Тарихдан маълумки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам имом бўлганлар, аммо муаззинлик қилмаганлар. Бунинг бир қанча сабаблари бор. Уламоларимиз бунинг ҳикматларидан баъзисини зикр қилганлар: Агар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам азон айтганларида у зотнинг чақириқларига жавобан келолмаганлар кофир бўлишарди. Яна бир ҳикмати шундаки, азонни пайғамбаримиздан бошқа бир киши, яъни Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳу тушларида кўрганлар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам эса азон айтишни бошқа бир саҳобий – Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳуга топширганлар, чунки ҳазрати Билол розияллоҳу анҳунинг овозлари баландроқ эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муаззинлик қилмаганларининг яна бир сабаби шуки, у зот ўта банд бўлганлар. Чунки зиммаларида исломни етказишдек улкан бир вазифа бор эди. Ҳар бир лаҳзада умматлари учун бир иш қилардилар. Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Имом Термизий роҳимаҳумуллоҳлар ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Имом зомин (жавобгар)дир, муаззин омонатдордир”. Шунинг учун бундай омонатли ишни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам алоҳида бир шахсга топширганлар. Шайх Изуддин ибн Абдуссалом: “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам азон айтмаганларининг сабаби У зот қачон бир иш қилсалар, унда бардавом бўлардилар. Ҳолбуки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муаззинликни доим бажаришга вақтлари йўқ эди. Зеро, у зот ўзларининг муҳим вазифалари бўлмиш рисолатни етказиш билан банд эдилар”,-деганлар. Шу ўринда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг гапларини эслайлик: “Агар халифалигим бўлмаганда албатта азон айтардим”. Баъзи бирлар айтишадики, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни исломга чақирадиган даъватчи эдилар. Шунинг учун ўзларига ўзлари гувоҳлик беришлари жоиз эмасди. Қолаверса, агар у зот азон айтсалар ва “Ашҳаду анна Муҳаммадарросулуллоҳ” десалар, баъзилар у зотдан бошқа пайғамбар бор экан, деб гумон қилиши мумкин эди. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам азон айтмаганларининг сабаби “Агар у зот азон айтсалар ва “Ашҳаду анна Муҳаммадарросулуллоҳ” десалар, баъзилар у зотдан бошқа пайғамбар бор эканда, деб гумон қилиши мумкин”,- деган гап унчалик тўғри эмас. Чунки у зот хутбаларида “Ашҳаду анна Муҳаммадарросулуллоҳ”ни айтар эдилар. Шавконий ўзларининг “Найлул автор” китобларида имомлик устунми ё муаззинликми деган саволга шундай деб жавоб берганлар: “Имомлик афзалдир, чунки Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ва хулафои рошиддинлар, қолаверса кейинги кўпгина буюк уламолар ҳам имомлик қилишган, лекин муаззинлик қилишмаган. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Ҳошимжон Низомиддинов 749
Қуръони карим тиловати ҳақларидан бири сажда оятларини ўқиганда сажда қилишлик. Бу алоҳида ибодат ҳисобланади. عن ابي هريرة رضي الله عنه قال قال رسول الله صلي الله عليه وسلم:إذَا قَرَأَ ابْنُ آدَمَ السَّجْدَةَ وَسَجَدَ اعْتَزَلَ الشَّيْطَانُ يَبْكِي ، فَيَقُولُ : يَا وَيْلَهُ أُمِرَ ابْنُ آدَمَ بِالسُّجُودِ فَسَجَدَ فَلَهُ الْجَنَّةُ ، وَأُمِرْت بِالسُّجُودِ فَأَبَيْت فَلِيَ النَّارُ. رواه مسلم Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар Одам фарзанди сажда оятини ўқиб сажда қилса, Шайтон йиғлаб шундай дейди: “Азоб бўлсин! Одам фарзанди саждага буюрилганди, сажда қилди, унга жаннат бўлади. Мен саждага буюрилгандим, бош торттим, менга дўзах бўлади”. (Имом Муслим ривояти.) Уламолар тиловат саждасига амр қилинганлигига ижмоъ қилганлар. Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда ушбу амр вужуб учундир. Яъни тиловат саждасини қилиш вожибдир. Бунга ҳанафий уламолар ўз китобларида етарлича далиллар келтирганлар. Лекин Аҳмад, Молик, Авзоъий, Лайс ва Шофеъий роҳимаҳуллоҳлар уни мустаҳаб деб айтадилар. Улар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни жума куни минбарда Наҳл сурасини қироат қилиб, сажда оятига келганларида минбардан тушиб инсонлар билан сажда қилганликларини, келаси жума эса ўша сурани қироат қилиб, сажда оятига келганларида: “Эй инсонлар! Саждалардан ўтамиз. Ким сажда қилса тўғри топибди. Ким сажда қилмаса унга гуноҳ йўқдир”, деб, сажда қилмаганликларини далил қиладилар. (Бухорий ривояти.) Умар розияллоҳу анҳунинг “Ким сажда қилса” деган сўзларининг маъноси “тиловатни эшитгандан кейиноқ тезда сажда қилса” деган маънода. Чунки бир ривоятда: “Аллоҳ таоло бизга сажда қилишни фақатгина ўзимиз хоҳлаган вақтда қилишимизни фарз қилди” деб келган. Демак ушбу ҳадис ҳанафийларнинг фойдасига далил бўлади. Тиловат саждаларининг адади ва уларнинг ўринлари Унинг адади жумҳур ихтиёр этган сўзга кўра ўн тўртадир. Улар қуйидагилар: 1. Аъроф сурасининг охирги ояти 2. Раъд сурасининг 15-ояти 3. Наҳл сурасининг 50-ояти 4. Исро сурасининг 109-ояти 5. Марям сурасининг 58-ояти 6. Ҳаж сурасининг 18-ояти 7. Фурқон сурасининг 60-ояти 8. Намл сурасининг 26-ояти 9. Сажда сурасининг 15-ояти 10. Сод сурасининг 24-ояти 11. Фуссилат сурасининг 38-ояти 12. Нажм сурасининг охирги ояти 13. Иншиқоқ сурасининг 21-ояти 14. Алақ сурасининг охирги ояти Шофеъий мазҳабида эса Сод сурасининг саждаси мустаҳаб, таъкидланган саждалардан ҳисобланмайди. Ҳаж сурасининг 77-оятида эса сажда ояти дейдилар. ثبت في صحيح البخاري عن ابن عباس رضي الله عنهما قال صلَيست مِنْ عَزَائِمِ السُّجُودِ ، وَقَدْ رَأَيْتُ النَّبِي صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم َ سَجَدَ فِيهَا Саҳиҳул Бухорийда Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган қуйидаги ривоятни далил қиладилар. У киши шундай дедилар: “Сод (нинг саждаси) таъкидланган саждалардан эмас. Лекин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни унда сажда қилганларини кўрдим”. Аҳмад роҳимаҳуллоҳдан икки ривоят бор: биринчиси, Шофеъий роҳимаҳуллоҳ айтганларидек, иккинчиси эса уларни ўн бешта дейдилар ва Сод сурасини саждасини унга қўшадилар. Бу шофеъийлардан Абул Аббос ибн Сурайж[1] ва Абу Исҳоқ Марвазийларнинг[2] сўзидир. Имом Моликдан ҳам икки ривоят мавжуд: биринчиси, Имом Шофеъий айтганларидек. Икки ривоятнинг машҳурроғи ўн биттадир. Нажм, Иншиқоқ ва Алақ суралари саждаларини чиқариб юборадилар. Ҳанафий мазҳабимизга кўра, Сод сурасининг 24-ояти таъкидланган сажда ояти ҳисобланади. Ҳаж сурасининг 77-ояти эса сажда ояти ҳисобланмайди, балки ундан намоздаги сажда ирода қилинган. Буюк аллома бобокалонимиз Абул Баракот Насафий ушбу оят тафсирида бу сажда оятини намоздаги сажда деб айтганлар. Ушбу оятлар саждаларининг ўрни борасида Фуссилат сурасидаги сажда оятининг ўрнидан бошқа айтарли ихтилоф мавжуд эмас. Чунки уламолар ушбу сажда борасида ихтилоф қилганлар. Бир қанча уламолар саждани وَهُمْ...
Ташқи ишлар вазирлиги хабар беришича 2019 йилнинг 4 март куни Малайзия Ислом илмий университети (USIM) раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари билан Ўзбекистон делегацияси ўртасида учрашув бўлиб ўтган, деб хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. Ушбу таълим муассасасига 1998 йилда асос солинган бўлиб, Малайзия Ислом илмий университетида 32 йўналишда таълим берилади. Бугунги кунда бу даргоҳда 15 минг талаба таҳсил олади. Учрашув чоғида USIM ва мамлакатимиз таълим муассасалари ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди ҳамда бу каби ҳамкорликнинг самарадорлиги алоҳида таъкидланди. Сўнгги ярим йил ичида USIM билан Урганч давлат университети ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ўртасида тадқиқотларни биргаликда ўтказиш соҳасида, мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, талабаларни алмашиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги шерикчилик битимлари имзоланди. Шунингдек, Малайзия университети Ўзбекистон миллий университети ва Бухоро давлат университети билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Натижада жорий йилнинг январь ойидан Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ва Урганч давлат университетида Ислом илмий университети етакчи профессорларининг Ислом ҳуқуқи ва банкинг, туризм, менежмент, АКТ ва бошқа йўналишлар бўйича лекциялари ташкил этилди. Олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ва “visiting professors” шаклидаги амалиётни давом эттириш мақсадида университетнинг инженерия ва қурилиш факультети деканини Тошкент архитектура-қурилиш институтида мустаҳкам архитектура мавзусида лекциялар курсини ўтказиши учун 2019 йил 27 мартдан 11 апрелгача Ўзбекистонга юбориш тўғрисида келишувга эришилди. 884
2018-2019 ўқув йилида институт раҳбар ва ходимларининг талабалар билан очиқ мулоқот қилиш жадвалига асосан, жорий йилнинг 5 март куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 4-курс талабалари билан очиқ мулоқот ташкил этилди.Унда Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Ж.Мелиқўзиев, “Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси мудири Б.Аъзамов, куратор А.Олимов ва мураббийлар Я.Раззоқов, М.Ходжаев иштирок этди. Ташкил этилган очиқ мулоқот савол жавобларга бой тарзда ўтди. Муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан талабалар томонидан таклифлар берилди. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими 869
Жорий йилнинг 5 куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом: Моҳият ва Талқин. Барлавийлик-сиёсий оқим” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда Тошкент ислом институти Матбуот хизмати котиби Аброр Мухтор Али ва Махсус сиртқи бўлим 2-курс талабалари иштирок этди. Тадбирда устоз сўзга чиқиб, қадимдан то ҳозирги кунга қадар давом этиб келаётган турли оқимлар, уларнинг зарарлари ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Шулардан бири барлавийлик оқими бўлиб, уларнинг бугунги кундаги хатарлари, ўзларини дин ҳимоячиси қилиб кўрсатиб, аслида ўз манфаатлари учун динни ниқоб қилаётганини далиллар асосида талабаларга тушунтириб берди. “Биз бугунги кундаги турли ихтилофларга барҳам бериб, бидъатларга қаттиқ туришимиз лозим. Бу борада китоблар таълиф қилиб, халқимизга тақдим қилишимиз зарур”, деди устоз. Қизғин ва мазмунли тарзда ўтган суҳбат сўнгида имом домлалар ўзларини қизиқтирган саволларга устоз томонидан жавоб олдилар. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими 867