Бугунги кунимизда бировнинг савдоси устига савдо қилиш, бировнинг совчилиги устига совчилик қўйиш одатлари кўпайиб кетди. Бу ишларга, аслида, ислом динида қандай қаралади?
Бунга ҳадис орқали жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзиларингиз баъзиларнинг савдоси устига савдо қилишидан, бировнинг совчилиги устига аввалги совчи уни тарк қилмагунича ёки ўзи совчиликка изн бермагунича совчи қўйишидан қайтардилар”, дедилар.
Бу ҳадис-и шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни ўзаро ораларида муҳаббат ва улфат ҳисларини боғлашга қизиқтирмоқдалар, ҳамда, адоват, ўзаро нафрат ва азият бериш сабабларининг баъзиларидан огоҳлантирмоқдалар. Бунга мана бу сўзлари далолат қилмоқда: “Киши биродарининг савдоси устига савдо қилмайди, биродари совчи қўйган аёлга биродари устидан совчи қўймайди. Фақатгина, аввалги совчи уни тарк қилса ёки иккинчи совчига ўз розилиги билан изн берсагина совчи қўйиши мумкин”. Ҳадисдаги баъзилар деган сўздан ҳар бир киши маъноси тушунилади.
Бошқанинг савдоси устига савдо қилишнинг кўриниши қуйидагича: бир киши нарса сотиб олаётган харидорнинг ҳузурига келадида: бу савдони буз, мен сенга мана шу нархга ёки ундан арзонроққа бундан яхшисини бераман, дейди. Ёки бир киши билан савдо қилаётган сотувчининг олдига келиб: бу нарсангни унга эмас менга сот, мен ундан кўпроқ пул бераман, дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу муборак ҳадис-и шарифларида мана шундай ишлар ҳаром бўлгани учун инсонларни улардан қайтармоқдалар. Уламолар ҳам бошқанинг савдоси устига савдо қилиш ҳаром эканига бирдек ижмоъ қилганлар. Чунки бу ишда биродарига азият бериш, унинг қалбида нафрат туйғуларини уйғотиш бор. Бизнинг динимизда бировга зарар бериш ҳам, бировдан зарар кўриш ҳам йўқдир.
Энди бировнинг совчилиги устига совчи қўйишга келсак, бунда бир киши бир аёлга совчи қўяди, улар ўзаро келиши, розилик билдиришади, фақатгина никоҳ аҳдининг ўзи қолган бўлади. Шу пайт бошқа бир одам ўша аёлга совчи қўяди. Бу иш ҳам худди юқоридаги сингари ҳаром эканига уламолар ижмоъ қилганлар. Бунда ҳам биродарига азият бериш бор. Чунки мусулмонга бошқа бир мусулмоннинг моли, жони, обрўси ва шаъни ҳаромдир.
Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
- Инсонларга азият берадиган ҳар бир нарсадан сақланиш;
- Жанжал келтириб чиқарадиган, қалбларни нафратлантирадиган, душманликни юзага келтирадиган нарсаларнинг баридан сақланиш;
- Бировнинг савдоси устига савдо қилишнинг ҳаром экани;
- Бировнинг совчилиги устига совчи қўйишнинг ҳаром экани.
Охират кунига иймон келтирган ҳар бир оқил мусулмон учун бундай ҳаром амаллардан қайтишида мана шу ҳадиснинг ўзи кифоя қилади. Аллоҳ барчамизни Қуръонга ва суннатга амал қиладиганлардан қилсин.
Тошкент ислом институти 4-курс талабаси
Нуриддин Муҳаммаджон