islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

МЎМИННИНГ УЙҚУСИ ҲАМ ИБОДАТ

 Тунги уйқуга ётмоқчи бўлган одам, энг аввало Аллоҳ таоло буюрган яхши ва эзгу амалларга куч тўплашни ният қилиши ва баданига роҳат бўлишини ўйлаши керак.
Ётиш олдидан дарвоза-эшиклар беркитилади, сув идишлари ва озиқ-овқатлар усти ёпиб қўйилади, чироқлар ва ёниб турган олов бўлса, ўчирилади. Таҳорат олиб, тишларни мисвок ёки тиш чўткасида тозалаб, сўнг уйқуга ётилади. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қўлларида овқат юқи билан ётиб, ухлаган одамга бирор касаллик етса, ўзидан кўрсин», дейилган. Киши тўшакка ётаётганида кўрпани ва уйқу кийимларини қоқиб ташлаши керак. Ухлашдан олдин ўқиш тавсия этилган оят ва дуоларни такрорлаб, ўзига дам солиб ётиш хотиржамлик бағишлайди. Уйда ёлғиз ўзи ухламаслик, ётганида қиблага ёки муқаддас китоблар турган томонга оёқ узатмаслик керак.

 Кўп ухлаш соғликка зарар, юзни сарғайтиради ва кишини ланж, ҳафсаласиз қилиб қўяди. Бир кеча-кундузда беш соатдан саккиз соатгача ухлаш етарли. Чунки донишмандлар кўп гапириш, кўп ейиш қаторида кўп ухлашни ҳам ёмон санашган. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тонгда ухлаш ризқни камайтиради», деганлар. Қуёшнинг чиқиш ва ботиш пайтларида, қорин жуда тўқлигида ёки очлигида ухлаш ҳам соғликка зарар. Ошқозон ишлашда давом этса, инсон ухлаб дам ололмайди ва ҳолсиз бўлиб уйғонади. Ошқозон ишлаганда мия ҳам ишлашда давом этади. Шунинг учун қорин тўймасдан, ейишни тўхтатиш суннатдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси муборакларида: “Ким аср намозидан кейин ухласа, ақлдан озиб, жинни бўлади. Шундан сўнг, бошқани маломат қилмасин”, деганлар (Абу Яъло ривояти).

 Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бундай деганлар: «Уйқу уч хил – табиий, фазилатли ва фойдасиз бўлади. Табиий уйқу тун пайтидагиси, фазилатлиси чошгоҳ уйқуси, фойдасизи эса, куннинг охиридаги уйқудир. Бу пайтда фақат аҳмоқ, маст ёки касал киши ухлайди».
Юзтубан ёки чалқанча ётиш тарбиясизлар одати саналади. Ҳалимийнинг “Минҳаж” китобида аёлларнинг чалқанча ётиб ухлаши ва эркакларнинг юзтубан ётиши макруҳ дейилган. Ибн Сино ёзишича, чалқанча ётиб ухлаш кишида сакта, фалаж, босинқираш касалликлари келиб чиқишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Юзтубан ётган кишини кўрганларида, уни уйқудан уйғотиб: “Бу ишёқмасларнинг ётишидир. Юзини ерга қилиб ётган кишига Аллоҳнинг ғазаби бўлади”, деганлар. Ўнг ёни билан ётиб, ўнг қўл кафтини юз остига қўйиб ухлаш яхшидир. Чунки Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васаллам ҳам шу тарзда ухлаганлар. Қолаверса, тиббиёт мутахассислари бундай ухлашда тана аъзоларининг ишлаши, модда алмашинуви яхшиланишини исботлашган. Баъзи табиблар чап ённи босиб ётишни тавсия қилишади. Чунки бундай ётиш овқат ҳазмини осонлаштиради. Айримлар озгина вақт ўнг тараф билан, сўнг чап тарафга ағдарилиб ётишни яхши санашган.
Ибн Жавзий раҳматуллоҳи алайҳи “Тиб” китобида: “Ёз кунлари қуёш нури остида ухлаш эски касалликларни қўзғайди. Ой нури остида ухлаш инсон рангини сарғайтиради ва бош оғриғига сабаб бўлади”, деб ёзади. Жасадининг ярми сояда ва қолган ярим аъзоси қўёш нурида қолиб ухлаши касалликларни келтириб чиқаради.
Куннинг биринчи ярмида бир-икки соат ухлаб олинса, одам кун бўйи енгил юради. Бу “Қайлула” дейилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайлула қилинглар, чунки шайтон қайлула қилмайди. Қайлула заволдан олдин бўлади”, деганлар.

Очиқ жойларда, далада ухлаганида ўзини турли зарарли ҳашорат ва ҳайвонлардан ҳимоялашга ҳаракат қилиш ҳам ухлаш одобига киради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким усти ёпилмаган очиқ жойда ухлаб ўлса, айбни ўзидан кўрсин”, деганлар. Донишмандлардан бири ухлаш тартибини қисқа сўзлар билан баён қилдилар. Ўнг тарафга қараб ётиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган ётиш. Осмонга қараб ётиш Пайғамбарлар ётиши. Чап ёни билан ётиш, табиблар тавсия қилган ётиш (қорин тўқ бўлганда чап ёни билан ётилса, ошқозон ишлаши осонлашади). Пастга қараб ётиш макруҳ ётишдир, деган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси муборакларида эрта ухлаб эрта туришга тарғиб қилган. Яна бир ҳадиси шарифларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким таҳорат олиб ётса, ётган ўрни масжид, уйқуси намоз ва олган нафаси тасбеҳ ва истиғфор бўлади. Ким таҳоратсиз ётса, ётган ўрни қабр, уйқуси ўлим ва олган нафаси шикоят ва ғийбат бўлади”, деганлар. Таҳорат қилиб ётилса, уйқу ҳам ибодатга айланиши айтилган. Энг муҳими таҳорат олиб “Амма сурасини” ўқиб, ихлос билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришни ният қилиб ётилса, албатта кўриши тажрибада синалган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло ғайратли бандаларини яхши кўради”, деган. Аллоҳ таоло тунларимизни тинч, уйқуларимизни фойдали қилсин. Аллоҳумма солли васаллим ва барик алайҳ.

 “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси 
Ф.Абдулҳамидов 

93150cookie-checkМЎМИННИНГ УЙҚУСИ ҲАМ ИБОДАТ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: