islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

Тошкент ислом институти ўқитувчилари Искандария кутубхонасида бўлишди

Ўтган 27 январь куни Миср давлатида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудирлари, Тошкент ислом институти ўқитувчилари Муҳаммад Аюбхон домла Ҳомидов ва Камолиддин Маҳкамов Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси вакиллари ҳамрохлигида Искандария шаҳридаги “Искандария” кутубхонаси фаолияти билан яқиндан танишиб, бой тажрибаларни ўзлаштирдилар. Маълум бўлишича, Искандария кутубхонасида 2 млн. 310 мингдан зиёд қўлёзма, тошбосма ва бошқа  асарлар мавжуд. Кутубхона қўлёзмалар маркази мудири Мидҳат Ийса, қўлёзмаларни таъмирлаш бўлими бошлиғи Воил Муҳаммад Иброҳим ва қадимий асарларга кимёвий ишлов бериш бўлими бошлиғи Ҳусом ад-Дийб билан мулоқотлар ўтказилиб, фойдали маълумотларни қўлга киритилди. Учрашувларда мисрлик мутахассислар ўзбекистонлик масъул ходимларга қўлёзма ва тошбосма асарларни сақлаш, кимёвий текширувлар ўтказиш, китобларни таъмирлаш, қўлёзма ва тошбосма асарлардан электрон нусха олиш ҳамда фойдаланиш тартиблари ҳақида батафсил гапириб бердилар. 28 январь куни эса мутахассисларимиз Қоҳира шаҳридаги Миллий кутубхона ва Давлат бош архиви фаолияти билан яқиндан танишдилар. Ушбу фондда “Усмон Мусҳафи” ҳамда қўлёзма ва тошбосма асарлар сақланар экан. Кутубхона ходимлари ўзбекистонлик мутахассисларга қўлёзма ва тошбосма асарларнинг сақланиши, кимёвий ишловлар бериш, китобларни таъмирлаш босқичлари ва нодир асарлар учун махсус қоғозлар тайёрлаш тартиблари ҳақида атрофлича маълумотлар бердилар. Миср сафари давом этмоқда. 813

ИСТИҚЛОЛ УЧУН БАХШИДА УМР

Жорий йилнинг 30 январь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти 1,2-курс талабалари ўртасида маънавият ва мураббийлик соатлари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.Каримов таваллудининг 81 йиллигига бағишланган “Истиқлол учун бахшида умр” мавзусида хотира тадбирлари ташкил этилди. Ташкил этилган маънавият ва мураббийлик соатларида Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди бўлганлиги, у мамлакатимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган юртимизни қайта тиклаган, оғир қийинчиликлар ва синовларга қарамай, тарихан қисқа даврда юртимизни жадал ривожланаётган замонавий демократик давлатга айлантирган шахс сифатида эътироф этилди. Шунингдек мураббийлик соатларида 1,2-курс талабаларига “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири Ж.Неъматов, “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Б.Аъзамов, кафедра ўқитувчилари Ф.Маманосиров ҳамда З.Бегматов томонидан Самарқанддаги ҳадис илми мактаби очилиши, унинг фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Талабалар орасидан ушбу “Ҳадис илми мактаби”да ўқишни хоҳловчилар танлаб олиниши ҳақида аҳамиятли маълумотлар айтиб ўтилди. Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.СОБИРОВ 804

Ислом Каримов таваллудига бағишланган тадбирлар ўтказилди

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллуди куни муносабати билан хотира тадбирлари ўтказилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 январь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди. Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди эди. У мамлакатимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган юртимизни қайта тиклаган. Оғир қийинчиликлар ва синовларга қарамай, тарихан қисқа даврда юртимизни жадал ривожланаётган замонавий демократик давлатга айлантирган. Биринчи Президентимиз ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирган. Нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ислом Каримов хотирасига муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди тузилди. Тошкент давлат техника университети, Асака шаҳридаги автомобиль заводи, Фарғона шаҳридаги Санъат саройи, Тошкент халқаро аэропорти, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларидаги кўчаларга Ислом Каримов номи берилди. Тошкент, Самарқанд ва Қарши шаҳарларида буюк Йўлбошчимизнинг ҳайкали ўрнатилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 ноябрдаги қарорига асосан буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланди. Биринчи Президентимиз дафн қилинган Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр мажмуаси ёнида улуғвор мақбара бунёд этилди. Бу ёдгорлик юртдошларимиз қадами узилмайдиган муқаддас зиёратгоҳга, ёшлар учун катта тарбия масканига айланди. Президент Шавкат Мирзиёев  ушбу ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Қуръон тиловат қилинди. Давлатимиз раҳбари ёдгорлик мажмуасини сақлаш, атрофини ободонлаштириш, зиёратчиларга қўшимча қулайликлар яратиш зарурлигини таъкидлади. Шундан сўнг Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида эҳсон оши берилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари,  нуронийлар, зиёлилар, ёшлар иштирок этди. Самарқанд Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятида алоҳида ўрин тутади. Маълумки, Биринчи Президентимиз ушбу қадимий шаҳарда туғилган, унинг ҳар томонлама ривожланишига катта эътибор қаратган. Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги, Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги муносабати билан бу ерда қатор бунёдкорлик ишлари амалга оширилган. 2007 йилда ЮНЕСКО шафелигида Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги кенг нишонланган. Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий мақбаралари, Шоҳи Зинда ёдгорлиги, Улуғбек расадхонаси ва бошқа тарихий қадамжолар обод қилинган. Ўнлаб замонавий иншоотлар, хиёбонлар, фавворалар барпо этилган. Кейинги йилларда қад ростлаган Ислом Каримов мақбараси ва ҳайкали Самарқанддаги ана шу обод масканлар қаторига қутлуғ қадамжо бўлиб қўшилди. Шу куни Самарқанд вилояти жамоатчилиги Регистон майдони яқинида ўрнатилган Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйди. Қарши шаҳрида ҳам буюк Йўлбошчимиз ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Пойтахтимиз ва вилоятларда Биринчи Президентимиз таваллуд кунига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар, хотира кечалари ўтказилди. Манба 797

Бир ҳадис учун бир йил

Аллома Ибн Абдулбарр ўз санади билан Ғолиби Қаттон роҳматуллоҳи алайҳнинг бир воқеасини ҳикоя қилиб беради. Бундан уларнинг қанчалик илмга муҳаббатлик ва илм талабида кўплаб машаққат чеккани, сабр қилганини, қолаверса ҳар бир ҳадис ва масала нақадар қийинчилик билан бизгача етиб келганини билсак бўлади. Ғолиби Қаттон роҳматуллоҳи алайҳ пахта савдоси билан шуғулланар эди. Бир бор тажорат юзасидан Кўфага сафар қилди. Бу сафардан мақсад фақатгина тижорат эди. Лекин Кўфага етиб келганида у ердаги ҳадис уламоларини кўриб, ҳазина топгандек ҳурсанд бўлиб кетди ва дарҳол улардан ҳадис эшитиб, илм олишга киришди. Ўша пайтларда машҳур муҳаддис Сулаймон Аъмаш роҳматуллоҳи алайҳ ҳадисдан дарс айтар эди. Ғолиби Қаттон унинг дарсларига қатнай бошлади ва тез орада кўплаб ҳадисларни ёдлаб олди. Тижорат ишлари ниҳоясига етгач, ўз юрти Басрага қайтиш олдидан устози Аъмаш роҳматуллоҳи алайҳ ҳузурига келди ва шу кеча устозникида қолиб, унинг тунги ибодатларини гувоҳи бўлмоқчи бўлди. Тун охирлаб қолганида Аъмаш роҳматуллоҳи алайҳ таҳажжудга турди. Намозида شَهِدَ اللَّهُ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ وَالْمَلَائِكَةُ وَأُولُو الْعِلْمِ قَائِمًا بِالْقِسْطِ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ “Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари — адолат билан ҳукм қилгувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. Ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг ўзи бор. У қудратли, ҳикмат эгасидир” оятини тиловат қилди. Ғолиби Қаттон раҳматуллоҳи алайҳ устози бу оятни тиловат қилишидан, бу оят борасида бирор ҳадисни ҳам билса керак, деб ўйлаб қолди. Хайрлашиш чоғида: “Кечаси сиз мана бу оятни такрор-такрор тиловат қилдингиз, бу оят ҳақида бирор бир ҳадисни биласизми? Мен бир йил шу ерда турган бўлсам ҳам, сиздан бу ҳақида ҳадис эшитмадим”, деди. Унга жавобан Аъмаш роҳматуллоҳи алайҳ “Аллоҳга қасамки, бир йилгача бу ҳадисни сенга айтмайман”, деди. Ғолиби Қаттон савдогар одам бўлиб, савдо ишлари билан Кўфага келган эди. Бир йил мобайнида тижоратини битириш асносида кўплаб ҳадисларни ёд олиб, илм ҳосил қилганди. Энди бир ҳадис, у ҳам бўлса оятнинг фазилати ҳақидагисини, ҳукмлар, яъни ҳалол ва ҳаромга тааллуқли бўлмаганини деб бир йил кутадими?… Лекин Ғолиби Қаттоннинг илмга бўлган иштиёқини қарангки, устозидан бу гапни эшитган заҳоти сафарини бекор қилди. Яна бир йил Аъмаш роҳматуллоҳи алайҳнинг ҳузурида истиқомат қиладиган бўлди. Ғолиби Қаттон бу ҳақда: “Мен у ерда қолдим ва имом Аъмаш роҳматуллоҳи алайҳ дарвозасига ўша кун санасини белгилаб қўйдим. Бир йил тўлгач, “Устоз, Абу Муҳаммад бир йил тўлди, энди ўша ҳадисни менга айтиб беринг”, дедим. Имом Аъмаш роҳматуллоҳи алайҳ: حَدَّثَنِي أَبُو وَائِلٍ، عَنْ عَبْدِ اللَّهِ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:يُجَاءُ بِصَاحِبِهَا يَوْمَ الْقِيَامَةِ، فَيَقُولُ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ: عَبْدِي عَهِدَ إِلَيَّ، وَأَنَا أَحَقُّ مَنْ وَفَّى بِالْعَهْدِ، أَدْخِلُوا عَبْدِي الْجَنَّةَ “Абу Воил менга Абдуллоҳдан ҳадис сўзлади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни бўлганда  شَهِدَ اللَّهُ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ وَالْمَلَائِكَةُ وَأُولُو الْعِلْمِ قَائِمًا بِالْقِسْطِ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ оятини ўқиб юрувчи кишини келтирилади. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам Мен билан аҳдлашди ва Мен аҳдга вафо қилишга энг ҳақли Зотман. Бандамни жаннатга киргизинглар”, дейди”, дедилар”. (Ибн Абдулбарр «Жамиъу баянил-илми ва фазлиҳи» китобидан) Аллоҳ таолодан барчамизга ўз ҳузуридан комил илм ва ўрганганимизга амал қилишни, илм ва илм аҳлига муҳаббатли бўлишни сўраймиз. «Ҳадис ва ислом тарихи фанлари» кафедраси ўқитувчиси Жалолиддин Ҳамроқулов Манба 852

Режадаги иш амалга ошиши учун сир сақлашнинг аҳамияти

Киши ўзи учун фойдали ва аҳамиятли бўлган бирор ишга қўл урмоқчи бўлса, то мақсади ҳосил бўлмагунча одамларга ошкор қилмай туриши кўп жиҳатдан маъқулдир. Айниқса, мазкур иш ҳаммага ҳам насиб бўлавермайдиган неъматлардан бўлса, масалан, обрўли бир жойга ўқишга кириш, кўпчилик орзу қиладиган қайсидир мамлакатга сафар қилиш ёхуд бирорта-бир катта тижоратни йулга куйиш, уй сотиб олиш ва ҳоказолар каби одамлар ҳавас ёхуд ҳасад қиладиган ишлардан бўлса, то мазкур иш амалга ошмагунча уни сир сақлаш фойдадан холи эмас. Зеро, ҳадиси шарифларда келганидек, ҳар бир неъмат соҳиби ҳасадга нишондир. Киши ҳар қанча яхши бўлмасин, ҳамма билан бирдек хуш муомалада бўлмасин, барибир, уни бесабаб ёмон кўрадиган, ундаги неъмат завол топиб, кулфатга юз тутишини ич-ичидан хоҳлайдиган разил инсонлар қуршовидан омондаман деб айтолмайди. Баъзан бегона эмас энг яқин одамингиз, ҳатто туғишган жигарингиз сизга бегона ва душманингиз келтирмаган моддий ва маънавий зарар келтиради. Баъзилар бўладики, бирор неъматга эришиш арафасида турганингизни билиб қолса, бирдан оёғингиздан чалиб ё туҳматлар қилиб, ўша яхшиликка эришишингизга тўғаноқ бўлгиси келади. Шундай бўлмаслиги учун келажакда амалга ошириш режалаштирилган яхши мақсадларни ҳаммага ҳам гапириб юрмаслик мақсадга мувофиқдир. Муоз ибн Жабал, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Ҳурайра ва Абу Бурда (розияллоҳу анҳум)лардан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади (маъноси): “ҳожатларингизни муваффақиятли амалга оширишда сир сақлашдан фойдаланинг, зеро, ҳар бир неъмат соҳиби ҳасадга нишондир“. Ҳадисни Табароний, Байҳақий, Абу Нуайм (“ҳиля“), Ибн Адий, Уқайлий ва бошқалар ривоят қилганлар. Тўғри, мазкур ҳадиснинг санади борасида турли гап-сўзлар мавжуд. Уни баъзилар заиф десалар, бошқалар саҳиҳ санаганлар. Нима бўлганда ҳам ҳадиснинг маъноси тўғри. Шунга кура, амалга ошириш режалаштирилган яхши ишларни то амалга ошмагунча ёки аниқ бўлмагунча ошкор қилмаслик мақсадга мувофиқдир. Машҳур муфассир Имодуддин ибн Касир роҳимаҳуллоҳ Юсуф сурасининг тафсирида Яъқуб алайҳиссаломнинг ўз ўғли Юсуф алайҳиссаломга хитобан (мазмуни): “тушингни акаларингга айтиб қўймагин, тағин, сенга бир ёмон макр қилиб қўйишмасин!“, деган сўзини очиқлар экан: “ушбу ояти каримадан, неъмат то пайдо бўлиб, зоҳир бўлмагунча уни яшириш кераклиги келиб чиқади“, дейди ва бунга қўшимча далил сифатида юқорида зикр қилинган ҳадиси шарифни ҳам келтиради. Режадаги каттароқ ишларни, ҳасадга сабаб бўлиши мумкин бўлган нарсаларни вақтинча яшириб туришнинг яна бир фойдаси шундан иборатки, мабодо ўша иш амалга ошмай қолса ҳам одам ҳеч кимдан уялиб, ич-этини еб юрмайди. Бу яшириш ва сабр қилишнинг руҳий фойдаси бўлади. Шуни айтиш ҳам керакки, ҳадиси шариф ўз ичига олган маъно Зуҳо сурасидаги “Раббингнинг неъматини эса ҳар қанча гапирсанг ҳам майли!“, деган мазмундаги ояти каримага зид келмайди. Чунки, ояти каримада аллақачон ҳосил бўлган мавжуд неъмат ирода қилинган. Ҳадиси шарифда эса ҳали амалга ошмаган яхшилик назарда тутилган. Боз устига, ояти кариманинг турли тафсирларда келган маъносидан англашиладиган нарса шуки, Аллоҳнинг неъматини гапириш деганда ўзгаларга мақтаниш ва риё учун эмас балки, Аллоҳнинг неъматини изҳор қилиш орқали одамларга Унинг нақадар буюк фазл ва марҳамат соҳиби эканлигини эслатиш, ва бунга тил шукрини бажо қилиш, ундан сўнг эса эҳтиёж соҳибларига ёрдам қўлини чўзиш, уларни ўзи томонга йўналтириш ва шу тариқа неъмат валийси бўлмиш Парвардигорга амалий шукрона қилиш ирода қилиниши лозим. «Тиллар» кафедраси ўқитувчиси Алишер Султонхўжаев Манба 1 008
1 1 323 1 324 1 325 1 326 1 327 1 550