islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қуръони карим – буюк тарбия ўчоғи

Қуръони каримни ёд олган ва унга амал қилган қори Аллоҳ наздида ҳам, жумлайи олам наздида ҳам энг юксак шарафга сазовор инсонлар саналади. Аммо ушбу китобни ёдлаш инсонга бир қатор масъулият ва вазифаларни юклайди.

Бир киши Иброҳим Нахаийга: “Мен Қуръонни ҳар уч кунда хатм қиламан (тўлиқ ўқиб тугатаман)“, деди. Шунда Иброҳим Нахаий: “Кошки сен уни ҳар ойда тугатсанг ва ўқиган барча нарсангни англасанг”, деди.

Демак, бу гапдан бизга шу маълум бўладики, Қуръонни тадаббур ва тафаккур билан ўқиш лозим. Қуръон ўқувчи учун уни қанча муддатда ўқиб тугатиш муҳим эмас, балки муҳими, оятлар инсоннинг қалбига қандай таъсир қилгани, Қуръоний кўрсатмаларни ҳаётига қай даражада татбиқ қила олганидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Сизнинг сочларингиз тез оқарди“, дейилди. У зот: “Сочимни Ҳуд сураси ва унинг шериклари оқартирди“, дедилар. Ҳуд сурасида Қиёмат куни қўрқинчлари, гуноҳкор бандаларнинг ўша кундаги ҳолатлари зикр этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳабиби бўла туриб, бу қўрқинчлардан шунчалар таъсирланганлари биздек дунёни охиратдан устун қўйган одамлар учун гўзал ибратдир.

Қуръони карим ўқувчи учун Аллоҳ кўплаб фазилатлар, манфаатлар ваъда қилган.

Ҳорис Аъвар деди: Менга Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтиб берди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳнинг Китобида сизлардан аввалгиларнинг яхшиси, сизлардан кейингиларнинг хабари, ўртангиздаги ҳукм бордир. У фаслдир (ажратувчи), ҳазил эмасдир. У шундайки, у билан ҳавойи нафслар адашмайди, уламолар ундан тўймайди, кўп тарқалиш ила эскирмайди, ажойиботлари тугамайди.У шундайки, уни тарк этган золимлардандир, Аллоҳ уни ҳалок қилгай. Ким ундан бошқасида ҳидоятни истаса, Аллоҳ уни адаштиргай. У Аллоҳнинг метин арқони, улуғ зикр ва тўғри йўлдир“. Сўнг Али розияллоҳу анҳу деди: “Уни ўзингга лозим тут, эй Аъвар“.

Қуръони карим ўзини ёд олгувчига унга амал қилишни вожиб қилади. Салафи солиҳлар илмни амал учун ўрганганлар, илмни амал қилиб олмаганлар, илм олганлари билан фахр-ифтихор туймаганлар. Улар илмни Аллоҳ розилигига етиш, унга холис ибодат қилишга бир восита сифатида кўрганлар. Амал қилинмаган илмни фойдасиз санаганлар. Айниқса, барча шаръий илмлар манбаси ҳисобланган Қуръонга ғоятда кучли эҳтимом билан қараганлар.

Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида бир оят нозил бўлса, биз уни ёдлашдан аввал ҳалол-ҳаромини, буйруқ ва қайтариғини ёдлар эдик“.

Аммо таассуфлар бўлсинки, бугунги кунга келиб, Қуръонни амал учун эмас, инсонлар наздида обрўси ортиши учун ёки тирикчилик учун ёдлаётган инсонлар кўпайди. Набавий ҳадисларда худди шу кун ҳақида башорат қилинган ҳадислар бор:

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Албатта забониялар санамларга ибодат қилганлардан кўра Қуръонни кўтарган фосиқларга азобни тезроқ қиладилар. Улар (қорилар) Роббиларига шикоят қиладилар. Шунда У: “Билган одам билмагандек эмас“, дейди“, дедилар.

Ва яна У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинади: “Тез орада умматимда шундай қорилар ўтадики, Қуръонни ўқийдилару, томоқларидан нарига ўтмайди, овдан ўқ чиққани каби диндан чиқиб кетадилар. Улар халойиқнинг энг ёмонларидир“. Аллоҳ барчамизни бундай ҳолатларга тушишдан асрасин!

Аслида эса, Қуръони карим бизни дўзахга тушишимизга ҳужжат учун эмас, йўлларимизни ёритиш учун нур, Пайғамбар алайҳиссалом шариатларини тасдиқловчи далил, тиловати ила қалблар хотиржамлик топадиган неъмат сифатида нозил қилинган. Қуръони каримни ёдлаган, кўтарган инсонлар борасидаги энг гўзал гаплардан бирини Ҳасан роҳимаҳуллоҳ айтганлар: “Қуръонни ҳамл қилувчилар 3 хилдир: Биринчиси уни буюм қилиб олиб, бир шаҳардан иккинчи шаҳарга ўтиб, у орқали инсонлар ҳузуридаги нарсаларни талаб қилувчи киши, иккинчиси ҳарфларини ёдлайди-ю, ҳадларини зое қилади, у орқали ҳокимлардан фойдаланади, юртининг аҳолисига у сабабидан такаббурлик қилади. Қуръонни кўтарувчилар орасида бу хилдагилар кенг тарқалгандир, Аллоҳ уларни кўпайтирмасин. Учинчиси шундай кишики, Қуръонни ўқийди, унинг шифоси билан қалбининг касалини даволайди, тунларини бедор ўтказади, кўз ёш тўкади, хушу билан зийнатланади, виқор либосини кияди, маҳзунликни ҳис қилади. Аллоҳга қасамки, Қуръонни ҳамл қилганларнинг бу хили қизил фосфордан ҳам камроқдир.Аллоҳ улар сабабидан ёмғир ёғдиради, нусрат юборади ва балоларни даф қилади“. Барчамизга ана шундай Ҳомилул Қуръон бўлиш шарафи насиб қилсин!

1-курс талабаси

Рокия Юсуфий

54590cookie-checkҚуръони карим – буюк тарбия ўчоғи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: