islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Мақолалар

Бўлимлар

Ислом тараққиёт банки коронавирус пандемиясига қарши курашишда Ўзбекистонга кўмаклашади

Жорий йилнинг 8 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Президенти Б.Ҳажар билан видеоконференция форматида коронавирус тарқалиши шароитида аҳолини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш, касалланганларга ўз вақтида ташхис қўйиш ва даволашда  Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими имкониятларини мустаҳкамлаш ҳамда глобал пандемияни ижтимоий-иқтисодий ривожланишга бўлган таъсирини юмшатиш мақсадидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. ИТБ президенти Б.Ҳажар мамлакатда аҳоли саломатлиги ҳимоясини таъминлаш ва иқтисодий фаолликни сақлаб қолиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилигида қабул қилинаётган дадил ва кенг миқёсдаги чора-тадбирлар катта ҳурматга лойиқ деб таъкидлади. Ислом тараққиёт банки “Стратегик тайёргарлик ва чоралар тўплами” ( умумий қиймати 2,3 млрд. АҚШ доллари) имкониятларидан фойдаланиб, Ўзбекистонга коронавирус пандемияси вақтида ҳар томонлама кўмак беришга тайёрлигини маълум қилди банк президенти Бандар Хажар бош вазир ўринбосари Сардор Умрзоқов билан музокаралар чоғида. Бу ҳақда инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда. ИТБнинг “Стратегик тайёргарлик ва чоралар тўплами” пандемия шароитларида Банк аъзолари ҳисобланган мамлакатларга ёрдам кўрсатиш мақсадида тузилган. ИТБ аллақачон коронавирус билан курашиш учун ташкил этилган янги клиникалар учун тиббий асбоб-ускуналар ва маҳсулотларни шошилинч сотиб олишни молиялаштириш учун Ўзбекистондаги мавжуд кредит портфелидан 17 миллион доллар ажратган. Шунингдек Б.Ҳажар коронавирус билан касалланган беморлар учун қурилаётган янги шифохоналарни жиҳозлашга инфрутузилма лойиҳалари доирасида иқтисод қилинган 46 млн. АҚШ долларини қайта йўналтириш орқали Ўзбекистонга қўшимча ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди. Видеоконференция якунларига кўра томонлар соғлиқни сақлаш тизими эҳтиёжлари ва Ўзбекистондаги кичик ва ўрта бизнес корхоналарини қўллаб-қувватлаш учун ИТБ томонидан умумий қиймати 140 млн. доллардан ортиқроқ бўлган қўшимча молиялаштиришни жалб этиш бўйича ишлашга келишиб олдилар. Манба: Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги 787

Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида ибодат қилиш ва кундузида рўза тутиш борасида саҳобалар, тобеъинлар ва уламолар қандай йўл тутганлар?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим Ҳозирги кунда Шаъбоннинг ўн бешинчиси борасида баъзи одамлар илми оз бўлганлиги боис бу кечани одатдаги кечалардан бири деб туриб олсалар, баъзилари эоса илмсизлиги ортидан ғулувга кетадилар. Афсуски, оз сонли бўлса ҳам учинчи турдаги мўътадил қараш эгалари ҳам бор. Биринчи тоифадаги инсонларда ҳадис илмидан етарлича маълумот йўқ. Улар «Саҳиҳи Бухорий» ва «Саҳиҳи Муслим»да келган ҳадисларни тутиб, бошқасига қайрилиб қарагилари келмайди. Иккинчи қараш эгалари илми йўқлигидан ҳадис ажратмайдилар. Ҳадис заифми ёки бошқами олаверадилар. Шу боис улар чуқур кетиб, заиф ҳадис ила суннати муаккада ёки вожиб даражаларини кашф қиладилар. Учинчи турдагиларга аллома Тоҳир Жазоирий раҳматуллоҳи алайҳ “Тавжиҳун назар”ида айтишича, мўътадил уламолар киради. Улар ифрот ҳам, тафрит ҳам қилмайдилар, балки уммат қабул қилган ва соҳа эгалари таҳқиқидан ўтган маълумотларни ихтиёр этадилар. Асли масалага қайтсак, Шаъбоннинг ўн бешинчиси тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўн еттита саҳобадан ҳадислар ривоят қилинган. Лекин бу ҳадисларни саҳиҳ ҳам, ҳасан ҳам дея олмаймиз. Ҳаммасининг санади борасида илмий баҳслар бор. Масалан Ибн Можанинг ривоятида: قوموا ليلها صوموا نهارها “Унинг кечасида қоим бўлинглар, кундузида рўзасини тутинглар”, бошқа бир ривоятларда «Истиғфор айтувчи борми, гуноҳини кечираман» ёки «Афв сўровчи борми, уни авф қиламан…” каби лафзлар келган. Лекин буларнинг барчасини санадларида иллат бор, бирортаси бундан холи эмас. Шундай бўлса-да, бунча ададли ҳадислар амал қилинмайдиган даражада заиф дея олмаймиз. Ҳофиз аллома Саховий раҳматуллоҳи алайҳ “Фатҳул муғис”ида Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳдан нақл қилиб, заиф ҳадисларни уч қисм бўлган: бироз заиф, ўртача заиф ва ўта заиф. Биринчи қисмдаги ҳадис шоҳид ва мутобеълар, яъни мазмунини қўллаб-қувватловчи бошқа ҳадислар воситасида ҳасан лиғойриҳи даражасига кўтарилиб, у билан ҳужжатланиш мумкин. Иккинчи турдагисининг санади ҳақида ўзига хос эътирозлар бўлса-да, шариат усул-қоидалари қамровидан чиқиб кетмаган, балки уларга асосланган бўлади. Учинчиси, яъни ўта заиф ҳадиснинг санадида ривояти тарк этиладиган ёки каззоб ё бўлмаса ёлғончиликда айбланган шахс иштирок этади. Биринчи ва иккинчи қисм заиф ҳадисларини эътиборга олиниши ва уларга амал қилиниши борасида уламолар бир тўхтамга келганлар. Имом Нававийнинг асарларида, имом Суютийнинг “Тадрибур ровий”сида, ҳофиз аллома Саховийнинг “Фатҳул муғис”ида ва бошқа замондош уламоларнинг китобларида ҳам мазкур гаплар айтилган. Шаъбоннинг ўн бешинчи куни тўғрисидаги ҳадисларнинг барчаси фазилат бобида олинишга ярайди. Уламолар бундан кўра заиф бўлган ҳадисларни ҳам олганлар. Бу маънодаги ҳадислар даражаси ва тақозосидан келиб чиқиб амал қилиш лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганчалик ибодат қилиш, ундан оширмаслик ҳам ва камайтирмаслик ҳам керак. Масалан, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси Қуръон тиловат қилишни айтган бўлсалар, Қуръон ўқилади. Кундузи рўза тутишга қизиқтирганмилар, демак рўза тутиш керак. Аммо кечасини ибодат билан ўтказиш ўрнига тўпланиб, беҳуда суҳбатлар уюштириш ёки кундузи рўза тутмасдан зиёфатлар ташкил қилиш яхши эмас. Балки кечасини зикр, тиловат, тасбеҳ ёки илмий мажлислар билан ўтказиш, кундузида эса рўза тутиш мустаҳаб. Бироқ бундай амалларни қилмаганларни маломат қилиш тўғри эмас. Уламолар шунга тарғиб қилганлар ваамал қилганлар. Шунингдек, бу ҳолат авлоддан авлодга шу тарзда ўтиб келган. Уламолар бир-бирларидан қабул қилиб олган бундай мерос нафақат бир мазҳаб, балки ҳаммага бирдек ўрнакдир. Уламолар Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси ва кундузини ғанимат билиш кераклигини таъкидлаганлар. Жумладан: – Машҳур буюк муҳаддис Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Маорифул латоиф” асарида: “Шомнинг машҳур тобеъиси Холид ибн Луқмон раҳматуллоҳи алайҳ бу кечага жиддий аҳамият берар...

Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасида қоим бўлиб, кундузи рўза тутганлар бидъатчи бўладими!?

Фазоилул аъмол, тарғиб ва тарҳиб борасида ўта заиф бўлмаган ҳадисларга амал қилиш Икки имом – Изз ибн Абдуссалом ва Ибн Дақиқил Ийд заиф ҳадис амал қилиниши учун у диндаги умумий қоида остига кириши кераклигини шарт қилганлар. Бароат кечасида қоим бўлиш ва кундузида нафл рўза тутишнинг асли борми? Баъзиларнинг усул-қоидаларини уламоларнинг гаплари муқобилига қўйганимизда у эътиборсиз бўлиб қолади. Машҳур “Сунан” соҳиби имом Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳ: “Агар муҳаддис бирор боб борасида заиф ҳадисдан бошқасини топа олмаса, уни тахриж қилади”, деган. Баъзилар уламолар заиф ҳадисга амал қилганликлари учун уларни ҳақоратлаб, адашганликда айблайдилар. Улар ўзларига мухолиф бўлганларни бидъатчилар, дейишади. Аслида-чи? Аслида уларнинг ўзлари усулда ҳам, фуруъда ҳам бидъатчидирлар. Улар ўзларидан бошқа бирор киши айтмаган гапларни ҳам айтмоқдалар. Майли, фараз қилайлик, Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасида қоим бўлиб, кундузги рўзасини тутиш бўйича бирор заиф ҳадис ҳам, набавий буйруқ ҳам келмаган. Лекин муайян бир кечанинг қиёми ва кундузининг рўзасини (суннат демаган ҳолда) хослаб олган киши бидъатчи, Қуръон ва суннатга қарши чиқувчи бўладими?!! Агар шундай бўлса, бунга бирор таъвилни эҳтимол қилмайдиган очиқ-ойдин бир далил керак. Бундай далил эса ҳаргиз топилмайди. Агар саволимизга: «Йўқ, бундай эмас», деган жавоб бўлса, мана шу асли ҳақиқат ва тўғридир. Бу билан улар ўзларига қарши ўлароқ, даъволарида бидъатчи эканини тан олган бўладилар. Имом Ғаззолий “Иҳё улумид дин” асарининг “Таомланиш одоблари” китобида айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин пайдо бўлган ҳар қандай иш ҳам қайтарилган эмас. Балки қайтарилгани собит суннатга зид ва иллати турган шаръий ҳукмни амалдан қолдирадиган бидъатдир. Ҳатто, баъзи ҳолатларда агар сабаблар ўзгарадиган бўлса, баъзи амалларни янгитдан пайдо қилиш вожиб бўлиб қолади». Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ Фатҳул Борий асарида бундай дейди: “Масаланинг асли шуки, агар янги пайдо қилинган иш шаръан яхши саналган бирор асл-қоиданинг остига кирадиган амаллардан бўлса, у ҳасанадир. Агар у шаръан қабиҳ саналган бирор асл-қоиданинг остига кирадиган амаллардан бўлса, у ёмондир. Аммо иккисига ҳам дохил бўлмаса, унда у беш қисмли бидъатнинг мубоҳ бўлган турига киради». Имом Қурофий Моликий устози имом Изз ибн Абдуссаломга эргашган ҳолда бидъат беш қисмга бўлинишини айтган. Буни имом Шотибий “Иътисом”да нақл қилиб келтирган. Абдулмажид Жавзоний Ҳадис ва Ислом тарихи кафедраси ўқитувчиси А. Ғиёсов таржимаси 852
1 424 425 426 427 428 735