Бу воқеа муборак Рамазон кунларининг бирида бўлган эди. Ифторлик вақтига яқин қолганда Адҳам янги ёпилган нон сотиб олиш учун новвойхонага борди. Новвойхона олдида кўпгина инсонлар навбатда турар эди. Ифторлик вақти яқин қолганлиги боис навбатда турган инсонлар бетоқат бўлар, новвой ҳам имкон қадар тезроқ ишлашга ҳаракат қилар эди. Албатта бир вақтнинг ўзида нонларни харидорларга узатиш ва уларнинг пулларини санаб олиш осон эмасди. Адҳамнинг навбати ифорликка жуда оз сониялар қолганида етиб келди. Чарчаб қолган сотувчи унга керагидан ортиқ қайтим бериб юборди. Адҳам иккиланиб бир қўлидаги пулларга бир сотувчига қараб туриб қолди. Новвой унга қараб: “Тинчликми, ҳаммаси жойидами, болакай?” – деди. Адҳам эса: “Ҳаммаси яхши”-деди-да, пулларни кўтарганча уйига югуриб кетди. Кечки овқат вақтида у бир оз ўйчан кўринар эди. Кечқурун ўз жойига ётганида унинг безовталиги янада ортди. Гўёки кимдир ғойибдан унга: “Сен нега бундай йўл тутдинг? Нега бировнинг ҳаққига хиёнат қилдинг?”- дегандек бўлаверар эди. Адҳам бўлиб ўтган воқеаларни ҳаммасини онасига айтиб беришга қарор қилди-ю аммо дарҳол бу фикридан қайтди. Онаси бу иши сабабли қаттиқ уришишидан ва уялтиришидан қўрқди. Туни билан босинқираб ғалати тушлар кўриб уйғонган Адҳамни сахарлик вақтида ҳам безовталик тарк этмаган эди. Кундузи унинг кўзи деворда илиниб турган тақвимга тушди. Тақвимга яқинроқ борганида унинг очиқ саҳифасида ёзилган Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларини ўқиди: “الإثم ما حاك في صدرك و كرهت أن يطلع عليه الناس” (رواه مسلم) “Гуноҳ бу – қалбингни қийнаган ва сен бошқалар уни билиб қолишидан қўрқадиган амалдир” (Муслим ривояти) Адҳамнинг юзлари қизариб кетди. Гўёки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳадисни айнан у учун айтгандек эди. У тўғри новвойхонага борди. Сўнгра новвойдан узр сўраб ўзига тегишли бўлмаган пулларни қайтариб берди. Адҳам нақадар тўғри иш қилди ва ўзини гуноҳдан сақлаб қолди! Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 756
Тошкент ислом институти 1-курс талабаларига 2019 йил 16 май куни “Ислом ва ҳозирги замон” фанидан доцент, сиёсий фанлар номзоди Баҳром Хўжанов иштирокида “Мусулмон давлатларидаги геосиёсий жараёнлар” мавзусида маъруза дарси ташкил этилди. Талабалар маъруза тинглаш билан бирга мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. 569
Тошкент ислом институти 1-курс талабаларига 2019 йил 16 май куни “Мусулмон мамлакатлар янги тарихи” фанидан Ўзбекистон халқаро ислом академияси кафедра мудири, сиёсий фанлар доктори, профессор Зоҳидулло Мунаваров иштирокида “Араб дунёси бугунги халқаро муносабатлар тизимида” мавзусида маъруза дарси ташкил этилди. Талабалар маъруза тинглаш билан бирга мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. 575
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 2019 йил 15 май куни Бухородаги Мир Араб олий мадрасасида ўрта махсус ислом таълим муассасалари битирувчилари ўртасида “Ягона олимпиада” танловининг республика босқичи ўтказилиши белгиланди. Бугун 15 май “Ягона олимпиада” танловининг республика босқичи бошланиб, танлов муносабати билан Мир Араб олий мадрасасига Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари, республикамиздаги 9 та ўрта махсус ислом таълим муассасаларидан иштирокчи талабалар, шунингдек, ўқитувчилар ҳамда таълим муассасалари раҳбарлари ташриф буюрди, хабар берди Мир Араб олий мадрасаси Матбуот хизмати. Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом билим юртлари битирувчи босқич талабалари ўртасида ўтказиладиган “Ягона олимпиада” танлови Низомига мувофиқ ягона олимпиада иштирокчилари қуйидаги фанлар бўйича синовдан ўтказилди: 1-блок: фиқҳ, ақоид (тест) 50 балл 2-блок: араб тили (ижодий имтиҳон) 30 балл 3-блок: Ўзбекистон тарихи (тест) 20 балл. Ягона олимпиада иштирокчилари синовдан ўтказилиб, танлов ғолиблари қуйидаги тартибда тақдирланди: I ўринни эгаллаган иштирокчи “Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Эшбоев Шоҳзод Нормаматович тўлов-контракт асосида олий диний таълим муассасасига конкурссиз ўқишга қабул қилиш ва 1-даражали диплом; II ўринни эгаллаган иштирокчи “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Узоқов Абдулвосид Абдувоҳид ўғли олий диний таълим муассасасига ўқишга кириши учун имтиҳон натижалари бўйича ўзи тўплаган балнинг 25 фоизи миқдорида қўшимча балл қўшиб бериш имтиёзи, 2-даражали диплом ва микротўлқинли печь; III ўринни эгаллаган иштирокчи “Мир Араб” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Хамидов Абдулбосит Орифжон ўғли олий диний таълим муассасасига ўқишга кириши учун имтиҳон натижалари бўйича ўзи тўплаган балнинг 15 фоизи миқдорида қўшимча балл қўшиб бериш имтиёзи, 3-даражали диплом ва чангютгич билан тақдирланди. Ўрин эгалламаган иштирокчилар 300.000 (уч юз минг) сўм миқдоридаги китоблар тўплами ва фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. Танлов кун тартибида ташрифнинг маданий-маърифий қисми ҳам назарда тутилган бўлиб, унга кўра Мир Араб олий мадрасасига “Ягона олимпиада” танлови муносабати билан ташриф буюрган барча меҳмонларни кўҳна ва навқирон Бухоройи шариф бўйлаб саёҳат қилдириш, шу жумладан, дунёга машҳур “Етти пир” зиёратгоҳларига олиб бориш режалаштирилган. Зеро, Президентимиз Ш.Мирзиёев ҳам жорий йилнинг 29 март куни Бухородаги “Етти пир”нинг биринчиси ҳисобланадиган Абдухолиқ Ғиждувоний мақбарасини зиёрат қилиш асносида: “Китобда ўқиш бошқа, зиёрат қилиб, юракдан ўтказиб ўрганиш бошқа. Бу жой маърифат маркази бўлиши, одамлар ўзига илм олиб кетиши керак”, деб таъкидлади ва Абдухолиқ Ғиждувоний мажмуасига имом-хатибларни жалб этиб, уларга алломаларимиз маънавий меросини тўғри ва чуқур ўргатиш, халқимизга етказиш бўйича топшириқлар берди. 679