islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Мақолалар

Бўлимлар

Тошкент ислом институти раҳбарияти Вақф фондининг хайрли ишлари учун миннатдорчилик билдиради

2018 йил 13 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мажлислар залида «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан эълон қилинган «Илм йўлида кўмак берамиз» номли акциянинг биринчи босқичи якунлари бўйича тадбир ўтказилди. Акцияга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги билим юртлари талабалари ва ўқитувчиларини рағбатлантириш, намунали ва иқтидорли талабаларнинг тўлов-контракт пуллари тўлаб бериш кўзда тутилган. Шунингдек, Қуръони каримни ёд олган ёки араб тилидаги бирор қўшимча китобни тамомлаган талабалар ҳам рағбатлантирилади. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки, PayMe, Click, Mbank каби республиканинг йирик тўлов тизимлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, диний таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, уламолар, имом-хатиблар, Тошкент Ислом институти, диний таълим муассасалари талаба-ёшлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. Маросимда диний таълим муассасаларининг энг иқтидорли 39 нафар талабаларининг контракт пуллари тўлаб берилиб, ўзининг иқтидори ва қобилияти билан Қуръони каримни тўлиқ ёд олган 15 нафар талаба энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан пул мукофотлари билан тақдирланди. Тақдирланганлар орасида Тошкент ислом институтининг 9 нафар талабаси ҳам бор. Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан институт ректори У.Ғафуров Вақф фондининг ушбу кўмаги ва қўллови учун ўз миннатдорчилигини билдирди. Аллоҳ таолодан фонд раҳбарлари, ходимлари ва хайрияга маблағлари билан ёрдам берган саховатпеша юртдошларимизга қилаётган хизматлари эвазига ажру савобларни кўпайтириб беришини сўраб қоламиз. Эслатиб ўтамиз, ушбу акциянинг биринчи босқичи учун Вақф хайрия жамоат фонди томонидан умумий ҳисобда 160 000 000 сўм ажратилди. 395

Қуръони Каримда ҳарфлар, сўзлар ва сонлар боғлиқлиги

Қуръони Карим ўн тўрт асрдан буён инсонларни ҳайратга солиб келмоқда. Илоҳийлигига ишонмаганларнинг шубҳаларини батамом тарқатиш учун Қуръоннинг аввал маълум бўлмаган тилсимлари очилмоқда. ХХ асрнинг 70-80-йилларида замонавий компьютер технологиялари ёрдамида ўтказилган тадқиқотлар натижасида олимлар Қуръони карим ҳарфлари, сўзлари орасида ўзаро боғлиқлик борлигини аниқлашди. Маълум бўлишича, Қуръони Каримда “дунё”, “охират” сўзлари элликдан зиёд оятда бир хил миқдорда – 115 мартадан такрорланган. “Дунё” қанча бўлса, “охират” ҳам шунча. “Шайтон”, “фаришта”, улардан ясалган сўзлар ҳам Қуръонда бир хил – 68 мартадан келади. Қуръони Каримда “ўлим” сўзи, ундан ясалган калималар 145 марта такрорланган. Айни пайтда “ҳаёт”, ундан ҳосил бўлган сўзлар ҳам 145 марта такрорланган. Яъни, қанча ҳаёт бўлса, шунча ўлим. Қуръонда “дин”, ундан ясалган сўзлар 92 марта, “масжид” сўзи ҳам 92 марта такрорланган. Қуръонда “имон” сўзи, унинг ҳосилалари 811 марта келади. Шунингдек, “илм” сўзи 782 марта, “маърифат” сўзи 29 марта такрорланган. “Илм”, “маърифат” сўзларининг сонини қўшсак (782 + 29), 811 бўлади. Яъни, илм, маърифат қанча бўлса, имон шунчадир. Қадр сурасида 30 сўз бор. Қадр кечасини ўз ичига олган рамазон ойида ҳам 30 кун бор. Қадр кечаси рамазон ойининг 27-туни эканини кўпчилик эътироф этади. Шуниси ҳайратланарлики, мазкур сурада қадр кечасини кўрсатувчи “у” 27-сўздир. Ар-Раҳмон сурасининг 31-оятидан бошлаб дўзах ҳамда гуноҳкорлар тасвирланади. Мазкур сурада: “Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқарасизлар?!” деган жумла бир неча бор такрорланган. Дўзах борасида сўз кетганда мазкур сўроқ 7 марта такрорланган. Бу суранинг 46-оятидан бошлаб жаннат васфи келади. Мазкур сўроқ 8 марта такрорланган. Маълумки, дўзахнинг дарвозалари 7 та, жаннатники 8 тадир. “Бахтсизлик” (аш-шидда), ундан ҳосил бўлган сўзлар Қуръонда 102 марта тилга олинган. “Сабр”, унинг ҳосилалари ҳам 102 марта такрорланган. Демак, бошга қанча қийинчилик тушса, шунча сабр қилиш керак. “Жазо”, ундан келиб чиқадиган сўзлар 117 марта, “мағфират” сўзи, унинг ҳосилалари роппа-роса икки баравар кўп – 234 марта такрорланган. “Қуръон” сўзи 80 марта келган. Қуръоннинг тушиши маъносидаги “ваҳий” сўзи ҳам 80 марта такрорланган. Қуръони Каримда “расул” (элчи), ундан ҳосил бўлган сўзлар 368 марта, “набий” сўзи 75 марта, “башир” (хушхабар берувчи) 18 марта, “назир” (огоҳлантирувчи) эса 57 марта такрорланган. Ҳаммаси – 518. Энди имонлиларга хушхубар келтирувчи, хавфдан огоҳлантирувчи пайғамбарлар исмлари неча бор зикр этилганини санаб чиқайлик: Мусо – 136 марта, Иброҳим – 69, Нуҳ – 43, Юсуф – 27, Лут – 27, Исо – 25, Одам – 25, Ҳорун – 20, Исҳоқ – 17, Сулаймон – 17, Ёқуб – 16, Довуд – 16, Исмоил – 12, Шуайб – 11, Солиҳ – 9, Ҳуд – 7, Закариё – 7, Яҳё – 5, Муҳаммад (Аҳмад) – 5, Айюб – 4, Юнус – 4, Ал-Ясаъ – 2, Илёс – 2, Идрис – 2, Зулкифл – 2, Илёсин – 1 марта. Ҳаммаси 518 ни ташкил этади! Мўъжизани қаранг, Қуръони Каримда “шаҳр” (ой) сўзи 12 марта, “явм” (кун) сўзи 365 марта, “айём” (кунлар) ҳамда “явман” (икки кун) сўзлари 30 марта, яъни, бир ойнинг кунлари сонича зикр этилган. Бундай мутаносиблик тасодифий бўлиши мумкинми ?! Зиёвуддин РАҲИМ, “Қуръон – қалблар шифоси” китобидан Манба 470

Ўзбекистонлик имомлар ал-Азҳар университетида касб-маҳоратини оширади

Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” жоме масжидига юртимизда меҳмон бўлиб турган Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб ташриф буюрди ва жума намозини адо этди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати хабар берди. Шайх Аҳмад ат-Тоййиб ҳазратлари юртимиз ҳақида ўз фикр ва таассуротларини билдириб, жумладан шундай деди: – Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм! Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳу ва боракатуҳ! Мен камина ва Азҳари шарифнинг муҳтарам уламоларидан ташкил топган делегациямиз номидан Ўзбекистон Президенти ва халқига миннатдорлик билдирамиз. Шундай неъматни насиб этгани учун Аллоҳ таолога ҳамду-санолар айтамиз. Биз Ўзбекистонни зиёрат қилар эканмиз, бутун дунёни ўз илм нури билан нурафшон этган, Аллоҳнинг каломини бизларга етказиб келган улуғ алломалар юртини зиёрат қилаётганимиздан беҳад мамнунмиз. Биз айни дамда ҳозир бўлиб турган ушбу муборак масжид, Абу Бакр Қаффол Шоший номлари билан аталар экан, бу зот ўзининг фиқҳ илмига қўшган улуғ ҳиссалари билан, ислом оламида ном қозонган бўлиб, бутун дунёдаги мадраса ва исломий таълим даргоҳларида асарлари таълим бериб келинади. Биз Ал-Азҳар университетида Имом Мотурудий, Имом Насафий, Имом Самарқандий асарларидан таълим берамиз. Шунингдек, Беруний, Ибн Сино каби алломаларнинг китобларини ҳам тадқиқ этамиз. Мен ўзим ҳам Ибн Сино фалсафаси бўйича мутахассисман. Ал-Азҳар университетида Ўзбекистондан жуда кўп ёшлар илм олишган. Айни дамда 150 дан зиёд ўзбекистонлик талабалар таълим олишмоқда. Мен бу ерда “Азҳару шарифда ўқиганмиз” деган инсонларни кўриб, ўзимни жуда ҳам бахтиёр ҳис қилябман. Мен билан бирга ал-Азҳар университети ректори, доктор Муҳаммад Ҳусайн жаноблари ҳам ташриф буюрган. Сафаримиз давомида Ўзбекистондаги таълим муассасалари ва ал-Азҳар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва келажакда ҳамкорликда улкан ишларни амалга ошириш мақсадида шартнома ва меморандумлар имзолашга эришдик. Келишувлар натижаси ўлароқ яқин вақт ичида ўзбекистонлик имомларни ал-Азҳару шариф қошида очилган имомлар малакасини ошириш курсларида малака ошириб, бугунги замонавий муаммо ва масалаларга ҳам ечим топа оладиган мутахассис бўлиб қайтишларига ишонаман. Мен сизларнинг очиқ чеҳрангиз ва меҳмондўстлигингиз учун миннатдорлик билдираман. Шайх ҳазратларининг диёримизга ташрифлари давом этмоқда. 264

Ўзбекистон Республикаси Президенти Миср Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбарини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 11 октябрь куни юртимизга ташриф билан келган Миср Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Муҳаммад Таййибни қабул қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди. Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг шу йил 4-5 сентябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи икки томонлама муносабатларимизни ривожлантириш йўлида тарихий қадам бўлганини қайд этди. Бугунги кунда муқаддас ислом динининг бағрикенглик тамойилларини, маърифий қадриятларини тарғиб этиш, унинг инсонпарварлик моҳиятини сақлаш, диний-маънавий меросни тадқиқ этиш, турли хавф-хатарларга қарши курашиш борасида Ўзбекистон ва Мисрда катта ишлар қилинаётгани учрашувда баён этилди. Хусусан, «Жаҳолатга қарши маърифат» билан курашиш тамойили асосида исломнинг эзгу ғояларини замондошларимизга, биринчи навбатда ёшларга етказиш мақсадида Тошкентда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Давлатимиз раҳбари Ал-Азҳар университети билан имзоланган ҳамкорлик меморандумлари диний уламолар, олимлар, малакали профессор-ўқитувчилар ва иқтидорли талабалар алмашувини йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Ал-Азҳар ўз таркибида ислом тадқиқотлари академияси, университет, маъҳадлар, жоме масжиди, бир қанча илмий марказларни бирлаштирган йирик расмий диний мажмуа ҳисобланади. Миср Бош имоми давлатимиз Раҳбарига самимий қабул учун чуқур миннатдорлик изҳор этар экан, Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг самимий саломлари 
ва эзгу тилакларини етказди. Аҳмад Таййиб Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳаётнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни юқори баҳолади. Ўзбекистонда ислом динининг асл моҳиятини ўрганиш ва тарғиб қилиш, диний-маънавий меросни кенг тадқиқ этиш борасида олиб борилаётган сиёсатни, БМТда илгари сурган қатор ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтди. У ислом дини равнақига катта ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий, Маҳмуд Замахшарий сингари буюк уламоларимизнинг бебаҳо илмий меросини биргаликда ўрганиш муҳим эканлигини қайд этди. Шайх Аҳмад Таййиб Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг биринчи фахрий профессори унвони берилгани ўзи учун катта шараф ва эҳтиром экани ҳамда масъулият бағишлашини билдирди. А. Таййиб Халқаро ислом академияси таркибида Ал-Азҳар университети кафедрасини ташкил этиш, мисрлик таниқли олимларнинг юртимизда дарс бериши, Ал-Азҳар магистратурасида талаба ва ёш олимларимизнинг имтиёзли таҳсил олиши, икки давлат уламоларининг қўшма Фатво ҳайъатини тузиш ҳамда биргаликда илмий анжуманларни ва қўшима тадбирларни ўтказиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлади. Юқори мартабали диний арбоб Ўзбекистон билан муносабатларни нафақат таълим ва гуманитар соҳаларда, балки барча жабҳаларда изчил ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқиш йўлида Миср томонининг саъй-ҳаракатлари қатъийлигига ишонч билдирди. 372

Савда бинти Замъа

Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг отасининг исми: Замъа ибн Қайс ибн Абду Вудд ибн Наср ибн Молик Ибн Ҳисл ибн Омир ибн Луайдир. Онасининг исми: Шаммуус бинти Қайс ибн Аъмр ибн Зайд ибн Лабиддир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг шажараси Луай ибн Ғолиб боболарида бирлашади. Бир куни Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг тушларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юриб келиб, унинг бўйнини босиб олганларини кўради. Буни эри Сакрон ибн Амр розияллоҳу анҳуга айтади. У бўлса: “Агар тушинг ўнгидан келса, мен кўпга қолмай вафот этиб, сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эрга тегар экансан”, дейди. Шунда Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо “Бўлмаган гап, тағин биров эшитиб қолмасин”, дейди. Орадан бир қанча вақт ўтиб Сакрон ибн Амр розияллоҳу анҳу аёли Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо билан Ҳабашистонга ҳижрат қилиб, бир мунча вақтдан сўнг қайтадилар. Сакрон ибн Амр розияллаҳу анҳу Мадинага ҳижрат қилинишидан олдин бемор бўлиб, вафот этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Савда розияллоҳу анҳога уйланишлари унинг Ислом йўлидаги ҳаракати, ихлоси ва аламли мусибати учун энг улкан мукофот бўлиши табиий эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу боисдан унга уйланмоққа қарор қилдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бўлган бу илтифотни одамлар бениҳоя хурсандлик ила қарши олишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нубувватни ўнинчи йили, Рамазон ойида эллик бир ёшларида, Хадижа розияллоҳу анҳо вафотларидан бироз вақт ўтганидан сўнг Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳога тўрт юз дирҳам маҳр бериб уйландилар. Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо кези келганда Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васалламни кулдириб турар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга у кишининг бу сифатлари маъқул келар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг ҳазил-мутойибаларига ўзига яраша лутф ила муомала қилар эдилар. Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг ҳазил мутойибага мойилликлари машҳур бўлса ҳам кези келганда жиддий бўлишни ҳам ўрнига қўяр эдилар. Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир неча ҳадислар ривоят қилганлар. Машҳур ҳадис китобларида у кишининг ҳадислари келтирилганини уломаларимиз зикр қилишган. Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо ҳижратнинг эллик тўртинчи (милодий олти юз етмиш тўртинчи) йили Шаввал ойида Мадинаи мунавварада вафот этадилар. Аллоҳ таоло У зотдан рози бўлсин ва рози қилсин! Тошкент Ислом институти битирувчиси Тожиддинов Абдуссомад 532
1 560 561 562 563 564 677