islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Мақолалар

Бўлимлар

ХУШХАБАР! Яхшиларнинг энг яхшиси

Абадий китоби бўлмиш Қуръони каримни бутун оламларни ҳидоят қилиш учун нозил қилган Аллоҳ таолога Ўзининг жалолига муносиб ҳамду санолар бўлсин. Ушбу Китобни умматларига омонат ила етказиб, унга амал қилишни ўргатган Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал ва муаттар салавоту дурудлар бўлсин. Пайғамбаримиздан Қуръони каримнинг бирор ҳарфини ўзгартирмай ўта аниқлик ила қабул қилиб, унга худди шундай аниқлик ва ихлос ила амал қилган саҳобаи киромларга Аллоҳнинг ризвони бўлсин. Қуръони каримга имон келтирган, уни ўргатган, ўрганган ва унга амал қилган ҳар бир мусулмонга Аллоҳнинг раҳмати, хайри ва баракаси бўлсин. Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир», дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти). Бу ҳадиси шарифнинг иборалари оз бўлгани билан маънолари, далолатлари кўпдир. Унда мусулмонларнинг яхшилари ҳақида хабар берилмоқда. Ҳадиси шарифнинг маъносидан келиб чиқадиган бўлсак, Қуръони каримни ўрганадиганлар мусулмонларнинг яхшиси бўлади. Қуръони каримни ўргатадиган мусулмонлар яхшиларнинг яхшисининг устози бўлади. Устоз эса ўз шогирдидан қанчалар устун туриши ҳаммага маълум. Мир Араб мадрасаси асрлар давомида алломалар, машҳур имом ва муфтийларни, фақиҳлар ва муҳаддисларни, қорию қурроларни етиштириб келган. Халқимиз, нафақат ўзбек халқи, балки собиқ иттифоқ таркибидаги барча халқларнинг маънавий, маърифий, эътиқодий, диний онг ва тушунчасини юксалишига ўз ҳиссасини қўшган буюк шахсларни етиштирган. Мадрасага ҳар йили 24 нафар талаба қабул қилинар эди. 2017 йил эса 48 нафар талаба қабул қилинди. Ана шу талабалар 4 гуруҳга бўлинган эди. Улардан бири Қуръони каримни ёдлашга иқтидорли ва қобилиятли талабалардан иборат “Таҳфизул Қуръон” гуруҳидир. Бу гуруҳда 12 та талаба бўлиб, улар режа асосида Қуръони каримни 4 йил давомида мустаҳкам ёд оладилар, инша Аллоҳ. “Таҳфизул Қуръон” гуруҳининг ташкил қилиниши неча йиллардан буён кутилаётган орзунинг рўёбга чиқиши бўлди. Чунки сўнгги йилларда Бухоро вилоятида Қуръони каримни тўлиқ, мустаҳкам ёд олган қориларга эҳтиёж сезиларли даражада эди. Масалан, вилоят масжидларида рамазон ойида таровеҳ намозларида Қуръони каримни хатм қилиб бериш учун республикамизнинг бошқа вилоятлари (Андижон, Наманган ва Фарғона)дан қорилар таклиф қилинар эди. “Таҳфизул Қуръон” гуруҳининг ташкил қилиниши, ана шу камчилик ва нуқсоннинг ўрнини тўлдирадиган бўлди. “Таҳфизул Қуръон” гуруҳининг ўзига хос хусусиятларидан бири: талабалар ҳар куни эрталаб биринчи жуфтлик (пара) дарсни Аллоҳнинг каломини ўқиш, ёдлаш ва қалбларига жо айлаш билан бошлайдилар. Бу эса талабаларга кун давомида яхши кайфият, шижоат, илмга бўлган рағбат ва муҳаббатни бахш этади. “Таҳфизул Қуръон” гуруҳи талабалари ўртасида Каломуллоҳнинг биринчи ёдлаш учун мусобақа эълон қилинган эди. Ана шу мусобақада “Таҳфизул Қуръон” гуруҳи талабалари ўртасида Тўрақулов Абдураҳим бир йил давомида Қуръони каримни тўлиқ ёд олиб мусобақа ғолибига айланди. Мир араб мадрасаси раҳбарияти тарафидан қиммат баҳо совғалар ва ҳомийлар томонидан икки миллион (2 000 000) сўм пул мукофоти Тўрақулов Абдураҳимга топширилди. Мир Араб мадрасасида Аллоҳнинг каломига мислсиз хизмат қилаётган, талабаларга қироат ва тажвид фанидан илм бераётган Акромов Мақсуд домла ва “Таҳфизул Қуръон” гуруҳининг раҳбари Тожиддинов Абдусамад домлаларга Аллоҳ таоло икки дунёда барча яхшиликларни берсин ва барча ёмонликлардан Ўз паноҳида асрасин. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Аъламбек Ҳикматов 778

Ислом: Моҳият ва талқин. Фитна хатари

Жорий йилнинг 12 март куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом: Моҳият ва Талқин. Фитна хатари” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда Тошкент ислом институти Матбуот хизмати котиби Аброр Мухтор Али ва институтнинг 1-курс талабалари иштирок этди. Тадбирда устоз сўзга чиқиб, фитна ва уинг хатари ҳақида батафсил гапирди. Дин душманлари томонидан қилинган турли даврлардаги фитналар ва унинг оқибатларига тўхталди. “Бугунги кунда баъзилар айтганидек, биз мусулмонлар ҳаётнинг ҳар бир соҳасида орқада қолган эмасмиз. Оила ва жамият масалаларида бугун Европа мусулмонларга ҳавас қилишади”, деди Устоз. Шунингдек, Исломнинг фикрий майдондаги устунлигини мўғилларнинг исломни қабул қилиши мисолида ҳам кўриш мумкинлиги зикр қилинди. Қизғин ва мазмунли тарзда ўтган суҳбат давомида талабалар Устоздан бугунги кундаги интернет тармоқларида авж олаётган фитналарга нисбатан қандай муносабатда бўлиш ҳақида қимматли тавсиялар олди. “Ҳозирги кунда интернетда ўзларини дин ҳимоячиси қилиб кўрсатаётган ва ҳар тарафга бонг ураётганлар мақсади дин эмас, аксинча, фитна уруғини сочишдир. Бундан огоҳ бўлиш керак”, дея таъкидлади Устоз. Тадбир сўнгида динимиз софлиги йўлида хизмат қилиб ўтган зотлар, хусусан ўзбек халқи фарзанди, дин ва миллат фахри Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларига Хатми Қуръон қилинди. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими 769

Европадаги энг йирик масжид ўзбек меъморлари лойиҳаси асосида қурилмоқда

Чеченистонда 2019 йилнинг май ойида Европа минтақасидаги энг йирик масжид очилади, хабар берди xabar.uz сайти. Шали шаҳридаги ушбу масжид бир пайтнинг ўзида 20 000 киши намоз ўқишига мўлжалланган. Бу ҳақда Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров маълум қилди. Айни пайтда масжидда ички ва ташқи безатиш ҳамда атрофида ободонлаштириш ишлари кетмоқда. Бу ишларга 300 нафар мутахассис жалб этилган. Масжид ўзбек меъморлари лойиҳаси асосида барпо этилаётгани ҳақида «Грозний» телерадиокомпанияси 2016 йилда хабар берганди. Хабарларга кўра, масжид Марказий Осиё ва Яқин Шарқ усулларида безатилиб, Грециядан келтирилган оқ мармар ишлатилади. Ёритиш тизими эса италиялик мутахассисларга ишониб топширилган. Қурилиш ишлари 2012 йилнинг декабрь ойида бошланган. 749

Муфтий ҳазрат Булғор ислом академияси фаолияти билан танишди

Жорий йилнинг 12 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Татаристон Республикасига хизмат сафарлари давомида Булғор Ислом академияси фаолияти билан яқиндан танишдилар, деб хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. Ташриф чоғида Булғор Ислом академиясида ташкил этилган шарт-шароитлар, таълим бериш шакллари, кутубхона, намозхона фаолияти ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси билан Булғор Ислом академияси вакиллари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш борасида давра суҳбати ўтказилди. Маълумки, 1080 йилда булғор олими Ёқуб ибн Нўъмон томонидан билимлар уйи, замонавий тил билан айтилганда университет очилган. У ўша пайтда талаб кучли бўлган ҳанафий фикҳи ва ҳуқуқининг марказига айланган. Ушбу маърифат марказини Булғор Исломакадемияси шаклида қайта ташкил этилиши – нафақат Россияда, балки ундан ташқарида ҳам катта аҳамият касб этмоқда. Булғор Ислом академияси ўз эшикларини илмни яхши кўрадиган, унга интиладиган, мазкур илмларни мусулмонлар фойдасига сарфлашни кўзлаган барча учун очиқ. Ушбу академияда ўзбекистонлик талабалар ҳам таҳсил олишмоқда. 724

Тошкент ислом институтида талабалар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди

2018-2019 ўқув йилида институт раҳбар ва ходимларининг талабалар билан очиқ мулоқот қилиш жадвалига асосан, жорий йилнинг 12 март куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида: – 2-курс талабалари билан Молиявий-иқтисодий ишлар бўйича проректор Ҳ.Аманов, “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири С.Примов, мураббийлар А.Султонхўжаев, Ғ.Баратов иштирокида; Институтнинг “Таҳфизул Қуръон” кафедрасида: – 1-4-курс талабалари билан Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Ж.Мелиқўзиев, “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири Ж.Неъматов иштирокида очиқ мулоқотлар ташкил этилди. Ташкил этилган очиқ мулоқотлар савол жавобларга бой тарзда ўтди. Муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан талабалар томонидан таклифлар берилди. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими 848
1 556 557 558 559 560 728