islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Noyabr 3, 2018

Day

Фиқҳ илмига кўра рибо молларининг таснифи

Фиқҳий манбаларнинг катта қисмини муомала масалалари ташкил этади. Улар орасида савдо-сотиқ, ижара, орият, қарз олди-бердилари каби кўплаб молиявий муомалалар қатори рибо масаласига ҳам алоҳида ўрин ажратилган. Рибо у ҳақда узоқ даврлардан буён турли муносабат билдирилган муаммоли масалалардандир. Ушбу кичик мақолада рибо моллари ва уларнинг ислом ҳуқуқшунослигидаги таснифи масаласи ёритиб беришга ҳаракат қилинади. Рибо – ҳеч қандай меҳнат қилмасдан, муҳтож кишининг эҳтиёжини қондирмасдан ва жамият манфаати учун ўз ҳиссасини қўшмасдан туриб бойлик тўплаш воситасидир. У кишилик жамиятининг энг қадимги даврларидаёқ озод кишиларни қулга, бойларни қашшоққа айлантириш қуроли сифатида қораланиб келган. Рибога қарши кураш ўша даврларда ҳам муҳим масалалардан ҳисобланган[1].  Юнонларда   қарздор қарзни узмаса, қарз берувчи уни қул қилиб, унга эгалик қилар, хоҳласа ўлдириши ҳам мумкин бўлган. Бунинг натижасида эса юнон жамиятида кескин курашлар келиб чиқар эди[2]. Фиръавнлар давридаги Мисрда рибо фойдаси 100% бўлган бўлса, Бобилда 240 %, ҳатто 450 % га етган эди[3]. Ўз навбатида подшоҳ ва ҳукмдорлар бундай ишларга қонун даражасида маълум чегаралар қўйишга мажбур бўлганлар. Чунки фуқаролар бир–бирини қул қилиши, берган қарзидан ҳам кўп фойда олиб, қарздорни умр бўйи ўзи учун меҳнат қиладиган бўлиб қолиши ҳеч бир давлат тараққиётига хизмат қилмайди.     Рибо луғатда – умуман кўпайиш маъносини ифодалайди. Истилоҳда, ҳанафий мазҳаби уламоларининг таърифлашича, рибо молни молга алмаштиришда бир тараф молининг эвазсиз ортиқча бўлишидир[5]. Рибони тушуниш учун, қайси нарсаларда рибо бўлиши, нималарга рибо моли сифатида қаралишини билиш зарур. Қуръони карим рибодан қайтарган, лекин қайси нарсалар рибо моли эканини баён қилмаган. Рибо молларини белгилаб берувчи асосий манба эса ҳадиси шарифдир. Убода ибн Сомит р.а. Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қилади: У зот айтдилар: “Тиллага тилла, кумушга кумуш, буғдойга буғдой, арпага арпа, хурмога хурмо, тузга туз ўхшашига-ўхшаш, қўлма-қўл (сотинглар). Қачон ушбу моллар бир хил бўлмаса, агар қўлма-қўл бўлса, хоҳласангизча сотаверинглар”[6]. Бу ердаги ўхшашлик сифатдаги эмас миқдордаги ўхшашликдир. Убода ибн Сомит ривоятларида айтдилар: “Унинг ёмбиси ҳам ўзи ҳам бирдир”[7] (яъни иккисини бир-бирга алмаштирганда миқдори тенг бўлиши лозим). Бу эса сифатда эмас, вазндаги ўхшашликка далолат қилади. Чунки ёмби айнга миқдорда баробар бўлади[8].   Зоҳирийлар рибо молларини ҳадиси шарифда келган олти нарсага чегаралайдилар: тилла, кумуш, буғдой, арпа, хурмо, туз. Чунки улар қиёсни инкор қилганлари учун олти нарсада рибо бўлади, улардан бошқа нарсалар асл мубоҳлигича қолади, дейдилар[9].   Лекин жумҳур фақиҳлар олти нарсага чегараланмай ҳукм таьсир қиладиган бошқа молларда ҳам баҳс юритадилар. Чунки ҳадисда рибо моллари олтитадир, дейилмаган, балки олти нарсадаги рибонинг ҳукми айтилган. Бу нарсаларни хослашнинг сабаби, ўша вақтларда кўп муомалалар шу нарсалар воситасида бўлгани учундир. Фақиҳлар эса яна қайси нарсаларда рибо бўлади-ю қайсилари мустасно эканини ўрганишади. Ҳанафийларга кўра, (ҳанбалийлар мазҳабининг зоҳири ҳам шундай) рибо молларини аниқлашнинг 2 та қоидаси бор: Мол олтин ва кумуш каби вазний[10] ёки буғдой, арпа, хурмо ва туз каби кайлий[11] бўлиши керак. Бу миқдор ўлчовидир. Қанча миқдорда эканини эса  вазн ёки кайл йўли билан билиш мумкин. Рибо бўлиши учун алмаштириладиган молларда жинс бир бўлиши керак. Демак, ҳанафийлар ва ҳанбалийлардаги иллат[12] миқдор ва жинсиятдир.    Шофиъийларда буғдой, арпа, хурмо ва туздаги иллат таомлик. Тилла ва кумушдаги иллат пуллик.   Моликийларда тилла ва кумушдаги иллат пуллик, буғдой, арпа, хурмо ва туздаги иллат эса озуқалик ва сақлаб қўйиш мумкин бўлишидир.   Юқоридаги сўзлардан кўринадики, ҳанафийларда...