islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ҚУРЪОНДА ЗИКРИ КЕЛГАН ИЙМОНСИЗ КИШИЛАР

  1. Абу Лаҳаб 1 марта.
  2. Озар 1 марта.
  3. Жолут 3 марта.
  4. Сомирий 3 марта.
  5. Фиръавн 60 марта.
  6. Қорун 4 марта
  7. Ҳомон 6 марта

 

АБУ ЛАҲАБ

Абу Лаҳаб (маъноси: дўзах оловининг отаси). Исми Абдул Уззо ибн Абдулмутталибдир. Бу бадбахт кўзи ғилай бўлиб, сочини икки ўрим қилиб юрарди. Ўзи Пайғамбаримизнинг (ота бир она бошқа) амакиси бўлса ҳам, у зотга жуда кўп озорлар етказган эди.[1]

Абу лаҳабнинг Атба ва Утайба исмли икки ўғли Пайғамбар алайҳиссаломнинг қизларига уйланган. Абу Толиб ўлимидан сўнг (619-йил) у бану Ҳошим қабиласининг бошлиғи бўлган. Дастлаб Абу Толиб каби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳомийлик қилган. Аммо Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка аҳли сиғинган уч маъбудни тан олишдан бутунлай воз кечганларидан сўнг, қайноғаси Абу Суфён таъсирида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилишдан бош тортган. Пайғамбар алайҳиссаломни масхаралаб, хотини билан биргаликда у зотга қарши ҳар хил макрлар ишлатган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душманлари ичида Қуръонда исми келтирилган ягона шахсдир. Қуръоннинг 111-сурасида Абу лаҳаб лаънатланади.[2]

ОЗАР

Иброҳим алайҳиссаломнинг оталари Қуръони Каримнинг бир жойида исми зикр қилинган. Унинг асл исми Торих бўлган у ясаган бутнинг исми Озар бўлган шунинг учун бу ном билан аталган. Озарнинг тўлиқ исми Торих ибн Ноҳур ибн Соруғ ибн Арғу ибн Фолиғ ибн Обир ибн Шолих ибн Қайнон  ибн Арфахшад ибн Сом ибн Нуҳ алайҳиссаломдир.[3]

ЖОЛУТ

Жолут – Қуръонда зикр этилган шахс. Толут (Саул)га душман қўшин бошлиғи. Куръонда айтилишича, Толут Жолутга қарши оз сонли қўшин билан отланган, бироқ Аллоҳ таолонинг ёрдами билан зафар қозонган. Жолут Довуд алайҳиссалом томонидан ўлдирилган. Жолут тўғрисидаги ривоятлар келиб чиқиши жиҳатидан турли (барбар, хананей, одий, самудийлардан) бўлсада, лекин у Фаластиннинг туб аҳолиси вакили саналади. Мусулмон ривояти Жолут шахси атрофида исроилликларнинг қўшни халқлар билан кураши ҳақидаги бошқа ривоятларни ҳам гурухлаштирган.[4]

СОМИРИЙ

Уламолар, Сомирий асли сомаролик бўлиб, Бани Исроилга кузатувчи–йўл кўрсатувчи одам эди, деганлар.[5]

Сомирийнинг исми Қуръони Каримда Тоҳа сураси (85, 87, 95) оятларида уч бор зикр қилинган.

Сомирийнинг Бани Исроил кўрмаганини кўргани–Жаброил алайҳиссаломнинг ҳаёт отига миниб келишлари. «Расул»дан мурод Жаброил алайҳиссалом. Изидан олинган бир сиқим эса, Жаброил алайҳиссалом миниб келган отнинг туёғи тагидан олинган тупроқ. У тупроқни сочган жойи эса, Бани Исроилнинг зеб-зийнатлари тўплаб қўйилган жой. Сомирий ана шу ишларни қилганида зийнатлар бузоққа айланиб, ундан овоз чиқадиган бўлади.

Сомирий уларга тилла тақинчоқлардан овоз чиқарадиган бузоқ ҳайкали ясаб берди. Ривоятларда келишича, ҳайкалнинг ортидан шамол кирса, оғзидан бузоқнинг бўкирганига ўхшаш овоз чиқар экан.

Мусо алайҳиссалом Сомирийни Бани Исроилдан қувғин қилдилар. Бани Исроил одати бўйича, «тегиш йўқ» номли қувғин жазоси бор эди. Ана ўша жазо Сомирийга нисбатан қўлланди. У қув­ғин қилинди. Саҳроларда яккамохов ҳолида хору зор бўлиб юрди. Бирор одам кўриниб қолса, «тегиш йўқ» дер эди, холос. Яъни, мен «тегиш йўқ» жазосига маҳкум этилганман, менга тегма, мен ҳам сенга тегмайман, дерди. Бировга бундан бош­қа гап айта олмас эди. Бу Сомирий учун дунёвий жазо эди.[6]

ФИРЪАВН

Фиръавн алайҳи лаъна Қуръони Каримнинг 27 та сурасида 60 ўринда зикр қилинган.

Фиръавн Миср подшоҳи. Мусо алайҳиссалом даврларида Рамзес II фиръавн бўлганини кўпчилик таъкидлайди. Фиръавн туғёнкор, золим ва худолик даъвосини қилган подшоҳдир. Қуръони Каримда Фиръавн худонинг йўлидан чиққан фуқароларни ўз хоҳишига бўйсундиришга ҳаракат этган, кишиларга ўзини Робб сифатида кўрсатган, ўзига бўйинсунмай, уни айтганини қилмаган, унга қул бўлишни хоҳламаган одамларга чексиз зулм ўтказган ягона ҳокими мутлақ бу шахс мустабид подшоҳ ўлароқ тавсифланади.[7]

Қадимги Миср подшоҳларнинг умумий номи. Фиръавнларнинг 31 сулосаси маълум. Қуръонда тилга олинган Фиръавн ўзини Худо деб эълон қилган золим подшоҳ. Аллоҳ унинг ҳузурига Мусо алайҳиссаломни юборди. Аммо Фиръавн унга иймон келтирмайди; аксинча, ўз қудратини намойиш қилиш учун:

“Фиръавн айтди: “Эй, Ҳомон! Мен учун бир (баланд) минора қургин, шоядки мен (унинг устига чиқиб) йўлларга етсам осмонларнинг йўлларига. (Зора) Мусонинг илоҳини кўрсам… ”[8], деб вазири Ҳомонга “Осмонўпар” минора қуришни буюрди. Бундан мақсади самога чиқиб, Мусо алайҳиссаломнинг айтаётган Худоси бор ёки йўқлигини билиб тушиш эмиш. Мусо алайҳиссалом ўз қавми билан мисрдан чиқиб кетишга аҳд қилганда, аскари билан унинг ортидан қувади, лекин денгиз сувлари уни ўз домига тортади. Охирги паллада тавба қилса-да, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилмаган. Яна Фиръавннинг кейинги тақдири тўғрисида Қуръони Каримда шундай дейилади: “Мана бугун сендан кейингиларга белги (ибрат) бўлишинг учун жасадингни қутқарурмиз”.[9] Мазкур оятнинг тафсирида Шайх Абдулазиз Мансур қуйдагича изоҳ берадилар: Фиръавннинг қилмиши ва жазосини кейинги авлод эслаб юрсин, деган маънода Аллоҳ таоло унинг жасадини денгиздан чиқариб қўйишини ваъда қилган. Британия музейига унинг мумиёсиз ҳам ҳалигача чиримаган жасади[10] топиб қўйилгани тўғрисида матбуотда эълон қилинганига анча бўлди.[11]

ҚОРУН

Қорун Қуръони Каримда учта сурада тўрт бор зикр қилинган. Булар Қасос сураси 76-79-оятлар , Анкабут 39-оят, Ғофир 24-оят.

Мусо алайҳиссаломни қавмидан бўлган, Аллоҳ таоло томонидан беҳисоб хазина-давлат берилиб, имтиҳон қилинган шахснинг номи. Унинг бойлиги шу қадар беҳисоб бўлганки, хазинасининг калитларини бир неча одам ҳам кўтара олмаган. Бойлигига мағрур бўлиб, Аллоҳ ва унинг пайғамбари Мусо алайҳиссаломга осийлик ва мутакаббирлик қилгани учун уни ер ютган. Аллоҳ таолонинг лутф ва эҳсонига нонкўрлик қилган ва кибирга кетган инсонлар ана шу Қорунга ўхшатилади. [12]

Ҳаммаси оддийгина тугади. Қорунни ҳам, ҳовли-жойини ҳам ер ютди-қўйди. Қорун ҳам, унинг бойликлари ҳам, кибру ҳавоси ҳам йўқ бўлди-кетди. Қорунга Аллоҳнинг азоби келганида унга ёрдам берувчи топилмади. Унинг ўзи ҳам илми ила, молу дунёси ила ўзини қутқариб қола олмади.[13]

ҲОМОН

Ҳомон Қуръони Каримда учта сурада олти ўринда зикр қилинган. Қасос сураси 6-8-38-оятлар, Анкабут сураси 39-оят, Ғофир сураси 24-36-оятлар.

Ҳомон Мисрниг ёвуз ва золим ҳукумдори Фиръавннинг вазири номи. Кофир Ҳомон инсонларни Фиръавнга сажда ва итоат қилишга, уни буюк илоҳ, деб тан олишда мажбурлашда ҳукумдорга ёрдам берган. Фиръавн бўлажак пайғамбар Мусони тиззасида олиб ўтирганида Ҳомон “Шу бола мулкингни хароб қилади, сенга меросхўр бўлади, бунинг бобоси Иброҳим Ҳалилдир”, деб уни ёмонлаган.[14]

Ҳомон Фиръавн билан бирга сувга ғарқ бўлиб вафот этган.

 405 – гуруҳ талабаси
Шодиев Юсуф

 

[1] Абдул Азим Зиёуддин.  “Сиз пайғамбарни кўрганмисиз”

[2] Зуҳриддин Ҳусниддинов “ислом энциклопедияси”

[3] Раҳматиллоҳ қори Обидов “Пайғамбарлар тарихи исломият тарихидир 2-жуз”.

[4] Зуҳриддин Ҳусниддинов “ислом энциклопедияси”

[5] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва Ҳаёт 20-жуз”

[6] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва Ҳаёт 20-жуз”

[7] Ўша манба.

[8] Ғофир, 36-37-оятлар

[9] Юнус сураси, 92-оят

[10] Қаранг, 15-илова.

[11] Айдарбек Тулепов. “ИСЛОМ ва ақидапараст оқимлар”

[12] Аҳмад Муҳаммад. «Маънолар хазинаси».

[13] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Тафсири ҳилол 4-жуз”

[14] Аҳмад Муҳаммад. «Маънолар хазинаси».

84310cookie-checkҚУРЪОНДА ЗИКРИ КЕЛГАН ИЙМОНСИЗ КИШИЛАР

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: