19 апрель куни Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раҳбари Фирдавс Абдухолиқов Катта Лангар Қуръонининг факсимиле нусхасини Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига тақдим этди. Бу ҳақда ЎМИ Матбуот хизмати хабар берди. Муфтий ҳазратлари Қуръони каримнинг ушбу нусхаси жуда ҳам табаррук экани, уни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг музей-кутубхонасига жойлаштирилишини билдирдилар. Шунингдек, муҳтарам Президентимиз томонидан Ислом дини қадриятларини асраб-авайлашга қаратилган ташаббусларига мос равишда миллий ассоциацияси раҳбари Фирдавс Абдухолиқов томонидан масжид-мадрасалардаги қадимий битикларни тадқиқ этиш ва халқимизга етказишда жуда катта ишлар қилинганини алоҳида қайд этдилар. Мана шундай ишларни амалга оширишда яқиндан ҳамкорлик қилишга Диний идора ва уламолар доим тайёр эканини муфтий ҳазратлари изҳор қилдилар. Миллий ассоциацияси раҳбари Фирдавс Абдухолиқов улуғ мутафаккирларимиз ёзган, айни вақтда хориж мамлакатларида сақланаётган қадимий қўлёзма асарларнинг факсимиле нусхаларини юртимизга олиб келиш ва халқимизни баҳраманд этиш борасида саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганини айтди. Катта Лангар Қуръонининг мазкур факсимиле нусхаси ушбу йўналишда бошланган ишларнинг илк натижаси эканини айтиб ўтди. Ислом динининг асосий манбаси ҳисобланган Қуръони каримнинг энг қадимий нусхалари халқимизнинг бебаҳо мероси сифатида қадрланади. Юртимиздаги ана шундай маънавий мерослардан бири бўлган VIII асрга оид Катта Лангар Қуръонининг 13 та саҳифаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси музей-кутубхонасида сақланмоқда. Эндиликда унинг ёнида қолган саҳифаларнинг факсимиле нусхаси ҳам ўрин оладиган бўлди. 785
Ижозаларни бериб бўлгач, Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари маърузаларини бошлаб, Бухорий, Термизий, Мотиридий, Нақшбандий каби буюк алломаларнинг юрти бўлмиш Ўзбекистонга ташриф буюрганларидан бахтиёр эканларини бот-бот таъкидлаб, бу юртнинг ҳавосида ҳам – ҳис қилганлар учун – ўзгача руҳият борлигини айтдилар. Жумладан, шайх қуйидаги маънода сўзладилар: “Араблар ажам(араб бўлмаган) юрт олимларига унча эътибор бермай, ўзларининг араблиги билан фахрланадилар. Бу дарҳақиқат тўғри. Зеро, Қуръон уларнинг тилида нозил бўлган, ҳадислар ҳам уларнинг тилида айтилган. Бу ҳақиқий фахрдир. Лекин Бухорийнинг олдида ҳар қандай араб бўйин эгади, бошқа чораси йўқ. Ахир, “Саҳиҳи Бухорий”ни ўқимасдан олим бўлиш мумкинми? “Жомиъут-Тирмизий”ни ўқимай олим бўлиш мумкинми? Мовароуннар диёридан етишиб чиққан бир қанча ислом намояндалари бор. Бу диёр уламоларининг сўзлари ҳаммага ҳужжат бўлиб келган ва ҳанузгача уларнинг асарлари энг мўътабар манбалар қаторидан жой олган. Буларнинг барчаси сизлар учун фаахдир. Буларнинг меросини ўрганиш ва ўргатиш, бутун дунёга тарқатишга сиз ҳақлисиз ва сизлар масъулсизлар”. Бугунги кунда юртимизда Юрт раҳбари томонидан исломий соҳаларда олиб борилаётган хайри ишларни Тақий Усмоний нафақат, маъҳаддаги суҳбатларида, балки бутун сафарлари асносида такрор-такрор тилга олиб, кўплаб муборак масканларда хайрли дуолар қилдилар. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Б.Аъзамов 830
Тақий Усмонийга Тошкент ислом институти ўқув дастури ҳақида батафсил маълумот берилганидан сўнг институт ректори У.Ғафуров у зотдан устоз ва талабаларга маъруза қилиб беришлари ҳамда маъҳадда ўқитилиб тамомланаётган дарсликлардан талабаларга ижоза беришларини сўраган эдилар. Бу каби хатми кутублар ҳақида эшитган ҳазратнинг кўзлари чақнаб, Имом Бухорий ва Имом Термизийларнинг китоблари – юртимиздаги диний соҳада яратилаётган шароитлар сабаб – яна қайтадан талабалар қўлига қайтиб, дарслик сифатида ўқитилаётганлигидан ғоят мамнун бўлиб, ректор домланинг таклифларини бош устига қабул қилдилар. Сўз навбати Тақий Усмоний ҳазратга берилгач, аввало, “Ҳадисур-раҳма ал-мусалсал бил-аввалия” ҳадисини шайхлари Муҳаммад Ёсин ал-Фаданий ал-маккий (ва яна икки шайхлари)нинг санадлари билан то Суфён ибн Уяйна розияллоҳу анҳугача мусалсал бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача муттасил санад билан ривоят қилдилар: …قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «الرَّاحِمُونَ يَرْحَمُهُمُ الرَّحْمَنُ، ارْحَمُوا مَنْ فِي الأَرْضِ يَرْحَمْكُمْ مَنْ فِي السَّمَاءِ… ҳамда уни ривоят қилишга барчага ижоза бердилар. Сўнг икки талаба – 2-курс талабаси Раҳмонов Акбаржон, 4-курс талабаси Абдуллоҳ Оҳун – томонидан Имом Таҳовий қаламига мансуб “Шарҳи Маъонил-осор”нинг муқаддимаси ҳамда биринчи ҳадиси ўқилди ва Имом Термизийнинг “Сунани Термизий” китобидан охирги ҳадислар ўқилиб, Тақий Усмоний ҳазратлари ушбу китоблардан аввало, устозларга ҳамда уларни ўқиган талабаларга ижоза бердилар. Буюк муҳаддисдан ижоза олишдан Тошкент ислом институти жамоасининг бошлари кўкка етиб, мамнун бўлдилар. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Б.Аъзамов 864
Жорий йилнинг 19 апрель куни Тошкент ислом итститутига покистонлик етук олим, шайхул-ҳадис, ислом фиқҳи ва иқтисоди бўйича замонамизнинг етакчи намояндаларидан бўлмиш Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ва британиялик муфтий Шаббир Аҳмад ҳамда ҳамроҳлари ташриф буюрдилар. Меҳмонларни институт ректори У.Ғафуров кутиб олиб, Ўзбекистонга ташриф буюрганлари билан табриклаб, бу ташрифдан бутун маъҳад аҳли – устоз ва талабалари бошлари осмонга етганини таъкидладилар. Тақий Усмоний бу ташриф ўзининг Ўзбекистонга биринчи ташрифи эканини айтиб, аввало, маъҳад билан танишмоқчи эканини маълум қилдилар. Уларга институтнинг “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” ўқитувчиси Муҳаммадхон домла Джангиров араб тилида тўлиқ маълумот бериб, маъҳадга қачон асос солингани, унинг фаолияти давомидаги ютуқлари ҳамда ҳозирги кундаги ўқув дастури ҳақида батафсил гапириб, унда диний фанлар билан бир қаторда “Тиллар” кафедраси устозлари томонидан инглиз, рус, форс тиллари ҳам ўргатилишини таъкидлади. Форс ва инглиз тили ўқитиш ҳақида эшитгач, шайх форс тилидан қайси китоблар ўқитилишига қизиқдилар. Унга жавобан, Саъдий Шерозийнинг “Гулистон” ва “Бўстон” асарларидан маълум қисми ўқитилишини айтдилар. Шайх ҳазратлари бу китобларга кучли қизиқишлари, ўзлари ҳам ўқиб юришларини ифодаси ўлароқ, улардаги байтлардан мисоллар келтириб беришни сўрадилар. Таништирувчи устоз Муҳаммадхон домла “Гулистон”дан ёмон хулқи шогирдга дарс бериш устознинг бошига бало бўлиши ҳақидаги байтни айтиб берган эдилар, ҳазрат мамнун бўлиб, таҳсин айтдилар. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Б.Аъзамов 850