Ибодатда ихлос ва ният алоҳида ўрин тутади. Ибодатнинг сиҳҳати, қабулияти ундаги ниятга боғлиқ. Ихлос ва ният шу даражада аҳамиятлики, у билан ибодатлар ухровий ва дунёвийга ажраб кетади. Ташқи кўриниши ибодат бўлиб кўринган амалга риё, ужб каби дунёвий ғаразлар аралашиб қолса охират амалидан дунё амалига айланади. Аммо ташқаридан қаралганда дунё амалидек кўринган амаллар тўғри ният билан охират амалига айланади. Мисол тариқасида, бир вақтда вафот топган икки кишини оламиз: Бири масжидда жон берди; иккинчиси тунги клубда. Масжидда ўлган жаҳаннамга, тунгги клубдагиси эса жаннатга дохил бўлди. Нима учун? Тунгги клубда жон берган одам у ерга яхшилликка даъват учун кирган эди. Қазо етиб ўша ерда вафот этди. Масжидда ўлган эса, намозхонларнинг нарсаларини ўғирлаш учун кирганди. Ажали етиб ўғирлик жараёнида ўлди. Уларнинг ниятидан бехабар одам жон топширган маконларига қараб уларнинг оқибати ҳақида хулоса бериши мумкин. Масжиддаги жаннатга, тунгги клубдаги жаҳаннамга. Аммо уларнинг нияти борар жойларини алмаштириб юборди. Ана ниятнинг аҳамияти! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Амаллар ниятга боғлиқдир”, деб марҳамат қилганлар. Бу мазмундаги ҳадисни уламолар “диннинг ярми” деб баҳолаганлар. Бундан ташқари ибодатдаги ихлос ва ният ҳақида кўплаб ҳадис ва саҳобаларнинг таълимлари ворид бўлган. Қуйида улардан бир қанчасини бирга баҳам кўрамиз: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлоси Савбон розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ билан бир йиғинда бирга ўтириб қолдим. Ул зот: “Амалларида Аллоҳнинг ризолигини кўзловчи ихлослиларга Тубо бўлсин-ки, улар билан ҳар қандай фитна зулмати ёришиб кетади”—дедилар. Довуд ибн Муҳаммад Абу Абд Наббожийдан эшитиб айтади: “Бешта хислат бор, ўшалар билан кишининг иймони мукаммал бўлади: Аллоҳни танимоқ; ҳақ билан ботилни фарқига бормоқ; амалларни ихлос ила Аллоҳ учун қилмоқ; Амалларни суннатга мосламоқ; ҳалолдан емоқ. Булар билан иймон камол топишлигининг маъноси шуки, банда Аллоҳни танисаю аммо ҳақ билан ботилни фарқига бормаса, унга маърифати фойда бермайди. Шунингдек, ҳақни билсаю, аммо Аллоҳни танимаса бунда ҳам унга ухровий манфаат йўқ. Агар Аллоҳни таниса, ҳақ билан ботилни ҳам ажратса, бироқ амалларида ихлос етишмаса у ҳам бесамардир. Аллоҳни ҳам, ҳақни ҳам таниб, амалини ихлос ила бажариб лекин суннатга хилоф иш қилса унинг ҳам фойдаси йўқ. Мабодо тўрт шартни тўлиқ бажариб лекин ризқини ҳаромдан топса бунда ҳам нафлана олмайди”. Рабийъ ибн Анасдан ривоят қилинди: “Диндорликнинг аломати амалдаги ихлос, илмдорликнинг аломати эса Яратгандан қўрқмоқдир!”. Абдулазиз ибн Руфай Абу Сумомадан ривоят қилади: “Исо пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаворийлари сўради: Аллоҳ учун ихлос қилиш нима? У киши деди: Амал қилганда унинг ортидан одамларнинг олқишларини кутмаслик ихлосдир! Улар яна сўради: Аллоҳ учун насиҳат қилувчи деб кимга айтилади? У киши жавоб берди: Аллоҳнинг ҳаққини одамларнинг ҳаққидан юқори қўя олган, олдида бири дунёвий иккинчиси ухровий бўлган икки иш кўндаланг бўлганда дунёвийсидан ухровийсини устун қўя олган киши Аллоҳ учун насиҳатгўй кишидир!” Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Солиҳ амал бу шундай амалки, уни амалга оширганда Аллоҳдан бошқасидан мақтов умид қилинмайди!”. Аллоҳ таоло барчаларимизни амалларни ихлос билан қиладиган бандалар қаторида қилсин! Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжиди имом хатиби Авазбек Мўминов 588
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2015 йил 25 январдаги 01А/013-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Диний таълим муассасалари битирувчиларининг иш тақсимотини тартибга солиш тўғрисида”ги Низомга мувофиқ битирувчиларни тўлиқ иш тақсимоти амалга оширилиши йўлга қўйилган. Мазкур Низомга кўра ҳар ўқув йили якунида Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Масжидлар билан ишлаш, Таълим, Ходимлар бўлимларининг масъул ходимларидан иборат Тақсимот ҳайъати томонидан, ЎМИнинг ҳудудлардаги вакилликлари билан келишган ҳолда, битирувчи талабалар билим савияси, салоҳияти, қобилияти, малака ва кўникмаларини инобатга олган ҳолда жойлардаги вакант ўринларга камида 2 йил ишлаб бериш шарти билан ишга жўнатилади. Тошкент ислом институтида жорий йилнинг 29 апрелида 2018-2019 ўқув йили битирувчи талабаларини иш билан таъминлаш мақсадидаги иш тақсимоти бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Мажлисда Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири М.Қаюмов, Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири С.Шерхонов, институт ректори У.Ғафуров, проректорлар У.Ходжаев, Ж.Мелиқўзиев ва кафедра мудирлари иштирок этди. Йиғилиш иштирокчилари битирувчиларнинг доимий яшаш жойига яқин масофада бўлган масжидларда имом-хатиб, имом ноиби ҳамда диний билим юртларида ўқитувчи вазифаларига тайинлаш мақсадида ишлаб чиқилган тақсимоти лойиҳаси бўйича талабалар билан юзма-юз суҳбатлашиб, фикрлари ўрганиб чиқилди. Суҳбат охирида битирувчиларнинг олдида турган вазифалари нақадар шарафли, масъулиятли эканини яна бир бор эслатиб ўтилди ҳамда буюк хизмат арафсида турган ёш кадрларга ишонч билдирилди ва уларнинг келгуси фаолиятларига доир қимматли тавсия ва насиҳатлар билдирилди. Ўқув-услубий бўлим 831
Имом Ҳофиз Абу Али Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Абдураҳим ал-Муборакфурий қаламига мансуб яна бир шарҳ «Туҳфат ул-Аҳвазий бишарҳи ат-Термизий»дир. Тўрт жуздан иборат бўлган бу асар 1979 йилда Байрутда нашр қилинган (Ҳиндистон нашри ҳам мавжуд). Бу шарҳ аввалида Мусанниф икки жилдли «Муқаддимату Туҳфатул-Аҳвазий»ни келтириб бунда бир боб бўлиб, боб ичида қирқ битта фаслга бўлган. Биринчи фасл ҳадис илми бўйича таъриф берилиб, яна кейинги фаслларда Жомеи Термизий ичидаги мавзулар, сўзларга алоҳида тўхталиб ўтилган. Яна ровийлар ҳам алоҳида фаслда келтирилган. Фасллар ичида ал-Муборакфурий розияллоҳу анҳунинг асарлари ҳам алоҳида зикр қилинган. “Туҳфатул Аҳвазий ’’ шарҳига келадиган бўлсак, У тўртта катта жилддан иборат. Ер юзида ундай бошқа шарҳ топилиши қийин. Ислом мамлакатлари уламолари бунга таҳсин айтган. Шайх бу шарҳда бир неча алоҳида хусусиятларни келтирган. Уларни бир-бир келтириб ўтамиз: Термизий ровийларидан ҳар бир ровийнинг таржимаи ҳолини алоҳида алоҳида зарурат ва ҳожат миқдорида келтириб, баъзи ўринларда баъзи ровийларнинг таржимаи ҳолини кенг қилиб келтирилган. Термизий ривоят қилган ҳадисларни тахриж қилган ва уларни жомесининг бобларига монанд келтирган. Яъни Имом Термизий ҳадисларни тахриж қилган муҳаддислардан мувофиқ келган исмларни, асар ва таълифларига ийродларни зикр қилган. Иснодий ва матний мушкилаларни изоҳлаш ва уларнинг ечимида бор кучини сарфлайди. Ҳадисларни шарҳлаш, изоҳлашда ҳадис ва фиқҳ уламоларининг эътиборли сўзларини, суянарли баҳсларини келтирган, эҳтимолли, рози бўлинмаган сўзларни келтирмаган. Термизий ҳар бир бобда ўзининг «Бу бобда Фалон Фалондан қилган ривояти ҳам бор» жумласи ила келтирган ҳадисларни тахриж қилган, имкони борича лафзлари билан зикр қилган. Баъзилари борасида ўзининг фикрларини билдириб, баъзилари ҳақидаги танқидчи муҳаддисларнинг сўзларини келтирган. Имом Термизий кўп бобларда одатига хилоф тарзда бобга тўғри келадиган ҳадисларни зикр қилмаган. Шайх уларни зикр қилиб, тахриж қилган. Имом Термизий мазҳаб уламоларини камдан кам зикр қилган. Шайх ихтилофларни кенг қилиб баён қилган. Имом Термизий зикр қилмаган бир неча уламоларнинг сўзларини зикр қилган. Имом Термизий ҳадис ва унинг тасъҳиҳи борасида тасоҳулга йўл қўйган. Шайх таҳсини Имом Термизийнинг таҳсини ва тасъҳиҳидан кейин бир неча бошқа аҳли ҳадиснинг тасъҳиҳини қалб хотиржам бўлиши учун зикр қилиб қўйган. Имом Термизий ҳадисни тасъҳиҳи борасида тасоҳул қилган ўринлардан алоҳида огоҳлантиради. Имом Термизий бир неча ўринларда аҳли илмларнинг ихтилофларини зикр қилгану лекин рожиҳни маржуҳдан ажратмаган. Шу ўринларнинг рожиҳини зоҳир қилган. Имом Термизий фақиҳларнинг мазҳабларини ва уларнинг сўзларини зикр қилиб, бу мазҳаблар ва сўзларнинг далилини зикр қилмаган. Шайх эса буларга алоҳида тўхталиб далилларни келтирган. Маржуҳ қовлларнинг далилларини заиф қилган. Ўзининг наздидаги рожиҳ сўзни таҳқиқ қилиб, асар ва ҳадислар билан қўллаб қувватлайди. Бирини иккинчисидан таржиҳ қилишда ўта эҳтиёткор бўлган. Тошкент ислом институти талабаси Юсуф Хушвактов 857
Анҳорлар ҳақидаги зикр Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Анас Ибн Молик розияллоҳу анҳу Молик ибн Соъсоъа розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда келган. Унда: “(Жибрил) айтди: “Бу Сидротул Мунтаҳо”. Қарасам, тўртта анҳор бор экан. Иккитаси зоҳир ва иккитаси ботин. Шунда мен: “Бу нима эй Жибрил?”, – дедим. У: “иккита ботини жаннатдаги анҳорлар. Иккита зоҳири эса Нил ва Фурот”, – деди”[1], – дейилади. Молик розияллоҳу анҳудан қилинган бошқа ривоятда: “Унинг аслида (яъни Сидратул Мунтаҳонинг) тўртта анҳор бор”, – деб айтилган. Шарик розияллоҳу анҳунинг ривоятида эса: “Дунё осмонида иккита анҳор бор экан, тинмай оқиб туришган эди. Ва: “Эй Жибрил, бу икки анҳор нима?”, – деб сўрадилар (Расулуллоҳ соллаллоу алайҳи васаллам). У: “Бу Нил ва Фурот, иккаласининг унсури (боши)”, деди. Сўнг осмонда давом этдилар ва бошқа бир анҳор кўрдилар, унинг устида маржон ва забаржаддан бўлган қаср бор. Қўли билан урсалар, у ўткир ҳидли миск экан. “Бу нима эй Жибрил?”, – дедилар. У: “Роббингиз сиз учун яшириб қўйган Кавсар”, – деди….”. Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Саҳиҳи Муслим”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Жаннатдаги тўрт анҳор: Нил, Фурот, Сайҳон ва Жайҳон”, – деб айтилади. Бу эса Сидратул Мунтаҳо жаннатда экилганлигини эҳтимол қилади. Анҳорлар эса унинг остидан чиқади. Шунда у (Сидратул Мунтаҳо) жаннатда эканлиги саҳиҳ бўлади”[2], – дейдилар. “Дунё осмонида иккита анҳор бор экан, тинмай оқиб туришган эди. Ва: “Эй Жибрил, бу икки анҳор нима?”, – деб сўрадилар (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам). У: “Бу Нил ва Фурот, иккаласининг унсури (боши)”, деди. Ушбу ҳадисдаги “унсур” сўзи луғатда “асл”, бу ерда эса “иккаласининг жамланиш жойи”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сидротул Мунтаҳонинг олдида жаннатнинг икки анҳорлари билан яна иккита анҳор кўрдилар. Ва бу дунёда эса Сидратул Мунтаҳонинг остидан чиққан анҳорларни ёлғиз, жаннатнинг икки анҳорисиз кўрдилар. Бу ҳадисдаги “унсур”лафзи билан дунё осмони билан ажралиб туришлари ирода қилинган. Шундай деб Ибн Диҳя раҳимаҳуллоҳ айтганлар. Ибн Абу Ҳотим розияллоҳу анҳунинг ривоятларида эса қуйидагича айтилади:“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳим алайҳи саломни кўрганларидан сўнг айтдилар: “Сўнг мени еттинчи осмоннинг устига олиб кетди то устида ёқут, забаржад ва маржондан бўлган чодирлар бор анҳорнинг олдига етиб тўхтади ва унинг устида яшил қуш бор. Мен кўрган энг чиройли қуш. “Бу Аллоҳ сизга берган Кавсар”, – деди Жибрил. Қарасам, тилло ва кумуш идишлар ёқут ва зумрад тошлар устида унинг ичида сузаётган эди. Суви эса оқликда сутданда оқроқ. Айтдиларки: “Унинг идишидан бирини олиб, у сувдан идишни ботириб олдим ва ичдим. Унинг таъми эса асалдан ширинроқ, ҳиди мискданда ёқимлироқ”, – дедилар”. Абу Саъид розияллоҳу анҳунинг ҳадисида эса: “Унда оқаётган булоқ бор экан, уни “Салсабил” деб айтилади. Ундан иккита анҳор ажраб чиқади: бири “Кавсар”, иккинчиси “Раҳмат” анҳори деб номланади”. Имом Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ айтадиларки: “Мен айтаманки, бу икки анҳорни (Кавсар ва Раҳмат анҳорлари) шу бобдаги ҳадисда ўтган “иккита ботин анҳор” деб тафсир қилса бўлади. Муқотил раҳимаҳуллоҳдан ҳам шундай ривоят қилинган: “Икки ботин: Салсабил ва Кавсар”. Имом Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ айтадиларки: “Имом Муслим: “Сайҳон ва Жайҳон ва Нил ва Фурот барчаси жаннат анҳорларидандир” лафзи билан ривоят қилган ҳадисга келадиган бўлсак, юқоридаги ҳадис бунга қарши келмайди. Чунки бундан мурод: “ерда тўртта анҳор бор, уларнинг асли жаннатдан”, дегани. Шунда Сайҳун ва Жайҳун Сидротул Мунтаҳонинг остидан отилиб...
Яхши кийинган бир мусофир шаҳар яқинидаги ресторанлардан бирига кирди. Сўнгра ошхона хизматчисига яхши тайёрланган бифштекс ва салат олиб келишини буюрди. Таомлар келтирилгач, озгинасини оғзига солдию: “Воооой, яна тишим оғрияпти”,- дея бақириб юборди. Шу вақтда унинг олдига қўлига катта сумка кўтарган киши етиб келди-да сумкасидан бир кичкина шишача чиқарди. Шиша ичидаги суюқликдан пахтани намлаб: “Илтимос мана буни оғриган тишингизга қўйиб олинг” – дея унга узатди. Ҳалиги киши унинг айтганини қилди. Бир оздан сўнг қувончдан: “Ажойиб, ажойиб, мен ҳеч қандай оғриқни сезмаябман!”- дея бақирди. Унинг овозини эшитган атрофдаги одамларнинг аксарияти ул иккисининг атрофини ўраб олишди. Тез орада катта сумка кўтариб келган кишининг сумкасидаги дориларининг барчаси сотилиб кетди. Бир соатдан кейин тиши оғриган одам ва дори сотувчи поезд бекатида учрашишди. Поезд келишини кутишаркан у иккиси бу шаҳарда қандай яхши фойда қилишганини айтиб, бир-бирини табриклашар эди. Худди шу вақтда уларни икки полиция ходимлари қўлга олишди. Гап шундаки, булардан сохта дори олиб тиш оғриғидан халос бўла олмаган киши дарҳол полицияга мурожаат қилган эди. Бу қаллоблар маҳкамага келтирилгач полиция комиссари улардан: “Сизлар қайси динга амал қиласизлар?” – дея сўради. У иккиси ердан бошларини кўтара олмасдан: “Алҳамдулиллаҳ, мусулмонмиз”, – дейишди. Полиция комиссари янада ғазабланди ва уларни жазолашга ҳукм чиқарди. Сўнг иккисига қарата сизлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: (من غش فليس منا) “Ким ёлғон гапирса бизлардан эмас!” деганларини эшитмаганмисизлар?”-деди. Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 636