Инсоният тарихида инсонлар орасидаги тенг ҳуқуқликнинг бузулишига сабаб бўлган омиллардан бири бир дин вакилларининг бошқа бир дин вакилларига диний айримчилик асосида қарашидир. Ўз динига бўлган тарафкашлик туйғуси, ўзга диндаги кишиларга бошқача назар билан қарашга олиб борган. Бу омилдан эса сиёсатчилар доимо ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб келганлар. Қайси бир урушни олиб кўрсак ҳам унинг келиб чиқишида асосий айб сиёсатчиларда бўлиб, ўша сиёсатчилар ким бўлишидан қатъий назар, ҳатто ўзи динсиз бўлса ҳам ўз мақсадига эришиш учун кишилардаги диний омилни яхшилаб ишга солиш пайидан бўлганлар. Сиртдан эса, бир дин билан иккинчи дин уришган, диний уруш деб номланган урушлар бўлиб кўринган. Ҳозирги кунимизда эса, инсонлар динлари қандоқ бўлишидан қатъий назар тенг ҳуқуқли эканликлари шиори олдинга сурилмоқда.
Ўз-ўзидан Ислом бу масалага қандоқ қараган, деган савол пайдо бўлади. Баъзи кишилар, саволга ўрин йўқ, ҳамма нарса маълумку, дейиши мумкин. Нима маълум? десангиз, Ислом мусулмонларга ғайри динларни ўлдиришни фарз қилган, жиҳод фарз, мусулмон одам қайерда ғайри динни кўрса ўлдириши керак, ҳозирги тинч-тотув яшаш ҳақидаги гаплар замоннинг зайли билан айтилаётган гаплар холос, дейишади.
Ҳақиқатдан шундоқми? Келинг, бир холисона ўрганиб чиқайлик. Инсоният тарихида бошқа дин вакиллари билан қандоқ қилиб тинч тотув яшаш мумкин, деган савол Исломгача ташланган эмас. Тарихда биринчи бўлиб Ислом дини турли динга эътиқод ва амал қилувчилар биргаликда, бир жамиятда яшашлари мумкинлиги фикрини олдинга сурди ва бу фикрни ҳаётда татбиқ қилди. Агар Исломдан олдин бу масалани кўтарган, унга амал қилган дин ёки тузум бўлса, унинг исботи бўлса биладиган кишилар раддия қилсинлар, марҳамат!Ислом эса самовий динларнинг барчасини асли бир, ҳаммаси Аллоҳдан деб эълон қилди. Аллоҳ таоло «Шўро» сурасида:
«У зот сизга диндан Нуҳга тавсия қилган нарсани ва Сенга (эй Муҳаммад) ваҳий қилган нарсани, Иброҳимга, Мусо ва Ийсога тавсия қилган нарсамизни шарият қилиб: «Динни барпо қилинглар ва унда тафриқага тушманглар, дедик», дейди. (13 оят).
Демак, Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Ийсо алайҳиссаломларга дин юборган Аллоҳ, Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам дин юборган. Уларни пайғамбар қилиб танлаб олган. Шу билан бирга Аллоҳ томонидан юборилган мазкур пайғамбарларга Аллоҳ томонидан бир хил фармон ҳам бўлган. У фармон, «Динни барпо қилинглар, унда тафриқага тушманглар», деган амри илоҳийдан иборат бўлган. Албатта, бу эълон дунё динлари тарихида янги саҳифа эди. Бу маънони Исломгача бирор дин ёки тузум эълон қила олмаган эди. Ушбу қоидага биноан мусулмонларга барча самовий динларга Исломга иймон келтиргандек иймон келтириш фарз қилинган. Агар мусулмон киши мазкур динлардан бирортасини инкор қилса, уларга ҳурматсизлик назари билан қараса, диндан чиқади.
Шунингдек, мусулмон инсон Аллоҳ таоло томонидан юборилган пайғамбарларнинг барчасига, уларга нозил қилинган китоб ва саҳифаларга бирдек иймон келтирмоғи, улардан бирортасини фарқлаб четга чиқариб қўймаслиги лозимлиги қаттиқ таъйинланган. Аллоҳ таоло бу ҳақда мусулмонларга хитоб қилиб «Бақара» сурасида:
«Аллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Ёқуб, Асботларга туширилган нарсага, Мусо ва Ийсога берилган нарсага ва пайғамбарларга Роббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик. Уларнинг орасидан биронтасини фарқламаймиз ва биз унга мусулмонлармиз», деб айтинглар». (136 оят).
Ушбу ояти каримага биноан ҳар бир мусулмон шахс Аллоҳ томонидан юборилган ҳамма пайғамбарларга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтиргандек иймон келтириши, Аллоҳ томонидан туширилган китобларга Қуръони каримга иймон келтиргандек иймон келтириш лозим. Агар улардан бирортасига иймон келтирмаса ёки уларни беҳурмат қилса мусулмонлиги қолмайди. Бу ҳам дунё динлари ва тузумлари тарихида улкан янгилик эди.
Лекин Ислом мазкур масалада фақат ақийда масаласидаги кенгбағирлик билан кифояланиб қолмади.
Манбалар асосида тайёрланди.
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси, Тўрақўрғон туман
“Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби Жаъфархон СУФИЕВ