عن أبي هريرة رضي الله عنه قال كان أهل الكتاب يقرأون التوراة بالعبرانية ويفسرونها بالعربية لأهل اللإسلام فقال رسول الله صلى الله عليه وسلم لا تصدقوا أهل الكتاب ولا تكذبوهم “وقولو آمنّا بالله وما أنزل إلينا…” اللأية
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтдилар: “Аҳли китоб тавротни иброний тилида ўқир ва ислом аҳлига уни араб тилига таржима қилиб берар эдилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аҳли китобни тасдиқ этмангизлар ва уларни ёлғонга ҳам чиқарманглар. “Аллоҳга ва бизга нозил қилинган нарсаларга иймон келтирдик” деб айтингизлар”.
Ушбу ҳадисда набиййимиз саллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни ўзлари билмаган масала борасида фикр билдиришдан, билиб-билмай ҳукм чиқариб қўйишдан қайтармоқдалар. Зеро, ҳар бир мўмин-мусулмон Аллоҳ таоло Ўз набийларига нозил қилган китобларга иймон келтиришга буюрилгандир. Бақара сурасининг 136-оятида Ҳақ субҳанаҳу ва таоло марҳамат қилиб айтадики:
قُولُوا آمَنَّا بِاللَّهِ وَمَا أُنزِلَ إِلَيْنَا وَمَا أُنزِلَ إِلَى إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ وَالْأَسْبَاطِ وَمَا أُوتِيَ مُوسَى وَعِيسَى وَمَا أُوتِيَ النَّبِيُّونَ مِن رَّبِّهِمْ لَا نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِّنْهُمْ وَنَحْنُ لَهُ مُسْلِمُونَ
“Айтинглар: “Аллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исъҳоқ, Яъқуб, асботларга туширилган нарсага, Мусо ва Ийсога берилган нарсага ва Пйғамбарларга Роббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик. Уларнинг орасидан бирортасини фарқламасмиз ва биз Унга мусулмонлармиз”.
Лекин, биз ушбу китоблардаги саҳиҳ бўлмаганларидан ажрата олишга имконимиз йўқ. Чунки уларга ўзгартириш киритилган. Бу борада Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида марҳамат қилиб айтади:
فَوَيْلٌ لِّلَّذِينَ يَكْتُبُونَ الْكِتَابَ بِأَيْدِيهِمْ ثُمَّ يَقُولُونَ هَذَا مِنْ عِندِ اللّهِ لِيَشْتَرُواْ بِهِ ثَمَناً قَلِيلاً فَوَيْلٌ لَّهُم مِّمَّا كَتَبَتْ أَيْدِيهِمْ وَوَيْلٌ لَّهُمْ مِّمَّا يَكْسِبُونَ
“Китобни ўз қўли билан ёзиб, сўнгра уни арзон баҳога сотиш учун: “Бу Аллоҳнинг ҳузуридан”, дейдиганларга ҳалокат бўлсин! Уларга қўллари билан ёзган нарсаларидан ҳалокат бўлсин! Уларга топган фойдаларидан ҳалокат бўлсин!” (Бақара, 79)
Ушбу ўзгартириш туфайли ҳақ ила ботилнинг аралашиб кетганлиги учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисни айтмоқдалар. Таврот ва Инжилдаги баъзи маълумотларнинг тўғри бўлиш эҳтимоли ҳадисдан англашилиб турган бўлсада, Аллоҳ таоло уни қиёматгача ҳифз этишни ваъда берган Қуръони карим уларнинг барчасидан беҳожат қилади.
Лекин шу жойда ҳақли савол туғилади: “Ушбу китобларлардан мутлақо хабардор бўлиш мумкин эмасми?” Бунга қуйидагича жавоб берилади: “Юқоридаги масала борасида одамлар икки тоифага: илмсиз бўлган ҳамда мустаҳкам илмга эга бўлганларга тақсимланадилар. Ибн Ҳажар Асқалоний “Чуқур илм эгалламаган кишига бу мумкин эмас. Мустаҳкам илмли олим эса вазият тақозосига қараб ўша китобларни маълумот учун ўрганиб чиқиши жоиз” деганлар.
3 курс талабаси
Нодиров Ҳумоюн