islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Мақолалар

Бўлимлар

“Ҳидоя” китобидаги ўзига хос ибора ва истилоҳлар

Ватандошимиз, фақиҳлар султони Бурҳониддин Марғилоний раҳматуллоҳи алайҳ қаламларига мансуб “Ҳидоя” асари бир неча юз йиллардан буён бутун ислом оламида фиқҳ илмидаги энг мўътабар манбалардан бўлиб келмоқда. Ушбу асарни Араб ва Ҳинд диёрларидаги дорилфунунларда ҳанафий мазҳаби фиқҳини ўрганишда энг кўп мурожаат этиладиган манба десак, муболаға қилмаган бўламиз. Хусусан, ушбу китоб диёримиздаги олий диний таълим муассасаларида фиқҳ фанидан асосий дарслик бўлса, ўрта-махсус диний таълим даргоҳларида “Ҳидоя” асосида ёзилган “Виқоя” китобининг мухтасар (қисқартма) шакли дарслик сифатида фойдаланилади. Бурҳониддин Марғилоний ҳазратлари ушбу китобда бир қанча ўзига хос ибора ва истилоҳлардан фойдаланганларки, уларни яхши билиб олиш китобни янада теранроқ англашга ёрдам беради. Шуни эътиборга олган ҳолда, Абдулҳай Лакнавийнинг “Ҳидоя” асарига ёзган шарҳлари муқаддимасида келган маълумотларни таржима қилиб, толиби илмлар эътиборига ҳавола этишни лозим топдик. Муаллиф (قال رضي الله عنه) десалар, ўзларини назарда тутаётган бўладилар. (Абдулҳақ Деҳлавий “Мидрожун нубувва” да шундай деганлар). Абу Сауд эса шундай дейдилар: “Ҳидоя”нинг соҳиби агар ўзларининг тасарруфларини зикр қилсалар, (قال العبد الضعيف عفي عنه)деб айтганлар, лекин баъзи шогирдлари у киши вафотларидан кейин бу иборани (قال رضي الله عنه)га ўзгартирганлар. Ўзларини биринчи шахсда келтирмаганларининг сабаби манманлик бўлиб қолишидан эҳтиёт бўлиш учун бўлиб, бу барча улуғ фақиҳларимиз ва муҳаддисларимиз одати ҳисобланади”. 2. Ўзлари мухтор деб билган мазҳабнинг далилини охирги бўлиб келтирадилар. (Иноя, Ниҳоя) Мусаннифнинг одатлари шуки, у киши бир масала бўйича уламоларнинг турли қавлларини нақл қилишда аксар ҳолатларда кучлисини биринчи келтирсаларда, уларнинг далилларини зикр қилишда кучли қавлнинг далилини бошқа қавлларнинг ҳам далилларига жавоб бўлиши учун энг охирида келтирадилар. 3. Муаллиф (مشايخنا) десалар, Бухоро ва Самарқандлик Мовароуннаҳр олимларини назарда тутаётган бўладилар.(Иноя) “Вақфун наҳр”да Аллома Қосимдан ривоят қилинишича, китобдаги бу иборадан Имом Абу Ҳанифани кўрмаган уламолар назарда тутилган. 5. Муаллиф китобда “бизнинг диёрда” деб ишлатган ибораларидан Мовароуннаҳр шаҳарларини назарда тутганлар. 6. Юқорида зикр қилиб ўтган оятни эслатганларида (ما تلونا)иборасини қўллаган бўлсалар, юқорида келтирилган ақлий далилга (ما ذكرنا) ва (ما بينا)иборалари билан ишора қилганлар. Юқорида келтириб  ўтган  ҳадисларига ишора қилиш учун (ما روينا)ни ишлатганлар (Натоижул  афкор). Нодир ҳолатлардагина, ҳадисга ҳам (لما ذكرنا)иборасини ишлатганлар. (Фатҳул қодийр) Баъзи ҳолатларда эса (لما بينا) ибораси билан Қуръонга ҳам, ҳадисга ҳам, ақлий далилга ҳам ишора қилишлари мумкин (Кифоя). “Мифтаҳус  саодат” китобида айтилишича: (لما ذكرنا) иборасини барча далилларга нисбатан умумий қилиб ишлатганлар. Саҳобийнинг гапини (الأثر)деб ифодалаган бўлсалар, гоҳо хабар билан асар ўртасини фарқламай, (ما روينا) ни ҳар иккисига ҳам ишлатганлар. (Мифтаҳус саодат) 6. Кўп ҳолларда, икки фойдани ифодалаш учун наснинг иллатини масаланинг аслига алоҳида мустақил ақлий далил сифатида келтирадилар. (Натоижул афкор) 7. Ақлий далилни (الفقه)деб ифодалайдилар. Айтадиларки, (الفقه فيه كذا). (Мифтаҳус саодат) 8. Мусанниф баъзан ақлий далил кетидан яна бир ақлий далил келтирадиларки, бу билан лиммий далилга ишора қилган бўладилар. “Натоижул афкор”да: “Мусаннифнинг одатлари шуки, у киши айтилган масалага далил келтиргандан кейин (وهذا لأن…) деб ифодалайдилар, бундан мақсадлари инний далилдан кейин лиммий далилни ҳам келтиришдир. (“Лиммий далил” ва “инний далил”, булар мантиқ истилоҳлари бўлиб, иллат орқали маълулга далил келтирилса, лиммий далил, маълул орқали иллатга далил келтирилса, инний далил дейилади. Таржимон). 9. Муаллиф (الأصل)деганда, Имом Муҳаммаднинг “Мабсут” китобларини назарда тутган бўладилар. 10. (المختصر) деганда, Имом Қудурийнинг “Мухтасар”ларини кўзда тутган бўладилар, шунингдек (الكتاب)дан ҳам шуни ирода қилган бўладилар, лекин баъзан, (الكتاب) дан“Жомеъ ус-сағир”ни ҳам назарда тутганлар. 11. Муаллиф (قال)калимасини масалани “Қудурий”дан ёки “Жомеъ ус сағир”дан, баъзан “Бидоятул мубтадий” дан нақл қилганларида келтирадилар. (Ғоятул баён). Лекин, баъзан бунга хилоф ҳам қилганлар, масалан, иқрор китобининг аввалида (قال) дан кейин келтирган масалалари “Жомеъ ус сағир”дан эмас, балки “Мабсут”дан нақл қилинган. 12. (هذا الحديث محمول على المعنى الفلاني) деган сўзларидан мақсад, ҳадисни бу маънога ҳамл қилганлар ҳадис олимлари эканлигини ифодалашдир. Агар(نحمله)иборасини ишлатсалар, демак ҳадисни бу маънога йўйган муаллифнинг ўзлари, муҳаддис олимлар эмас. (Мифтаҳус саодат) 13. Иборадаги маъно очиқ-ойдин бўлгани учун (أما)нинг жавобида (فا)ни  келтирмайдилар. (Мифтаҳус саодат). Мен (Абдулҳай Лакнавий) “Ҳидоя”нинг кўплаб қўлёзма ва босма нусҳаларини ўрганганимда, ҳар доим ҳам бу ҳолатни топмадим. Баъзан жавобда (فا)ни зикр қилганлар, баъзан эса йўқ. 14. Муаллиф (عند...

Муфтий ҳазрат Қозон университетига ташриф буюрди

Жорий йилнинг 14 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Татаристондаги хизмат сафарлари давомида Қозон университети билан яқиндан танишдилар ва университет ректори Ильшат Гафуров жаноблари, профессор ўқитувчилар билан самимий мулоқотлар ўтказдилар, хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. Ректор Ильшат Гафуров Қозон университети тарихи, фаолияти, таълим-тарбия жараёнларини олиб бориш йўналишлари, ўқув хоналари, кутубхона фонди ва аудиторияларда дарс ўтиш услублари тўғрисида ўзбекистонлик меҳмонларга сўзлаб берди. Маълумот ўрнида, Қозон университети – Россиянинг энг кекса университетларидан бири. 1804 йилда Александр I Қозон императорлик университети тасдиқ ёрлиғи ва унинг Уставини имзолаган. Олий ўқув юрти 200 йилдан ортиқ тарихи давомида саксондан ортиқ мамлакат Фанлар Академиясининг ҳақиқий ва мухбир аъзоларини етиштириб берган. Томонлар учрашувлар давомида бир-бирларига эсдалик совғалари тақдим этдилар ва ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича ҳужжатлар имзоладилар. 817

«Юсуф» сурасида акс этган тарихий ҳақиқат

Тарихий манбаларда қайд этилишича, милоддан аввалги 1730 йилдан 1580 йилга қадар қадимги Мисрда ёхуд унинг аксар қисмида ҳиксўслар (инг: The hyksos) ҳукмронлик қилишган. Юсуф алайҳиссалом мазкур сулоланинг ҳукмронлик даврида яшаганлар. Уларнинг қайси миллатга мансублиги ҳақида турлича қарашлар бор. Жумладан, манбаларда ҳиксўсларни сомий қавмлар қони аралашган бир миллат ҳам дейишади, амолиқалар деган сўзлар ҳам бор. Илдизлари араб бўлган деган қарашлар ҳам йўқ эмас. Қисқаси, ҳиксўслар олд-осиёлик бадавий қавмлардан бўлиб, ўн тўртинчи хонадон ҳукмронлигининг сўнги палласида, Мисрда заифлик кузатилган бир вақтда бу давлатга Шарқ томондан кириб келганлар. Тарих билимдонлари ҳиксўсларнинг асл миллати ҳақида бир тўхтамга кела олмаганлар. Лекин, уларнинг келиб чиқиши осиёдан эканлиги ва илдизлари сомий қавмларга бориб тақалиши ҳақидаги қарашлар кучлироқ ҳисобланади. Баъзи тадқиқотчиларга кура, ҳиксўслар яҳудийларнинг бобокалонлари ҳисобланади. Мисрда Ҳиксўслар мустамлакаси қарийб икки юз йил давом этади. Мисршунослар сўзларига қараганда, ҳиксўс сўзи қадимги миср тилида “чўпон подшоҳлар” деган маънони англатган. Баъзи манбаларда бу сўз “чўпон қуллар” деб ҳам талқин қилинади. Шунингдек, “ҳиксўс” калимаси “келгинди подшоҳлар” маъносини ҳам ифода этади. Мазкур халқ асли мисрлик бўлмаган. Балки, Мисрни маълум вақт мустамлака қилган. Шунинг учун ҳам мисрликлар уларни фиръавн эмас балки, ҳиксўслар деб атаганлар. Кейинчалик, милоддан олдинги 1580 йилда Аҳмас I ҳиксўсларни тахтдан ағдариб ташлайди ва яна Миср бошқаруви асли мисрлик бўлган фиръавнлар қўлига ўтади. Демак, ҳиксўслар асли мисрлик бўлмаганликлари учун ҳам халқ уларни фиръавнлар деб атамаган. Балки, оддий қилиб, “чўпон подшолар” деб атаганлар. Қуръони карим ушбу ҳақиқатга нозик ишора қилади. Юсуф сурасини диққат билан мутолаа қилсак, Юсуф (алайҳиссалом) давридаги Миср ҳукмдори “фиръавн” эмас, балки, мудом “малик” яъни подшоҳ деган сўз билан тилга олинишини кўрамиз. Юсуф сурасида шундай марҳамат қилинади: وَقَالَ الْمَلِكُ ائْتُونِي بِهِ أَسْتَخْلِصْهُ لِنَفْسِي яъни: “подшоҳ деди: уни ҳузуримга келтирингки, ўзимниннг хос кишиларимдан қилиб олай”. Бошқа сураларда эса, Миср ҳукмдори фақат “фиръавн” сўзи билангина тилга олинади. Бунинг сабаби, юқорида айтилганидек, «Юсуф» (алайҳиссалом) давридаги ҳукмдорларнинг Мисрнинг туб аҳолисидан бўлмаганликларидир. Аммо, Мусо алайҳиссалом даврига келиб, асл мисрликлар давлатни ўзларига қайтариб олган бўладилар ва улар халқ томонидан ҳам ўзлари томонидан ҳам фиръавнлар деб аталар эдилар. Қуръони Карим мазкур нарсаларни ўз вақтида аталган номлари билан тилга олди. Замонавий фан ривожланиб, бизларга энди маълум бўлган ҳақиқатнинг Қуръони Каримда 14 аср муқаддам айтиб қўйилганлиги, унинг қиёматга қадар давом этувчи беадад мўъжизаларидан биридир. «Тиллар» кафедраси ўқитувчиси Алишер Султонхўжаев Манба 845

Тажвид дарслари диски сотувга чиқарилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Муслим медиа гуруҳи томонидан 2018 йилда тасвирга олинган ҳамда тайёрланган «Тажвид дарслари» видеодарс шаклида сотувга чиқарилди. Тажвид устози, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти «Таҳфизул Қуръон» кафедраси мудири, Ҳафснинг Осимдан қилган ривояти Имом Шотибий йўли орқали Пайғамбар алайҳиссаломга боғланган санад (ижоза) соҳиби – Жаҳонгир қори Неъматовнинг видео дарслари (DVD форматда) сотувда махсус дўконларда сотиш учун қўйилди. Ушбу видеодарс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 3647-сонли хулосасига асосан «Синема Маркет» МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилди. Видеодарслар икки дискка жойланган бўлиб, амалий ҳамда назарий дарслар иборат. мурожаат учун: Чорсудаги «Ихлос» диний-маърифий дисклар ва китоблар дўкони Телефон: (98) 809 99 70 814

Умавийлар давлатининг ижтимоий ривожланиш ва илм-фан йўлида амалга оширган ислоҳатлари

Умавийлар давлатида халққа ижтимоий таъминотни амалга ошириш муайян кўринишда ривожланди. Бунга мисол тарзида ҳижрий 45-53 йиллар оралиғида ироқ ва ҳижозлик камбағал одамлар ёрдам пулига муҳтож эканликларини билдирувчи махсус битоқа-бўйинтуруқ (бежик) осиб юришган[1]. Кейинчалик, Умар ибн Абдулазиз даврига келиб ҳижрий 99-101 йилларда тайинланган ижтимоий ёрдам ва маошларни тақсимлаш ва тарқатиш турлари кенгайтирилди. Масалан, қарздорларга ёрдам бериш, оила қуришга қўли калталарга ёрдам сингари[2]. Яна, шунингдек, кўзи ожизларга ёрдам берадиган ходимга, беш нафар етимни қармоғига олганга[3], мусулмон бўлмаганларга таъминотлар ажратиш жорий қилинди[4]. Ижтимоий таъминот ишлари бутун давлат бўйлаб йўлга қўйилди. Биргина Ироқнинг ўзида ҳижрий 120-126 йиллар оралиғида вояга етмаган ва бева аёлларга ажратилган маблағ миқдори 10 минг дирҳамни ташкил қилган[5]. VII-VIII асрлар мусулмон жамияти умавийлар ҳукмронлиги даврида ҳар жиҳатдан тараққий этди. Бу даврда давлат ҳудудидан ташқаридаги вилоятлар – Шарқий Европа ўлкалари, Узоқ Шарқ, Ҳиндистон ва Ҳабашистон билан савдо алоқалари ўрнатилди. VII асрда бу мамлакатлардаги ички ва ташқи сиёсий тушкунлик барқарор эмаслигига қарамай, умавийлар моддий ва маданий ривожланиш давом этди. Умавийлар даврида аниқ, табиий ва ижтимоий фанларга эътибор кучли бўлиши билан бир қаторда фиқҳ, ҳадис, тафсир, илмлари соҳаларида мисли кўрилмаган изланишлар олиб борилди. Бунда ижтимоий-маънавий ҳаётда эски динлар ўрнини мустаҳкам эгаллаган Ислом муҳим аҳамият касб этди. Ислом фақат дингина эмас, балки янги маънавий йўналиш сифатида бутун маданий жараёнга, мусулмон ва бошқа мамлакатлар орасида ижтимоий-маданий, маърифий алоқаларнинг кучайишига ҳам катта таъсир кўрсатди. «Ҳадис ва ислом тарихи фанлари» кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев [1]Ҳамдий Абу Ҳамдия, Ошур, Муҳаммад Аҳмад, Хотаб Умми Сояҳ. Идарату биладиш Шом фил аҳдайнлир рошидия вал уммавия. – Қоҳира: Дор ал-Эътисом, 2009. – Б 335. [2]Абу Убайд ибн Салом Ҳаравий ибн Занжавайҳ.Ал-амвал. – Саудия: Дор аш-Шуруқ, 2008. – Б 234.235. [3]Абул Фараж Абдураҳмон ибн Али ибн Муҳаммад ибн Жавзий. Сийрату Умар ибн АбдуазизАл-Мунтазам фи тарих ал-мулук вал-умам. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия. 1992. – Б 183. [4]Муҳаммад Моҳир. Ал-висоқус сиёсия вал идорил оидиа лиласрил уммавий. – Байрут:Дор ал-ҳижр,1987. – Б 433. [5] Мовардий. Ал-аҳкам ус султония. – Қоҳира: Дор ал-Маъориф, 1859. – Б 175. 176. 728
1 562 563 564 565 566 735