини топур”.
Дарҳақиқат, Ватан ҳимоячиси деган нарса энг шарафли ва олий касблардан бири эканлигини яхши билган йигитларимиз ҳар томонлама, жисмоний ҳам маънавий жиҳатлардан лойиқ бўлишликни яхши англайдилар. Ана шу сифат ва хислатларни эгаллашга ҳаракат қиладилар, зеро улар Ватан ҳимояси ҳаёт-мамот масаласи эканини, уларнинг туруш-турмуши, эл-юрт тақдири шу нуқтада туташишини теран англаб етганлар. Улар аввало ўз ота-оналарини, ака-укаларини, опа-сингилларини ҳимоя қиладилар. Ўзлари туғилган шаҳар, қишлоқларни, қавм-у қариндошлари, бир сўз билан айтганда она Ватанни қўриқламоқдалар.
Буюк аждодимиз Имом Бухорийнинг ҳаёти ҳам Ватанни севишга мисол бўлади. Имомни илм олиши учун оналари Мадинага ташлаб қайтар экан, волиданинг қалбида Ватан, илм ва диннинг ривожига хизматни ўзларига бўлган хизматдан олий қўйиш бор эди. Имом Бухорий юртга қайтганларида баъзи сабабларга кўра, Бухорода тура олмадилар, лекин бирор марта Бухоро учун бало сўраб дуо қилмадилар. Бу ҳам Ватан хизмати, унинг ҳимояси учун жонни фидо қилишдек шарафдир.
Имом Муҳаммад Ғаззолий айтадилар: “Инсон ўз ерига, гарчи у гиёҳ унмас саҳро бўлса ҳам қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқ бўлганда соғинч, ҳужум қилинганда мудофа ва камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалам: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч хам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, – деганлар.
Демак, Ватанни севиш, уни соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳисдир. Бирор сабаб билан ватанини ташлаб, бошқа юртларга кетган кимса энг оғир дамларида уни қўмсаб, кўз олдига келтириши ва туғилиб ўсган замини ҳақида бирор қайғули хабар эшитганда қалбан эзилиши, ютуқларидан қувониши ҳам Ватанга бўлган муҳаббатнинг белгисидир.
Ҳакимлар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги уни Ватанини ҳимоя қилишига, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлишига ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имконият даражасида ҳисса қўшишга ундаши лозим.
Имом Бухорий номидаги
Тошкент ислом институти
Маънавият, маърифат ва иқтидорли
талабалар билан ишлаш бўлими
бошлиғи Ў.СОБИРОВ