islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oktabr 27, 2018

Day

Хушхабар! Институтимиз қория талабаси 30 пора Қуръонни бир кунда тўлиқ ўқиб берди!

Бугун, 27 октябрь куни Тошкент Ислом институти 4-“В” курс толибаси Нажмиддинова Робия ўттиз (30) пора Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда 12 соат мобайнида ёддан ўқиб беришга муваффақ бўлди. Талабанинг Қуръони каримни ёддан ўқиш жараёнини “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов, устозлардан Исломхон қори Убайдуллаев, Зафар қори Маҳмудов, Жаҳонгир қори Рўзиев, Абдулбосит қори Қобилов, Муҳаммадсолиҳ қори Мажидов, ҳамда талаба қизлар кузатиб бордилар. Нажмиддинова Робия эрталаб тонгдан Қуръони каримни ёддан ўқиб беришни бошлаб, Шом намозида якунлади. Хатми Қуръон дуосини Тошкент Ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов ва бир гуруҳ устоз ва талаба қизлар билан биргаликда қилинди. Маълумотларга кўра, Нажмиддинова Робия 2016 йилнинг февраль ойидан бошлаб Қуръони каримни “Таҳфизул Қуръон” ўқитувчиси устози Зафар қори Маҳмудовга кунига бир бетдан ёдлаб топширишни бошлаган ва охирги маротаба 15 бет топширган. Қарийб 6 ой мобайнида Каломуллоҳни тўлиқ ёд олиб, икки ярим йилда тўлиқ кўтаришликка муваффақ бўлиб, бугун эса бир ўтиришда бутун Қуръони каримни устозлари гувоҳлигида ёддан ўқиб топширди. Эслатиб ўтамиз, Нажмиддинова Робия 2016 йил, Ўзбекистонда таълим муассасалари ўртасида ўтказилган Қуръони карим мусобақасида “Зийнат қория” сифатида иштирок этган. 2017 йил,Таълим муассасалари ўртасида бўлиб ўтган Ўзбекистон Қуръон мусобақасининг Республика босқичининг мужаввид йўналиши бўйича олий ўрин соҳибаси. 2018 йил, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ташкил этилган “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018”да ҳифз йўналиши бўйича мутлоқ ғолибликни қўлга киритиб олий ўрин соҳибаси бўлди. 2018 йил, Малайзия Қироли Муҳаммад (V) Фарис Петра ташаббуси билан ташкил этилган халқаро Қуръон мусобақасида мураттаблик йўналиши бўйича кучли еттиликдан жой олган. Бугунги дин соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бир қаторда қори ва қорияларимизни қуллаб қувватлаётган Юртбошимиз Ш.М.Мирзиеёвга ва таълим муассасаларидан етишиб чиқаётган бу каби иқтидорларга шароит яратиб бераётган Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Тошкент Ислом институти мутасаддиларига ўзимизнинг чуқур миннатдорлигимизни билдириб қоламиз. Барчамиз учун урфга айланиб бораётган Қуръони каримни тўлиқ ёддан бир ўтиришда ўқиб бериш анъанаси бундан кейин ҳам ривожланиши ҳамда юртимиздан мана шундай қори ва қориялар кўплаб чиқишини Аллоҳ таоло Ўзи осон ва муваффақ айласин! Юртимиз мусулмонлари ва Тошкент ислом институтига яна бир мураттаб қория муборак бўлсин! Тошкент Ислом институти “Тахфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси Зафар Маҳмудов 194

Қуръони карим – буюк тарбия ўчоғи

Қуръони каримни ёд олган ва унга амал қилган қори Аллоҳ наздида ҳам, жумлайи олам наздида ҳам энг юксак шарафга сазовор инсонлар саналади. Аммо ушбу китобни ёдлаш инсонга бир қатор масъулият ва вазифаларни юклайди. Бир киши Иброҳим Нахаийга: “Мен Қуръонни ҳар уч кунда хатм қиламан (тўлиқ ўқиб тугатаман)“, деди. Шунда Иброҳим Нахаий: “Кошки сен уни ҳар ойда тугатсанг ва ўқиган барча нарсангни англасанг”, деди. Демак, бу гапдан бизга шу маълум бўладики, Қуръонни тадаббур ва тафаккур билан ўқиш лозим. Қуръон ўқувчи учун уни қанча муддатда ўқиб тугатиш муҳим эмас, балки муҳими, оятлар инсоннинг қалбига қандай таъсир қилгани, Қуръоний кўрсатмаларни ҳаётига қай даражада татбиқ қила олганидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Сизнинг сочларингиз тез оқарди“, дейилди. У зот: “Сочимни Ҳуд сураси ва унинг шериклари оқартирди“, дедилар. Ҳуд сурасида Қиёмат куни қўрқинчлари, гуноҳкор бандаларнинг ўша кундаги ҳолатлари зикр этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳабиби бўла туриб, бу қўрқинчлардан шунчалар таъсирланганлари биздек дунёни охиратдан устун қўйган одамлар учун гўзал ибратдир. Қуръони карим ўқувчи учун Аллоҳ кўплаб фазилатлар, манфаатлар ваъда қилган. Ҳорис Аъвар деди: Менга Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтиб берди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳнинг Китобида сизлардан аввалгиларнинг яхшиси, сизлардан кейингиларнинг хабари, ўртангиздаги ҳукм бордир. У фаслдир (ажратувчи), ҳазил эмасдир. У шундайки, у билан ҳавойи нафслар адашмайди, уламолар ундан тўймайди, кўп тарқалиш ила эскирмайди, ажойиботлари тугамайди.У шундайки, уни тарк этган золимлардандир, Аллоҳ уни ҳалок қилгай. Ким ундан бошқасида ҳидоятни истаса, Аллоҳ уни адаштиргай. У Аллоҳнинг метин арқони, улуғ зикр ва тўғри йўлдир“. Сўнг Али розияллоҳу анҳу деди: “Уни ўзингга лозим тут, эй Аъвар“. Қуръони карим ўзини ёд олгувчига унга амал қилишни вожиб қилади. Салафи солиҳлар илмни амал учун ўрганганлар, илмни амал қилиб олмаганлар, илм олганлари билан фахр-ифтихор туймаганлар. Улар илмни Аллоҳ розилигига етиш, унга холис ибодат қилишга бир восита сифатида кўрганлар. Амал қилинмаган илмни фойдасиз санаганлар. Айниқса, барча шаръий илмлар манбаси ҳисобланган Қуръонга ғоятда кучли эҳтимом билан қараганлар. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида бир оят нозил бўлса, биз уни ёдлашдан аввал ҳалол-ҳаромини, буйруқ ва қайтариғини ёдлар эдик“. Аммо таассуфлар бўлсинки, бугунги кунга келиб, Қуръонни амал учун эмас, инсонлар наздида обрўси ортиши учун ёки тирикчилик учун ёдлаётган инсонлар кўпайди. Набавий ҳадисларда худди шу кун ҳақида башорат қилинган ҳадислар бор: Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Албатта забониялар санамларга ибодат қилганлардан кўра Қуръонни кўтарган фосиқларга азобни тезроқ қиладилар. Улар (қорилар) Роббиларига шикоят қиладилар. Шунда У: “Билган одам билмагандек эмас“, дейди“, дедилар. Ва яна У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинади: “Тез орада умматимда шундай қорилар ўтадики, Қуръонни ўқийдилару, томоқларидан нарига ўтмайди, овдан ўқ чиққани каби диндан чиқиб кетадилар. Улар халойиқнинг энг ёмонларидир“. Аллоҳ барчамизни бундай ҳолатларга тушишдан асрасин! Аслида эса, Қуръони карим бизни дўзахга тушишимизга ҳужжат учун эмас, йўлларимизни ёритиш учун нур, Пайғамбар алайҳиссалом шариатларини тасдиқловчи далил, тиловати ила қалблар хотиржамлик топадиган неъмат сифатида нозил қилинган. Қуръони каримни ёдлаган, кўтарган инсонлар борасидаги энг гўзал гаплардан бирини Ҳасан роҳимаҳуллоҳ айтганлар: “Қуръонни ҳамл қилувчилар 3 хилдир: Биринчиси уни буюм қилиб олиб, бир шаҳардан иккинчи шаҳарга ўтиб, у орқали инсонлар ҳузуридаги нарсаларни талаб қилувчи киши, иккинчиси ҳарфларини ёдлайди-ю, ҳадларини зое қилади, у орқали ҳокимлардан фойдаланади, юртининг аҳолисига у сабабидан такаббурлик қилади. Қуръонни кўтарувчилар орасида бу хилдагилар кенг тарқалгандир, Аллоҳ уларни кўпайтирмасин. Учинчиси шундай кишики, Қуръонни ўқийди, унинг шифоси билан қалбининг касалини даволайди, тунларини бедор ўтказади, кўз ёш тўкади, хушу билан зийнатланади, виқор либосини кияди, маҳзунликни ҳис қилади. Аллоҳга қасамки, Қуръонни ҳамл қилганларнинг бу хили қизил фосфордан ҳам камроқдир.Аллоҳ улар сабабидан ёмғир ёғдиради, нусрат юборади ва балоларни даф қилади“. Барчамизга ана...

Тошкент ислом институти ректори “XXI аср таълим муҳитида ислом қадриятлари” мавзусида ўтказилган XI халқаро илмий-амалий анжуманда иштирок этди

Жорий йилнинг 23-24 октябрь кунлари Уфа шаҳрида Россия марказий мусулмонлар диний идорасининг 230 йиллик юбилейига бағишланган «XXI аср таълим соҳасида ислом қадриятлари» деб номланган XI Халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.Анжуманда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров «Экстремистик ғоялар тарқалишига қарши курашда маърифий исломнинг ўрни (Ўзбекистон тажрибаси)» мавзусида маъруза билан иштирок этди.Россия мусулмонлари марказий диний идорасининг Росссия ислом университети ва М.Акмулла номидаги Бошқирдистон давлат педагогик университети ташкилотчилигида ўн бир йилдан буён узлуксиз ўтказиб келинаётган навбатдаги халқаро илмий-амалий анжуманда Россия Федерациянинг турли субъектларида фаолият кўрсатаётган мусулмонлар диний ташкилотлари, ислом таълим муассасалари раҳбарлари, дин соҳасидаги мутахассислар, Рус православ черкови, яҳудийлар жамоалари раҳбарлари билан бир қаторда Туркия, Миср, Иордания, Тунис, Миср, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон,  Испания, Грузия каби мамлакатларнинг дин ва диний таълим масалалари бўйича эксперт-мутахассислари иштирок этдилар.Анжуман иши асосан 5 мавзуга йўналишида олиб борилди:   Россияда ислом тарихи. Россия мусулмонлари марказий диний бошқармасининг 230 йиллиги. Россияда теология ва ислом таълим тизими: анъаналар, янгиликлар ва истиқбол режалар. Ислом ахлоқи: анъанавий қадриятлар ҳамда уларнинг Россия кўпмаданиятлилик муҳитида татбиқ этилиши. Россия ва дунёда давлат ва дин муносабатлари: ислом жиҳати. Ёшлар тарбияси ҳамда экстремизм ва асоциал (ғайриижтимоий) ҳолатлар олдини олишда исломий таълимнинг роли. 220